Янгиликлар » Энциклопедия » БОЛАЛАР ЦЕРЕБРАЛ ФАЛАЖЛИГИ

БОЛАЛАР ЦЕРЕБРАЛ ФАЛАЖЛИГИ


Болалар церебрал фалажлиги (БЦФ) – церебрал типдаги ҳаракат бузилишлари билан намоён бўлувчи клиник синдромлар мажмуаси. БЦФ бош миянинг пренатал, натал ва постнатал даврдаги зарарланишлари сабабли юза­га келади. Ҳаракат бузилишлари (фалажликлар, гиперкинезлар) билан бир қаторда ақлий ривожланишдан орқада қолиш, эпилептик хуружлар, атаксия, эшитиш ва кўриш функциясининг бузилишлари ҳам кузатилади.

БЦФ нинг аксарият клиник симптомлари эрта болалик давридаёқ намоён бўлса-да, улар зўраймайди. Демак, шаклланган неврологик синдромлар йиллар ўтса-да, ўзгармай қолади. Бироқ ёш билан боғлиқ функционал бузилиш­лар юзага келиши ёки чуқурлашиши мумкин.

Тарихи. "Церебрал фалажлик" атамаси XIX асрнинг ўрталарида тиббиётга кририб келди. Ўша даврда инглиз хирурги Литлл болаларда учрайдиган спастик фалажликларни хирургик йўллар билан коррекция қилишга уринган. Церебрал фалажликларнинг асосий сабабчиси туғруқ пайтида рўй берадиган бош мия жароҳатлари, деб ёзган эди Литлл. У ўз ишларида "церебрал фалажлик", "спастик диплегия" атамаларини кўп келтириб ўтади. Кейинчалик мутахассислар болаларда зўраймайдиган ва деярли турғун ҳолатда қоладиган фалажликларни "Болалар церебрал фалажлиги" деган умумий ном билан атай бошлашди. Спастик диплегия эса Литлл касаллиги номини олди.

Таснифи. КХТ-10 да БЦФ G80 рубрикада акс эттирилган. Ушбу таснифнинг G80.0–G80.9 рукнларида БЦФ нинг турли клиник синдромлари келти­риб ўтилади (12.1-жадвал).

 

12.1 жадвал. Болалар церебрал фалажлигининг клиник синдромлари 

 

Код

Болалар церебрал фалажлигида клиник синдромларнинг

КХТ-10 бўйича номланиши

клиник неврологияда

номланиши

G80.0

Спастик церебрал фалажлик

Икки томонлама гемиплегия

(спастик церебрал фалажлик)

G80.1

Спастик диплегия

(Литлл касаллиги)

Спастик диплегия

(Литлл касаллиги)

G80.2

Болалар гемиплегияси

Гемиплегик тури

G80.3

Дискинетик церебрал фалажлик

Гиперкинетик тури

G80.4

Атактик церебрал фалажлик

Атактик (мияча) тури

G80.8

Церебрал фалажликнинг аралаш турлари

Спастик-атактик, спастик-гиперкинетик, атоник-астатик турлари

G80.9

 

Аниқланмаган болалар церебрал фалажлиги

 

 

Этиологияси. Болалар церебрал фалажлиги – кўп этиологияли касаллик. Ҳомиладорлик пайтида онадаги мавжуд турли инфекция (ЦМВ, токсоплазмоз ва ҳ.к.) ва касалликлар (токсикоз, оғир анемия, сурункали интоксикация, эндокринопатиялар), зарарли одатлар (чекиш, ичиш, гиёҳвандлик), йўлдош касалликлари, она-бола резусомилининг тўғри келмаслиги, эмбриотоксик таъсирга эга фармакологик дориларни истеъмол қилиш БЦФ ривожланишига туртки бўлади.

Бола туғилаётганда рўй берадиган бош мия жароҳатлари, церебрал ишемия, гипоксия ва геморрагиялар ҳам ушбу касалликнинг асосий этиологик омилларидан ҳисобланади. Шу ерда боланинг муддатидан илгари туғилиб қолиши ва тана вазнининг пастлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки "болалар церебрал фалажлиги" ташхиси қўйилган болаларнинг аксарияти муддатидан илгари туғилган ва тана вазни 2000 г дан паст бўлади. Масалан, 1500 г тана вазни билан туғилган болаларда БЦФ ривожланиш хавфи тана вазни нормал туғилган болаларга қараганда деярли 30 баробарга ошади. Тана вазни паст бўлишининг асосий сабаблари эса юқорида кўрсатилган этиологик омиллардир. Эрта (16 ёшгача) ёки кеч (40 ёшдан кейин) ҳомиладор бўлган аёллардан туғилган болаларда ҳам БЦФ ривожланиш хав­фи юқори ҳисобланади.

БЦФ нинг яна бир этиологик омилларидан бири – бу генетик омил. Ота-онанинг яқин қариндош бўлиши ва шу каби турли наслий омиллар болада бош миянинг ривожланмай қолишига (мия дисгенезияси) сабаб бўлади. Бундай пайтларда генетик этиологияли БЦФ ҳақида сўз кетади.

БЦФ ривожланишида эрта постнатал даврда рўй берган касалликлар, яъни ишемик ва геморрагик инсультлар, гипоксик-ишемик энцефалопатиялар, бош мия жароҳатлари (шу жумладан, гематомалар) менингоэнцефалитлар (қизамиқ, қизилча) ҳам этиологик омил сифатида қаралади. Аммо БЦФ ривожланишида постнатал омилларга қараганда пренатал ва натал омилларга асосий урғу берилади.

Патогенези ва патоморфологияси. БЦФ патогенези этиологик омилнинг бола миясига қайси даврда, яъни пренатал, натал ёки постнатал даврларда таъсир этганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳомиладорлик пайтидаги турли инфекция ва касалликлар йўлдош орқали боланинг қон билан таъминланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу даврда озиқ моддалар ва кислород билан таъминланиш ҳам сустлашади. Натижада эмбриогенез издан чиқади. Эмбрион кислород етишмовчилигига жуда сезгир ҳисобланади. Шу боис эмбрион гипоксиясига БЦФ ривожланишининг асосий этиопатогенетик омили сифатида қаралади. Айнан гипоксия бош мияда ишемик энцефалопатия ва инсультлар сабабчисидир. Гипоксия ва ишемия сабабли ҳомиланинг марказий нерв системаси ривожланишдан орқада қолади ва унинг аномалиялари (микрополигирия, пахигирия, агирия, порэнцефалия, микроцефалия, гидроцефалия, қадоқсимон тана агенезияси) шаклланади. Бу аномалиялар, асосан, эрта онтогенетик ривожланиш даврида юзага келади.

Патоморфологик ўзгаришлар бош миянинг турли жойида турлича кеча­ди. Кўп ҳолларда пирамидал йўллар ўтадиган перивентрикуляр соҳада лейкомаляциялар аниқланади. Бунинг сабаби миелинизация жараёнининг издан чиқиши ёки шаклланган миелин пардасининг деструкцияси билан боғлиқ. Замонавий нейровизуализация усуллари касалликнинг церебрал фалажлик­лар билан кечадиган турларида перивентрикуляр лейкомаляция, пирами­дал нейронлар дегенерацияси ва оқ модданинг субкортикал соҳасида некротик ўчоқларни деярли ҳар доим кўрсатади. Бу патологик ўзгаришлар гипоксик-ишемик зарарланиш, микрогеморрагия ва цитокинлар таъсири остида ривожланади. БЦФ нинг гиперкинетик турида патоморфологик ўзгаришлар пўстлоғости ядроларида, атактик турида эса мияча ядролари ва йўлларида аниқланади.

Эрта постнатал даврда кузатиладиган бош миядаги яллиғланиш реакциялари, микроциркулятор бузилишлар, гипоксия, микрогеморрагиялар ҳам бош миянинг турли соҳаларида дегенератив-дистрофик ўзгаришларга олиб келади. Натижада бош мияда диффуз ва локал некротик ўчоқлар, глиал тўқима пролиферацияси, лейкомаляция, кистоз чандиқлар, ликвор йўллари бекилиши, гидроцефалия каби оғир патологик бузилишлар шаклланади. Бош мия-даги ушбу патологик ўзгаришлар маълум босқичга етиб тўхтайди ва БЦФ ривожланади.

Клиникаси. Клиник синдромлар патологик жараён бош миянинг қайси соҳасида жойлашганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шу боис касалликнинг қуйидаги клиник турлари фарқланади.

  1. Спастик диплегия (Литлл касаллиги) – болалар церебрал фалажлигининг иккала оёқда спастик фалажлик (диплегия) билан намоён бўлувчи тури. Бу ҳолатни ҳалқ тилида "иккала оёғи шол бола" деб ҳам аташади. Литлл касаллиги, яъни спастик диплегия БЦФ нинг энг кўп учрайдиган ва биринчи бўлиб ўрганилган туридир. Бундай болалар деярли ногиронлик аравачасига михланган бўлади. Иккала оёқдаги мускулларда спастик гипертонус нотекис жойлашади, яъни сонни олдинга букувчи, болдирни ёзувчи ва оёқ панжасини пастга букувчи мускуллар тонуси кескин ошади. Бунинг натижасида оёқлар тизза бўғимида ёзилган ва олдинга чўзилган, оёқ панжалари эса пастга кескин букилиб ичкарига ротация қилиб қолади. Бундай болани қўлтиғидан ушлаб турғизмоқчи бўлсангиз, иккала оёқнинг ичкарига ротацияси кучаяди ва оёқ панжалари бир-бирининг устига ўтиради ёки Х-симон тарзда кесишади. Болани юрғизмоқчи бўлсангиз, унинг товонлари ерга тегмайди, балки оёқ учи билан юришга уринади. Иккала оёқда ҳам периостал ва тизза рефлекслари кескин ошади, бироқ ахилл рефлекси пасайган бўлиши мумкин (мускуллар тонуси нотўғри тақсимланиши сабабли). Бундай болаларда спастик фалажлик белгилари қўлларда ҳам намоён бўлиши мумкин, бироқ улар аксарият ҳолларда енгил ифодаланган бўлади. Баъзида қўлларда апраксия белгилари яққол ифодаланади, хореоатетоид гиперкинезлар аниқланади. Бунинг натижасида бола қўл билан бажариладиган ишларни (қошиқ ёки пиёлани ушлаш, тугмаларни тақиш ва б.қ.) бажара олмайди, ҳуснихати кескин бузилади. Агар апраксия орал ва мимик мускулларда ҳам кузатилса, боланинг оғзига берилган овқатни ҳам чайнаб ютиши амри-маҳол бўлиб қолади. Уларда дизартрия ҳам аниқланади. Иккала оёқдаги ушбу патологик ҳолат турли даражадаги мушак-бўғим контрактураси ривожланишига олиб келади. Контрактуралар нафақат оёқ бўғимларида, балки умуртқа поғонасида ҳам ри­вожланади ва кўпинча, кифоз ва кифосколиоз билан намоён бўлади. Бунинг натижасида кўкрак қафаси шакли ўзгаради. Баъзи болаларда руҳий ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш, псевдо-бульбар фалажлик, краниал невропатиялар ва дислалия аниқланади. Улар доимий парваришга муҳтождир.
  2. Гемиплегик (гемипаретик) тури ҳам БЦФ нинг энг кўп учрайдиган туридир. Касалликнинг ушбу тури, кўпинча, церебрал инсульт ёки бош мия ярим шарларидан бирининг ривожланишдан орқада қолиши билан боғлиқ. Бир томонлама фалажлик белгилари турли даражада намоён бўлади. Бола 3-4 ойга тўлгач фақат бир қўли
    билан ҳаракат қилаётгани кўзга ташланади. Бу ҳолатни, кўпинча,
    боланинг онаси ёки бошқа яқинлари сезиб қолади. БЦФ гемиплегик турининг ўзига хослиги шундан иборатки, фалажлик, асосан, бир қўлда яққол кўзга ташланса, ўша томондаги оёқда эса енгил
    ифодаланган бўлади. Қўлнинг дистал қисми, яъни қўл панжаси
    кўпроқ азият чекади. Кейинчалик, яъни бола 1 ёшга етмасдан туриб фалажланган қўл ва оёқда мускуллар тонуси спастик тарзда
    оша бошлайди, қўл тирсак бўғимида букила боради. Бундай болалар кеч юришади. Оғир ҳолатларда касаллик белгилари бола туғилганидан бир ой ўтмай билинади ва вақт ўтган сайин гемиплегия белгилари яққол кўзга ташланади. Бундай бола бир томонини деярли қимирлатмайди (айниқса, қўлини), ён томонга ағдарила олмайди, уни ўтқазса фалажланган томонга оғиб йиқилади. Касаллик қандай намоён бўлишидан қатъи назар, фалажланган томон ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади. Кўп ҳолларда руҳий ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш, кортикал дизартрия, псевдобульбар фалажлик, дислалия, умуртқа поғонаси деформацияси (сколиоз), фалажланган томонда бўғимлар қонтрактураси аниқланади. Бундай болалар, одатда, 3-4 ёшларда юра бошлашади, нутқи ҳам кеч ривожланади.
  3. Икки томонлама гемиплегия БЦФ нинг икки томонлама спастик церебрал фалажлик билан намоён бўлувчи энг оғир туридир. Касалликнинг бу тури, кўпинча эрта онтогенетик даврда рўй берган бош миянинг оғир зарарланишлари (жароҳатлари) сабабли ривожланади. Бундай болалар, кўпинча, қимирламай туғилишади, уларни, одатда, кесар кесиш орқали туғдиришади. Гўдаклик даврининг дастлабки кунларидан бошлаб иккала томонда ҳам мускуллар гипотонияси аниқланади. Бола ўта нимжон бўлиб секин ривожланади. Бола 1 ёшга етмасдан иккала томонда ҳам мускул­лар тонуси спастик тарзда оша бошлайди, пай рефлекслари кучаяди, яъни спастик тетрапарез шаклланади. Бундай болалар на ўтира олади, на тура олади. Уларда шартли ва шартсиз рефлектор фаолият издан чиққан бўлади. Болага ёрдам беришга уринса, унинг қўл ва оёқларида синкинезиялар пайдо бўлади, мускуллар тонуси янада кучайиб оёқ-қўллари патологик ҳолатда қотиб қолади. Кўп ҳолларда микроцефалия аниқланади, деярли 90 % ҳолатларда ақлий ва руҳий ривожланишдан орқада қолиш кузатилади. Шунингдек, эпилептик хуружлар, кортикал дизартрия, краниал невропатиялар, псевдобульбар фалажлик, дислалия аниқланади. Бундай болалар тўла ногирон бўлиб қолишади.
  4. 4. БЦФ нинг гиперкинетик тури бирмунча кам учрайди. Унинг ривожланиши экстрапирамидал ядролар зарарланиши билан боғлиқ.
    Гиперкинзелар, кўпинча, хореоатетоз ва торсион дистониялар,
    кам ҳолларда атетоз ва баллизм кўринишида намоён бўлади. Бу
    симптомлар, одатда, бола 1 ёшга тўлгандан сўнг кўзга ташлана
    ди ва маълум муддат кучая боради. Баъзи болаларда гиперкинетик синдром енгил ифодаланган бўлади ва улар ўзини-ўзи эплаши мумкин. Оғир ҳолатларда эса гиперкинезлар сабабли дистоник ҳолатлар шаклланади: бўйин, қўл ва оёқлар ҳамда гавда шакли ўзгаради, яъни улар бир томонга буралиб қийшаяди. Гиперкинезлар сабабли ихтиёрий ҳаракатлар имконсиз бўлиб қолади: бола
    қўли билан нарсаларни ушлай олмайди, ушласа ҳам улар қўлидан
    учиб кетади, тўғри овқатланмайди, ўтира олмайди ва йиқилиб тушаверади. Бундай болалар 6-8 ёшга бориб ўзини-ўзи эплай олиши ва тўғри ўтира олиши мумкин. Махсус реабилитация муолажалари, албатта, бу жараённи тезлаштиради. Гиперкинезлар ва мускуллар дистонияси сабабли оёқ-қўллардаги бўғимлар функцияси бузилади, уларда чиқишлар кузатилади (айниқса, катта амплитудали гиперкинезларда). Деярли ҳар до­им экстрапирамидал типдаги дизартрия аниқланади. Олий руҳий функциялар, шу жумладан, ақлий фаолият сақланиб қолади. Баъзида енгил когнитив бузилишлар кузатилиши мумкин.
  5. 5. Атактик (мияча) тури координация ва мувозанатнинг турли даражадаги бузилишлари билан намоён бўлади. Бу болаларда мияча
    атрофияси аниқланади. Асосий неврологик симптомлар – булар
    мияча симптомларидир. Ҳали бир ёшга тўлмаган болада дастлаб
    тўла гипотония, яъни "шалпайган бола синдроми" аниқланади. Ке­йинчалик мияча симптомлари яққол кўзга ташлана бошлайди. Унда нистагм, скандирлашган нутқ, интенсион тремор, дисметрия, асинергия, статик ва динамик атаксия каби симптомлар юзага келади. Бола, айниқса, локомотор синамаларни бажаришда жуда қийналади. Маълумки, мияча тик туриш ва тўғри қадам ташлаб юришнинг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бу бо­лаларда туриб юриш қобилияти 3 ёшга қараб (баъзида ундан ҳам кеч) шаклланади. Скандирлашган нутқнинг дизартрия билан биргаликда намоён бўлиши олий руҳий функцияларнинг ривожланишига жиддий зиён етказади. Бола руҳий ривожланишдан орқада қола бошлайди. БЦФ нинг мияча тури жуда кам учрайди.
  6. 6. Атоник-астатик тури тик тура олмаслик, юролмаслик ва мускулларнинг тўла атонияси билан намоён бўлади. Бундай болалар ўрнидан туролмайди, ўтира олмайди, бошини тўғри ушлай олмайди ва қадам ташлаб юролмайди. Демак, уларда астазия ва абазия белгиларини кузатиш мумкин. Шу сабабли болада мақсадга йўналтирилган ихтиёрий ҳаракатлар ўта суст ривожланади. Бундай болаларда ўтириш қобилияти 2-3 ёшларда, тик туриш ва юриш қобилияти эса, одатда, 7-9 ёшларда шаклланади. Артикулятор нутқ ўта суст бўлади. Баъзи болаларда руҳий ва ақлий ривожла­нишдан орқада қолиш аниқланади. Краниал невропатия (кўрув нерви атрофияси, ғилайлик) белгилари ҳам кузатилиши мумкин. БЦФ нинг аралаш тури ҳам мавжуд бўлиб, бундай ҳолатларда битта боланинг ўзида юқорида кўрсатилган иккита ёки ундан ҳам кўп синдромлар аниқланади. Эрта болалик даврида, кўпинча, спа­стик диплегия (Литлл касаллиги), гемиплегик тури ва икки томон­лама гемиплегия кузатилса, бироз катта ёшдаги болаларда аралаш тури, яъни гиперкинетик-дистоник, атактик ва атоник-астатик турлари кўп учрайди. БЦФ да вегетатив ва нейроэндокрин бузилишлар ҳам кўп кузатилади. Булар – доимий тахикардия, вестибуляр бош айланиш, ортостатик гипотензия, кўп терлаш, ксерофталмия, оғиз қуриши, гиперкератоз, семизлик, гинекомастия, жинсий аъзоларнинг ривожланмай қолиши, энурез ва трофик яралардир. БЦФ нинг енгил турларида ҳам психоэмоционал ва церебрастеник симптомлар кўп аниқланади. БЦФ да клиник синдромлар ҳар доим ҳам юқорида кўрсатилган тарзда шаклланавермайди. БЦФ гидроцефалия, олигофре­ния ва бир қўлнинг монопарези ёки микроцефалия, эпилептик хуружлар ва атаксия ёки фақат олигофрения, фокал гиперкинезлар ва краниал невропатиялар билан намоён бўлиши ҳам мумкин. Баъзида синдром фақат краниал невропатия (ғилайлик, нистагм, кўрув нер­ви атрофияси, гемианопсия, карлик) ёки ақлий ривожланишдан орқада қолиш билан намоён бўлади.

Ташхис ва қиёсий ташхис. БЦФ ташхисини қўйишда эътибор қилинадиган асосий омил – бу пайдо бўлган клиник симптомлар турғунлиги, яъни зўраймаслиги. Демак, симптомлар турғунлиги БЦФ учун жуда хос. Аммо бола улғайган сайин маълум муддатгача янги симптомлар қўшила боришини эсда тутиш лозим. Табиийки, бу ҳолат касаллик ривожланаётганини эмас, балки янги нуқсонлар пайдо бўлаётганини кўрсатади.

БЦФ ташхисини қўйиш бола 3 ёшга тўлгунга қадар қийин бўлиши мумкин. Чунки бу давргача клиник синдромлар шаклланишда давом этади. БЦФ ташхисини қўйишда боланинг психомотор ва нутқ ривожланишидан орқада қолиши, турғун неврологик нуқсонлар (спастик фалажлик, дизартрия, дислалия, дистоник гиперкинезлар, краниал невропатиялар, атаксия, астазия-абазия) ва нейровизуализация текширув маълумотлари (бош миядаги структур нуқсонлар) эътиборга олинади. Албатта, анамнестик маълумотлар (айниқса, туғруққача ва туғруқ давридаги) ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга. Тур­ли неврологик нуқсонлар билан туғилган болаларни ҳар 1–1,5 ойда невроло­гик кўрикдан ўтказиб туриш керак. БЦФ симптомлари, кўпинча 1–2 ёшларда шакллана бошлайди. Бу даврда невропатолог уларни дарров илғаб назоратга олиши ўта муҳим. Бу эса кейинчалик юзага келадиган функционал бузилишларни коррекция қилиб боришда ўта аҳамиятлидир.

Қиёсий ташхис эрта болалик даврида учрайдиган жуда кўп наслий-дегенератив касалликлар билан ўтказилади. Айниқса, спастик параплегиялар (Штрюмпел касаллиги), спинал амиотрофиялар (Вердниг-Гоффман касаллиги), туғма миопатиялар ва наслий нейрометаболик синдромларни деярли ҳар доим БЦФ билан қиёслашга тўғри келади.

Даволаш. Даволаш-реабилитация муолажалари узоқ вақт давом эттирилади. БЦФ ташхиси қўйилган болани доимий врач назоратига олиш ва режали даволаш муолажаларини ўтказиб туриш керак. Бундай болалар неврологик, нейропсихологик ва ортопедик-хирургик реабилитацияга доимо муҳтож. Шунингдек, улар махсус пансионатларда даволанади, махсус мактабларда ўқишади ва тарбияланади. Болаларни зарур шарт-шароитларга эга дам олиш сиҳатгоҳларига олиб бориш, физиотерапевтик ва рефлектор даволаш муолажаларини ўтказиб туриш ўта муҳим. Нутқи ривожланмай қолган бола билан логопед-дефектолог шуғулланади. Тарбияси қийин болалар психолог ёки психиатр назоратида туриши лозим.

Бугунги кунда БЦФ билан касалланган болаларда функционал нуқсонларни бартараф этиш ёки камайтириш учун компьютерлаштирилган мосламалар ишлаб чиқилган. Улар ёрдамида турли клиник синдромлар сабабли юзага келган функционал нуқсонлар коррекция қилинади. Бу мосламаларнинг янада мукаммал турлари ишлаб чиқилмоқда. Улардан уй шароитида ҳам фойдаланиш мумкин. Функционал бузилишларни коррекция қилишда қўл меҳнатининг ҳам аҳамияти катта.

Дорилар билан даволашда церебрал метаболиклар (цитиколин, холин алфосцерат, пиридитол, пантогам, пантокалцин), аминокислоталар (лецитин, метионин, глутамин кислотаси), мушаклар тонусини камайтирувчи дорилар (мидокалм, баклофен, сирдалуд, леводопа дорилари), антиконвулсантлар ва седатив дорилар (харбамаземин, депакин, конвулекс, диазепам, амитриптилин), антихолинэстераз дорилар (галантамин, прозерин, калимин), микроциркуляцини яхшиловчи дорилар (трентал, ксантинол никотинат), иммуномодуляторлар (иммуномодулин, тималин, циклоферон) ва витаминлар (В1, В6, В12, РР, Е, А, С ) тавсия этилади.

Физиотерапевтик муолажалардан дорилар электрофорези, мускуллар электростимуляцияси, минерал ванналар (йод-бромли, кислородли, радонли), гидрокинезотерапия, сувости уқалаши, сузиш, балчиқ ва озокерит билан даволаш, умумий ортопедик уқалашлар ўтказилади. Мускул-бўғим контрактуралари ортопедик-хирургик йўллар билан коррекция қилинади.

Прогноз. Касаллик даражаси, клиник синдромлар тури ва даволаш-реабилитация муолажаларининг нақадар тўғри олиб борилишига боғлиқ.

Профилактикаси. "Соғлом она – соғлом бола" дастури асосида иш олиб бориш БЦФ ва шу каби оғир туғма нуқсонларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ҚВП ва оилавий поликлиникалар аҳоли билан муттасил иш олиб боришлари керак.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив