Янгиликлар » Энциклопедия » Депрессия қандай касаллик?

Депрессия қандай касаллик?


Депрессиякайфиятнинг кескин пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳар қандай ҳаракатга бўлган интилишнинг йўқолиши билан кечувчи касаллик.

  • Депрессия шу даражада кенг тарқалганми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ер шарида депрессия билан рўйхатга олинганлар сони 160 млн.дан ортиқ. Бироқ аксарият мутахассислар фикрича, депрессия билан касалланган ҳар уч беморнинг бири врач назоратида туради, холос. Бошқа бир мутахассислар фикрича, депрессия билан касалланганлар сонини аниқлаш мушкул. Чунки депрессия турли хил клиник кўринишда намоён бўлмоқда ва ҳамма вақт ҳам ташхис тўғри бўлиб чиқавермайди. Бунинг устига депрессия билан оғриган беморларнинг ҳаммаси ҳам психиатр ёки психологларга мурожаат қилавермайди.

  • Депрессиянинг сабаблари жуда кўпми?

Депрессиянинг асосий сабаблари – булар ўткир ва сурункали руҳий сиқилишлар, кетма-кет келувчи муваффақиятсизликлар ва узоқ давом этувчи оғир касалликлардир. Ташқи салбий омиллар сабабли ривожланган депрессияга экзоген депрессия деб айтилади. Ҳеч қандай сабабсиз ривожланадиган депрессияга эндоген депрессия дейилади. Эндоген депрессия ривожланишида наслий омилнинг ўрни катта.

  • Ниқобланган депрессия нима?

Соматик симптомлар, яъни ички аъзолар функциялари бузилиши билан кечувчи депрессияга ниқобланган депрессия деб айтилади. Нима учун унга ниқобланган депрессия дейилади? Чунки бемор депрессия билан касалланган бўлса-да, унинг шикоятлари худди бошқа касалликларни эслатади, яъни “Мигрен”, “Юрак оғриқлари”, “Бўғим оғриқлари”, “Ошқозон-ичак касалликлари”, “Тери-таносил касалликлари” ва ҳ.к. Беморни текшираётган врач беморнинг кайфияти оғриқлар сабабли тушган деб ўйлайди. Аслида беморда ниқобланган депрессия ривожланган бўлади. Бундай беморни албатта тиббий психолог ёки психиатр кўригидан ўтказиш керак.

  • Бемор ҳам айбдорми ёки психолог нима қилиб бера оларди?

Баъзан бемор “Депрессия” ташхиси аниқлангандан сўнг ҳам врач ёки психологга мурожаат қилмасдан юради. Бунинг сабаблари турлича, яъни қариндош-уруғлар, ҳамкасблар ва қўни-қўшнилардан уялиш, психиатр ёки психолог назоратида қолиб кетишни хоҳламаслик, ишдан ҳайдалиш ёки ишга қабул қилинмасликдан қўрқиш, тузалиб кетишига ишонмаслик, психотроп дориларни қабул қилишдан қўрқиш ва ҳ.к.

Аксарият ҳолларда депрессия оила ва ишдаги муваффақиятсизликлар ёки бахтсиз воқеалардан сўнг ривожланади. Бундай пайтда бемор “Шу аҳволга тушганимнинг сабаби аниқ-ку, психолог нима ҳам қилиб берарди, вақт ўтиб тузаларман” деб даволанишдан воз кечади. Психолог беморни айнан шу каби вазиятлардан чиқарувчи мутахассис эканлигини унутиб қўйишади ёки англаб етишмайди. Одатда, бундай беморни унинг яқинлари, таниш-билишлари психологга мурожаат қилишга ундашади.

Демак, улар психолог қабулига мажбуран келишади. Психолог қабулида дастлабки суҳбатдан ўтган беморнинг дунёқараши аксарият ҳолларда кескин ўзгаради ва кейинчалик унинг ўзи психолог қабулига қатнай бошлайди. Албатта, дастлабки суҳбатнинг самарали тугаши психологнинг маҳоратига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.

  • Депрессияда қандай руҳий-ҳиссий бузилишлар кузатилади?

Депрессияда кўп кузатиладиган асосий руҳий-ҳиссий бузилишлар – булар кайфиятнинг тушиб кетиши, умидсизлик, ғам-ғусса, доимий хавотир, ёмон воқеаларни кутиб яшаш, айбдорлик ҳисси ёки ўзини ҳадеб айблайвериш, қайсарлик, ўжарлик, ўз билганидан қолмаслик, ўз ҳаётидан қониқмаслик ва ўзини камситиш, атрофдаги воқеалар ва яқинларига қизиқишнинг йўқолишидир. Депрессияга чалинган одамнинг кайфияти кун бўйи ўзгариб туриши мумкин. Масалан, эрталаб кайфияти жуда яхши бўлса, кечга яқин унинг кайфияти умуман тушиб кетади. Баъзи одамларда бунинг тескариси кузатилади.

  • Бош ва танада қандай белгилар пайдо бўлади?

Депрессияда бош оғриқ, бош айланиши, энса, бўйин ва юрак соҳасида оғриқлар, нафас етишмаслиги, иштаҳа пасайиши, қабзият, жинсий заифлик, ҳайз кўришнинг бузилиши, умумий ҳолсизлик каби белгилар кўп кузатилади. Бош оғриқ – депрессиянинг энг кўп учрайдиган белгисидир. Демак, доимий тарзда боши оғрийдиган беморда депрессия бор-йўқлигини текшириб кўриш керак. Бундай бемордаги бош оғриқни оғриқ қолдирувчи дорилар эмас, балки депрессияга қарши дорилар бартараф этади. Буни врачлар ва психологлар эсда тутишлари лозим.

  • Депрессияда хулқ-атвор қандай бузилади?

Депрессияда хулқ-атвор бузилишлари жуда кўп учрайди. Булар – ўз жонига қасд қилишга интилиш, бирор-бир фаолиятга қизиқмаслик, камҳаракатлилик, уйдан чиқмай ётавериш, ёлғизликка интилиш, одамлар билан мулоқотдан қочиш, ичкиликка ёки турли фармакологик дориларга ружу қўйиш.

  • Депрессияда хотира бузиладими?

Депрессияда хотира ва фикрлаш жараёни бузилишлари кўп учрайди. Паришонхотирлик, хотира пасайиши, айниқса, эслаб қолишнинг бузилиши жуда кўп кузатилади. Фикрлар карахтлиги – депрессиянинг асосий белгиларидан бири.

  • Кучли одамларда ҳам депрессия кузатиладими?

Депрессия, одатда, кучли, мақсадга интилувчан, бироқ ҳиссиётга берилувчан одамларда кўп учрайди. Уларнинг депрессияга тушишдан олдинги ҳаёти ўрганилганда қуйидаги хусусиятлар аниқланган: ўзига хос дунёқарашга эгалиги, улар атрофдаги воқеаларни ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қиладиган ва ҳиссиётга берилувчан шахслардир. Улар, кўпинча, ҳаётдан қониқмай яшашади, эришган ютуқлари қониқтирмайди, ўз фаолиятига танқидий муносабатда бўлишади. Бу одамлар фақат маррани эгаллаш учун яшайдилар. Шу билан бирга бошқалар, масалан, ҳамкасбларининг хатоларини топиш ва маслаҳат бериб юришни хуш кўришади. Агар унинг хатосини кўрсатишса, бундан қаттиқ азият чекади ва шу одамни ёқтирмай қолади.

Улар оилада ҳам, уйда ҳам аниқ бир режа асосида ҳаёт кечиришга одатланган, ўта талабчан бўлишади, бола-чақасидан ҳам шундай яшашни талаб қилишади. Бу, кўпинча, оилавий можароларга сабабчи бўлади. Бундай шахслар оила ва ишдаги муваффақиятсизликлар ва мусибатли воқеаларни оғир қабул қилишади, ичкиликка ҳам тез ружу қўйишлари мумкин. Баъзан уларнинг турмуши ҳам беқарор бўлади.

Улар ёлғизликни ёқтиришади, бирор бир ишни бошлашса ёки раҳбарлардан топшириқ олишса, уни мукаммал бажаришга интилишади. Бундай одамлар арзимаган баҳодан жуда хурсанд ва арзимаган койишдан қаттиқ хафа бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уларнинг жаҳлини чиқариш ёки кайфиятини тушириш осондир.

  • “Депрессия” ташхиси қандай аниқланади?

Депрессия аксарият ҳолларда бемор томонидан ҳам, яқинлари томонидан ҳам, баъзан врачлар томонидан ҳам ёмон хулқ-атворнинг бир кўриниши сифатида қабул қилинади ва шу сабабларга кўра, вақтида аниқланмай қолади. Психосоматик бузилишлар билан намоён бўлувчи депрессия ҳам ўз вақтида аниқланмайди ва “ички касалликлар” ташхиси қўйилади. Депрессия фақат кайфиятнинг тушиши билан боғлиқ бўлган ҳолат эмас, балки бир нечта симптомлардан иборат касаллик. Бу касалликни эрта аниқлаш ва даволаш муолажаларини эрта бошлаш беморнинг депрессиядан тезда чиқиб кетишига ёрдам беради.

Депресcия ташхисини қўйиш учун қуйидаги 3 та симптомнинг уч ҳафтадан ошиқ давом этиши ҳам етарли. Булар – кайфиятнинг пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳаракатга бўлган интилишнинг йўқолиши.

  • Депрессиядан қандай қутулиш мумкин?

Депрессияни даволашда дори-дармонлар ва психотерапевтик суҳбатлар қўлланилади. Бу иккала даволаш усули биргаликда олиб борилса, самараси юқори бўлади. Дорилар билан даволашдан олдин ўтказилган психотерапия даволаниш жараёнини енгиллаштирса, ундан сўнг ўтказилган психотерапия эса депрессия қайталанишининг олдини олади. Бугунги кунда депрессияни даволаш жараёнида қўлланиладиган психотерапевтик усуллар жуда кўп бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

  • Депрессияни психоналитиклар даволайдими?

Депрессия негизида ички зиддиятлар йиғиндиси ётади: шахс бир томондан бировларга қарам бўлишни хоҳламайди, иккинчи томондан бошқалар уни эътироф этишини, қўллаб-қувватлашини истайди. Албатта, ушбу бир-бирига зид ҳолатлар доимий қониқмаслик ҳиссини юзага келтиради, яъни бошқаларга нисбатан қаҳр-ғазаб ва хафагарчилик шахснинг ички дунёсини қамраб олади. Шу аснода шахснинг ўзи эса бошқаларнинг наздида меҳрибон, одамови ва ажойиб инсон сифатида тан олинишни хоҳлайди. Мана шу истакларнинг рўёбга чиқмаслиги депрессия шаклланишига туртки бўлади. Эътироф этилмаган ҳар бир хоҳиш ва истак йиллар мобайнида онг остида қўним топади ва улар йиғилган сайин ички зиддиятлар кучая боради. Бундай пайтларда депрессия шаклланиши учун кучли стресснинг ўзи кифоя. Сурункали тарзда шаклланадиган депрессия эса доимий руҳий-ҳиссий зўриқишлар таъсири остида ривожланади.

Психоналитик терапиянинг асосий мақсади – депрессия касаллигига чалинган беморда ички зиддиятларни тўла очиб ташлашдан иборат. Бу терапия, албатта, индивидуал тарзда олиб борилади ва ҳар бир беморда ички зиддиятлар сабабини очишга қаратилган бўлади. Психоналитик терапия беморда катарсис, яъни руҳий покланишга эришилгунга қадар ўтказилади. Ижобий натижага бир неча кун ичида эришиш мумкин, баъзан эса бу жараён бир неча ойга чўзилади.

  • Когнитив психотерапия нима?

Когнитив психотерапия усули беморда ўзига бўлган ишончни оптимистик руҳда кучайтиришга қаратилган. Унинг асосида ҳам беморнинг фикрлаш дунёсини ижобий томонга ўзгартириш ётади. Когнитив психотерапия усуллари кўп бўлиб, улар махсус адабиётларда батафсил ёритилган. Бемор билан олиб бориладиган психологик суҳбатлар депрессиянинг тури ва оғир-енгиллигига қараб 10-20 та сеансни ташкил қилади.

  • Психолог беморнинг яқинлари билан ҳам суҳбат ўтказиши керакми?

Албатта! Психолог беморнинг яқинлари билан суҳбатлар олиб бориши шарт. Чунки бу суҳбатлар бемор ҳақида тўла маълумотга эга бўлишга ёрдам беради. Депрессияга чалинган беморни даволашда, унинг яқинлари билан ўзаро мулоқот олиб бориш жуда аҳамиятлидир. Бироқ бу мулоқот тескари натижа бериши ҳам мумкин, агар бемор бунга рухсат бермаса.

Шунингдек, психолог беморнинг яқинларига унинг олдида ўзларини қандай тутиш лозимлигини тушунтиради. Бу ўта муҳим. Чунки баъзи оила аъзолари уйда тушкун муҳит яратадики, бу вазият беморнинг аҳволини янада оғирлаштиради ва ўз жонига қасд қилишга уринишларни кучайтиради. Беморга ҳадеб ён босавериш ёки унинг хулқ-атворини танқид қилавериш ҳам мумкин эмас. Агар беморда суицидал фикрлар ва уринишлар кузатилса, уни ёлғиз қолдирмаслик керак. Оила аъзолари томонидан назорат шундай бўлиши керакки, беморнинг ўзи буни билмасин. Чунки ҳадеб беморни қўриқлайвериш унинг жонига тегади. Беморнинг ишончини қозонган оила аъзолари билан кўчага чиқиб айланиб келиш ва сайр пайтида асосан беморни сўзлатиш, унинг ҳис-туйғуларига ҳамдард бўлиш яхши самара беради. Бемор доимо психолог билан ҳар қандай вазиятда ҳам боғлана оладиган бўлиши лозим. Чунки унга зудлик билан психолог ёрдами керак бўлиб қолиши мумкин.

  • Депрессияни бартараф этишда дорилар ёрдам берадими?

Албатта, ёрдам беради! Бироқ уларни тўғри танлай олиш керак. Дорилар депрессиянинг барча турларида тавсия этилиши мумкин. Врач ёки психологнинг бемор олдига қўядиган энг асосий шартларидан бири – даволанишни режа асосида олиб бориш ва врач тавсияларини сўзсиз бажаришдир.

Депрессияни бартараф этиш учун қўлланиладиган дориларга антидепрессантлар деб айтилади. Антидепрессантлар мияда кайфият гормони деб аталмиш серотонин миқдорини оширади.

Антидепрессантлар билан даволаш қонун-қоидаларини келтириб ўтсак:

  1. Беморнинг ўзи ҳеч қачон интернет ёки врачлар учун ёзилган китоблардан фойдаланиб депрессияга қарши дори қабул қилиши мумкин эмас. Айниқса, депрессияда дориларни берухсат ичиш жуда ёмон оқибатларга олиб келади.
  2. Врач депрессия тури, даражаси, клиник манзараси ва беморнинг соматик аҳволидан келиб чиққан ҳолда аниқ бир антидепрессант танлаб олади ва беморга тавсия қилади. Врач унинг кундалик дозасини белгилайди ва даволаш схемасини тузади.
  3. Антидепрессантлар билан даволаш даврида депрессия белгилари секин-аста йўқолиб бориши (одатда, 1-2 ҳафтадан сўнг) беморга тушунтирилади. Дори ичишни врачдан бемаслаҳат тўхтатиб қўйиш мумкин эмаслиги уқтирилади.

Антидепрессантларни бир неча ой ичиш зарурлиги ва депрессия белгилари бутунлай йўқолгандан сўнг врачнинг ўзи даволашни тўхтатиш вақтини белгилаши айтилади.

  1. Антидепрессантларни касаллик белгилари йўқолгандан сўнг ҳам яна 2-4 ой мобайнида (баъзан ундан ҳам кўп) ичиш зарурлиги тушунтирилади. Бу қоида депрессиянинг яна қайталамаслиги учун қабул қилинган.

Дорилар билан даволаш жараёнида психотерапия муолажаларининг ўтказилиши беморнинг депрессиядан чиқиш даврини тезлаштиради. Психотерапевтик муолажалар пайтида бемор билан мулоқотлар олиб борилади, антидепрессантларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ечилади (чунки, аксарият беморлар 1 ойдан сўнг дори ичишни тўхтатиб қўйишади), беморда яхши натижаларга ишонч ҳосил қилинади. Уларни эрта тўхтатиб қўйиш ёки асоссиз тарзда кам миқдорда бериш кутилган ижобий натижани бермайди. Бемор депрессия белгилари тугагунча доимо врач назоратида бўлиши зарур. Дориларни тўсатдан тўхтатиш депрессиянинг яна қўзғашига сабабчи бўлади.

Депрессияни даволашда антидепрессантлар билан биргаликда физиотерапия, нина санчиб ва гиёҳлар билан даволаш ҳам кенг қўлланилади.

  • Депрессия билан касалланган одамнинг психологик портрети қандай?

Депрессия билан касалланган беморларни узоқ йиллардан буён кузатувларим асосида уларнинг психологик портретини яратишга ҳаракат қилдим. Чунки яқин одамларимда ҳам депрессия ҳолатлари бўлган ва уларни кўп йиллар мобайнида кузатиб келганман.

Мана уларнинг психологик портрети.

“Улар дунёни ва атрофда бўлаётган воқеаларни салбий тарзда қабул қилишади, ўзининг ҳаётда тутган ўрнини пессимистик руҳда баҳолашади, ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис қилади. Улар доимо хавотирда яшашади, ҳеч қандай фаолиятга қизиқишмайди, атрофдаги ўйин-кулгилар ва яқинларининг тақдирига мутлақ эътиборсиз бўлишади. Доимо хўрсиниб юришади ва ўзларини айбдордек ҳис этишади. Уларни чалғитиш учун бирор-бир ишга мажбурлаш мумкин, бироқ уни ҳеч қандай қизиқиш ва эътиборсиз бажаришади. Ҳар қандай иш уларнинг кайфияти кўтарилишига ижобий таъсир қилмайди. Уйқусизликдан азият чекишади ёки фақат уйқу босаверади, ёмон тушлар кўриб чиқишади.

Бу тушлар турли-туман бўлиб, тушида бировларни бўғиб ўлдириб қўяди ёки пичоқлаб ташлайди, оламдан ўтган яқинлари ва қонли воқеалар тушига кўп киради. Бундай тушлар беморнинг кайфиятини янада туширади ва аҳволини оғирлаштиради. Улар доимо паришонхотир ва карахт бўлиб юришади, ўз жонига қасд қилишга уринишади. Улар ўзларининг тузалишига сира ишонишмайди, даволанишга ҳам яқинларининг қистови билан келишади”.

Депрессияга таъриф бера туриб, ушбу касаллик учун хос бўлган яна бир хавфли белгини айтиб ўтиш лозим, яъни ўз жонига қасд қилишга интилиш. Шунинг учун ҳам депрессия барча давлатларда ижтимоий муаммога айланган. Бироқ тузалишга интилиш ва кучли ирода уларни бу касалликдан халос бўлишга катта ёрдам беради.

Ушбу сатрларни ўқиётган ҳурматли беморлар. Сиз албатта тузалиб кетасиз! Иродангизни мустаҳкам қилинг. Ахир сиз аввал кучли инсон бўлгансиз! Ушбу куч сизни вақтинча тарк этган бўлса, у яна албатта қайтади. Чунки бу сизнинг кучингиз!

МАВСУМЛИ ДЕПРЕССИЯ ҲАМ БЎЛАДИМИ?

 

Ҳа, бўлади. Мавсумли депрессия – йилнинг маълум бир мавсумида кузатилиб, бошқа пайтлари ўз-ўзидан ўтиб кетадиган депрессия. Ушбу депрессия куз ёки қиш мавсумида кузатилади, баҳор ёки ёз ойида ўтиб кетади. Баъзи одамлар мавсумли депрессияга жуда мойил бўлишади. Бундай шахслар йилнинг ўша мавсумида (масалан, қишда) депрессияга тушиб, меҳнат фаолиятини бутунлай йиғиштириб қўйишади. Баъзида ҳиссий портлашлар ҳам кузатилади. Масалан, турмуш ўртоғи билан уришаверади, дам олишга кетайлик деяверади, оилага қарамай қўяди, янги йилни иссиқ ўлкаларда кутайлик деб хархаша қилади.

Депрессиянинг қишда кўп учрашини қиш мавсумида ёруғ кунларнинг камлиги билан изоҳланади. Шунингдек, депрессияда гелиотерапия, яъни қуёш нурлари билан даволаш самара берганлиги учун ҳам мавсумли депрессия ривожланишига қоронғи кунлар туртки бўлади деб ҳисоблашади. Шу боис ҳам қишда одамлар қуёшли ўлкаларга интилишади ва депрессиянинг енгил ҳамда ўрта даражадаги турларидан халос бўлиб қайтишади.

Мавсумли депрессияда ёруғлик билан даволаш яхши самара берса, уни қандай амалга ошириш керак? Эрталаб уйғонгандан сўнг қуёш нурлари тушадиган ҳавода 30-60 дақиқа сайр қилинади. Бу терапияни камида бир ой мобайнида амалга ошириш керак. Қуёш нурлари билан даволашни талассотерапия (денгизда чўмилиш) билан биргаликда олиб борилса, натижаси янада юқори бўлади. Шу боис ҳам, қуёш нури кам бўлган шимолий ўлкаларда яшайдиганларга депрессия мавсуми бошланган пайтларда денгизли иссиқ ўлкаларга саёҳат уюштириш тавсия этилади.

 

ДЕПРЕССИЯДАН ЧИҚИШ УЧУН УХЛАМАСЛИК КЕРАКМИ?

 

Афсуски, ҳа! Бу усул қачон қўлланилади? Депрессиянинг тинмай уйқу билан кечадиган турлари бор. Ана шундай беморларни депрессиядан чиқариш учун ушбу услубдан фойдаланиш тавсия этилади. Бироқ бу усулни инсомния, яъни уйқусизлик билан кечувчи депрессияда қўллаб бўлмайди.

Нима учун депрессияга тушган беморлар кўп ухлайди ёки кўп ухлашни маъқул кўришади? Психоаналитиклар фикрича, бундай беморларнинг онг тубига қуйидаги фикрлар яширинган: “Менинг депрессияга тушишимга ушбу бевафо дунё ва ундаги яшаётган одамлар сабабчи. Яхшиси кўзларимни юмиб, уларни ҳам, ўзимни ҳам кўрмай”.

Ўзини ёмон кўриш, одамларни ёмон кўриш ва ташқи оламдан қочиш – депрессияга учун ўта хос белгилар. Фикримизча, улар ушбу учта муаммони битта ўқ, яъни уйқу билан ҳал қилиб қўя қолишади. Уйқу ҳам ўлимнинг бир тури. Уйқу – ўлимнинг бу дунёдаги кичик бир шакли. Депрессияда уйқуни маъқул топиш (улар баъзида уйқуси келмаса ҳам ётаверади, чунки шуниси маъқул) ва ўз жонига қасд қилишга уриниш тагида бир хил фикр ётади – бу дунёдан, одамлардан ва ҳатто ўзидан қочиш. Бу фикрлар унинг онг остида депрессия бошланишидан олдин қўним топган бўлиши мумкин.

Уйқусизлик билан даволаш техникаси қуйидагича:

Бемор учун махсус дастур тузилади ва у психотерапевт томондан назорат қилиб борилади. У бир-икки кун мобайнида тунда ҳам, кундузи ҳам ухламаслиги керак. Ўша кунлари унга фаол жисмоний ҳаракатлар, яъни спортнинг ҳар қандай енгил турлари билан шуғулланиш тавсия этилади. Буни уйда ҳам ёки тунда фаолият кўрсатадиган психотерапевтик клиникаларда ҳам амалга ошириш мумкин. Албатта, бу услуб махсус клиникаларнинг спорт залларида мусиқатерапия билан биргаликда олиб борилса, самараси жуда юқори бўлади. Ушбу терапия орада 3-5 кунлик танаффуслар билан 1 ой мобайнида олиб борилади. Шу йўл билан депрессиянинг ўта уйқучанлик билан намоён бўладиган турларини даволаш яхши самара беради.

 

ДЕПРЕССИЯНИ ТЕСТ ОРҚАЛИ АНИҚЛАСА БЎЛАДИМИ?

 

Ҳа, бўлади. Психологлар депрессияни аниқловчи тестларнинг 2 хил турини яратишган. Бири ҳар бир кишининг ўзи қўллай олиши мумкин бўлган психологик тест. Масалан, Цунг сўровномаси. Бу сўровномани ўзингиз тўлдириб, депрессия бор-йўқлигини ва унинг даражасини билиб олишингиз мумкин. Иккинчиси, тиббий психолог ёки психиатр иштирокида тўлдириладиган тест.

Мабодо Сизда Цунг тести натижалари депрессия борлигини кўрсатса, мен депрессияга тушибман деб сиқилиб ўтирманг ва тиббий психологга мурожаат қилинг. У Сиз билан психологик суҳбатлар ўтказади ва қўшимча равишда Гамильтон шкаласини қўллаб, сизда ҳақиқатан ҳам депрессия борми-йўқми ёки бу оддий апатиями (тушкун кайфият) аниқлаб беради. Демак, тўғри хулосани мутахассис беради.

Унда нима учун оддий одамларга мослаб бундай психологик тестлар ўйлаб топишган? Уларни қўрқитиш учунми? Асло йўқ. Бемор баъзида доимо паст кайфиятда юради, фикрини бир жойга жамлай олмайди, оиласига ва ишга иштиёқи сўнади ва натижада ўзини омадсиз инсон деб юради. Охир-оқибат у ишдан ҳайдалиши мумкин, оиласи парчаланиши мумкин ва ҳ.к. Бу ҳолат омадсизлик белгиси эмас, балки яширин кечаётган депрессия бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир инсон ўзида Цунг тестини қўллаб кўриб, унинг натижасини тиббий психологга кўрсатиши лозим. Чунки депрессия аҳоли орасида кенг тарқалган. Фараз қилинг, ҳар бир инсон ўзида ушбу тестни қўллаб кўрди ва психологга бориб ўз муаммоларини ҳал қила бошлади. Натижада қанчадан-қанча инсонлар тиббий психологлар ёрдамида яна шўх-шодон ҳаётга қайтади, оиласини сақлаб қолади, суицидлар олди олинади, ўша одамнинг иш унумдорлиги ошади, жамият ривожланади.

Келинг, энди ушбу сўровнома ҳақида маълумот берсам ва унинг натижаларини таҳлил қилишни ўргатсам.

 

Цунг сўровномаси

(депрессияни аниқлаб баҳолаш учун)

Исм-шарифи___________________________Текширув санаси____

 

Кўрсатма: Қуйида келтирилган ҳар бир жумлани диққат билан ўқинг ва айнан ҳозирги пайтда ўзингизни қандай ҳис қилаётган бўлсангиз шунга мос жавобларни белгиланг. Саволлар устида узоқ ўйланманг ва хаёлингизга келган биринчи жавобни доира ичига олинг.

 

Саволлар, вазиятлар

Ҳеч қачон

Баъзан

Тез-тез

Деярли ҳар доим

1.

Мен тушкунликни ҳис қилаяпман.

1

 2

 3

 4

2.

Эрталаб мен ўзимни жуда яхши ҳис қиламан.

 

 4

 

 3

 

 2

 

 1

3.

Мен йиғлаб тураман.

 1

 2

 3

 4

4.

Мен тунда ёмон ухлайман.

 1

 2

 3

 4

5.

Иштаҳам ёмон эмас, яъни одатий.

 4

 3

 2

 1

6.

Менга ёққан одамлар билан суҳбатлашгим, уларнинг ёнида бўлгим келади.

 

 4

 

 3

 

 2

 

 1

7.

Мен вазнимни йўқотаётганимни сезаяпман.

 1

 2

 3

 4

8.

Мени қабзият безовта қилади

 1

 2

 3

 4

9.

Юрагим одатдагидан тезроқ уради.

 1

 2

 3

 4

10.

Мен ҳеч қандай сабабсиз чарчайман.

 1

 2

 3

 4

11.

Фикрларим ҳар доимгидек аниқ ва равшан.

 4

 3

 2

 1

12.

Қўлимдан келадиган ишларни осонликча бажараман.

 

 4

 

 3

 

2

 

1

13.

Безовталикни ҳис қилаяпман ва бир жойда ўтира олмаяпман.

 

 1

 

 2

 

3

 

4

14.

Менда келажакка ишонч бор.

 4

 3

2

1

15.

Жаҳлим одатдагидан тезроқ чиқяпти.

 1

 2

3

4

16.

Менга бир қарорга келиш жуда осон.

 4

 3

2

1

17.

Мен фойдали ва зарур эканлигимни ҳис қиламан.

 

 4

 3

 

2

 

1

18.

Мен тўлақонли ҳаёт кечиряпман.

 4

 3

2

1

19.

Мен ўлсам бошқаларга яхши бўлишини ҳис қиляпман.

 

 1

 

 2

 

3

 

4

20.

Мени авваллари хурсанд қиладиган нарсалар ҳозир ҳам хурсанд қилади.

 4

 3

2

1

 

Ушбу жадвалда барча саволлар, яъни вазиятлар “тўғри” ва “тескари” турларга ажратилган. Депрессия учун хос бўлганлари “тўғри”, хос бўлмаганлари эса “тескари” саволлар тоифасига киритилган. Масалан, 1 рақами остида берилган жумлага эътибор қилинг: “Мен тушкунликни ҳис қилаяпман”. Бу белги депрессия учун хос. Шунинг учун ҳам у “тўғри” саволлар ичига киритилган. Ана энди 14 рақами остида берилаётган жумлага назар ташланг: “Менда келажакка ишонч бор”. Бу савол “тескари” саволлар ичида ўрин олган. Чунки депрессияда келажакка ишонч бўлмайди, шу боис уни тескари саволлар ичида кўрсатишган.

  • Тўғри саволлар: 1, 3, 4, 7, 8, 9, 10, 13, 15, 19
  • Тескари саволлар: 2, 5, 6, 11, 12, 14, 16, 17, 18, 20

Депрессия даражаси (ДД) қуйидаги формула орқали аниқланади:

ДД = ∑тўғ + ∑тес

Бу ерда ∑тўғ – белгиланган “тўғри” саволлар йиғиндиси;

тес – белгиланган “тескари” саволлар йиғиндиси.

Хулоса қандай? Агар тўпланган баллар йиғиндиси 50 дан ошмаса, демак, Сизда депрессия йўқ ва мазмунли ҳаётингизни давом эттираверинг. Мабодо, 50-59 балл тўпласангиз Сизда енгил депрессия бор ва ўз устингизда ишлаб, ундан қутулишингиз мумкин. Бундай пайтларда тиббий психолог шарт ҳам бўлмайди. Агар тўпланган баллар 60-69 орасида бўлса, демак, Сизда ўрта даражали депрессия бор ва албатта тиббий психологга мурожаат қилинг. Баллар йиғиндиси 70 дан ошса, бу оғир депрессия ҳисобланади. Сиз вақтни йўқотмасдан албатта тиббий психологга мурожаат қилинг. Тиббий психолог ушбу хулосага аниқлик киритиш учун Сиз билан суҳбат қуради, бошқа психологик тестларни яна қўллаб кўради. У Сизни қисқа муддатда ушбу дарддан халос этади. Оддий психологлардан фарқли ўлароқ, тиббий психологлар ҳам психологик суҳбатлар орқали, ҳам дори-дармонлар орқали даволайди, зарурат шуни тақозо этса, Сизни психиатрга юборади.

Изоҳ сифатида. Битта талаба мендан сўраб қолади: Устоз, агар ушбу тестдаги саволларни психологни синаш учун атайин нотўғри белгиласамчи, унда нима бўлади? Унда психологни эмас, аввало, ўзингизни алдаган бўласиз. Ахир Сиз бош оғриғи сабабли докторга борсангиз, уни синаш учун атайин қорним оғрияпти демайсиз-ку! Психологик тест ҳам шунақа. Агар Сиз ўзингиз ҳақингизда ҳаққоний ҳолатни билмоқчи бўлсангиз, барча саволларга тўғри жавоб беришингиз керак. Юқорида айтиб ўтганимдек, психолог қўшимча суҳбатлар ва бошқа тестлар орқали ташхисга янада ойдинлик киритади.

 

ДЕПРЕССИЯНИ ПСИХОТЕРАПИЯСИЗ ДАВОЛАБ БЎЛАДИМИ?

 

Бўлмайди! Ҳар қандай депрессияда даволаш жараёни психотерапия билан бошланиши ва психотерапия билан тугалланиши керак. Фармакотерапиядан олдин ўтказилган психотерапия даволаниш жараёнини енгиллаштирса, ундан кейин ўтказилган психотерапия депрессия қайталанишининг олдини олади. Психотерапия, айниқса, депрессиянинг енгил ва ўрта даражадаги турларида жуда самаралидир. Тўғри танланган психотерапия ёрдамида аксарият ҳолларда беморга антидепрессантлар тавсия этмасдан туриб уни депрессиядан чиқариш мумкин. Шунингдек, антидепрессантнинг ножўя таъсирлари кўп бўлган ҳолатлар ёки уларни белгиланган терапевтик дозаларда қабул қила олмаса ҳам психотерапияни босқичма-босқич ва давомли ўтказиш орқали беморни депрессиядан халос қилиш мумкин. Айниқса, депрессиядаги хавотирли бузилишлар ва характердаги ўзгаришлар психотерапия ёрдамида яхши бартараф этилади. Ҳар қандай психотерапиянинг асосий мақсади – беморнинг соғлом психологик портретини қайта тиклашдан иборат бўлмоғи керак.

Бугунги кунда беморларни даволаш жараёнида қўлланиладиган психотерапевтик усуллар жуда кўп бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

 

ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ НЕВРОЗ ВА ДЕПРЕССИЯДАН ЧИҚАРАДИМИ?

 

Албатта чиқаради! Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ ва бу барча давлатларда исбот қилинган. Ҳаракатга бўлган мотивациянинг сўниши невроз ва депрессияга хос бўлган белгилардан биридир. Авваллари беморларни депрессиядан чиқаришда жисмоний тарбия имкониятларига жиддий эътибор берилмаган.

2005-2010 йилларда бир қатор давлатларда ўтказилган махсус илмий-тадқиқот ишлари шуни кўрсатдики, невроз ва депрессияни даволашда жисмоний тарбия имкониятлари психотерапия ва фармакотерапия билан бир қаторда туради. Ҳатто 2015 йили европалик мутахассислар ўтказган тажрибалар жисмоний тарбиянинг ўзи билан беморни невроз ва депрессиянинг енгил турларидан буткул чиқариш мумкинлигини исбот қилишган. Жисмоний тарбия ва спортни мусиқатерапия билан биргаликда олиб бориш эса даволаш самарадорлигини янада оширади.

Шунингдек, депрессияда кузатиладиган психосоматик бузилишлар, айниқса, доимий бош оғриқлар ҳамда артериал гипертензия белгилари югуриш, сузиш ва енгил бадантарбия билан шуғуллана бошлаганларда 2-3 ой ичида барҳам топади.

Нима учун шундай? Жисмоний ҳаракатлар билан невроз ва депрессия орасида қандай боғлиқлик бор? Мана ўша боғлиқликлар:

  1. Жисмоний ҳаракатлар мияда кайфият гормонлари ҳисобланмиш эндорфинлар ва серотонин миқдорини оширади.
  2. Артериал қон босими ошишида асосий омиллардан бири бўлган қондаги адреналин ва кортизол миқдорини пасайтиради.
  3. Организмнинг умумий тонуси ошади ва ички аъзолар, айниқса, қон айланиш тизими фаоллашади.
  4. Организмда Т- ва В-лимфоцитлар миқдори ошиб, иммунитет мустаҳкамлашади ва вирусли инфекцияларга чидамлилик ошади.
  5. Беморнинг ўжарлиги камайиб, психотерапевт билан мулоқот қилиш осонлашади, бемор тезроқ невроз ва депрессиядан чиқади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив