Янгиликлар » Энциклопедия » БОШ МИЯ ЧАЙҚАЛИШИ

БОШ МИЯ ЧАЙҚАЛИШИ


Бош мия чайқалиши (БМЧ) бош миянинг ёпиқ механик жароҳати бўлиб, енгил ифодаланган неврологик симптомлар билан намоён бўлади. Бош мия чайқалиши КЦЖ нинг енгил тури ҳисобланади ва унда калла суяги бутунлиги сақланиб қолади, мия тўқималарида морфологик ўзгаришлар кузатилмайди. Бироқ калланинг юмшоқ тўқималари лат ейиши, уларда гематомалар пайдо бўлиши ва қон оқиши мумкин.

БМЧ нинг асосий белгилари – булар бир неча дақиқагача ҳушнинг йўқолиши, бир соатгача давом этадиган карахтлик ва амнезия. Кўпинча, ретроград амнезия кузатилади, яъни бемор жароҳатдан олдинги воқеаларни унутади. Жуда кам ҳолларда антероград амнезия ривожланади, яъни бемор жароҳатдан кейинги воқеаларни эслаб қола олмайди. Антероград амнезия, одатда, бир неча кун давом этади ва сўнгра хотира тикланади.

БМЧ учун хос бўлган яна бир белги – бу қусиш. Қусиш, одатда, жароҳатдан кейин дарров рўй беради ва 1–2 марта кузатилади. Бироқ қусишнинг бўлмаслиги "Бош мия чайқалиши" ташхисини инкор қила олмайди.

Бемор ҳушига келгандан кейин бир соатгача карахт ҳолатда бўлади. У ўзига келгач, бош оғриқ, бош айланиш, кўз олди қоронғилашуви, қулоқда шовқин ва умумий ҳолсизликдан шикоят қилади. Баъзи беморларда реактив невро­тик ҳолатлар кузатилса, бошқа бирлари апатия ҳолатига тушади. Агар бемор 1 соатдан ошиқ ҳушсиз ҳолатда бўлса ва ундан кейинги карахтлик 24 соат­дан кўп давом этса, бу ҳолат бош мия чайқалиши эмас, балки бош мия эзилиши билан боғлиқ.

Неврологик статусда енгил ифодаланган горизонтал нистагм, конвергенция сустлиги, вазомотор лабиллик, гипергидроз, пай рефлекслари асимметрияси аниқланади. Пайдо бўлган горизонтал нистагм, одатда, дастлабки 3 кун ёки бир ҳафта ичида йўқолади. Патологик пирамидал белгилар аниқланмайди, менингеал симптомлар бўлмайди.

Мия чайқалишининг дастлабки кунлари соматик бузилишлар ҳам кузатилиши мумкин, яъни АҚБ кўтарилади ёки пасаяди, нафас олиш ва юрак уриши тезлашади, полиурия кузатилади. Тана ҳарорати кўтарилмайди. Бу белгилар аксар ҳолларда бевосита мия чайқалиши билан эмас, балки жароҳат пайтида пайдо бўлган стресс билан боғлиқ.

БМЧ да, одатда, беморнинг аҳволи тез яхшиланади ва у 1–2 ҳафта ичи­да тузалиб кетади. Кам ҳолларда беморни 3 ҳафта мобайнида реабилита­ция қилишга тўғри келади. Чунки енгил даражадаги КЦЖ ҳам аввал мавжуд бўлган соматик касалликларни, масалан, артериал гипертонияни қўзғаб юбориши мумкин.

БМЧ даражаларга бўлинмайди, чунки у краниоцеребрал жароҳатнинг енгил туридир. Демак, ташхис қуйидагича шакллантирилади: "Енгил турдаги ёпиқ краниоцеребрал жароҳат, бош мия чайқалиши".

БМЧ нинг клиник симптомлари қай даражада намоён бўлиши, кўпинча, беморнинг ёшига ҳам боғлиқ. Масалан, гўдаклар ва эрта ёшдаги бола­ларда бош мия чайқалиши рўй берса, улар, кўпинча ҳушини йўқотмайди. Жароҳат пайтида болаларда турли даражада ифодаланган соматовегетатив симптомлар пайдо бўлади: юз териси оқариб кетади, юрак уриши ва нафас олиши тезлашади, ичи кетади. Бола ётоқчилайверади ва кўп ухлайди. Уни уйғотишса, ланж ҳолатда ётади ва йиғлай бошлайди, қусади. Бола эмганини қайт қилаверади ёки эмишдан бош тортади. Бу белгилар 3 кун ичида ўтиб кетади. Агар улар узоқ давом этса, унда мия эзилиши ёки интракраниал гематомани излаш керак.

Кекса ёшдагиларда ҳам бош мия чайқалишида ҳушни йўқотиш кам кузатилади. Бироқ уларда ретроград амнезия кўп учрайди ва бошқа олий руҳий функцияларнинг афазия, акрансиагнозия бузилиши вужудга келади. Бунинг асосий сабаблари – церебрал атеросклероз, атрофия ва энцефалопатиядир.

Ташхис ва қиёсий ташхис

  • БМЧ ташхиси, асосан, анамнестик маълумотлар (жароҳат кузатилганлиги), ҳушдан кетиш, амнезия ва қусиш кузатилишига асосланиб қўйилади. Посттравматик амнезия сабабли бемор ҳушдан кетган ёки кетмаганлигини айта олмаслиги мумкин. Беморда амнезия ҳолати кузатилган бўлса, у ҳушдан ҳам кетган бўлади.
  • БМЧ да енгил ифодаланган неврологик симптомлар (нистагм, пай рефлекслари асимметрияси, вазомотор бузилишлар) аниқланади. Чуқурроқ ифодаланган ўчоқли неврологик симптомлар ва менингеал белгилар аниқланса, бош мия чайқалиши эмас, балки бош мия эзилиши ташхиси қўйилади.
  • БМЧ аниқланган беморда, кўпинча, калланинг юмшоқ тўқималари ҳам лат еган бўлади. Бундай пайтда жароҳатнинг оғирроқ тур­ини инкор қилиш учун врач барча лат еган жойларни обдон текшириши керак.
  • Калла суяги жароҳатини аниқлаш учун рентгенологик текширувлар ўтказилади. Мия чайқалишида калла суяги синиши белгилари аниқланмайди. КТ текширувларида ҳам патологик ўзгаришлар кузатилмайди.
  • Лаборатор текширувларда (қон, сийдик анализлари) ҳам патологик ўзгаришлар бўлмайди.

Қиёсий ташхис, авваламбор, бош мия эзилиши ва интракраниал қон қуйилишлар билан ўтказилади.

Даволаш. Бемор зудлик билан шифохонага (травматология ёки нейрохирургия бўлимларига) ётқизилади. Бу ерда у 3–5 кун мобайнида кузатув ва даволанишда бўлади. Енгил ҳолатларда бемор бир кундан сўнг уйига қайтарилиши мумкин. Лекин бемор уйида камида 7–10 кун мобайнида ётоқ тартибига риоя қилиши ва врач назоратида бўлиши лозим. Одатда, мия чайқалиши билан беморнинг аҳволи тез кунда яхшиланади.

БМЧ да фаол даволаш муолажалари ўтказилмайди. Дорилар билан даволаш, асосан, бош оғриқ, бош айланиши, уйқу бузилиши, қусиш, безовталаниш ва шу каби бошқа белгиларни бартараф этишдан иборат. Бу мақсадда аналгетиклар, седатив воситалар ва қусишга қарши дорилар қилинади.

Прогноз. Бош мия чайқалиши барча КЦЖ лар ичида энг енгил жароҳатдир. БМЧ билан беморлар, одатда, тез тузалишади. Бу касаллик ногиронлик даражасини белгилашда аҳамиятли эмас. Аммо БМЧ бошқа бир касалликлар (эпилепсия, депрессия, ИКГ, артериал гипертензия, сурункали бош оғриқлар) қўзғалишига туртки бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бемор умумий амалиёт шифокори назоратига олиниши керак. УАШ заруратга қараб тор доирадаги мутахассислар билан маслаҳатлашиб туради.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив