Янгиликлар » Энциклопедия » ЗЎРИҚИШ БОШ ОҒРИҒИ

ЗЎРИҚИШ БОШ ОҒРИҒИ


Зўриқиш бош оғриғи (ЗБО) – бошни икки томондан сиқувчи оғриқлар бўлиб, кўпинча перикраниал мускуллар таранглашуви билан кечади. ЗБО бирламчи бош оғриқлар сирасига киради. ЗБО 2 гуруҳга ажратиб ўрганилади: 1) эпизодик ЗБО; 2) сурункали ЗБО. Эпизодик ЗБО умумий популяцияда 60–80 % учраса, сурункали ЗБО 3–5 % учрайди. Эркакларга қараганда аёллар 2 баробар кўп касалланишади. Касаллик энг кўп кузатиладиган давр бу 30–40 ёшлар. Аммо у болалик ва ўсмирлик даврида ҳам, ёши катталарда ҳам ри-вожланиши мумкин. ЗБО аҳоли орасида кўп тарқалганлиги боис, уни турли этиологияли бош оғриқлар билан бирга учратиш мумкин. Масалан, ўрта ёки катта ёшдагиларда ЗБО – гипертония касаллиги ва бўйин остеохондрози, ёшларда – нерв системасининг яллиғланиш касалликлари билан биргаликда намоён бўлади. ЗБО алоҳида касаллик сифатида ажратилгунга қадар неврастения, психастения, психоген цефалгия, арахноидит, мигрен ташхислари билан юритилган.

Этиологияси ва патогенези. ЗБО этиологияси тўла ўрганилмаган. Аммо мутахассислар ЗБО га олиб келувчи бир қатор хатарли омилларни ажратишади. Касаллик ривожланишида психоген омилларга катта урғу берилади. Булар – депрессия, хавотир, ўткир ва сурункали стресслар. Доимий хавотир ва депрессияда ЗБО жуда кўп  учрайди. Шунингдек, ишлаш ва дам олиш тартиби бузилишига ҳам катта урғу берилади. Доимо бир хил ҳолатда ўтириш, яъни компьютер монитори олдида соатлаб қолиб кетиш ёки шу каби бошни қимирлатмай ишлайдиган ҳолатлар перикраниал мускуллар таранглашуви ва ЗБО ривожланишига туртки бўлади. Бўйин умуртқалари билан бошнинг энса соҳасини бирлаштирувчи мускуллар таранглашуви ҳам хатарли омиллар сирасига киради. ЗБО ривожланишида ўтказилган краниоцеребрал ва краниоцервикал жароҳатларнинг ҳам ўрни катта.

ЗБО да перикраниал мускуллар соҳаси босиб текширилганда кучли оғриқли нуқталар топилади. Бўйин-энса, чакка ва чайнов мускуллари таранглашган бўлади. Шунинг учун бошнинг барча соҳасида триггер нуқталар аниқланади. Таранглашган мускулларда нормал метаболизм бузилади. Кислород ва сувгача парчаланмай қолган оралиқ метаболитлар мускулларни ортиқча таъсирлантиради. Бу эса ачиштирувчи бош оғриқ ва рефлектор спазмлар сабабчисидир. Натижада патологик занжирли реак­ция шаклланади. ЗБО патогенезида перикраниал томирлар спазми, веноз стаз ва локал шишларнинг ўрни катта. ЗБО да перикраниал мускуллар таранглашуви ҳар доим кузатилмайди, бироқ хавотирли-депрессив синдром ва дисфория жуда кўп аниқланади.

 

Эслатма. Касаллик этиологиясида психоэмоционал зўриқишлар асосий ўрин тутганлиги учун ҳам унинг номи "зўриқиш бош оғриғи" деб аталади. Шунингдек, бу касаллик психоген бош оғриқ ва идиопатик бош оғриқ деб ҳам аталади.

 

Таснифи. ЗБО таснифи бош оғриқларни ўрганиш бўйича Халқаро жамият (International Headache Society) томонидан 2004 йили таклиф этилган. Унинг қисқача таснифини келтириб ўтамиз:

  1. Эпизодик ЗБО
  • Перикраниал мускуллар таранглашуви билан кечувчи.
  • Перикраниал мускуллар таранглашмай кечувчи.
  1. Сурункали ЗБО
  • Перикраниал мускуллар таранглашуви билан кечувчи.
  • Перикраниал мускуллар таранглашмай кечувчи.

Клиникаси. Бемор бошнинг икки томони қаттиқ сиқиб оғришидан шикоят қилади. У ушбу бош оғриқларни шундай таърифлайди: "Доктор, ме­нинг бошим худди сиқиб турувчи каска кийдириб қўйгандек ёки тасма билан қаттиқ қисиб боғлагандек оғрийди". Баъзида оғриқ кучли бўлмаса-да, унинг сиқиб оғрувчи хусусияти сақланиб қолади. Барча томондан сиқиб ва босиб турувчи бош оғриқлар ЗБО учун жуда хос. Бу уни мигрендан фарқловчи асосий белги ҳамдир. Мигрендан фарқли ўлароқ, ЗБО да кўнгил айниш ва қусиш деярли кузатилмайди. Лекин оғриқ хуружлари пайтида ёруғлик ва ортиқча шовқин уларга ёқмайди. Сурункали давом этадиган ЗБО да сиқиб оғрувчи бош оғриқларга лўқилловчи бош оғриқлар ҳам қўшилади (15.2-расм).

 

15.2-расм. Бемор ЗБО хуружи пайтида.

 

ЗБО учун икки томонлама оғриқлар жуда хос бўлса-да, баъзида оғриқлар бир томонлама тус олади. Улар ҳатто бошнинг маълум бир қисмида, яъни пешона, чакка, энса ёки тепа соҳасида жойлашиши мумкин. Жуда кўп ҳолларда бош оғриқларга психоэмоционал бузилишлар ҳам қўшилади ёки улар кучаяди. Оғриқ пай­тида беморнинг кайфияти тушиб кетади, ҳеч ким билан гаплашгиси келмай, қоронғи хонага кириб ётиб олади. Агар оғриқлар кундузи бошланса, ишни ташлаб уйга келади ва ётиб ухлашга ҳаракат қилади. У тезроқ оғриқдан қутулиш учун аналгетиклар қилишни илтимос қилаверади. Су­рункали кечувчи ЗБО да баъзи беморлар аналгетикларга ўрганиб қолишади. Бироқ, ЗБО да оғриқлар мигрендагидек кучли бўлмайди. Беморнинг атрофида яхши психологик муҳит яратилса ва беморга аналгетиклар олавериш яхши эмаслиги тушунтирилса, у бу дорилардан вақтинча воз кечиши мумкин. Баъзи беморларнинг бошини уқаласа ҳам бош оғриғи камаяди ва уйқуга кетади.

ЗБО хуружлари пайтида перикраниал мускуллар таранглашган бўлади. Бошнинг барча нуқталарида оғриқлар аниқланади. Албатта бу оғриқлар психоген гиперестезия билан биргаликда намоён бўлади. Бемордан "бошингизнинг қайси қисми кўпроқ оғрияпти", деб сўралса, "ҳамма жойи", деб жавоб беради. Баъзи беморлар фақат энса-бўйин соҳасини кўрсатади.

Бош оғриқлар пайтида ҳам, бошқа пайтларда ҳам ўчоқли неврологик симптомлар аниқланмайди. Текширувлар фақат пай рефлексларининг невротик типда ошганлиги ва умумий гиперестезия белгиларини кўрсатади. Албатта, бошнинг қайси соҳаси босиб текширилса ҳам оғрийверади. Шунингдек, иккала кўз олмасини босиб текширса ҳам оғриқ пайдо бўлади. Бундай бемор­лар асоссиз равишда "сурункали интракраниал гипертензия" ташхиси би­лан даволаниб юришади.

Ташхис. ЗБО ташхисини қўйиш учун анамнестик маълумотлар, оғриқ хусусиятлари ва унинг кечиши ҳамда неврологик статусда ўчоқли симптомларнинг бўлмаслигига асосий эътибор қаратилади. Беморнинг психосоматик статусини ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бош оғриқлар этиологиясини аниқлаш ва қиёсий ташхис ўтказиш мақсадида МРТ, ЭЭГ ва дуплексли сканирлаш текширувлари ўтказилади. Бош оғриқларни ўрганиш бўйича Халқаро экспертлар гуруҳи томонидан ЗБО ташхисини қўйиш алгоритми ишлаб чиқилган. Уни келтириб ўтамиз.

А) Эпизодик ЗБО нинг диагностик белгилари:

  • Бир ойда бир неча бор (1–15 маротаба) оғриқ хуружи рўй бериши;
  • Бош оғриқнинг 30 дақиқадан 7 кунгача давом этиши;
  • Оғриқлар бошнинг иккала томонида ҳам кузатилиши;
  • Сиқувчи ва босувчи хусусиятга эгалиги (бироқ лўқилловчи эмас);
  • Ўрта даражадаги бош оғриқлар (мигрендагидек кучли эмас);
  • Оддий жисмоний ҳаракатларда бош оғриқнинг кучаймаслиги;
  • Кўнгил айниш ва қусишлар бўлмаслиги;
  • Фото- ва фонофобиялар хос эмаслиги.

Анамнез бўйича ва неврологик текширувларда бош миянинг ўчоқли зарарланишлари аниқланмайди. Аксарият ҳолларда перикраниал мускуллар таранглашуви ҳисобига бошда оғриқли нуқталар аниқланади. Краниоцервикал мускуллар таранглашуви ҳам локал оғриқларни кучайтиради.

Б) Сурункали ЗБО нинг диагностик белгилари:

  • Ҳар кунги ёки кунора учровчи бош оғриқлар;
  • Соатлаб ёки бир неча кунлаб тўхтовсиз давом этиши;
  • Бошнинг иккала томонида ҳам оғриқлар кузатилиши;
  • Сиқувчи ва босувчи (лўқилловчи эмас) хусусиятга эга эканлиги;
  • Ўрта даражада бўлиши (мигрендагидек кучли эмас);
  • Оддий жисмоний ҳаракатларда бош оғриқ кучаймаслиги;
  • Кўнгил айниш ва қусишлар бўлмаслиги;
  • Фото- ва фонофобиялар хос эмаслиги;
  • Бош оғриқнинг бошқа касалликлар билан боғлиқ эмаслиги;
  • Объектив ўчоқли неврологик симптомлар кузатилмаслиги;
  • Перикраниал мускуллар таранглашиб оғриқли нуқталар аниқланиши.

  15.3-расм. Бош оғриқ хуружлари локализацияси.

1 – мигрен; 2 – зўриқиш бош оғриғи; 3 – кластер цефалгия (тутамли бош оғриқ).

 

Қиёсий ташхис. Барча турдаги бош оғриқлар билан ўтказилади. ЗБО деярли ҳар доим мигрен ва кластер бош оғриқлар билан қиёсланади (15.2-жадвал).

  

15.2-жадвал

 Бош оғриқларнинг диагностик белгилари

 

Белгилар

Зўриқиш бош оғриғи

Мигрен

Кластер бош оғриқ

Локализация

Одатда, икки томон­лама

Одатда, бир томонлама

Чакка   ва   орбитал соҳада, бир томонда

Давомийлиги

30 дақиқа-7 кун

4-72 соат

15-180 дақиқа

Хусусияти

Босувчи, сиқувчи

Лўқилловчи

Куйдиргувчи, буровчи

Кучи

Паст ва ўрта даражада

Ўрта ва юқори дара­жада

Жуда кучли

Қўшимча симптомлар

Фото- ва фонофобия кам учрайди, бўйин ва елка соҳасида оғриқ кузатилиши мумкин

Кўнгил айниш, қусиш, фотофобия, фонофо­бия, вегетатив бузилишлар

Кўнгил айниш, брадикардия, кўз ёши оқиши, кўзнинг қизариб кетиши, ринорея, бош оғриган томонда бурун битиши ва оқиши

Продромал белгилар ва ауралар

Бўлмайди

Продромал белгилар -50 %, ауралар - 30 %.

Бўлмайди

Бошланиш пайти

Ҳар қандай пайтда

Ҳар қандай пайтда

Одатда, кечаси, бир хил вақтда, мавсумий қўзғалишлар

Қайси ёшда бошланиши

Ҳар  қандай   ёшда, кўпроқ ўрта ёшларда

10-30 ёш

30-50 ёш

Қайси жинсда кўп учраши

Аёлларда (2:1)

Аёлларда (3:1)

Эркакларда (6:1)

Оилавий анамнез

40% ҳолатларда оилавий бўлиб учрайди

50 % ҳолатларда оилавий бўлиб учрайди

Йўқ

Қўзғовчи омиллар

Психоэмоционал зўриқишлар, стресс, бўйин мускулларининг узоқ вақт таранглашиб қолиши

Кучли ёруғлик, шовқин, ҳидлар, спиртли ичимликлар, кун тартибининг ўзгариши

Спиртли ичимликлар, чекиш, нитроглицерин, биоритмнинг ўзгариши

  

Даволаш. Комплекс тарзда олиб борилади. Бунинг учун фармакологик, физиотерапевтик ва психотерапевтик муолажалар қўлланилади. Фармакологик дорилар, кўпинча бош оғриқ пайдо бўлган пайтда тавсия этилади. Енгил ҳолатларда цитрамон ҳам бош оғриқни яхши бартараф этади. Баъзи ҳолларда бемор парацетамол (0,5–1,0 г) ёки ацетилсалицил кислотаси (0,5–1,0 г) қабул қилса, бош оғриғи тўхтайди ёки камаяди. Кучлироқ бош оғриқларда бу дорилар самара бермайди. Бундай пайтларда яллиғланишга қарши ностероид дори­лар, яъни ибупрофен 400 мг, напроксен 500 мг, кетопрофен 50 мг тавсия эти­лади. Бу дориларнинг тури кўп бўлиб, уларни тавсия этишда монелик қилувчи ҳолатлар ва ножўя таъсирлар эътиборга олинади. ЗБО перикраниал мускуллар таранглашуви билан биргаликда намоён бўлса, марказий миорелаксантлар ҳам тавсия этилишади. Масалан, тизанидин (сирдалуд) кунига 6–12 мг, толперизон (мидокалм) 100–150 мг ва б.қ.

Сурункали ЗБО да аналгетиклар самара бермайди. Уларни оғриқ кучайган пайти қилиш мумкин, холос. Аналгетикларни узоқ муддат тавсия этиш абузус бош огриқлар ривожланишига сабабчи бўлади. ЗБО деярли ҳар доим қўрқув, хавотир ва турли вегетатив бузилишлар билан намоён бўлади. ЗБО келиб чиқишида психоген омилларга катта урғу берилади. Шунинг учун ҳам анксиолитиклар ва транквилизаторлар ЗБО аниқланган беморларга кўп тавсия этилади. Бироқ бу дориларнинг оғриқни қолдирувчи таъсири 7–10 кунлардан сўнг билиниб бошлайди.

Сурункали ЗБО ни бартараф этиш учун амитриптилин ҳам қўлланилади. Амитриптилин кам дозада тавсия этиб бошланади. Дастлаб кечқурун 25 мг амитриптилин ичилади, 3 кундан сўнг 50 мг (кундузи ва кечаси 25 мг дан), яна 3 кун ўтгач, дорини 25 мг дан 3 маҳал ичиш тавсия қилинади. Шу йўл билан дорининг кундалик дозаси 100–150 мг га етказилиши мумкин. Дастлабки 5 кунликда 20-40 мг амитриптилин натрий хлориднинг 0,9 % ли физиологик эритмасида венадан томчилатиб юборилса, самараси жуда яхши бўлади. Кейинчалик эса дорини таблеткада ичиш тавсия этилади. Дастлабки кунлари кучли уйқу кузатилади. Аммо орадан 3–4 кун ўтгач, дорининг седатив таъсири камая бошлай­ди. Амитриптилин 2–3 ой мобайнида қабул қилинади. Бу дори депрессив бош оғриқларда ҳам самарали ҳисобланади. У психосоматик бузилишларни ҳам яхши бартараф этади. Амитриптилин глаукома, тахикардия, ате­росклероз, кардиосклероз ва простата аденомасида тавсия этилмайди.

Амитриптилин ўрнига имипрамин тавсия этилиши ҳам мумкин. Имипрамин ҳам кунига 25 мг дан ичилади. Дорининг дозаси ҳар 2–3 кунда 25 мг га ошириб борилади. Дорининг кундалик дозаси 100–150 мг га етказилиши мумкин. Имипраминнинг ножўя таъсирлари амитриптилиндагидек. Шунинг­дек, доксепинни (синекван) кунига 25 мг дан ичиш тавсия этилади. Таъсир этиш механизми амитриптилинга ўхшаш. Дорининг кундалик дозаси секин-аста 75–100 мг га етказилади.

Амитриптилинга ўхшаш дориларни қўллашга монелик қилувчи ҳолатларда флуоксетин (прозак) 20 мг, сертралин (золофт) 50 мг каби антидепрессантлар тавсия этилади. Бироқ бу дориларнинг аналгетик ва седатив таъсири амитриптилинга қараганда суст ҳисобланади. Уларни амитриптилин билан биргаликда тавсия этиш мумкин эмас.

Сурункали ЗБО да алпразолам (ксанакс) жуда самарали дорилардан биридир. Алпразолам атипик бензодиазепин бўлиб, унинг анксиолитик таъсири кучли. Алпразолам енгил миорелаксант таъсирга ҳам эга. Шу боис у перикраниал мускуллар таранглашуви билан кечувчи ЗБО да кўп қўлланилади. Дастлаб алпразоламни 0,25 мг дан кечқурун ичиш тавсия этилади. Ҳар 2–3 кунда дорининг дозаси 0,25 мг га ошириб борилади. Дорининг бир кунлик максимал дозаси 3 мг дан ошмаслиги керак. У 4 га бўлиб берилади. Кутилган натижага эришилгач, дорининг дозаси секин-аста камайтирилади. Катта дозада ичилаётган дорини бирдан тўхтатиб қўйиш мумкин эмас. Алпразоламнинг антидепрессив таъсири бироз суст ифодаланган. Аммо бу дори психосоматик бузилишларни бартараф этишда самарали ҳисобланади.

Тразодон ҳам самарали анксиолитик ва транквилизатордан биридир. Бу дори психоген оғриқлар ва психосоматик бузилишларни коррекция қилишда кенг қўлланилади. Тразодонни 25 мг дан кунига 3 маҳал ичиш тавсия этила­ди. Тразодон 25, 50 ва 100 мг ли таблетка ва капсулаларда ишлаб чиқарилади. Дорининг бир кунлик дозасини аста-секинлик билан 300 мг га етказиш мумкин. Кутилган натижага эришилгач, дорининг дозаси камайтириб борилади.

Транксен узоқ таъсир этувчи бензодиазепинлар сирасига киради. Дорини кам дозада, яъни кунига 15 мг дан ичиш буюрилади. Ҳар 3–5 кунда дорининг дозаси ошириб борилади. Унинг бир кунлик максимал дозаси – 75-100 мг.

Беморнинг кечқурун тинч ухлаши жуда аҳамиятлидир. Шунинг учун зопиклон, золпидем каби ухлатувчи дорилар ҳам буюрилади. Бензодиазепинлардан клоназепамни кечаси ичиб ётиш мумкин. Кундуз кунлари тинчлантирувчи гиёҳлардан таркиб топган дорилар (валериан экстракти ва ҳ.к.) тавсия этилади. Беморга рефлектор таъсирга эга бўлган даволаш муолажалари, яъни игна билан даволаш, дорилар электрофорези, бўйин ва бошни уқалаш, дорсанвал каби муолажалар ҳам ёрдам беради.

Бемор соғлом турмуш тарзига ўргатилади. Унга бош оғриқнинг асосий сабаблари психоэмоционал зўриқишлар ва кам ҳаракатли ҳаёт тарзи (бир хил вазиятда ўтириб ишлаш) эканлиги тушунтирилади. Бемор ўзининг кун тартибини тўғри тузиб чиқиши, яшаш ва ишлашда бир хилликдан воз кечиши зарурлиги уқтирилади. Йиллар мобайнида шаклланиб қолган стереотип ҳаёт тарзини ўзгартириш ҳам ЗБО нинг кескин камайишига олиб келади. Режали тарзда спорт билан шуғулланиш, айниқса, эрталабки сайр, югуриш ва сузиш стереотип бош оғриқларни бартараф этишда жуда фойдали амаллардир. Шунингдек, уйқуга кетишдан олдинги тунги сайр (айниқса, шаҳарда яшайдиганлар учун) ҳам ўта фойдали.

Прогноз. Касаллик беморнинг ҳаётига хавф солмайди. Лекин сурункали ЗБО узоқ давом этганлиги боис беморнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади. Бундай беморлар депрессияга мойил бўлишади ёки депрессияга мойил одамларда ЗБО ривожланади. Шунинг учун ҳам ЗБО да антидепрессантлар самарали ҳисобланади. Беморга сурункали стрессли вазиятларда психотерапевтга мурожаат қилиши тавсия этилади. Улар УАШ ва тиббий психолог назоратида туриши лозим.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив