Янгиликлар » Энциклопедия » БОШ НЕГА АЙЛАНАДИ?

БОШ НЕГА АЙЛАНАДИ?


Бош айланиши жуда кўп учрайдиган касалликдир. Руҳий ва ҳиссий зўриқишлар, дам олмай тинимсиз ишлаш, бош мия қон томир касалликлари, вегетатив дистониялар, артериал қон босимнинг ошиб ёки тушиб кетиши, сурункали кечувчи камқонлик (анемиялар), юрак касалликлари ва ички қулоқ касалликлари бош айланишининг асосий сабаблари ҳисобланади.

Бош айланиши кўп ҳолларда юрак уриб кетиши, ҳолсизланиш, совуқ терга ботиш, қулоқда шовқин пайдо бўлиши, кўнгил айниши, оёқларнинг титраши билан бирга кузатилади. Одатда, бу белгилар руҳий зўриқишдан сўнг кучаяди. Бундай беморлар баландликдан қўрқишади. Шунинг учун ҳам улар балкондан, баланд кўприкдан ёки томдан пастга қарамасликка ҳаракат қиладилар. Чунки бундай пайтда бош айланиши кучаяди.

  • Одам сиқилганда боши айланадими?

Айтиб ўтганимиздек, тез асабийлашадиган одамларда руҳий жароҳатлар бош айланишга сабабчи бўлади. Бундай ҳолатлар психоген бош айланиш деб юритилади. Улар жойлашган вазият бир оз ўзгарса-да, бош айланиш кучайиб кетади. Масалан, баланд қаватли бинода яшайдиган бир бемор ундан бир қават тепада яшайдиган қўшнисиникига чиқиб, балкондан пастга қараганда боши айланиб, гандираклаб кетган, кўнгли айниган, коридорга кирганда эса камайган ва бир оздан сўнг тўхтаган. Шуниси эътиборлики, психоген бош айланишда бемор лифтдан кўра зинапоядан кўтарилишни афзал кўради. Аксарият ҳолларда қўрқув ва хавотир кузатилади.

Бемор фақат баландликдан қараганда эмас, балки автомобиллар қатнови тез бўлган катта йўлга қараганда ҳам бош айланиши пайдо бўлади ёки кучаяди. Бундай ҳолатларда бемор катта тезликда ўтаётган автомобилларга қарамасликка ҳаракат қилади ёки оёқларининг остига қараб қадамларини назорат қилиб юради. Ана шунда бош айланиши камаяди. Катта залларда олиб бориладиган мажлислар ёки узоқ давом этувчи дарсларда ҳам беморда бош айланиши авж олади. Талабаларда имтиҳонларга берилиб тайёргарлик кўриш, илмий ходимлар ва ёзувчиларнинг тинмай асарлар ёзиши ёки ҳар қандай соғлом одамда кузатилиши мумкин бўлган ортиқча ақлий зўриқишлар ҳам бош айланишига туртки бўлади.

  • Бош айланганда ҳушдан кетишлар ҳам бўлиб турадими?

Бош айланиши аксарият ҳолларда қисқа вақтга ҳушдан кетиш (синкопе) билан кечади. Тез-тез ҳушдан кетиб турадиган беморнинг бош мия қон томирлари текширилганда, уларда томирлар тонусининг ўта даражада пасайганлиги ёки ўзгарувчанлиги аниқланади. Синкопе ҳолатлари чуқур-чуқур нафас олганда, қон босим пасайганда ва юрак касалликларида ҳам юз беради. Узоқ пайт ётиб қолган бемор горизонтал ҳолатдан вертикал ҳолатга ўтса, бош айланиши юз беради, яъни қон босим бирдан тушиб кетади. Бу ҳолат, айниқса, қон босими паст юрадиганларда яққол намоён бўлади. Невролог олимлардан бири Оппенгейм (1894) “Ҳар бир киши ўзида бош айланишини юзага келтириши мумкин, агарда у мувозанат ва бош айланиши ҳақида ўйлайверса” деган эди.

  • Врач хатоси бош айланишга сабабчи бўладими?

Баъзан бош айланишига сабаб врач хатоси ҳам ҳисобланади. Бундай пайтларда ятропатия ҳақида сўз боради. Ятропатия тиббиёт ходимининг нотўғри хатти-ҳаракати ёки бехосдан айтиб қўйган сўзи оқибатида беморда юзага келадиган турли касалликдир. Шунинг учун ҳам бемордаги касаллик аломатларини жуда хавфли деявериш керак эмас.

Шахсий кузатувимдан бир мисол келтираман. Узоқ йиллардан буён қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишлайдиган ва тез-тез асабийлашадиган аёлда қаттиқ ҳиссий зўриқишдан сўнг бош айланиши аломатлари пайдо бўлади. У шу даража кучли бўладики, ҳатто тик туриши учун бир қўлидан қизи, иккинчисидан эса турмуш ўртоғи ушлаб турган.

Бу беморга ўзи ишлайдиган поликлиникада “Меньер касаллиги” деб ташхис қўйилади. Ташхис бир неча бор ўзгартирилади. Бундай касаллиги бор беморларни бир неча марта ўзи ҳам кўрган ва анкеталар очган ҳамширада бу касалликнинг яққол белгилари намоён бўла бошлайди.

У невропатологга кўринмасдан, уч йил мобайнида ЛОР врачларда даволаниб юради. Бош айланиши хуружлари тез-тез кузатилиб турадиган бу бемор бора-бора жуда жаҳлдор, арзимаган нарсага йиғлайверадиган ва депрессия ҳолатига тез тушадиган бўлиб қолади.

Бемор миясига “Меньер касаллиги”ни шу даражада сингдириб олгандики, ҳар бир руҳий сиқилишдан сўнг, унда худди Меньер касаллигига ўхшаш белгилар пайдо бўлаверган. Психотерапевтик муолажалар етарлича ўтказилмаганлиги учун даволаниш жараёни жуда чўзилган. Бир сўз билан айтганда, беморда ятропатия ривожланган эди.

Навбатдаги хуруждан сўнг беморга невропатологга кўриниш тавсия қилинади ва бизга юборилади. Унинг касаллик ва ҳаёт анамнези билан танишиб чиқиб, унда неврологик ва психологик текширувлар ўтказдим ва яна бир бор ЛОР врачлари билан маслаҳатлашиб, “Меньер касаллиги”ни инкор қилдим.

Барча текширувлардан сўнг беморга “Меньер синдроми кўринишидаги ниқобланган депрессия” ташхиси қўйилди, яъни ҳақиқий “Меньер касаллиги” инкор қилинди. Беморнинг ҳамширалиги эътиборга олиниб, унга бу атамалар фарқини тушунтирдим. Буларнинг ҳаммаси ҳамширага катта ижобий таъсир кўрсатди ва у энди даволаш муолажаларига катта ишонч билан қарай бошлади. Ўтказилган махсус даволаш муолажаларидан сўнг бемор тузалиб кетди.

Эслаб қолинг. Бош айланиши деярли ҳар доим қайсидир касаллик белгиси ёки руҳий-ҳиссий зўриқишлар аломати ҳисобланади. Сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам врач тавсиясига кўра иш тутинг.

Бундай турдаги бош айланишларни фақат невропатолог эмас, балки тиббий психолог ҳам самарали даволайди.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив