Янгиликлар » Энциклопедия » ВЕГЕТАТИВ КРИЗЛАР

ВЕГЕТАТИВ КРИЗЛАР


Вегетатив кризлар – такрорланиб турувчи полиморф вегетатив бузилишлар билан кечувчи пароксизмал ҳолатлар.

Этиологияси ва патогенези. Вегетатив пароксизмал ҳолатлар полиэтиологик синдром бўлиб, уларнинг рўй бериб туриши супрасегментар вегетатив марказ (ССВМ) фаоллашуви билан боғлиқ. ССВМ га гипоталамус ва лимбико-ретикуляр комплекс тузилмалари киради. Бу тузилмалар нейроэндокрин механизмлар орқали организмнинг жисмоний ва психик тонусини таъминлайди, моддалар алмашинувини назорат қилади, атроф-муҳит ўзгаришларига организмни адаптация қилади. ССВМ турли инфекциялар, токсинлар ва метаболик бузилишларга жуда сезгир. Шунингдек, кучли стресс ҳам бу марказлар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиб, нейроэндокрин ва соматик дисфункцияларни юзага келтиради. Баъзи дори воситалари сурункали тарзда қабул қилинса, ҳам ССВМ нинг нормал фаолиятига жиддий зиён етказиши мумкин. Биз доимий тарзда (бир неча йиллар) ибупрофен ичиб юрган беморда кейинчалик гипертермик синдром ривожланганлигининг гувоҳи бўлганмиз. Маълумки, гипоталамус терморегуляция учун ҳам жавоб беради. Ибупрофен гипоталамусдаги нейрокимёвий механизмларни издан чиқариб гипертермия ҳолатини юзага келтирган бўлиши мумкин.

Аксарият ҳолларда, вегетатив кризлар психовегетатив пароксизмлар билан намоён бўлади. Бундай ҳолатларда паник атакалар ҳақида сўз боради. Рус тилидаги “паника” сўзини ўзбек тилига ўгирса,  қўрқув, хавотир ва ваҳималарнинг биргаликда намоён бўлишини англатади. Демак, “паника” иборасига фобиянинг синоними сифатида қараш керак эмас. Фобия – бу  паника ичида намоён бўладиган бир симптом. Фобия турли хил психоневротик бузилишлар таркибига ҳам киради, алоҳида бўлиб ҳам учрайди (неврозлар ёзилган жойга қаранг). МДҲ ҳудудида “паник атакалар” ташхиси деярли қўйилмаган, унинг ўрнига вегетатив кризлар ёки психовегетатив кризлар атамаси мақбул топилган.   

КХТ-10 таснифи бўйича, паник атакалар – булар хавотирли бузилишлар билан намоён бўлувчи тез-тез такрорланиб турувчи психовегетатив пароксизмлар. Паник атакалар келиб чиқишида психоген омилларга асосий урғу берилади. Шунингдек, бу ҳолатга наслий мойилликнинг борлиги ҳам инкор қилинмайди.

Клиникаси. Вегетатив кризлар, одатда, 20-40 ёшдагиларда кўп учрайди. Аёлларда кўп кузатилади. Вегетатив криз тўсатдан рўй беради. Кучли қўрқув, хавотир ва титрашлар беморнинг бутун вужудини қамраб олади, юрак худди ўз қинидан чиқиб кетаётгандек тез-тез ура бошлайди, ҳаво етишмай қолиб нафаси бўғилади, бўғзига худди бирор нарса тиқилгандек туюлади, бемор бўйнининг тагини, кўкрак қафасини қўллари билан силайверади, гўёки шу йўл билан нафас йўлларини очмоқчи (шунинг учун ҳам бу ҳолатни “паник атака” дейишади). Бу белгилар билан биргаликда кардиалгия, юрак соҳасида увишиш ва жимирлашлар, қизиб-совиб кетиш, дисфория ҳам кузатилади. Беморнинг боши айланиб хуши туманлашади, яъни предсинкопал ҳолатга тушади. Шунингдек, кўнгил айнишлар, эпигастрал соҳада нохуш сезги ва оғриқлар, тез-тез сийишга қатнашлар рўй беради.

Криз пайтида объектив текширувлар ўтказганда қуйидаги белгилар аниқланади: беморнинг ранги оқариб кетган, кўзлари катта-катта очилган ва қорачиқлари кенгайган бўлади (қаттиқ қўрқан одамнинг юзу-кўзларини кўз олдингизга келтиринг). АҚБ ошади (бироқ жуда баланд эмас), тахикардия кузатилади, танаси ва бармоқлар учи совуқ бўлиб товуқ териси шаклини олади. Беморнинг темпераментига боғлиқ бўлган ҳолда турли истерик реакциялар рўй беради. Холерик ва сангвиникларда гиперактив ҳолат рўй берса, флегматикларда бу реакциялар бироз суст ифодаланади. Меланхоликлар эса чуқур апатия ва депрессия ҳолатига тушиб қолади. Уларни ўлим қўрқуви безовта қилаверади ва ҳар гал яқинлари билан видолашаверади. Криз 20-30 дақиқа давом этади. Кризлар тез-тез такрорланиб туриш хусусиятига эга, баъзиларда бир кунда бир неча бор кузатилса, бошқа бировларда бир ойда бир неча маротаба рўй беради. Бу беморларда бора-бора турли хил фобиялар (агарофобия, клаустрофобия, кардиофобия, лисофобия) ва инсомния (ёки уйқучанлик) ривожланади.

Ташхис ва қиёсий ташхис. Вегетатив кризлар ташхиси юқорида кўрсатиб ўтилган клиник симптомлар ва уларнинг кечиши асосида қўйилади. Шунингдек, зарур бўлган лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилади. Вегетатив кризларни бир қатор неврологик, эндокрин, руҳий ва соматик касалликлар билан қиёслашга тўғри келади. Вегетатив кризларни айниқса, мезотемпорал эпилепсия (амигдало-гиппокампал синдром), пароксизмал тахикардия синдроми, синкопал ҳолатлар, мигрен хуружлари, бронхиал астма хуружи, вестибулопатиялар, шизофрения, маниакал-депрессив психоз, истерия, депрессия, ипохондрик невроз, инсулинома, феохромоцитома билан қиёслаш бирмунча қийинчиликлар туғдиради. Баъзи мутахассислар фикрича, психовегетатив пароксизмлар руҳий касалликлар (эндоген депрессия, шизофрения) нинг бошланғич даври бўлиши ҳам мумкин. Шу боис бундай беморларни психиатр назоратидан ўтказиб туриш лозим.

Даволаш. Криз пайтида авваломбор беморни тинчлантирилади ва унинг атрофида нормал психологик муҳит яратилади.

Қуйидаги дорилар тавсия этилади:

  1. Валокардин ёки корвалол 20 томчи илиқ сувга солиб ичилади (енгил ҳолатларда).
  2. Диазепам (5 мг) ёки анаприлин (20 мг) тил тагига ташлаб сўрилади.
  3. Амитриптилин 25-75 мг/кун, мелипрамин 25-75 мг/кун, сертралин 50-100 мг/кун, алпразолам 1-2 мг/кун, флувоксамин 20-40 мг/кун.
  4. Афобазол 10-30 мг/кун, атаракс 25-75 мг/кун, санопакс 25-50 мг/кун, сулпирид 50-200 мг/кун, клоназепам 1-2 мг/кун, тразодон 25-50 мг/кун.
  5. Пропранолол 20–40 мг/кун, надолол (коргард) 40 мг/кун, тразикор 20-40 мг/кун, пирроксан 15-30 мг/кун.
  6. Беллатаминал, белласпон ва гамалате В6 ва ҳ.к.

Ушбу дориларнинг дозаси кун мобайнида бир хил тақсимланган бўлиши керак.

Шунингдек, игна билан даволаш, турли тинчлантирувчи ва калций сақловчи дорилар электрофорези, енгил массаж ва бошқа рефлектор даволаш муолажалари ва албатта рационал психотерапия жуда яхши самара беради. Тиббий психолог томонидан тиббий-психологик муолажаларнинг режали тарзда ўтказилишига жуда катта аҳамиятга эга.

Баъзида бемор чуқур-чуқур равон нафас олса ҳам криз белгилари анча пасаяди. Бунинг учун беморнинг қўлига салафан қопча тутқазилади. Бемор салафан қопчанинг ичига бир неча маротаба нафас олиб-чиқаради. Натижада салафан ичида СО2 гази тўпланади. Бу газ чиқиб кетмаслиги учун салафан бўғзини герметик тарзда ушлаш керак.  Бемор СО2 га бой ҳаво билан кетма-кет нафас олса, қўзғалган вегетатив марказлар сустлашади ва вегетатив симптомлар жадаллиги пасаяди. Баъзан вегетатив кризларни ушбу йўл билан бартараф этиш мумкин. Беморни турли хил уколларга ўргатиб қўймаслик керак. Акс ҳолда унда турли “нажот берувчи уколларга” психологик боғланиш шаклланади. Аксарият ҳолларда психовегетатив кризларни тил тагига ташланган тинчлантирувчи дорилар билан барҳам топдириш мумкин.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив