Янгиликлар » Энциклопедия » ГЕПАТОЛЕНТИКУЛЯР ДЕГЕНЕРАЦИЯ

ГЕПАТОЛЕНТИКУЛЯР ДЕГЕНЕРАЦИЯ


Гепатолентикуляр дегенерация (Вильсон касаллиги) – бош мия тузилмалари ва жигар тўқимасида миснинг ортиқча тўпланиши билан кечувчи зўрайиб борувчи наслий касаллик. Касаллик эрта болалик, ўсмирлик ва ўрта ёшларда учрайди, 50 ёшдан ошганларда эса кам кузатилади. У қанча эрта бошланса, шунча оғир кечади.

Эпидемиологияси. Турли давлатларда гепатолентикуляр дегенерация тарқалиши 30 000–60 000 аҳоли сонига 1 кишини ташкил этади.

Этиологияси ва патогенези. Вильсон касаллиги организмда мис метаболизми бузилиши сабабли ривожланади. Аутосом-рецессив типда наслдан-наслга узатилади. Генетик текширувлар 13-хромосомада (13q14-q21) дефект борлигини кўрсатган. Ушбу генетик дефект сабабли ҳужайраларда мис метаболизми бузилади. Маълумки, организмга овқат билан бир кунда 2-5 мг мис тушади. У ичакдан сўрилиб, жигарга ўтади ва церулоплазмин билан боғланади. Ҳосил бўлган бирикма қонда айланиб юриб, ички аъзоларга ўтади. Соғлом одамда ўт билан кунига 2 мг мис ажралиб чиқади ва қайта ичакка тушади. Вильсон касаллигида эса организмдан кунига 0,2-0,4 мг мис ажралиб чиқади холос. Қолгани эса турли тўқималарда, айниқса жигар, мия, буйрак ва кўзнинг шох пардасида тўпланади. Демак, ташқарига чиқарилиши керак бўлган миснинг бор-йўғи 10-20 % ажралиб чиқади холос. Жигарда тўпланган мис церулоплазмин синтезини сусайтиради.

Тўқималарда ортиқча тўпланган мис организмга заҳарли таъсир кўрсатади. У ферментлар фаолиятини ва, шунингдек, липидлар, аминокислоталар, углеводлар, минерал моддалар ва витаминлар алмашинувини издан чиқаради.

Патоморфологияси. Миснинг жигарда катта миқдорда тўпланиши гепатоцитларнинг ёғли дистрофияси, перипортал фиброз ва гепатоцитлар некрозига, яъни жигар циррозига олиб келади. Экстрапирамидал ядролар, айниқса, лентикуляр ядро атрофияга учрайди. Шунингдек, бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи ва бошқа нерв тўқималарида ҳам дегенератив жараёнлар бошланади.

Клиникаси. Асосий клиник симптомлар – булар мушакларнинг зўрайиб борувчи ригидлиги, тремор, гиперкинезлар ва интеллект сусайиши. Гепатолентикуляр дегенерация ташхисини тўғри қўйишга асос бўладиган симптом – бу кўз шох пардасининг қирраси бўйлаб жойлашган Кайзер-Флейшер ҳалқаси ҳамдир. Бу ҳалқа кўкимтир-жигарранг тусда бўлиб, деярли 90 % беморда учрай­ди. Демак, бу ҳалқанинг бўлмаслиги Вильсон касаллигини инкор қила олмайди.

Неврологик бузилишлар билан биргаликда сурункали гепатит ва жигар циррози, портал гипертензия, спленомегалия, геморрагик васкулит, остеопороз, эндокрин бузилишлар, нефропатия, аллергик реакциялар ҳам вужудга келади. Шунингдек, бундай беморларда доимий анемия, тромбоцитопения, лейкопения ҳам кузатилади. Бироқ ушбу синдромлар турли беморларда турлича намоён бўлади.

Гепатолентикуляр дегенерациянинг 5 та клиник тури фарқланади.

Қорин тури. Ушбу тури, асосан, 10-30 ёшларда бошланади ва касалликнинг клиник манзараси жигар зарарланиши белгилари билан намоён бўлади. Уларда сурункали гепатит ва жигар циррози аниқланади. Жигар касал­ликлари Ўзбекистонда кўп учраши қонда церулоплазмин ва мис миқдорини ҳам текшириб туришни тақозо қилади.

Ригид-аритмо-гиперкинетик тури (эрта тури). Бошланиш даври 7-15 ёш. Касалликнинг ушбу тури учун мушаклар ригидлиги, брадикинезия, гипомимия, аритмик гиперкинезлар ва торсион дистония хос. Беморнинг юриши секинлашади, оёғини сакратиб ташлаб юради, қўл бармоқларида атетоид гиперкинезлар пайдо бўлади. Унинг овози ҳам сўнади, гапириб бўлгандан кейин оғзи бироз очиқ қолади. Интеллект пасайиб, баъзан оғир деменция даражасигача етади. Руҳий бузилишлар ва эпилептиформ хуружлар ҳам кузатилади. Касаллик оғир кечади.

Титроқли-ригид тури. Бошланиш даври 15-25 ёш. Асосий клиник белгилари титроқ (тремор) ва мушаклар ригидлиги бўлиб, улар жисмоний ҳаракатлар пайтида кучаяди. Шунингдек, атетоид ва хореик гиперкинезлар, нутқ ва ютиш бузилишлари пайдо бўлади.

Титроқли тури. Касаллик 20-30 ёшларда қўл панжаларида титроқлар (тремор) билан бошланади, кейинчалик пластик тарзда мушаклар тонуси оша бошлайди. Мияча симптомлари, яъни интенсион тремор, нистагм, атаксия каби симптомлар вужудга келади. Шунингдек, турли даврларда зўраки ку­лиш ва йиғлаш, синкопал ҳолатлар, интеллект пасайиши, руҳий-ҳиссий бу­зилишлар, эпилептиформ хуружлар ҳам кузатилади. Титроқли тури касалликнинг бошқа турларига қараганда енгилроқ кечади ва узоқ давом этувчи ремиссиялар кузатилади. Бир неча йиллардан сўнг тремор камайиб, мушаклар ригидлиги оша боради. Касаллик 10-20 йил давом этади.

Экстрапирамидал-пўстлоқ тури бирмунча кам учрайди. Экстрапирамидал бузилишларга пирамидал симптомлар, эпилептиформ хуружлар, кучли ифодаланган интеллектуал бузилишлар қўшилади.

Ташхис қўйиш алгоритми

  • Аутосом-рецессив типда наслдан-наслга узатилиши.
  • Асосан болалик ва ўсмирлик ёшида бошланиши.
  • Тремор, мушаклар ригидлиги ва дистонияси, гиперкинезлар ва деменция деярли ҳар доим кузатилиши.
  • Кўзнинг шох пардасида Кайзер-Флейшер ҳалқаси аниқланиши.
  • Қонда церулоплазмин миқдорининг 1,3 ммоль/л дан паст бўлиши.
  • Сийдикда кўп миқдорда (1,25 ммоль/л дан кўп) мис ажралиб чиқиши.
  • МРТ да экстрапирамидал ядролар, бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи ва мияча атрофияси аниқланиши.
  • ДНК тестида 13-хромосоманинг 13q14-q21 локусида дефект аниқланиши.
  • Жигар биоптати   спектрофотометриясида мис аниқланиши.
  • Сурункали гепатит ва цирроз аниқланиши.
  • Тўхтовсиз ривожланиб бориши (баъзида енгил ремиссиялар).

Даволаш. Даволашдан асосий мақсад – организмдан ортиқча мисни чиқариб ташлаш. Бу мақсадда Британия антилюизити, D-пеницилламин, унитиол ва цинк сульфати каби дорилар қўлланилади.

Британия антилюизити (2,3-димеркаптопропанол) – 1 кг тана вазнига 2 мг дан м/и га кунига 2 маҳал 10-20 кун мобайнида қилинади. Орада 20 кун танаффус қилиб, заруратга қараб яна давом эттирилади. Бу дорини узоқ вақт мобайнида қабул қилиш умумий интоксикацияни юзага келтиради. Унитиол 5% – 5-10 мл ҳар куни ёки кунора м/и га 30 кун мобайнида қилинади. Қайта даво­лаш 2-3 ойдан сўнг ўтказилади.

D-пеницилламин (купренил) – миснинг сийдик орқали чиқарилишини кучайтирувчи дори. D-пеницилламин кунига 1-3 гр дан овқатдан ярим соат олдин ичишга буюрилади. Бу дори организмдан миснинг сийдик орқали ажралиб чиқишини 3-5 баробарга жадаллаштиради. D-пеницилламин асоратлари – хавфли агранулоцитоз, тромбо- ва лейкопения, миастеник синдром, нефротик синдром. Цинк сульфати миснинг ичакдан сўрилишини сустлаштирувчи дори Бу дори 200 мг дан кунига 3 маҳал ичишга буюрилади.

Шунингдек, В1 ва В6 витаминлари катта дозада тавсия этилади. Чунки организмда миснинг ошиб кетиши ушбу витаминлар метаболизмига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, антиоксидант таъсирга эга доривор воситалар ҳам буюрилади. Даволаш муолажаларини ўтказиш даврида сийдикдан ажралиб чиқаётган ва жигар биоптатидаги мис миқдори текшириб турилади. Мисни организмдан чиқарувчи дорилар билан даволашда бузилган неврологик функциялар бирмунча қайта тикланади ва жигар дегенерацияси сустлашади.

Жигар трансплантацияси. Агар дорилар билан даволаш кўзланган натижа­ни бермаса ва цирроз ривожлана бошласа, беморга жигар кўчириб ўтказилади.

Парҳез. Беморга жигар касаллигида тавсия этиладиган парҳез буюрила­ди. Қўй, товуқ ва ўрдак гўштлари, балиқ, колбаса, денгиз қисқичбақаси, ре­диска, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, олхўри, шоколад, какао, мурч каби таркибида мисни кўп сақловчи озиқ моддаларни истеъмол қилиш чекланади.

Прогноз. Касаллик зўрайиб бориб, оғир ногиронлик билан тугалланади. Дорилар билан даволаш касалликнинг дастлабки босқичида самарали, холос. Ўлим, кўпинча, жигар циррози оқибатида (қон кетишлар ва шу каби бошқа асоратлар) рўй беради.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив