ДЕПРЕССИЯ


Узоқ давом этувчи тушкун кайфият, фикрлар карахтлиги ва ҳаракатга бўлган мотивациянинг сўниши билан намоён бўлувчи касалликка депрессия деб айтилади. Бу симптомлар депрессиянинг ўзагини ташкил қилади. Европалик мутахассислар маълумотларига кўра, депрессия деярли 80 % ҳолатларда соматик бузилишлар билан намоён бўлади ва бу беморлар дастлаб УАВ га мурожаат қилишади. Фақат  20 % ҳолатларда бемор психиатрга мурожаат қилади. УАВ эса 10 % ҳолатлардагина “Депрессия” ташхисини тўғри аниқлай олади. Бунинг асосий сабаблари – УАВ депрессия ҳақида кам маълумотга эга эканлиги ва ниқобланган депрессия клиникасидан бехабар эканлигижир. Турли касалликларга ўхшаб намоён бўлувчи депрессияга ниқобланган депрессия деб айтилади. Психосоматик синдромларни (психоген цефалгия, психоген кардиалгия ва ҳ.к) ниқобланган депрессияга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Демак, депрессия сурункали кечувчи патологик ҳолат бўлиб, аксарият ҳолларда соматик бузилишлар билан намоён бўлади.

Этиологияси. Депрессия, асосан, ўткир ва сурункали руҳий жароҳатлардан сўнг ривожланади. Бундай депрессияга, яъни психоген омиллар сабабли ривожланган депрессияга экзоген депрессия деб айтилади. Депрессия баъзан ҳеч қандай сабабсиз ривожланади ва бундай ҳолатларда эндоген депрессия ҳақида сўз боради. Эндоген депрессия келиб чиқишида наслий мойилликка катта урғу берилади. Меланхоликлар ҳам депрессияга мойил бўлишади. Депрессия оғир ва узоқ давом этувчи соматик касалликлар билан оғрийдиган беморларда ҳам ривожланади. Бундай пайтларда депрессия соматик касалликлар кечишини оғирлаштиради. Депрессия баъзан узоқ вақтли ремиссиялардан кейин такрорланиб туради. Даволанишдан қатъий назар йиллаб давом этадиган депрессиялар ҳам бўлади, бундай пайтларда унинг оғир тури ҳақида сўз боради. Соматик симптомлар устунлик қилувчи депрессиялар ҳам мавжуд. Бундай пайтларда ташхисни тўғри аниқлаш анча вақтни талаб қилади, баъзан аниқланмай қолади.

Депрессиянинг келиб чиқишида тиббий-психологик омиллардан ташқари ижтимоий ва биологик омилларга ҳам катта урғу берилади. Биологик омиллардан авваламбор мияда медиаторлар (серотонин, норадреналин, ацетилхолин ва ҳ.к.) алмашинуви бузилишига катта эътибор қаратилади.

Ҳалқаро таснифга мувофиқ депрессиянинг енгил (субдепрессия), ўртача ва оғир турлари фарқланади.

Ташхиси. Депрессия аксарият ҳолларда беморлар ва унинг яқинлари томонидан, баъзида врачлар томонидан ҳам ёмон ҳулқ-атворнинг бир кўриниши сифатида қабул қилинади ва шу сабабларга кўра вақтида аниқланмай қолади. Психосоматик бузилишлар билан намоён бўладиган депрессия ҳам ўз вақтида аниқланмай “ички касалликлар” ташхислари қўйилади. Депрессия – фақат кайфиятнинг тушиши эмас, балки бир нечта симптомлардан иборат жиддий касаллик. Маълумотларга кўра, депрессия билан касалланган 10 нафар бемордан биттаси докторга мурожаат қилади холос. Бизнинг бир неча йиллик кузатувларимиз ҳам буни тасдиқлайди. Айниқса, соматик бузилишлар билан намоён бўладиган депрессиялар врачлар эътиборидан четда қолади. Улар соматик ташхислар билан даволаниб юришади.

Баъзан беморлар “Депрессия” ташхиси аниқлангандан сўнг ҳам тиббий психолог ёки психотерапевтга мурожаат қилмасдан юришади. Бунинг сабаблари қариндош-туққанлар, ҳамкасблар ва қўни-қўшнилардан уялиш, психиатр ёки психоневролог назоратида қолиб кетишдан, ишдан ҳайдалишдан ёки ишга қабул қилинмасликдан қўрқиш, тузалиб кетишига ишонмаслик, психотроп дориларни қабул қилишни ҳоҳламаслик. Одатда бундай беморларни унинг яқинлари, таниш-билишлари доктор ёки психологга мурожаат қилишга ундашади. Тажрибали врач ёки психолог қабулида дастлабки суҳбатдан ўтган беморнинг дунёқараши аксарият ҳолларда кескин ўзгаради ва кейинчалик унинг ўзи психолог қабулига қатнай бошлайди. Дастлабки суҳбатнинг қандай натижа билан тугаши психолог ёки психотерапевт маҳоратига кўп жихатдан боғлиқ.

Депрессиянинг клиник белгилари. Депрессия клиникаси турли-туман бўлиб руҳий-ҳиссий, когнитив, соматик ва ҳулқ–атвор бузилишлари билан намоён бўлади. Уларни шартли равишда қуйидагича ажратиб чиқиш мумкин.

Руҳий-ҳиссий бузилишлар:

  • тушкун кайфият, умидсизлик, ғам-ғусса, азобланиб юриш;
  • уйқу бузилиши (уйқучанлик ёки ухлай олмаслик);
  • доимо хавотирда бўлиш, дардли кечинмалар, ёмон воқеаларни кутиб яшаш, жахлдорлик;
  • айбдорлик ҳисси, ўзини ҳадеб айблайвериш;
  • ўзидан қониқмаслик ва ўзини камситиш;
  • яхши ва ёқимли дамларни эслаганда қониқиш ҳосил қилмаслик, атрофдаги воқеаларга, яқинларига қизиқишнинг йўқолиши ёки камайиши.

  Когнитив бузилишлар:

  • фикрини бир жойга жамлай олмаслик (фикрлар карахтлиги), паришонхотирлик, хотира пасайиши;
  • бир қарорга келишнинг қийинлиги;
  • ўзини, дунёда бўлаётган воқеаларни, келажакни фақат ёмон хаёллар билан ўйлаш;

 Соматик бузилишлар:

  • бош оғриғи, бош айланиши, тананинг турли жойида оғриқлар;
  • кардиалгия, нафас олиш фаолиятининг бузилиши;
  • иштаҳа бузилиши (кучайиши ёки камайиши);
  • қабзият, баъзи холларда ич кетиш;
  • либидонинг пасайиши, хайз кўришнинг бузилиши, аменорея;
  • жисмоний ва руҳий чарчаш;
  • терида қичималар ва ҳ.к.

  Ҳулқ-атвор ўзгаришлари:

  • ўз жонига қасд қилишга интилиш;
  • қайсарлик, ўжарлик;
  • ҳеч қандай фаолиятга қизиқмаслик;
  • ёлғизликка интилиш, бировлар билан мулоқотдан қочиш, ён-атрофдаги воқеаларга қизиқишнинг йўқолиши;
  • ўйин-кулгили ва кўнгил очар жойларга бормаслик;
  • ичкилик ёки турли фармакологик дориларга ружу қўйиш.

Айтиб ўтганимиздек, депрeсcия учун кайфиятнинг пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳаракатга бўлган мотивациянинг йўқолиши жуда хосдир. Манашу учта симптомнинг 2-3 ҳафтадан ошиқ биргаликда намоён бўлиши депрессия ташхисини қўйишга асос бўла олади. Депрессия билан оғриган бемор дунёни ва атрофда бўлаётган воқеаларни негатив тарзда қабул қилади, ўзининг ҳаётда тутган ўрнини песcимистик руҳда баҳолайди, ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис қилади. Бемор доимо хавотирда яшайди, ҳеч қандай фаолиятга қизиқмайди, атрофдаги ўйин-кулгилар ва яқинларининг тақдирига эътибор ҳам қилмайди. Бемор доимо ҳўрсиниб юради, уни чалғитиш учун бирор-бир ишга мажбурлаш мумкин, бироқ уни ҳеч қандай эътиборсиз бажаради ва беморнинг кайфияти кўтарилишига бу таъсир қилмайди. Беморни гоҳида ойлаб уйқусизлик (айниқса, эндоген депрессияларда), гоҳида уйқу босавериши безовта қилади. Бемор деярли ҳар доим ёмон тушлар кўради. У тушида бировларни бўғиб ўлдириб юради, пичоқлайди, оламдан ўтган яқинлари ва қонли воқеаларни кўп кўради. Бундай тушлар беморлар кайфиятини янада туширади ва аҳволини оғирлаштиради. У хатто яқинда мен ўламан, деб оила аъзолари билан видолашиб юради.

Депрессияга таъриф бера туриб, ушбу касаллик учун хос бўлган яна бир ҳавфли белги,  яъни ўз жонига қасд қилишга интилишни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шунинг учун ҳар бир УАВ депрессия билан даволаётган беморда суицидал фикрлар бор-йўқлигини аниқлаб олиши керак. Агар ушбу белгилар ҳақиқатан ҳам беморда кузатилаётган бўлса, психиатр кўриги зарур бўлади. Агар Сиз психиатр кўригини кечиктирсангиз, бемор Сиз даволаётган жойда ўз жонига қасд қилиши мумкин. Нима учун? Чунки бундай беморлар ўз жонига қасд қилиш учун бехавотир жой излаб юришади. Бундай тинч жой шифохонадир. Шунинг учун ҳам бемор ётган хонанинг эшиги доимо очиқ бўлиши, ёнида бошқа беморлар бўлиши ёки яқинлари ўтириши керак.       

Депрессия билан касалланган беморнинг ҳулқ–атвори. Айтиб ўтиш жоизки, депрессия кучли, мақсадга интилувчан, бироқ ҳиссиётга берилувчан одамларда кўп кузатилади. Уларнинг депрессияга тушишдан олдинги ҳаёти ўрганилганда қуйидаги хусусиятлар аниқланган.

  • Депрессияга учраган шахсларнинг ўзига хос дунёқараши бўлади, улар атрофдаги воқеаларни ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қиладиган ва ҳиссиётга берилувчан шахслардир. Улар кўпинча ҳаётдан қониқмай яшашади, эришган ютуқлари уларни қониқтирмайди ва, кўпинча, ўз фаолиятига танқидий муносабатда бўлишади, улар ҳар доим ҳаётнинг олдида бўлишга ҳаракат қилишади. Шу билан бирга улар бошқаларнинг хатоларини топишни ва маслаҳат бериб юришни хуш кўришади. Одатда, улар кучли одамлардир. Агар унинг хатосини кўрсатса, бундан қаттиқ азият чекади ва шу одамни ёқтирмай қолади.
  • Оилада ҳам, уйда ҳам аниқ бир режа асосида ҳаёт кечиришга интилишади, ўта талабчан бўлишади, бола-чақасидан ҳам шундай яшашни талаб қилишади. Бу кўпинча оилавий мажораларга сабаб бўлади.
  • Улар оила ва ишдаги муваффақиятсизликлар ва мусибатли воқеаларни оғриқли қабул қилишади, ичкиликка ҳам тез ружу қўйишлари мумкин.
  • Ёлғизликни ёқтиришади, бирор бир ишни бошлашса ёки раҳбарлардан топшириқ олишса, уни мукаммал бажаришга интилишади. Бундай одамлар арзимаган баҳодан жуда хурсанд ва арзимаган койишдан қаттиқ ҳафа бўлиши мумкин. Шунинг учун уларнинг жаҳлини чиқариш ҳам, кайфиятини кўтариш ҳам осон.

Даволаш. Бу касалликни эрта аниқлаш ва даволаш муолажаларини эрта бошлаш беморнинг депрессиядан тезда чиқиб кетишига ёрдам беради. Депрессияни даволашда психотерапия ва психофармакотерапияга асосий урғу берилади.

Психотерапия. Ҳар қандай депрессияда психофармакотерапия психотерапия билан бошланиши ва психотерапия билан тугалланиши керак. Фармакотерапиядан олдин ўтказилган психотерапия даволаниш жараёнини енгиллаштирса, ундан кейин ўтказилган психотерапия эса депрессия қайталанишининг олдини олади. Бугунги кунда депрессияни даволаш жараёнида қўлланиладиган психотерапевтик усуллар жуда кўп бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Психоанализ (психодинамик терапия). Психодинамик назарияга мувофиқ, депрессия негизида ички онгсиз зиддиятлар йиғиндиси ётади: шахс бир томондан бировларга қарам бўлишни ҳохламайди, иккинчи томондан бошқалар уни эътироф этиши, қўллаб-қувватлашини хохлайди. Албатта, бир-бирига зид ушбу ҳолатлар доимий қониқмаслик ҳиссини юзага келтиради, яъни бошқаларга нисбатан қаҳр-ғазаб ва ҳафагарчилик шахснинг ички дунёсини қамраб олади. Шу аснода шахснинг ўзи бошқаларнинг наздида меҳрибон, одамови ва ажойиб инсон сифатида тан олинишни хохлайди. Психоаналитиклар фикрича, манашу истакларнинг рўёбга чиқмаслиги депрессия шаклланишига туртки бўлади. Эътироф этилмаган ҳар бир хохиш ва истак йиллар мобайнида онг остида қўним топади ва улар йиғилган сайин ички зиддиятлар кучая боради. Бундай пайтларда депрессиянинг ўткир тарзда юзага келиши учун кучли стресснинг ўзи етарли. Сурункали тарзда шаклланадиган депрессия эса доимий руҳий-ҳиссий зўриқишлар таъсири остида ривожланади.

Психодинамик терапиянинг асосий мақсади депрессияга учраган беморда ички зиддиятларни тўла очиб ташлашга қаратилган. Бу терапия албатта индивидуал тарзда олиб борилади ва ҳар бир беморда ички зиддиятлар сабабини очишга қаратилган бўлади. Психодинамик терапия беморда катарсис, яъни руҳий покланишга эришилгунга қадар олиб борилади. Ижобий натижага бир неча кун ичида эришиш мумкин, баъзан эса бу жараён бир неча ойга чўзилади.

Когнитив психотерапия беморда оптимистик тарзда фикрлаш саънатини шакллантиришга қаратилган. Бу терапиянинг асосида ҳам беморнинг фикрлаш дунёсини ижобий томонга ўзгартириш ётади. Когнитив психотерапиянинг методлари кўп бўлиб, улар махсус адабиётларда батафсил ёритилган. Бемор билан олиб бориладиган психологик суҳбатлар депрессия тури ва оғир-енгиллигига қараб 10–20 сеансгача бўлиши мумкин.

            Даволаш жараёнида беморнинг яқинлари билан мулоқот олиб бориш керак. Чунки бу суҳбатлар бемор ҳақида тўла маълумотга эга бўлишга ёрдам беради. Шунингдек, врач ёки психолог беморнинг яқинларига унинг олдида ўзларини қандай тутиш лозимлигини тушунтиради. Бу жуда муҳим. Чунки баъзан беморнинг  яқинлари беморга қўшилиб уйда мотамсаро муҳит яратадики, бу фақат унинг аҳволини оғирлаштиради ва суицидал уринишларни кучайтиради холос. Беморга ҳадеб ёнбосавериш ҳам, унинг ҳулқ-атворини танқид қилавериш ҳам мумкин эмас. Беморга ундаги ёмон фикрлар депрессия белгиси, бу белгилар вақт келиб албатта ўтиб кетади, каби сўзлар билан унга таскин берилади. Суицидал фикрлар ва уринишлар аниқланган беморни ёлғиз қолдирмаслик керак. Оила аъзолари томондан назорат шундай бўлиши керакки, беморнинг ўзи буни билмасин. Чунки ҳадеб беморни қўриқлайвериш унинг жонига тегади. Беморнинг ишончини қозонган оила аъзолари билан кўчага чиқиб айланиб келиш ва сайр пайтида асосан беморни сўзлатиш, унинг ҳис-туйғуларига ҳамдард бўлиш ўта муҳим. Бемор доимо врач ёки психолог билан ҳар қандай вазиятда ҳам боғлана оладиган бўлиши лозим, чунки зудлик билан уларнинг ёрдами керак бўлиб қолиши мумкин.

Фармакотерапия. Фармакологик воситалар депрессиянинг барча турида тавсия этилиши мумкин. Бу мақсадда антидепрессантлар кенг қўлланилади. Антидепрессантлардан флуоксетин (прозак, профлузак), сертралин (золофт), циталопрам (ципрамил), пароксетин (паксил), флувоксамин (феварин), тианептин (коаксил), миансерин (леривон), моклобемид (аурорикс), милнаципран (иксел), миртазапин (ремерон) каби дорилар кўп қўлланилади.

Антидепрессантлар билан даволашнинг қонун-қоидалари

  • Депрессия тури, даражаси, клиник манзараси ва беморнинг соматик аҳволидан келиб чиққан ҳолда аниқ бир антидепрессант танлаб олинади. Унинг кундалик дозаси белгиланади ва даволаш схемаси тузилади.
  • Антидепрессантлар аввал кам дозада берилади ва ҳар 3-5 кунда унинг дозаси ошириб борилади. Депрессия аломатлари сезиларли даражада камайгач, дорининг дозаси оширишдан тўхтатилади. Антидепрессантлар ўрта даражали депрессияларда 4-6 мобайнида, баъзан ундан ҳам кўп муддат ичилади. Бу қоида депрессиянинг яна қайталамаслиги учун қабул қилинган.
  • Антидепрессантлар билан даволаб бошлагандан 1-2 ҳафта ўтгандан кейингина беморнинг аҳволи яхшиланиб боришини тушунтириш ўта муҳим. Акс ҳолда “бу дорилар менга ёрдам бермаяпти” деб бемор уларни ичишдан воз кечиши мумкин. Дориларни врачдан бемаслаҳат тўхтатиб қўйиш мумкин эмаслиги тушунтирилади.
  • Антидепрессантларни бир неча ой ичиш зарурлиги ва депрессия белгилари бутунлай йўқолгандан кейин врачнинг ўзи даволашни тўхтатиш вақтини белгилаши айтилади.

Дорилар билан даволаш жараёнида режали тарзда психотерапия муолажаларининг ўтказилиши беморнинг депрессиядан чиқишини осонлаштиради. Психотерапевтик муолажалар пайтида бемор билан мулоқотлар олиб борилади, антидепрессантларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ечилади (чунки аксарият беморлар 1 ойдан кейин дори ичишни тўхтатиб қўйишади), беморда яхши натижаларга ишонч ҳосил қилинади.

Бугунги кунда депрессияни бартараф этиш учун ишлаб чиқилган антидепрессантлар сони кўп. Бироқ, уларни тўғри танлай олиш керак. Дориларни  эрта тўхтатиб қўйиш ёки асоссиз тарзда кам миқдорда бериш кутилган ижобий натижани бермайди. Афсуски врачлар орасида антидепрессантларни жуда кам дозада бериш ва уни бор-йўғи 10-15 кунга тавсия этиш ханузгача учраб турибди. Аксарият антидепрессантлар натижаси 10 кундан сўнг сезилиб бошлайди, бу дорилар камида 2-3 ой мобайнида қабул қилиниши керак. Бемор депрессия белгилари тугагунча доимо врач назоратида бўлиши зарур. Дориларни тўсатдан тўхтатиш ҳам депрессиянинг яна қўзғашига сабабчи бўлади.

Қўшимча равишда физиотерапия, фитотерапия, нина билан даволаш ва даволаш бадантарбияларини қўллаш беморнинг тузалишини тезлаштиради. Ўзбекистонда депрессияни даволашда кўп қўланиладиган антидепрессантлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.

 

1-жадвал. Тиббий амалиётда кенга қўлланиладиган антидепрессантлар

Трициклик антидепрессантлар

Серотонинни қайта қамалга олувчи селектив ингибиторлар

 

Амитриптилин

Мелпирамин (имипрамин)

Кломипрамин

Азафен

Доксепин

Тианептин

 

Флуоксетин

Сертралин

Пароксетин

Цитапролам

Венлафаксин

Флувоксамин

 

2-жадвал.Тиббий амалиётда кен қўлланиладиган баъзи антидепрессантларга оид маълумотлар

 

Номи

Синоними

Ишлаб чиқарилиш шакли ва дозаси

 

Бир кунлик доза, мг

Антидепрессантлар-стимуляторлар

Минимал

максимал

Мелипрамин

Имипрамин

Амп.1,25 % - 2 мл;

25 мг (табл)

12,5

50

Анафранил

Кломипрамин

Амп.1,25 %-2 мл;

25 мг (табл)

12,5

75

Прозак

Флуоксетин

20 мг (табл ва капс).

10

40

Пароксетин 

Рексетин

20 мг ва 30 мг (табл ва капс)

5

40

Иксел 

 

25 мг ва 50 мг (табл)

25

200

Велаксин

Венлаксор

37,5; 75 ва 150 мг (табл. ва капс)

37,5

375

Сертралин

Золофт

50 мг (табл ва капс)

 

50 мг

200 мг

Седатив таъсирга эга антидепрессантлар

 

 

Амитриптилин

Триптизол

Амп. 1 %-2 мл;

10 мг ва 25 мг (табл ва капс)

10 мг

75 мг

Азафен

Пипофезин

25 мг (табл ва капс)

25 мг

150 мг

Коаксил

 

12,5 мг (табл ва капс)

12,5 мг

75 мг

Лудиомил

Мапротилин

Амп. 1,25 %-2 мл;

12,5 мг ва 25 мг (табл)

12,5 мг

150 мг

Флувоксамин

Феварин

50 мг ва 10 мг (табл)

25 мг

300 мг

Миансерин

 

 

 

 

Тразодон

Триттико

 25, 50, 100 мг (капс)

Амп. 1% - 5 мл (50 мг)

25-50 мг

300-500 мг

Доксепин

 

 

 

 

  

3-жадвал. Тиббий амалиётда кенг қўлланиладиган бензодиазепинлар (транквилизаторлар)

Дорининг номи

Дастлабки дозаси

 

Терапевтик дозаси

Диазепам

5-10 мг

10-20 мг

Лоразепам

1-2 мг

2-4 мг

Феназепам

0,5-1 мг

1-2 мг

Медазепам

10-15 мг

20-30 мг

Алпразолам

0,25-0,5 мг

1-2 мг

Нитразепам

2,5-5 мг

5-10 мг

Тофизепам

50-100 мг

100-150 мг

 Сертралин (золофт) депрессия ва обсессив-компулсив бузилишларни даволашда кенг қўлланилади. Сертралин организмга холинолитик, кардиотокcик ва седатив таъсир кўрсатмайди ва барча ёшдаги беморларга тавсия қилиниши мумкин, шу жумладан ўсмирларга ҳам.  Дори яққол ифодаланган тимоаналептик ва енгил ифодаланган стимулловчи таъсирга эга. Дорининг таъсири бир ҳафталардан сўнг сезилади, бироқ аниқ ифодаланган таъсири 3–4 ҳафталарда, баъзан 6–8 ҳафталарда билинади. Сертралин депрессиянинг барча турларида қўлланилади ва бошқа антидепрессантлар каби кам дозаларда (кунига 50–100 мг) тавсия этиб бошланади. Обсесcив-компулсив бузилишларда кунига 150–200 мг дан 2–4 ой мобайнида ичишга буюрилади. Сертралин 50 мг ли дозада (табл. ва капсула) ишлаб чиқарилади.

Сертралин алкогол, карбамазепин ва галоперидол таъсирини кучайтирмайди. Юрак қон-томир касалликлари бу дорини тавсия этишга монелик қилмайди. Шунинг учун ҳам сертралин инфарктдан сўнг ривожланган хавотирли-депрессив бузилишларда кенг тавсия этилади. Сертралин седатив таъсирга эга эмас, жисмоний ва руҳий холсизлик ҳам кузатилмайди. Дорини узоқ муддат қабул қилиш, унга  боғланиб қолишни чақирмайди. Бемор автомобил бошқариши ҳам мумкин.

Флувоксамин (феварин) 50 мг, 100 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Депрессияда кенг қўлланилади, обсессив-компулсив бузилишларда ҳам самаралидир. Флувоксамин дастлаб 50 ёки 100 мг дан кунига 1 маҳал кечқурун ичишга тавсия этилади. Дорининг дозаси секин-аста оширилади ва бунда беморнинг дорига бўлган реакцияси эътиборга олинади. Аксарият ҳолларда 100 мг дан кунига 1 маҳал тавсия этишнинг ўзи кифоя. Заруратга қараб унинг кундалик дозасини 300 мг га етказиш мумкин. Февариннинг тавсия қилинадиган кундалик дозаси 150 мг дан ошса, уни 2 ёки 3 га бўлиб бериш керак. Масалан, эрталаб 50 мг, кечқурун 100 мг ёки 50 мг дан кунига 3 маҳал. Дори 4-6 ой мобайнида тавсия этилади.

Флувоксамин 8 ёшдан кейин тавсия этилади. Ўсмирлар учун дорининг дастлабки дозаси 25 мг, кейинчалик 50-150 мг га етказилади. Дорининг терапевтик дозаси врач томонидан индивидуал тарзда белгиланади. Флувоксаминнинг таъсири 1 ҳафтадан сўнг кўзга ташлана бошлайди ва 1 ой ичида ижобий натижага эришилади. Агар 1-2 ой ичида кўзланган ижобий натижага эришилмаса, дорининг дозаси секин-аста камайтириб, уни қабул қилиш тўхтатилади.

Флувоксамин ва шу гуруҳга кирувчи антидепрессантларни тавсия қилишга монелик қилувчи ҳолатлар.

  • МАО ингибиторларини қабул қилаётганда тавсия этилмайди.
  • 8 ёшгача бўлган болаларга тавсия этилмайди.
  • Эпилепсия ва тутқаноқ хуружлари (заруратга қараб тавсия этилади, агар тутқаноқ хуружлари кузатилса, дорини қабул қилиш тўхтатилади).
  • Жигар ва буйрак етишмовчилиги (заруратга қараб тавсия этилади, агар жигар ферментлари фаоллиги ошса, дорини қабул қилиш тўхтатилади).
  • Ҳомиладор аёлларга эхтиёткорлик билан тавсия қилинади.
  • Спиртли ичимликлар ичиш ман этилади.
  • Яллиғланишга қарши ностероид дорилар ва аспирин қабул қилиб юрган ҳамда анамнезида қон кетишга мойиллиги бор беморларга эхтиёткорлик билан тавсия этилади.

Пароксетин (рексетин) 20 мг таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Пароксетин депрессиянинг барча турларида, шу жумладан хавотирли-депрессив ва обсессив-компулсив бузилишлар, фобик синдромларда тавсия этилади. Дорининг дастлабки кундалик дозаси 20 мг бўлиб, унинг дозаси ҳар ҳафтада 10 мг га ошириб борилади. Тавсия қилиш мумкин бўлган энг юқори доза кунига 60 мг. Масалан, дорининг кундалик дозасини 40 мг га етказиш учун 4 ҳафта зарур бўлади.

Депрессия белгилари йўқолгандан кейин ҳам пароксетинни кунига 20 мг дан 4-6 ой мобайнида қабул қилиш тавсия этилади. Дори қабул қилишни тўсатдан тўхтатиб қўйиш мумкин эмас, бунинг учун унинг дозасини аста-секин камайтириб бориш лозим. Пароксетин кунига 1 маҳал одатда эрталаб овқат пайтида қабул қилинади ва чайнамай ютилади. Ожиз беморлар ва қариялар учун дорининг дастлабки дозаси кунига 10 мг бўлиши керак.

Флуоксетин (прозак, портал, флувал, продел) 20 мг таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Бу дори депрессиянинг барча турларида тавсия этилади, шу жумладан обсессив-компулсив бузилишлар, булимия, фобияларда самарали антидепрессантдир. Седатив таъсирга эга эмас. Ўртача терапевтик дозада юрак қон-томир системаси фаолиятига ножўя таъсир кўрсатмайди. Дастлаб 20 мг дан куннинг биринчи ярмида бир маҳал ичишга тавсия этилади. Орадан 1-2 ҳафта ўтгач дозаси ошириб борилади. Бир ойлардан кейин бу дорини 20 мг дан кунига 2-3 маҳал ичишга тавсия этиш мумкин. Флуоксетиннинг энг юқори кундалик дозаси 80 мг.

Депрессия профилактикаси. Депрессия ривожланишини олдиндан билиш қийин. Врач фақат энди ривожланаётган депрессия аломатларини ўз вақтида илғаб олишга ҳаракат қилиши мумкин. Депрессиянинг такрорланиши, вақти-вақти билан клиник белгиларининг кучайиб туриши ва сурункали кечиши бу касаллик билан оғриган беморларни доимий назоратга олишни тақозо этади. Умумий амалиёт врачлари депрессия касаллиги белгиларидан воқиф бўлишлари ва ташхисни тўғри аниқлай олишлари керак. Депрессиянинг енгил турлари, айниқса соматик бузилишлар билан намоён бўлган турлари билан мурожаат қилган беморларни УАВ мустақил равишда даволаши лозим. Даволаш жараёнида қийинчиликлар юзага келса ёки суицидал фикрлар пайдо бўлса, психиатр ёки тиббий психолог ёрдами керак бўлади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив