Янгиликлар » Энциклопедия » Бош мия катта ярим шарлари қандай тузилган?

Бош мия катта ярим шарлари қандай тузилган?


Бош мия 2 та – ўнг ва чап ярим шардан иборат. Унинг чап ярим шарида нутқ марказлари жойлашган. Шунинг учун ҳам бош миянинг чап ярим шарида сўз билан боғлиқ барча тафаккур операциялари бажарилади. Бош миянинг ўнг ярим шари объектларнинг фазовий жойлашувини таҳлил қилиш учун жавоб беради. Масалан, атроф-муҳитдаги уйлар, дарахтлар, машиналар, ҳайкаллар ва борингки, ҳар қандай шаклга эга бўлган объектларнинг шакл-шамойилини таҳлил қилади. Демак, бош миянинг ўнг ярим шари дунёни сўз иштирокисиз идрок этади ва бу ерда кўриш анализаторининг аҳамияти катта.

Чап ярим шар эса сўз билан ифодаланган маълумотларни идрок этади. Образли қилиб айтганда, чап ярим шар асосан сўз билан, ўнг ярим шар эса кўз билан дунёни англайди. Бу уйғунлик сақланган бўлса, инсоннинг хотираси ҳам мустаҳкам бўлади.

Сиз кўраётган геометрик шаклларни қабул қилиб олиш ҳам ўнг ярим шарнинг вазифаси. Лекин ҳар қандай фазовий жисмлар ёки геометрик шаклларни сўз билан ифодалаб бериш талаб қилинса, бу ерда чап ярим шар ёрдамга келади. Демак, чап ярим шарнинг тили бор.

Бироқ ҳозир мен келтириб ўтган маълумотлар ўнақайлар учун хос. Чапақайларда эса нутқ марказлари бош миянинг ўнг ярим шарида жойлашган. Демак, чапақайларда чап ярим шар бажарадиган аксарият функциялар ўнг ярим шар зиммасига юклатилган.

Бундан ташқари, амбидекстрлар, яъни олий руҳий функцияларни бажаришда миянинг иккала ярим шари бир хилда иштирок этадиганлар ҳам бор. Бундайлар иккала қўли билан ҳам бир хил ишлай оладиган кишилардир. Бироқ бу дегани иккала қўли билан ҳам ёза олади дегани эмас. Масалан, амбидекстр ёзганда қаламни ўнг қўлига олса, нон кесганда чап қўлини ишлатади. «Тоза» чапақайлар 10-15 % атрофида. Амбидек­стрларда нутқ функциясини бажаришда бош миянинг иккала ярим шари ҳам иштирок этади. Шунинг учун амбидекстрларда инсульт сабабли нутқ бузилса, у тез тикланади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив