Янгиликлар » Энциклопедия » ГИПЕРВЕНТИЛЯЦИОН СИНДРОМ

ГИПЕРВЕНТИЛЯЦИОН СИНДРОМ


Гипервентиляцион синдром (ГВС) – асосан, нафас олиш ритмининг бузилиши билан намоён бўлувчи психовегетатив бузилишлар мажмуаси.

Этиологияси ва патогенези. ХХ аср сўнггида гипервентиляцион синдром психовегетатив синдромнинг ядросини ташкил қилади, дейилган. ГВС ни юзага келтирувчи асосий этиологик омиллар – булар ўткир ва сурункали стресс ҳолатлари, доимий хавотир ва депрессиядир. Айнан кучли психоэмоционал зўриқишлар нафас олиш ритмини дарров издан чиқаради ва гипервентиляцион синдром ривожланишига туртки бўлади. Чунки нафас олиш системаси, худди юрак-қон томир системаси каби ҳиссий қўзғалишларга ўта сезгир. Шу боис ҳам ГВС, асосан, психоген омиллар таъсирида ривожланади. ГВС жуда кам ҳолларда соматик ва эндокрин касалликлар, метаболик бузилишлар ва интоксикациялар сабабли ривожланади.

Клиникаси. Нафас олиш ритмининг бузилиши, қўрқув ва хавотир, бош айланиши, синкопал ҳолатлар ва тетаник спазмлар ГВС нинг асосий клиник симптомларидир. Нафас олиш бузилишлари нафас олишдан қониқмаслик, ҳаво (кислород) етишмаслиги, кўп эснаш, чуқур хўрсиниш каби белгилар билан намоён бўлади. Бемор ўпкасини ҳавога тўлдириш учун чуқур-чуқур нафас олиб қўяди ва бу одатий ҳолга айланади. Шунинг учун ҳам бу синдромнинг номида “гипервентиляция” сўзи акс этган. Бемор деярли ҳар доим ҳаво (кислород) етишмаётганидан шикоят қилади, ёқаси очиқ кийимлар кийиб юради, деразаларни очаверади. Агар бемор одамлар гавжум автобуслар, метро ва катта йиғилишлар ўтказиладиган залларга тушиб қолса, унинг нафас олиши янада қийинлашади, иложи борича тоза ҳавога чиқишга ҳаракат қилади. Шунингдек, психоэмоционал стресс (имтиҳон ёки одамлар олдида сўзга чиқиш) пайтида нафас бузилишлари кучаяди. Нафас етишмовчилигининг сурункали кўринишларида баъзан адашиб бронхиал астма ташхиси ҳам қўйилади.

Аксарият беморларда бош айланиши (баъзида, бош оғриғи), кўп терлаш, юз ва оёқ-қўлларда парестезиялар, уйқу бузилиши, ҳушдан кетишлар, қўрқув ва хавотир каби симптомлар кузатилади. Шу ерда синкопал бузилишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Улар енгил тарзда намоён бўлади: беморнинг кўз олди қоронғилашади, ҳолдан тойиб ўтириб қолади, боши айланиб бироз ҳушдан кетади. Бу пайтда умумий ички титроқ вужудга келади ва беморни тер босади. Яққол ифодаланган синкопал ҳолатлар, одатда, қаттиқ стресс (уруш-жанжаллар) пайтида рўй беради. Баъзида врачлар бу ҳолатни истерияга йўйишади. Бироқ у навбатдаги гипервентиляцион пароксизм бўлиши мумкин. ГВС нафас олиш ритмининг бузилишидан ташқари яна бир қатор клиник симптомлар билан намоён бўлади.

Вегетатив марказлар дисфункцияси сабабли юрак-қон томир фаолияти ҳам бузилади. Юракнинг тез-тез уриши, “юракнинг бўғизга тиқилиб келиши”, юрак соҳасининг увишиши, оғриқлар, кўкрак қафасининг сиқиши кўп кузатилади. АҚБ ўзгаришлари беморнинг қайси вегетатив типга киришига боғлиқ. Агар у ваготоник бўлса, АҚБ гипервентиляцион хуружлар пайтида тушиб кетади, симпатикотоник бўлса – АҚБ ошади.

ГВС клиникасида нерв-мушак қўзғалувчанлиги ошиши алоҳида ўрин тутади. Бунинг натижасида мускуллар спазми, яъни тетаниялар (юн. tetanos – мускулларнинг тоник титраши ва спазми) пайдо бўлади. Титроқ билан намоён бўлувчи тоник спазмлар, кўпинча, қўлларнинг дистал қисмида кузатилади. Тоник спазмлар ва титрашлар  пайтида беморнинг қўл панжалари тортишиб «акушер қўли» симптоми пайдо бўлади, оёқ панжалари ҳам тортишиб ичкарига ва пастга букилиб қолади. Тоник спазмлар ва титрашлар юз мускулларида ҳам кузатилади.  Хвостек ва Труссо симптомлари аниқланади. Мускулларнинг тоник спазми ва титрашлари гипервентиляцион пароксизмлар пайтида вужудга келади ёки кучаяди. Улар тинч пайтда кузатилмаслиги ҳам мумкин.

Гипервентиляцион синдромда ошқозон-ичак системасида ҳам турли хил функционал бузилишлар аниқланади: кекириш, дисфагия, оғиз қуриши, қорин соҳасида нохуш сезгилар ва оғриқлар, қабзият ва ҳ.к. Бемор ичаклар ғўриллашини сезиб туради, қорни, кўпинча дам бўлиб юради, иштаҳаси бузилади. Ҳаётий муҳим аъзолар дисфункцияси ва минераллар алмашинувининг бузилиши, яъни нормал физиологик жараёнларнинг издан чиқиши  беморнинг умумий аҳволига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Умумий ҳолсизлик, тез чарчаб қолиш, жисмоний ва ҳиссий зўриқишларни талаб қиладиган ишларга беморнинг лаёқати сўнади.

ГВС да гипервентиляцион кризлар ёки пароксизмлар кўп учрайди. Гипервентиляцион кризларнинг пайдо бўлишига психоэмоционал стресс ва жисмоний зўриқишлар туртки бўлади. Бу пайтда беморнинг нафас олиши тўсатдан бузилади, ҳаво етишмай бўғилиб қолади, чуқур-чуқур нафас ола бошлайди. Уни қўрқув ва ваҳима босади, титрай бошлайди, юзида ва оёқ-қўллар мускулларида тетаниялар пайдо бўлади, боши айланади, совуқ терга ботиб синкопье ривожланади. Беморнинг қўл панжаларига разм солинса, унда “акушер қўли”ни кузатиш мумкин. Локал тетаник спазмлар умумий титрашлар фонида намоён бўлади.

Гипервентиляцион кризни бартараф этиш учун беморга целофан қопча берилади. Бемор қопчани иккала қўли билан герметик тарзда ушлаб унинг ичига нафас олиб-чиқара бошлайди. Бунинг натижасида целофан ичидаги ҳавода СО2 миқдори ошади. Бу ҳаводан нафас олингач ўпкада ҳам СО2 миқдори кўпаяди ва нафас алкалози барҳам топади. Натижада криз белгилари ўтиб кетади. Гипервентиляцион криз пайтида тўғри ва равон нафас олиш машқлари ҳам унинг тез ўтиб кетишига ёрдам беради.

Ташхис қўйиш. Ташхис, асосан клиник симптомларга асосланиб қўйилади. Бу ерда беморнинг шикоятлари асосий ўрин тутади. ГВС нинг асосий клиник симптомлари 2.8-жадвалда акс эттирилган. Ташхис қўйишда ушбу жадвалдан фойдаланиш мумкин.

2.8–жадвал

Гипервентиляцион синдромнинг диагностик белгилари

Респиратор бузилишлар

Тўлиқ ва равон нафас ола олмаслик, кислород етишмаслиги, ҳаво олишдан қониқмаслик, қуруқ йўтал, кўп эснаш, чуқур хўрсиниш

Нейровегетатив ва психоэмоционал бузилишлар

Бош айланиши, баъзида бош оғриши, синкопал ҳолатлар, қулоқ шанғиллаши ва битиб қолиши, кўп терлаш, қизиб ёки совиб кетиш, парестезиялар, қўрқув ва хавотир, дистимия, уйқу бузилиши

Тетаник синдром

Юз, қўл ва оёқлар мускулларида тоник спазмлар ва титрашлар, миалгиялар

Кардиоваскуляр бузилишлар

Тахикардия, экстрасистолия, кардиалгия, АҚБ тушиб кетиши ёки кўтарилиши, кардиосенестопатия

Гастроэнтерологик

Бузилишлар

Дисфагия, оғиз қуриши, кекириш, аэрофагия, эпигастрал соҳада ёқимсиз сезгилар, абдоминалгия, метеоризм, қабзият

Умумий белгилар

Умумий ҳолсизлик, тез чарчаш, ички титроқлар, жисмоний меҳнатга лаёқатнинг сустлашиб кетиши

 

Нерв-мушак қўзғалувчанлиги ошганлигини кузатиш учун Хвостек ва Труссо симптомлари текширилади. Хвостек симптоми – юз нерви ўтадиган соҳаларга болғача билан уриб текширилади ва бунда юз мускуллари қисқариши пайдо бўлади. Бу симптом нормада кузатилмайди. У фақат нерв-мушак қўзғалувчанлиги ошганлигини кўрсатувчи патологик ҳолатларда пайдо бўлади. Масалан, гипокалциемия, гипомагниемия ва алкалозларда Хвостек симптоми чақирилади. Труссо симптоми эса қуйидагича текширилади: АҚБ ни ўлчашга мўлжалланган манжет қўлга (елкага)  тақилади ва унга ҳаво юборилади. Елка мускуллари ва томирлари сиқилгандан сўнг қўл панжасида тоник спазмлар ва титрашлар пайдо бўлади. Труссо симптоми нормада кузатилмайди.  

Яширин тетанияларни аниқлашда электромиография  текширувидан фойдаланилади. ГВС да нерв-мушак ўтказувчанлиги ошишининг асосий сабаби – минерал алмашинувнинг бузилиши, яъни гипокапник алкалоз сабабли калций, магний, калий ва хлоридлар миқдорининг камайиб кетишидир. Гипервентиляция билан нерв-мушак қўзғалувчанлигининг ошиши орасида бевосита боғлиқлик бор: гипервентиляция кучайган сайин нерв-мушак қўзғалувчанлиги ҳам ошиб боради.

Беморда ГВС борлигига ишонч ҳосил қилиш учун бу синдромни сунъий тарзда чақириш мумкин. Бунинг учун бемордан 3-5 дақиқа мобайнида чуқур-чуқур нафас олиб-чиқариш сўралади. Бу пайтда ГВС белгилари пайдо бўлади. Бунга гипервентиляцион синама деб айтилади.  Алвеоляр ҳавода СО2 миқдори ва қонда pH кўрсаткичини ўрганиш ҳам катта диагностик аҳамиятга эга. Бунда алкалоз белгилари аниқланади. Қонда калций, магний, калий, натрий, хлор, РСО2, РО2 миқдори текширилади. Заруратга қараб бошқа лаборатор ва параклиник текширувлар ўтказилиши мумкин. Қиёсий ташхис, асосан, бронхиал ва юрак астмалари билан ўтказилади.

Даволаш. Давоси комплекс тарзда олиб борилади. Бунда асосий урғу беморга психотерапевтик таъсир кўрсатиш, тўғри нафас олиш кўникмасини шакллантириш ва минераллар бузилишни бартараф этишга қаратилади.

Психотерапевтик даволаш усуллари ва соғлом турмуш тарзи. Беморнинг ҳаёт тарзи ва иш шароитлари ўрганилади. ГВС ривожланишига туртки бўлувчи асосий стресс омили психодиагностик усуллар ва тестлар ёрдамида аниқлаб олинади. Касаллик сабаби аниқлангач, психодинамик терапия ёрдамида бу бузилишлар коррекция қилинади. Психодинамик терапияни психоанализ усулларини чуқур биладиган мутахассис ўтказади. Бу ерда хатога йўл қўйиш турли ятропатияларни юзага келтириши мумкин. Бемор соғлом турмуш тарзига ўргатилади, чекиш ва спиртли ичимликлар ичиш ман этилади. Баъзида ГВС ни юзага келтирган асосий сабаб бартараф қилинса, касаллик дарров орқага чекинади. Масалан, ўзига ёқмайдиган ишхонадан бўшади, эри ичкиликни ташлади, бетоб ётган боласи тузалиб кетди ва ҳ.к. Эрталаб ва кечқурун тоза ҳавода сайр қилиш, пиёда юриш каби енгил жисмоний машқларнинг фойдаси жуда катта. Аксарият ҳолларда бемор дори-дармонларсиз тузалиб кетади.

Фармакологик даволаш усуллари. Асосан, психотроп ва вегетотроп дорилар тавсия этилади. Бу дорилар қўрқув, хавотир ва депрессия аломатларини бартараф этади. Айниқса, анксиолитиклар ўта самаралидир. Амитриптилин, пароксетин, флувоксамин, велаксин каби дорилардан фойдаланиш мумкин. Амитриптилин кунига 50–75 мг дан тавсия этилади.  Амитриптилиннинг дастлабки кунлари намоён бўладиган седатив таъсири гипервентиляцияни бартараф этишда жуда самарали ҳисобланади. Агар дорининг ножўя таъсирлари (оғиз қуриши, тахикардия) беморга ёқмаса, флувоксамин кунига 50–100 мг, пароксетин 20–40 мг, сертралин 50–100 мг, велаксин 75 мг миқдорда тавсия этилади.  Антидепрессантлар билан даволаш, одатда, 2–4 ой мобайнида олиб борилади. Бемор тез тузалиб кетса, бу дориларни узоқ муддат беришга ҳожат йўқ.

Минераллар алмашинувини маромга келтириш ва нерв-мушак қўзғалувчанлигини пасайтириш мақсадида калций ва магний препаратларини ичиш тавсия этилади. Бу мақсадда эргокалциферол (витамин Д2) кунига 20000–40000 ХБ, калций глицерофосфат ва калций глюканат каби дорилар 1–2 ой мобайнида ичилади. Бемор таркибида калций ва магний тузларини сақловчи ҳар қандай поливитаминларни (Магне В6) қабул қилиши мумкин. Магне В6 таркибида лактат магний ва пиридоксин бор. Бу дори нафақат мускуллар, балки нерв марказлари қўзғалишини ҳам пасайтиради, мускулларда минераллар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Магне В6 2 табл. кунига 3 маҳал ичилади.

Прогноз. Деярли ҳар доим яхши.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив