Янгиликлар » Энциклопедия » Бола нега сийиб қўяди?

Бола нега сийиб қўяди?


Сийдик ажралиб чиқарилишини ҳам асаб системаси назорат қилади. Шу ерда тунги энурез, яъни тунда бола нима учун сийиб қўйиши ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтмоқчи эдим. Бундай ҳолларда, одатда, ота-оналар фақат урологга мурожаат қиладилар. Болани, авваломбор, невропатолог кўриши керак.

Тагига сийиб қўядиган болаларнинг ҳаммаси қотиб ухлайдиган бўлишади. Тунда ухлаб ётган боланинг қовуғи сийдикка тўлади ва бунинг натижасида қовуқнинг ички деворида жойлашган барорецепторлар (босимни сезувчи нерв ўсиқчалари) қўзғалади. Ушбу рецепторларда пайдо бўлган сигналлар орқа мияда жойлашган тос функцияларини назорат қилувчи марказга узатилади. Бу ерда сигналлар қайта ишланиб, бош мияга узатилади. Бош мияга сигнал етиб келгач, бола уйғониши керак. Чунки қўшимча равишда келган ҳар қандай сигнал бош мияда қўзғалиш ўчоғини ҳосил қилади ва бунинг натижасида ухлаб ётган одам уйғонади. Масалан, қаттиқ товуш эшитсангиз, бирор жойингиз оғриб қолса, соат жирингласа ёки ёмон туш кўрсангиз уйғониб кетишни бунга мисол қилиш мумкин.

Бироқ бола ухлаб ётаверади. Орқа мия эса бош миядан жавоб олмагунча унга «Болани уйғот» деб сигнал юбораверади. Бош мия эса ширин уйқуда! Буйрак эса сийдик ажратиб чиқариб, қовуқни тўлдириш билан овора. Қовуқ сийдикка тўлиб, янада катталашаверади. Барорецепторлар эса орқа мияга тинмай сигнал юбораверади. Орқа мия ҳам бу сигналларни ўша заҳоти тинмай бош мияга етказаверади. Энди бу SOS сигналига айланади! Бош мия эса ҳамон ширин уйқуда. У ҳеч қандай сигналларни қабул қилмаяпти. Ҳеч қандай иложи қолмаган орқа мия қовуқ билан «тил бириктириб», болани сийдириш ҳақида ўзлари «қарор қабул қилишади» ва ухлаб ётган бола тўшакка сийиб юборади. Қовуқ сийдикдан бўшаганлиги ҳақида орқа мияга яна сигнал юборади. Орқа мия бу сигнални яна бош мияга жўнатади. Энди бош мияга сигнал нафақат бўшаган қовуқдан, балки тўшакдаги сийдикка бўккан терида жойлашган рецепторлардан ҳам юборилади. Кетма-кет келиб турган сигналлардан бош мия уйғониб кетади. Бироқ энди кеч эди!

Агар энурез енгилроқ бўлса, бола тагига сийгандан кейин уйғониб кетади. Оғир кечувчи энурезларда бола тагига сийса ҳам ухлаб ётаверади. Бола фақат уйқуга тўйгач ёки онасининг бақир-чақири ва юмшоқ жойига теккан шапалоқдан уйғонади.

Хўш, тагига сиядиган боланинг қаттиқ ухлаш сабаби нимада? Ёки нима учун баъзи болаларда энурез бир неча йиллаб давом этади? Бола аслида узоғи билан 2-3 ёшдан кейин тагига сиймаслиги керак. Энурезнинг сабаблари кўп бўлиб, уларни умумлаштириб оладиган бўлсак, бош мия ва орқа мия тузилмаларининг функционал жиҳатдан яхши такомиллаш­маганидир. Тагига сийиб қўядиган болаларда марказий асаб системасида қўзғалиш ва тормозланиш жараёнлари жуда суст ривожланган бўлади. Бош мия томондан сигналларнинг қабул қилинмаслиги ёки бу сигналларнинг бош мияда етарли даражада қўзғалиш ҳосил қила олмаслик сабаби ана шунда.

Энурез билан касалланган болаларнинг деярли барчасида неврастения белгилари аниқланади, улар ўта инжиқ бўлади. Аксарият болалар эса жисмоний нимжон ҳам бўлишади. Уларнинг ота-оналари ҳам ёшлигида энурездан азият чеккан бўлади.

Шаҳарлик ёки «дом»да яшайдиган болаларда энурез кўп учрайди. Чунки, улар тоза ҳавода кам бўлишади, жуда кўп вақтини телевизор ва компьютер экранлари олдида ўтказишади, қўл телефонларини кўп ўйнашади. Демак, энурезнинг олдини олишда ва ҳаттоки даволашда фаол жисмоний ҳаракатларнинг ўрни жуда катта. Шу ерда мунтазам равишда спорт билан шуғулланадиган болаларда энурез умуман учрамаслигини айтиб ўтмоқчи эдим.

Энурезни даволаш керакми? Баъзида энурезни масхус даволаш талаб қилинмайди. Бироқ болани албатта врачга кўрсатинг. Агар болангизда энурезга сабабчи бўлувчи жиддийроқ касаллик топилмаса, уни спорт тўгаракларига беринг. Ҳатто велосипед ҳайдайдиган ёки яхшигина футбол ўйнайдиган болаларда ҳам тагига сийиб қўйиш кам кузатилади ёки энурез йўқолиб кетади. Нима учун? Чунки югуриш ва велосипед ҳайдаш тос аъзолари фаолияти билан боғлиқ орқа миядаги марказларнинг қўзғалувчанлик фаолиятини кучайти­ради ва чиниқтиради.

Кўпинча мендан энурез билан хасталанган бола катта бўлганда жинсий заиф бўладими деб сўрашади. Йўқ! Бироқ бола ҳадеб тагига сияверса, унинг жинсий аъзолари шамоллаб қолиши мумкин. Болани албатта невропатологга кўрсатиб, даволатиш керак. Беморни қандай даволашни врач индивидуал тарзда ҳал қилади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив