Янгиликлар » Энциклопедия » ДИСТИМИЯ – БУ КАЙФИЯТ БУЗИЛИШИМИ?

ДИСТИМИЯ – БУ КАЙФИЯТ БУЗИЛИШИМИ?


Ҳа, кайфиятнинг турғун бузилишига дистимия деб айтилади. Грекчадан dis – бузилиш, timos – кайфият дегани. Дистимия узоқ давом этса-да, депрессияга ўхшаб оғир кечмайди.

Дистимия, асосан ўсмирларда учрайди. Дистимия учун қуйидаги белгилар хос:

1) иштаҳа пасайиб кетиши ёки керагидан ортиқ овқат еб юбориш;

2) ўзига ишонч йўқлиги;

3) уйқусизлик ёки ҳадеб ухлайвериш;

4) умумий қувват ва ишчанликнинг сўниши;

5) фикрини бир жойга жамлай олмаслик;

6) озгина танбеҳ берса, кўзига ёш келиши;

7) ёш бўлса-да, сексуал ҳаётга қизиқмаслик ва ундан қониқиш олмаслик;

8) кундалик юмушларни охирига етказмай ташлаб қўйиш;

9) умидсизлик ва мақсадсиз яшаш;

10) ёқимсиз воқеаларни эслаб, хаёлга ботиб юриш;

11) одамларга қўшилмай ёлғизликни маъқул кўриш, жамиятдан қочиш;

12) камгаплик;

13) психологик ступорга тушиб туриш.

Эслаб қолинг! Дистимия – бу депрессия эмас. Агар синчковлик билан текширмаса, ташхис қўйишда адашиб қолиш мумкин. Агар депрессияда антидепрессантлар тавсия этиш зарурати туғилса, дистимияда психотерапия жуда зўр ёрдам беради ва антидепрессантлар ёзиш шарт эмас.

Кайфият бузилиши билан кечадиган яна бир ҳолат бор ва бу ҳолат циклотимиядир. Циклотимия – бу кайфиятнинг ўз-ўзидан тушиб ва кўтарилиб кетиши билан намоён бўладиган руҳий ҳолат. Кайфияти тушиб кетса, юқорида кўрсатилган белгилар пайдо бўлади, кўтарилиб кетса, эйфория ҳолатида юради, яъни қувноқ ва чаққон бўлиб қолади. Бундайларни циклотимик шахс деб аташади ва ёшлар орасида кўп учрайди.

 

КАЙФИЯТ НЕГА ЎЗ-ЎЗИДАН БИРДАН КЎТАРИЛАДИ-Ю, КЕЙИН ЯНА ТУШИБ КЕТАДИ?

Психиатрияда шундай бир ташхис бор. Унинг номи – маниакал-депрессив психоз. Бу ҳолатни биполяр аффектив бузилиш деб ҳам аташади. Бунда маниакал ва депрессив ҳолатлар галма-гал намоён бўлади. Мания – депрессияга тескари бўлган руҳий ҳолат. Бу пайтда беморнинг кайфияти юқори даражага кўтарилади ва у шўх-шодон бўлиб қолади, ҳазил-мутойибалар қилади, ҳатто қўшиқлар айтиб, рақсга тушади, жисмоний фаоллиги ҳам кучайиб кетади (бир ҳафтадан буён қилинмаган ишларни бир кунда бажариб ташлайди), либидо кучайиб, сексуал фаоллиги ошади, гапдон бўлиб қолади (бир неча кундан буён жим юрган одам энди оила аъзолари билан қизғин суҳбат қура бошлайди).

Унинг бу ҳолатидан кўнгли кўтарилган фарзандлари “Ойим депрессиядан тузалдилар” деб хурсанд бўлиб юришади. Бироқ бу хурсандчилик узоққа бормайди. Бир-икки ҳафтадан кейин бемор яна депрессияга тушади, яъни маниакал давр тугаб, депрессия даври бошланади. Биполяр аффектив бузилишлар, яъни маниакал-депрессив психоз эндоген депрессиялар тоифасига киради ва бир босқичдан иккинчи босқичга ташқи таъсирларсиз ўтиб туради. Бундай касалликни малакали психиатрлар ва тиббий психологлар даволашади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив