Деменция


Деменция – когнитив функцияларнинг орттирилган бузилиши. Деменция бош миянинг оғир зарарланишлари сабабли ривожланади. Когнитив функциялар деганда, диққат, хотира, тафаккур, идрок, нутқ, гнозис, праксис каби олий руҳий функциялар тушунилади. Демак, деменция тафаккурнинг орттирилган бузилиши, у туғма бўлмайди. Ақлий фаолиятнинг ривожланишдан орқада қолишига эса олигофрения деб айтилади. Шунинг учун туғилгандан буён когнитив бузилишлар аниқланган болаларга олигофрения  ташхиси қўйилади.

     Эпидемиологияси. Деменция, одатда, 60 ёшдан сўнг ривожлана бошлайди ва касалланганлар сони ёш ошган сайин кўпайиб боради. Деменция 60–65 ёшдагиларда 1–5 % кузатилса, 80 ёшга бориб бу кўрсаткич 30 % га етади.

Этиологияси. Деменция кўп этиологияли синдром. Унинг асосий сабаблари 2.12-жадвалда келтирилган.

 

2.12-жадвал

Деменцияга олиб келувчи асосий касалликлар

Нейродегенератив касалликлар

Алсхаймер касаллиги

Леви таначалари билан боғлиқ деменция

Паркинсон касаллиги

Хантингтон касаллиги

Фронто-темпорал дегенерация

Зўрайиб борувчи супрануклеар фалажлик

Базал ганглиялар зарарланиши билан кечувчи дегенерациялар

Бош миянинг қон томир касалликлари

Церебрал инсултлар

Мултиинфаркт деменция

Бинсвангер касаллиги

Сурункали церебрал ишемия

Пўстлоғости деменцияси

Дисметаболик деменциялар

Моддалар дефицити (В1, В12, фолат кислотаси)

Металл тузлари (алюминий, цинк, мис) билан заҳарланиш

Фармацевтик воситалар, яъни холинолитиклар, барбитуратлар, бензодиазепинлар, нейролептиклар, литий тузлари билан заҳарланиш

Гепатолентикуляр дегенерация

Соматоген (жигар ва буйрак энцефалопатияси)

Сурункали алкоголизм

Гипоксик энцефалопатия, шу жумладан анемия ҳисобига

Гипогликемик энцефалопатия

Гипотиреоз

Нейроинфекция ва демиелинизация билан кечувчи касалликлар

ОИТС сабабли ривожланган энцефалопатия

Кройстфелд-Якоб касаллиги

Зўрайиб борувчи панэнцефалитлар

Ўткир ва нимўткир менингоэнцефалитлар

Тарқоқ склероз

Зўрайиб борувчи супрануклеар фалажлик

Мултифокал лейкоэнцефалопатия

Бош мия жароҳатлари

Бош мия ўсмалари

Ликвородинамик бузилишлар

Нормотензив гидроцефалия

 

Ташхис. “Деменция”  синдромини аниқлаш ва бахолаш учун бир неча алгоритмлар ишлаб чиқилган. Буларнинг ичида энг кўп  қўлланиладигани DSM-IV (Diagnostic and Statistical Manual of Mental Disorders, 4 th ed. Washington, D.C., American Psychiatric Association, 1994).

 

2.13-жадвал

 DSM-IV бўйича деменция ташхисини қўйиш алгоритми

Белгилар

Қисқа ва узоқ муддатли хотиранинг бузилиши

Қуйидаги олий руҳий функциялардан камида биттасининг бузилиши (хотира бузилишига қўшимча равишда)

- праксис

- гнозис

- нутқ

- мулоқот қобилияти

- ихтиёрий фаолиятни бошқариш

Касбий фаолият ва кундалик юмушлардаги қийинчиликлар

Бош миянинг органик зарарланиши

Ҳушнинг сақланган бўлиши

 Демак, когнитив функциялар бузилган беморга деменция ташхисини қўйиш учун, албатта, бош мия зарарланган ва беморнинг ҳуши сақланган бўлиши керак. Бу асосий талаблардан биридир.

Деменцияда хотиранинг барча турлари, яъни эшитиш, кўриш ва ҳаракат хотиралари бузилади. Эшитув хотираси эрта бузила бошлайди ва зўрайиб боради. Бемор ҳозир ва аввал эшитган гапларни эслаб қололмайди. Бемор сўзлаётганда унинг фикри чалғиса (телефон жиринглаб қолди, уни эшитаётганлар луқма ташлади ва ҳ.к.), нима ҳақида гапираётганини унутиб қўяди. Унга кимдир бирор воқеани эрталаб сўзлаб берса, бироз вақт ўтгач унинг тафсилотларини унутиб юборади ёки гап нима ҳақида кетганлиги бутунлай эсидан чиқади. Бундай беморлар билан хотирани кучайтирувчи ақлий машқлар ўтказиш деярли самара бермайди. Оғир ҳолатларда ҳозир эшитган гапини тезда эсидан чиқаради, тўғрироғи эслаб қола олмайди. Деменцияда хотиранинг барча босқичлари, яъни эслаб қолиш, эсда сақлаш ва қайта эсга тушириш кескин бузилади.

Бир неча ойлардан сўнг узоқ муддатли хотира ҳам бузила бошлайди. Бемор аввалги ҳаётида бўлиб ўтган воқеаларни эсига тушура олмайди. Касаллик зўрайган сайин бемор ўтмишини умуман унутади. Образли қилиб айтганда, уларни “ўтмиши йўқ одамлар” деб аташ мумкин. Ҳар доим кўриб юрадиган танишларини юзига қараб эслай олмаслик – деменциянинг дастлабки ва энг кўп учрайдиган белгиларидан биридир. Прозопагнозия деб аталмиш бу симптом бош миянинг энса-тепа соҳалари атрофиясида кўп учрайди. Ушбу соҳалар атрофияси оптик-фазовий агнозия симптомлари билан намоён бўлади. Оддий қилиб айтганда, беморда географик хотира бузилади. Бундай бемор кўчага чиқса, уйини топиб қайтиб кела олмайди. Борадиган жойини ҳам тополмай юради ёки нима учун уйдан чиққанлигини унутиб қўяди. Агар беморнинг рўпарасида ўтириб: “Менинг ўнг қўлимни кўрсатинг десангиз, у Сизнинг чап қўлингизни кўрсатади”. Бемор рақамсиз соатларда вақтни тўғри кўрсата олмайди ёки рақамли соатни тўғри чизолмайди. Ҳар хил вақтларни кўрсатувчи соат стрелкаларига қараб соат неча бўлганини айтиб беришда жуда қийналади. Шу боис деменцияни аниқлашда соат билан боғлиқ синамалардан кўп фойдаланилади.

Семантик хотира ҳам эрта бузилади. Унга: “Лола Каримдан оқроқ, ким қора” ёки “Олим Ҳакимдан узунроқ, ким калта” деб сўралса, сўзларнинг маъносига узоқ вақт тушунмай туради. Бу гапларни бир неча бор қайтарса ҳам, бемор тўғри жавоб бера олмайди.

 Деменцияда хотира бузилишлари, албатта фикрлаш жараёнининг бузилиши билан кечади. Бемор фикрини бир жойга жамлаб иборалар туза олмайди, қайсидир воқеа ҳақида сўзлаб бермоқчи бўлса, унинг уддасидан чиқа олмайди, сўзлардан гап туза олмайди. Беморда умумий фикрлаш ҳам, абстракт (лот. abstractio – бирор бир нарса ёки ҳодисанинг қайсидир бир хусусияти ёки белгисини ажратиб кўрсатиб бериш, айтиб бериш) фикрлаш ҳам бузилади. Абстракция фикрлаш жараёнининг асосини ташкил қилади. Бемор атрофдаги нарсалар номини тўғри айтиб бера олмайди, яъни уларда амнестик афазия симптомлари яққол кўзга ташланади. Мақсадга йўналтирилган ихтиёрий ҳаракатлар ҳам бузилади, яъни апраксия ривожланади. Касбий фаолият ҳам издан чиқади. Шунингдек, ҳар доим бажариладиган оддий амаллар, яъни кийиниш, соқол олиш, тиш ювиш, чироқни ўчириб-ёқиш, тирноқ олиш, чой дамлаш, душ қабул қилиш, эшикни очиш каби мақсадга йўналтирилган фаолият издан чиқади. Бемор оддий арифметик операцияларни ҳам тўғри бажара олмай қолади.

Деменцияда нутқ функцияси узоқ вақт сақланиб туради. Кейинчалик нутқ бузила бошлайди ва беморда афазиянинг барча турларини (амнестик, сенсор, мотор) кузатиш мумкин. Дастлаб амнестик афазия, кейинчалик сенсор ва мотор афазия ривожланади. Албатта, нутқ марказларининг ўчоқли зарарланишлари (масалан, инсултдан сўнг) сабабли ривожланган деменция бундан истисно.

Деменцияда беморнинг шахси ҳам ўзгариб боради. Унда ўзига ва касаллликка бўлган танқидий муносабат бузилади. Бемор кир ва ифлос юрадиган бўлади, тозаликка риоя қилмайди, уялмайди. Деменциянинг баъзи турларида психик фаолиятнинг кескин пасайиши (апатия, депрессия, мотивациянинг сўниши) кузатилса, бошқа ҳолатларда, аксинча, психомотор қўзғалишлар (агрессия, гипердинамик ҳолат) шаклланади. Айниқса, фронто-темпорал деменция ва Пик касаллигида шахснинг турли даражада бузилишлари кузатилади.

Айтиб ўтганимиздек, бош мия жароҳатларида ҳам деменция ривожланади. Бироқ, бош мия жароҳатларидан кейин ривожланган хотиранинг алоҳида бузилишлари (турли амнезиялар) – бу деменция эмас. Деменция учун барча когнитив функциялар бузилиши (амнезия, афазия, апраксия, агнозия) хос. Ҳар қандай этиологияли деменцияда когнитив бузилишлар тўхтовсиз зўрайиб боради. Бу жараён бироз тўхтаб олиши ёки даволашлар натижасида қайсидир функциялар бирмунча тикланиши мумкин. Бироқ касаллик зўрайиб бораверади. Деменциянинг сўнгги босқичларида бемор қаерда яшаётганини ва ўзини  англай олмай қолади. Бемор ўз болаларини ҳам  танимайди: унинг ёнига кирган қизи ёки ўғлига  «Сиз кимсиз», деб савол беради. Бемор овқат ейман деб айтмайди, туалетга ўзи бормайди, сийдик ушлай олмайди. Уни қай ҳолатда ётқизса, шу ҳолатда ётаверади. Юздаги ҳиссий ифода бутунлай сўнади. Бундай беморлар ҳам руҳан, ҳам жисмонан ногирон бўлиб қолишади.

Шу ерда депрессияда учрайдиган деменция ҳақида тўхталиб ўтсак. Депрессия билан касалланганларда ҳам деменцияга ўхшаш симптомлар аниқланади. Бу ҳолат псевдодеменция деб аталади. Псевдодеменция ташхиси қачон қўйилади? Уларда когнитив бузилишлар бошланишидан анча олдин депрессия белгилари кузатилади. Псевдодеменцияда хотира бузилишлари устунлик қилади. Апраксия ва афазия эса кузатилмайди. Бундай беморларда нейропсихологик тестлар турли натижа беради: баъзида тест натижалари беморда ҳеч қандай деменция аломатларини кўрсатмаса, баъзида деменция аниқланади. Нейропсихологик тестлар ўтказишдан олдин беморга тез таъсир қилувчи психостимуляторлар (масалан, кофеин) қилинса, тест натижалари яхши бўлиши мумкин. Оддий нейропсихологик тестларни тўғри бажара олмайдиган беморнинг касбий фаолияти сақланиб қолиши мумкин. Бемор ишга бориб келаверади, уй юмушларини бажариб юради, бозор-ўчар қилади, болаларига меҳрибонлик кўрсатади, яхши кийинади, ўзига эътибор қилади. Бироқ, ҳар доим хотира бузилишларидан шикоят қилиб юради: аввал бориб-келиб юрган йўлларини адаштиради, шаҳарнинг қайси чеккасига қандай боришни унутиб қўяди, одамлар билан гаплашганда унинг тафсилотларини айтиб бера олмайди. Уларда эслаб қолиш қобилияти анча бузилган бўлади. Депрессия даражаси ва кечишига қараб когнитив бузилишлар даражаси ҳам ўзгариб туради. Деменция ташхисини қўйишдан олдин, албатта депрессия бор-йўқлигини инкор қилинади. Бунинг учун беморнинг психологик статуси суҳбатлар ва психологик тестлар (Гамилтон шкаласи) ёрдамида текширилади. Чунки депрессия деменцияга қараганда кўп учрайди.

Деменция нафақат бош мия катта ярим шарларининг пўстлоқ ҳужайралари, балки пўстлоғости тузилмалар зарарланганда ҳам ривожланади. Пўстлоқ зарарланишларида кузатиладиган деменцияга кортикал деменция, пўстлоғости тузилмалари зарарланганда кузатиладиган деменцияларга пўстлоғости деменцияси деб айтилади. Пўстлоғости деменциясида афазия, апраксия ва акалкулия каби кортикал симптомлар аниқланмайди. Пўстлоғости тузилмалари пешона марказлари билан узвий нейронал боғланишларга эга. Шу боис пўстлоғости зарарланишларида фронтал симптомлар ҳам пайдо бўлади, яъни брадифрения (психик фаолиятнинг секинлашуви), гипокинезия ва шахс бузилишлари.

Пўстлоғости деменцияси деярли ҳар доим экстрапирамидал бузилишлар (паркинсонизм) билан биргаликда намоён бўлади. Пўстлоғости деменциясида гностик жараёнлар, яъни билиш ва таниш жараёнлари деярли бузилмайди. Кортикал деменцияда эса улар кескин бузилади. Аввал пўстлоғости тузилмалари зарарланиб, кейин патологик жараён пўстлоқ тузилмаларини ҳам қамраб олса, аралаш типдаги деменция шаклланади. Ўткир ЦВК сабабли ривожланган деменцияларни, кўпинча аралаш типдаги деменциялар деб аташ мумкин.

Даволаш. Даволаш муолажалари комплекс тарзда олиб борилади ва қуйидаги дори воситалари қўлланилади.

Такрин 1 капс. (10 мг) дан кунига 4 маҳал овқатдан олдин ичишга буюрилади.

 

2.13-жадвал. Такринни тавсия этиш тартиби

Ҳафталар

Дорининг дозаси ва тавсия этиладиган вақти

1-ҳафта

10 мг дан кунига 4 маҳал овқатдан олдин

2-ҳафта

20 мг дан кунига 4 маҳал овқатдан олдин

4-ҳафта

30 мг дан кунига 4 маҳал овқатдан олдин

6-ҳафта

40 мг дан кунига 4 маҳал овқатдан олдин

Изоҳ. Дорининг бир кунлик дозасини 160 мг га етказиш мумкин

 

Бемор такринни йиллар мобайнида қабул қилиши керак. Бир неча ҳафта ёки ойлар ичида дорининг бир кунлик дозасини 160 мг га ошириш мумкин. Такрин 10, 20, 30, 40 мг ли капсулаларда ишлаб чиқарилади. Монелик қилувчи ҳолатлар: бронхиал астма, эпилепсия, брадикардия, жигар етишмовчилиги.

Донепезил кечқурун ётишдан олдин 5 мг дан ичишга буюрилади. Бир ой ўтгач бемор дорини 10 мг дан 6 ҳафта мобайнида ичиши лозим. Дорининг бир кунлик максимал дозаси 10 мг. Бемор спиртли ичимликлар қабул қилмаслиги керак.

Ривастигмин (экселон) дастлаб 1 мг дан кунига 2 маҳал ичишга буюрилади ва ҳар 2 ҳафтада дозаси ошириб борилади. Экселон 1 мг, 3 мг, 6 мг ли дозаларда ишлаб чиқарилади.

 

2.14-жадвал. Ривастигминни тавсия этиш тартиби

Ҳафталар

Дорининг дозаси ва тавсия этиладиган вақти

1-ҳафта

1 мг дан кунига 2 маҳал овқат пайтида

2-ҳафта

3 мг дан кунига 2 маҳал овқат пайтида

4-ҳафта

4,5 мг дан кунига 2 маҳал овқат пайтида

6-ҳафта

6 мг дан кунига 2 маҳал овқат пайтида

Изоҳ. Дорининг бир кунлик дозасини 12 мг га етказиш мумкин

  

Мемантин дастлаб 5 мг дан овқат пайтида ичишга буюрилади. Мемантин 10 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади.

 

2.15-жадвал. Мемантинни тавсия этиш тартиби

Ҳафталар

Дозаси ва тавсия этиладиган вақти

1-ҳафта

5 мг (1/2 табл) 1 маҳал эрталабки нонушта пайтида

2-ҳафта

10мг (5мг эрталабки нонушта ва 5 мг тушлик пайтида)

3-ҳафта

15 мг (10мг эрталабки нонушта ва 5 мг тушлик пайтида)

4-ҳафта

20 мг (10мг эрталабки нонушта ва 10 мг тушлик пайтида)

Изоҳ. Мемантиннинг бир кунлик дозасини 40-60 мг га етказиш мумкин

 Мемантин ҳар қандай этиологияли деменцияларда тавсия этилади. Дори катта дозада берилганда, унинг кундалик дозасини тенг бўлиб чиқиш керак. Мемантин эпилепсия, интракраниал гипертензия ва тиреотоксикозда тавсия этилмайди. Монелик қилувчи ҳолатлар: бош айланиши, психомотор қўзғалишлар, кўнгил айниш ва кучли ҳолсизлик.

Прогноз. Кўрсатиб ўтилган дорилар касалликнинг бошланғич даврида самарали. Аммо, деменция секин-аста зўрайиб бораверади. Касаллик қанча эрта бошланса, прогноз шунча ёмон ҳисобланади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив