Янгиликлар » Энциклопедия » ГИПЕРКИНЕЗЛАР

ГИПЕРКИНЕЗЛАР


Хохиш-иродага боғлиқ бўлмаган ҳолда рўй берадиган ихтиёрсиз ҳаракатларга гиперкинезлар деб айтилади. Гиперкинезлар қуйидаги касалликларда учрайди: Туретт синдроми, Хантингтон касаллиги, невротик тиклар, кичик хорея, психоген пароксизмал гиперкинезлар, миоклониялар, гепатолентикуляр дегенерация, зўраймайдиган наслий хорея, орамандибуляр дистония, цервикал дистония, пароксизмал дискинезиялар, артериовеноз малформациялар, краниоцеребрал жароҳатлар асорати, турли этиологияли пўстлоғости энцефалитлари, болалик даври инсултлари, торсион дистония, нейролептик синдром, нейрофиброматоз, Мачадо-Жозеф касаллиги, базал ганглиялар калцификацияси, тубероз склероз, нейроакантоцитоз, Галлерворден-Шпатц касаллиги, тиретоксикоз, гипопаратиреоз, бош мия ўсмалари, токсоплазмоз, обсессив-компулсив синдром, гиперактив синдром, Кройстфелд-Якоб касаллиги, болалар церебрал фалажлиги, нейрозахм, нейроОИТС. Шунингдек, гиперкинезлар орал контрацептивлар, литий препаратлари, нейролептиклар, дифенин, таркибида L-ДОФА сақловчи дориларни қабул қилганда, порфирия,  коллагенозлар, гипонатриемия, гипокалциемия ва турли заҳарланишларда (ис гази, симоб) ҳам ривожланади. УАВ амалиётида аҳамиятли бўлган гиперкинезларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.

   Тремор – бош ва тананинг турли қисмларида кузатиладиган ритмик титроқлар. Тремор, кўпинча, симметрик тарзда намоён бўлади ва иккала қўлда кўп учрайди. Бармоқларни ёзиб иккала қўлни олдинга чўзганда кузатиладиган титрашларга постурал тремор, мақсадга йўналтирилган ҳаракатларни бажараётганда кузатиладиган титрашларга кинетик тремор дейилади. Агар тремор аниқ бир ҳаракатларни бажараётганда (калитни эшик тешигига тиқаётганда, имзо чекаётганда, нина тешигидан ип ўтказаётганда) кучайса, бунга терминал тремор деб айтилади. Терминал тремор неврологияда кенг тарқалган яна бир ном билан, яъни интенсион тремор деб ҳам аталади. Интенсион треморни бармоқ-бурун синамасини текшириб аниқлаб олиш мумкин.

Тремор неврозда кўп учрайди ва уни эссенциал тремор билан фарқлай олиш керак. Чунки иккала ҳолатда ҳам ортиқча ҳаёжонланиш треморни кучайтиради ва иккала ҳолатда ҳам тремор, асосан қўлларда кузатилади. ЭТ да бемор тинчланган ҳолатда ҳам кичик амплитудали тремор кузатилиб туради, яъни тремор доимийлиги билан ажралиб туради. Неврозларда тремор доимий эмас, яъни бемор тинчланганда, унинг фикрини чалғитганда, психотерапия ўтказилса, физиотерапевтик муолажалар ва тинчлантирувчи дорилар қўллаганда тремор камаяди ёки йўқолади. Бу муолажалар самараси ЭТ да жуда паст. Шунингдек, неврозларда турли даражада ифодаланган ҳулқ-атвор бузилишлари ҳам кузатилади. Бундай бузилишлар эса ЭТ учун хос эмас. Генеологик ва хромосом анализ ўтказиш ташхисни тўла аниқлашга ёрдам беради.

Тиреотоксик тремор эссенциал треморга жуда ўхшаш. Бироқ қалқонсимон безнинг катталашуви, офталмопатия, кучли вегетоневроз белгилари, қонда Т3 ва Т4 миқдорининг ошиши тиреотоксик тремор учун жуда хос. Тремор токсик энцефалопатияда ҳам кўп кузатилади ва эссенциал тремордагидек дастлаб моносимптом сифатида узоқ сақланади. Бунга сурункали алкоголизм, мис, қўрғошин, симоб ва марганец каби металлар билан сурункали заҳарланишларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Хореик гиперкинезлар  – тартибсиз, юқори частотали, турли амплитудали ва бирдан кузатиладиган ихтиёрсиз ҳаракатлар. Улар бир хил стереотипга эга эмас ва ҳар доим бетартиб равишда тез пайдо бўлади. Хореик гиперкинезлар юз, қўл ва оёқларда кўп, танада эса кам кузатилади. Улар тинчланганда камаяди, ухлаганда йўқолади. Хореик гиперкинезлар, кўпинча блефароспазм, бурунни тортиш, лаб бурчагини қимирлатиб юбориш, мимик мушакларнинг бир томонда қисқариши (юз гемиспазми), бошнинг силкиниб кетиши каби белгилар билан намоён бўлади. Мимик мускулларда кузатиладиган хореик гиперкинезлар нутқ артикуляциясини ҳам бузади. Кейинчалик бемор елкасини кўтариб ташлайдиган, бошини орқага ёки ён томонларга силкитиб юборадиган бўлиб қолади. Баъзида гиперкинезлар фақат елкани кўтариб ташлаш билан намоён бўлади ёки биратўла қўл бармоқларидан бошланади. Қўл бармоқларидан бошланган хореик гиперкинезларни дарров илғаб олиш қийин. Чунки бундай ҳолатларда “Бола қўлини ўзи қимирлатиб юрибди” деб ўйлашади.

Тиклар – маълум бир мускулларда кузатилувчи такрорланиб турувчи ихтиёрсиз норитмик ҳаракатлар. Тиклар тез частотали бўлади, қисқа муддат давом этади ва шу тарзда такрорланиб тураверади. Қайси мускулларда жойлашганига қараб, тиклар турли-туман кўринишлар, яъни қош қоқиш, кўзни юмиб-очиш, бужмайтириш, бурунни тортиб қўйиш, лаб бурчакларини қимирлатиш, бошнинг силкиниб кетиши каби ихтиёрсиз ҳаракатлар билан намоён бўлади. Тиклар тананинг бошқа қисмларига тарқалса, елкани сиқиш, қўлларни қимирлатиш, нафас олиш ва қоринни ичкарига тортиш каби ихтиёрсиз ҳаракатлар ҳам пайдо бўлади.

Тил ва ҳалқум мускулларида кузатиладиган тиклар вокал ҳаракатлар билан намоён бўлади. Вокал тикларда бемор ўз-ўзидан овоз чиқариб бақириб юборади, унинг овози худди опера театрида куйлаётган қўшиқчилар овозига ўхшаб кетади. Баъзида бемор ўзи ҳоҳламаган ҳолда ёнида ўтаётган одамни сўкиб юборади, унинг қилиқларини такрорлайди. У одам эса “мени нега калака қилаяпсан” деб бемор билан уришиб кетиши мумкин. Бу ҳолат Туретт синдроми учун жуда хос. Тиклар такрорланиб турувчи йўталлар, овоз қиришлар, хуштак чалиб юборишлар билан ҳам намоён бўлади.

Тикларнинг бирламчи ва иккиламчи турлари фарқланади Бирламчи тиклар бошқа бир касалликларсиз алоҳида ривожланади ва уларнинг келиб чиқишида генетик омилларга алоҳида урғу берилади. Бирламчи тикларнинг яққол намоёндаси – бу Туретт синдроми. Аксарият бирламчи тикларнинг сабаби ханузгача аниқланмаган. Бирламчи тиклар ҳам, иккиламчи тиклар ҳам болалик ва ўсмирлик даврида кўп учрайди. Тиклар кўп ҳолларда гиперактив ва невротик синдромлар (ҳулқ-атвор бузилишлари) билан биргаликда намоён бўлади. Беморларда диққат тарқоқлиги ва эслаб қолиш қобилиятининг пасайиши ҳам кузатилади. Шу боис уларга таълим ва тарбия бериш анча мушкул. Иккиламчи тиклар бошқа бир касалликлар (айниқса, ЛОР аъзолари касалликлари), краниоцеребрал жароҳатлар, энцефалит, перинатал патология, ис гази билан заҳарланиш, цереброваскуляр касалликлар, гижжа, нейроинтоксикациялар ёки турли дориларнинг (антиконвулсантлар, нейролептиклар, леводофа дорилари, психостимуляторлар) ножўя таъсирлари сабабли ривожланади.

Дистония – тана (бўйин, бош, қўл ва оёқлар) шаклини ўзгартириб юбориш билан намоён бўлувчи норитмик гиперкинезлар. Дистоник гиперкинезлар хореатетоз, атетоз, гемибаллизм, бўйиннинг спастик қийшайиши, графоспазм ва миоклониялар типида намоён бўлади. Дистонияда кузатиладиган ҳар қандай гиперкинезлар мускуллар тонусининг қарама-қарши тарзда ўзгариши билан намоён бўлади, яъни баъзи мускулларда гипертонус, бошқа бирларида гипотонус аниқланади. Гиперкинезлар йўқ пайтлари мускуллар тонуси нормада бўлади. Баъзи беморларда гиперкинезлар устунлик қилса, бошқа бирларида мускуллар ригидлиги устунлик қилади.

Торсион дистониянинг гиперкинезлар билан кечувчи тури кўп учрайди. Бўйин мускуллари ригидлиги бўйинни орқага қайириб ташласа, спинал мускуллар ригидлиги бел гиперлордозини юзага келтиради. Қўл ва оёқлардаги дистоник спазмлар эса уларда букилувчи ҳолатни юзага келтиради. Айниқса, оёқнинг дистал мускуллари атонияси сабабли оёқ панжаси шакли ўзгариб қолади. Дистоник гиперкинезларда бемор тана вазиятини ўзгартирса ёки бирон-бир ҳаракат қилиб ўрнидан туришга уринса, ҳаёжонланса гиперкинезлар ва дистоник спазмлар кучаяди. Тинч ҳолатда гиперкинезлар камаяди, ухлаганда эса йўқолади. Баъзида бемор оёқ-қўллари билан мақсадга йўналтирилган ҳаракатлар қилса, гиперкинезлар камаяди.

Даволаш. Гиперкинезларни бартараф этиш авваломбор унинг этиологиясини аниқлашдан бошланади. Аксарият ҳолларда дорилар билан даволаш талаб қилинмайди ёки организмдаги инфекция ўчоқларини  бартараф этишнинг ўзи ҳам гиперкинезларни (масалан, тикларни) барҳам топтиради.

Тремор билан намоён бўлувчи гиперкинезларда асосан β-адреноблокаторлар қўлланилади:

  1. Пропранолол 10-20 мг дан кунига 2-3 маҳал ичишга буюрилади ва кундалик дозаси ҳар 3-5 кунда 20-40 мг га ошириб борилади.
  2. Атенолол 50 мг дан кунига 1-2 маҳал ичишга буюрилади ва кейинчалик унинг дозаси ошириб борилади. Бир неча кунлардан сўнг атенололнинг бир кунлик дозаси 200 мг га етказилиши мумкин.
  3. Метапролол (эгилок, беталок, метокард, корвитол) кунига 25-50 мг дан бериб бошланади. Унинг дозаси ҳам секин-аста ошириб борилади ва кунига 200-300 мг га етказилади.

Бу дорилар брадикардия (юрак уриши бир дақиқага 50 дан паст бўлса), артериал гипотония (систолик босим 100 мм сим уст дан паст) бронхиал астма, AV ўтказувчанликнинг бузилишларида, периферик артериялар спазми билан кечувчи касалликларда (Рейно синдроми) тавсия қилинмайди.

Инфекцион этиологияли гиперкинезларда қўшимча равишда:

  1. Индометацин 25 мг кунига 2-3 маҳал ёки вольтарен 25-50 мг дан кунига 1-2 маҳал ёки мелоксикам 7,5-15 мг кунига 1-2 маҳал ичишга буюрилади.
  2. Зодак 1 табл (10 мг) ёки кларитин 1 табл (10 мг) кунига 1 маҳал ичишга тавсия қилинади.
  3. Тиосулфат натрий 20 мл 0,9 % ли 100 мл натрий хлориднинг физиологик эритмасида венадан томчилатиб юборилади.
  4. Аскорбин кислотаси 4-6 мл в/и га қилинади ва таркибида С витамини сақловчи дорилар (аскорутин ва ҳ.к.). Шунингдек, В6 витамини 4-6 мл (200-300 мг) м/и га ҳар куни қилинади.
  5. Преднизолон тана вазнига 1–1,5 мг/кг дан тавсия қилинади. Бу дори гиперкинезлар кучли намоён бўлган ҳолатларда тавсия қилинади. Енгил ҳолатларда глюкокортикостероидлар тавсия этишга ҳожат йўқ.
  6. Иммуномодулин 1 мл м/и га ёки циклоферон 2 мл в/и ёки м/и кунора ёки махсус схема асосида.

Тиклар билан намоён бўлувчи ҳолатларда:

  1. Тиопросан 1 табл (100 мг) дан кунига 2-3 маҳал; фенибут ёки пантогам 250 мг дан кунига 3 маҳал тавсия этилади.
  2. Транквилизаторлардан феназепам 0,5 мг ёки нозепам (тазепам, оксазепам) 10 мг кунига 1-2 маҳал буюрилади.
  3. Амитриптилин 25-75 мг, нитразепам (радедорм) 1 табл (10 мг).
  4. Седатив дорилар (валериан экстракти 1-2 табл кунига 3 маҳал, вамелан 1 табл 3 маҳал, гамалате В6 1табл 3 маҳал)

Кучли ва кескин тарзда намоён бўлаётган гиперкинезларда:

  • Галоперидол кунига 0,5-2,5 мг, рисперидон 0,5-2 мг, оланзапин 2,5-5 мг, кетилепт 25-50 мг, тизерцин 25 мг ёки 2,5 % ли 1 мл эритма.
  1. Клоназепам (ривотрил, антилепсин, клонекс). Бу дори 0,25, 0,5; 1 ва 2 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Клоназепам ҳар қандай этиологияли ва ҳар қандай турдаги гиперкинезларда ўта самарали. Уни чақолоқлик давридан тортиб кексалик давригача тавсия қилиш мумкин. Гиперкинезлар даражасига қараб кунига 1-2 мг (баъзида 0,25-0,5 мг етарли) тавсия этилади.
  2. Просульпин (сульпирид) кунига 200-400 мг, сертралин (золофт) 50 мг.
  3. Карбамазепин кунига 200-400 мг, габапентин 300-66 мг.
  4. Атаракс 25-50 мг, афобазол 10-20 мг, алпразолам 0,5-2 мг.

Дистоник типдаги гиперкинезларда:

  1. Наком кунига 125-250 мг ёки мадопар-125 кунига ½ табл кунига 2 маҳал, амантадин 100-200 мг, циклодол 2-4 мг.
  2. Клоназепам 0,5-1 мг; рисперидон 1-2 мг; баклофен 10 мг кунига 2-3 маҳал, диазепам 5-10 мг.
  3. Конвулекс 500-800 мг ёки топирамат 25-100 мг.
  4. Ботокс ёки ксеомин мутахассис томонидан дистония кучлироқ намоён бўлаётган мускулларга қилинади.

Шунингдек, бўйин-елка соҳасига бром эритмаси ёки бошқа дорилар электрофорези, иккала кўзга калий йоднинг кучсиз эритмаси ионофорези, бўйин-елка ва бошга дорсанвал, тинчлантирувчи уқалашлар, игна билан даволаш, сувости уқалашлари ҳам қўшимча даволаш сифатида қўлланилади. Гиперкинезларнинг ҳар қандай тури билан касалланган беморларни даволашда тиббий психолог иштироки зарур бўлади. чунки ҳар қандай турдаги гиперкинезларда психотерапия ўта самаралидир. Эриксон гипнози ёрдамида хатто баъзи тикоз ва невротик гиперкинезларни тўла бартараф этиш мумкин.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив