Янгиликлар » Энциклопедия » БОШ МИЯ АТРОФИЯСИ – у қандай ҳолат?

БОШ МИЯ АТРОФИЯСИ – у қандай ҳолат?


“Атрофия” тўқима ёки ҳужайранинг кичрайиши, емирилиши ва йўқолиши деган маънони англатади.

Ёш ўтган сайин мия ҳужайраларининг атрофияга учраши – бу табиий ҳол. Бош миянинг устки қатлами, яъни пўстлоқ қаватининг ўзида 14 млрд. ҳужайра бор. Кўп ҳужайралар атрофияга учраб йўқолиб боради. Шу боис катта ёшдагилар мияси ёшларникига қараганда кичикроқ бўлади. Демак, бундан хавотирга тушишнинг кераги йўқ. Боз устига атрофияга учраган баъзи ҳужайраларнинг вазифасини бошқа ҳужайралар бажара бошлайди. Баъзи беморлар боши оғрийверганидан сўнг МРТ текширувига боради. Ундаги “атрофия” сўзини ўқиб, бош оғриқни шу билан боғлашади. Атрофия билан бош оғриқ орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ.

Агар 50 ёшдан ошганларда мия ҳужайралари атрофияси хотира пасайиши билан намоён бўлса ва бу жараён кучайиб борса, беморда нейропсихологик текширувлар ўтказиш керак.

Катта ёшдагиларда, асосан, Алцхаймер касаллиги, мия томирлари атеросклерози ва гипертония касаллиги мия ҳужайралари атрофияси сабабчиси бўлади. Кичик ёшдагиларда эса бош мия жароҳатлари, баъзи наслий касалликлар, олигофрения, гиёҳванд моддалар ва ичкиликка берилиш каби ҳолатлар мия ҳужайралари атрофиясига олиб келади.

КТ ёки МРТ текширувида мия тўқимаси атрофияси аниқланса, невропатолог хулосасини кутмасдан ўзингиз хулоса чиқарманг. Агар атрофия хотира бузилишлари билан намоён бўлса, малакали нейропсихологга учранг.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив