Янгиликлар » Энциклопедия » ВЕРТЕБРОБАЗИЛЯР СИСТЕМАДА ҚОН АЙЛАНИШИ БУЗИЛИШЛАРИ

ВЕРТЕБРОБАЗИЛЯР СИСТЕМАДА ҚОН АЙЛАНИШИ БУЗИЛИШЛАРИ


Дастлаб вертебробазиляр система артериялари анатомияси ва топографияси билан танишиб чиқамиз. Вертебробазиляр системага икки жуфт умуртқа артерияси (a. vertebralis) ва уларнинг қўшилишидан пайдо бўлган базиляр артерия (a. basilaris) киради. Бу йирик томирлардан бошланувчи артерия­лар мия устуни, мияча, таламус, чакка бўлагининг медиобазал соҳаси ва эн­са бўлагининг катта қисмини қон билан таъминлайди.

Умуртқа артериялари ўмров ости артерияларидан бошланади. Бу соҳа С7 бўйин умуртқасининг кўндаланг ўсиқчаси соҳасига тўғри келади. A. vertebralis бўйин умуртқаларининг кўндаланг ўсиқчалари орасида жойлашган умуртқа каналига (canalis vertebralis) киради ва юқорига кўтарилади. Oanalis vertebralis С7 бўйин умуртқасидан С2 бўйин умуртқасигача давом этади (1.9-расм).

  

1.9-расм. Экстракраниал артериялар ва уларнинг бўйин умуртқаларига нисбатан топографияси. 

  1. vertebralis умуртқа каналидан чиқиб, юқорига кўтарилади ва қаттиқ пардани тешиб ўтиб, энсанинг катта тешиги (foramen magnum) орқали калла суяги ичига киради. Калла суяги ичида умуртқа артерияларидан олдинги ва орқа спинал артериялар (aa. spinales anterior etposterior) ва миячанинг орқа пастки артерияси (a. cerebelli inferior posterior) ажралиб чиқади.

Олдинги спинал артериялар узунчоқ миянинг пастки қисмида қўшилиб, орқа миянинг олдинги тоқ артериясини (a. spinalis anterior) ҳосил қилади. Бу артерия узунчоқ миянинг пастки ва орқа миянинг юқори қисмини қон билан таъминлашда иштирок этади. Олдинги артериялардан сал пастроқда ажралиб чиққан орқа спинал артериялар эса бир-бири билан қўшилмайди.

Миячанинг орқа пастки артери­яси (a. cerebelli inferior posterior) эса умуртқа артериясидан янада пастроқда ажралиб чиқади ва миячанинг пастки қисмини қон билан таъминлайди.

Узунчоқ мия билан Варолий кўприги чегарасида иккала умуртқа ар­терияси қўшилиб, a. Basilarisни ҳосил қилади. A. basilaris кўприкнинг олд қисмидаги эгатчада ётади. A. basilarisдан миячанинг олдинги пастки арте­рияси (a. cerebelli inferior anterior), миячанинг юқори артерияси (a. cerebelli superior) ва бир қатор кўприк артериялари (a. pontinii) ажралиб чиқади. Кўприкнинг олдинги қисмида а. basilaris иккита артерияга, яъни миянинг орқа артериялари (а.cerebripost) га ажралиб кетади.

Ҳали туғилмаган болада миянинг орқа артерияси қонни, асосан a. communicans posterior орқали ички уйқу артериясидан олади. Бу ҳолат 7-10 % ҳолатларда катталарда ҳам сақланиб қолади ва уларда, кўпинча умуртқа артерияси аплазияси аниқланади. Шунинг учун ҳам бундай беморларда ич­ки уйқу артерияси тромбозида a. cerebri posterior соҳасида инфаркт рўй бериб туради. Бу патологик ҳолатни МРА ва дуплекс текширувлари ёрдамида аниқлаб олиш мумкин.

Вертебробазиляр система артериялари ва уйқу артериялари тармоқлари мия асосида коллатерал қон айланиш системасини ҳосил қилади. Ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган бу коллатерал қон айланиш системаси Виллизий айланаси деб аталади (1.10-расм). Ички уйқу артерияси (а. carotis interna) орқа бириктирувчи артерия (a. communicans posterior) ёрдамида a. cerebri posterior билан бирлашади. Шу йўл билан Виллизий айланасининг орқа қисми ҳосил бўлади. Иккала а. cerebri anterior олдинги бириктирувчи артерия (a. communicans anterior) ёрдамида ўзаро бирлашиб, Виллизий айланасининг олдинги қисмини ҳосил қилади. Виллизий айланаси, одатда, ромбсимон шаклга эга, бироқ унинг жуда кўп аномалиялари мавжуд. Виллизий айланасини ҳосил қилишда а. cerebri media иштирок этмайди.

 

1.10-расм. Бош миянинг қон билан таъминланиши.

 

Вертебробазиляр системада қон айланиши бузилишига сабаб бўлувчи патологик ҳолатлар ва касалликлар. Бу соҳада қон айланиши бузилишига қон томирларнинг туғма ва орттирилган аномалиялари (мия томирлари ичида энг кўп аномалиялар вертебробазиляр системада учрайди), атеро­склероз, артериал гипертония, бўйин умуртқалари остеофитлари, диск чурраси, васкулитлар сабабчи бўлади. Шунингдек, қон томирлар ўзгаришига сабаб бўлувчи бир қатор омиллар (диабет, ичкиликбозлик, лейкоз, коллагенозлар) ҳам вертебробазиляр системада қон айланишининг ўткир ва сурункали бузилишларига олиб келади. Жуда яхши ривожланган коллатерал системага эга бўлганлиги учун ҳам вертебробазиляр системада қон айланишнинг ўткир бузилишлари кам учрайди. Масалан, барча ишемик инсультларнинг бор-йўғи 15-20 % вертебробазиляр, қолган 80-85 % каротид системада рўй беради.

Вертебробазиляр системада қон айланиш бузилишлари кўпроқ сурункали кўринишда намоён бўлади. Бу ҳолат умуртқа артериялари ва базиляр артерияда кузатиладиган дисциркуляциялар сабабли юзага келади. Клиник симп­томлар қай тарзда намоён бўлиши вертебробазиляр системанинг қайси қисмида ишемия кузатилганлиги билан боғлиқ. Асосан қуйидаги клиник белгилар пай­до бўлади: бош айланиши, қулоқда шовқин, уйқу бузилиши, кўнгил айниши, гандираклаб юриш (атаксия), диплопия, қон босим "ўйнаб" туриши ва вегета­тив пароксизмлар. Неврологик статус текширилганда, асосан, нистагм, дипло­пия, Ромберг синовида чайқалиш, дисметрия каби вестибуло-координатор бузилишлар аниқланади. Шуниндек, пай рефлекслари ошиши, ўтказувчи типда сезги бузилишлари, енгил бульбар симптомлар ҳам ривожланади.

Вертебробазиляр системада қон айланишнинг ўткир бузилишлари a. basilaris ва a. vertebralis ёки улардан ажралиб чиққан артериялар тромбозида кузатилади. Умуртқа артерияси тромбози ҳар доим ҳам клиник симп­томлар билан намоён бўлавермайди. Чунки коллатерал қон айланиш каротид системадан орқа бириктирувчи артерия ва қарама-қарши томондаги умуртқа артерияси орқали сақланиб қолади. Бироқ, бу ҳолат секин ривожланувчи окклюзиялар учун хос. Ўткир ривожланувчи тромбозда касаллик сопор ва кома билан ўткир бошланади, альтернирлашган синдромлар ривожланади. Умуртқа артерияси тромбозида ўткир ишемик инфаркт, асосан, a. spinalis anterior ва a. cerebelli inferior posterior қон билан таъминлайдиган соҳаларда кузатилади. Олдинги спинал артерияда қон айланиш камдан-кам бузилади. Базиляр артерия тромбозида юрак ва нафас олиш фаолияти кескин бузилади, АҚБ тушиб кетади, сопор ва кома ривожланади, турли-туман альтернирлашган синдромлар вужудга келади.

Вертебробазиляр системада қон айланишнинг бузилишлари учун альтернирлашган синдромлар жуда хосдир. Улар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

  • Альтернирлашган Вебер синдроми – мия оёқчасининг базал қисми инфарктида ривожланади. Бунда зарарланган томонда III нерв фалажлиги, қарама-қарши томонда марказий гемипарез кузатилади.
  • Альтернирлашган Бенедикт синдроми – мия оёқчасининг қора модда соҳаси инфарктида ривожланади. Бунда зарарланган томонда III нерв фалажлиги, қарама-қарши томонда гиперкинезлар (хореоатетоз, гемитремор) кузатилади.
  • Альтернирлашган Клод синдроми – мия оёқчасининг қизил ядро жойлашган соҳаси инфарктида ривожланади. Бунда зарарланган томонда III нерв фалажлиги, қарама-қарши томонда интенсион гемитремор, гемиатаксия ва мушаклар гипотонияси кузатилади. Агар ишемик жараён тўрт тепаликнинг олдинги икки тепалиги соҳасида жойлашса, Парино синдроми ривожланади. Бу синдромнинг асосий белгиси – нигоҳнинг вертикал фалажи.
  • Альтернирлашган Мийар-Гублер синдроми ўчоқ томонда VII нервнинг периферик фалажлиги ва қарама-қарши томонда марказий гемипарез билан намоён бўлади. Бу синдром Варолий кўпригининг пастки қисми инфарктида ривожланади.
  • Альтернирлашган Фовилл синдроми кўприкнинг вентрал қисми ишемиясида рўй беради. Ўчоқ томонда VI ва VII нервларнинг периферик фалажлиги ва қарама-қарши томонда марказий гемипарез ривожланади.
  • Альтернирлашган Раймон-Сестан синдромида ўчоқ томонда мияча атаксияси, хореоатетоз, нигоҳ фалажлиги, қарама-қарши томонда гемианестезия ва гемипарез ривожланади. Бу синдром cerebelli superior тромбозида кузатилади. Бунда инфаркт кўприкнинг спиноталамик йўллар ўтадиган том қисми ва миячанинг юқори оёқчасида рўй беради.
  • Альтернирлашган Авеллис синдромида ўчоқ томонда юмшоқ танглай, овоз пардаси ва тилнинг ярмида периферик фалажлик (IX, X, XII нервлар), қарама-қарши томонда марказий гемипарез ривожланади.
  • Альтернирлашган Шмидт синдромида ўчоқ томонда овоз пар­даси, юмшоқ танглай, трапециясимон ва тўш-ўмров-сўрғичсимон мускуллар фалажлиги (IX, X ва XI нервлар), қарама-қарши томонда марказий гемипарез ривожланади.
  • Альтернирлашган Жексон синдромида ўчоқ томонда тилнинг периферик фалажлиги (XII нерв), қарама-қарши томонда марказий гемипарез ривожланади.
  • Альтернирлашган Валленберг синдроми миячанинг орқа пастки артерияси (a. cerebelli inferior posterior) тромбозида кузатила­ди. Бу артерия умуртқа артериясининг интракраниал қисмидан ажралиб чиқади. У миячанинг пастки-медиал юзаси ва узунчоқ миянинг дорсолатерал қисмини қон билан таъминлайди. Артериянинг топографик аномалияси кўп учраганлиги боис Валленберг синдроми турли клиник кўринишларга эга. Унинг асосий клиник белгилари – альтернирлашган гемианестезия (ўчоқ томонда юзда, қарама-қарши томонда танада), ўчоқ томонда атаксия, Горнер синдроми, юмшоқ танглай, ҳалқум ва овоз пардаси фалажлиги ҳамда турли даражадаги вестибуло-координатор бузилишлардан иборат. Альтернирлашган гемианестезия узунчоқ мияда жойлашган nucleus spinalis n. trigemini ва шу ердан ўтувчи сезги йўллари ишемияси сабабли рўй беради.

Вертебробазиляр артериялар тромбози фақат Горнер синдроми билан намоён бўлиши ҳам мумкин. Горнер синдроми (птоз, миоз, энофталм) узунчоқ миянинг латерал қисми зарарланганда кузатилади. Бу синдром, асосан умуртқа артерияси ва миячанинг пастки орқа артерияси тромбози ёки уйқу артериясининг симпатик чигаллари таъсирланиши (ички уйқу артерияси тромбози) натижасида рўй беради. Демак, юрак-қон томир касалликлари билан оғриган ёши катта беморларда Горнер синдроми пайдо бўлса, интракраниал артериялар текшириб кўрилиши (дуплексли сканирлаш, церебрал ангиография) керак.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив