Янгиликлар » Энциклопедия » БЎЙИН НЕРВЛАРИ ПАТОЛОГИЯСИ

БЎЙИН НЕРВЛАРИ ПАТОЛОГИЯСИ


Бўйиннинг биринчи ва иккинчи нервлари бўйин чигалини ҳосил қилишда қатнашмайди. Улар бевосита краниоцервикал соҳа мускуллари ва терисига боради.

Бўйиннинг биринчи нерви (n. cervicalis primus). Бу нерв (С1) ҳаракат толаларидан иборат бўлиб, умуртқа каналидан энса суяги ва атлант орасидаги ёриқ орқали чиқади. Нерв умуртқа артерияси эгатчасида a. vertebralis билан ёнма-ён туриб, ташқарига чиқади ва олдинги ҳамда орқа тармоқларга бўлинади. С1 нервнинг олдинги тармоғи умуртқа поғонасининг олдинги ён юзасига ўтиб олади ва mm. rectus capitis anterior et lateralis ни иннервация қилади. Бу мускуллар бошни ён томонларга бурайди ва олдинга букади. С1 нервнинг орқа тармоғи n. suboccipitalis (энсаости нерви) деб аталади. Бу нерв mm. recti capitis major et minor, m. semispinalis capitis, mm. obliqui capitisларни иннерва­ция қилади. Бу мускулларнинг функцияси бошни орқага қайириш ва ён томонларга буришдан иборат.

Патологияси. С1 нерви краниоцервикал жароҳатларда кўп зарарланади. Унинг инфекцион зарарланиши жуда кам учрайди. Бу нерв таъсирлантирилса, бошнинг клоник титрашлари рўй беради. Нерв бир томонда таъсирланса, бош ўша томонга буралиб, унда клоник титрашлар кузатилади. Агар С1нерв икки томонда ҳам таъсирланса (атлант жароҳатларида кўп кузатилади), бош гоҳ бир томонга, гоҳ иккинчи томонга буралиб титрай бошлайди, яъни буралувчи клоник титрашлар пайдо бўлади.

Бўйиннинг иккинчи нерви (n.cervicalis secundus). Бу нерв (С2) бўйиннинг биринчи ва иккинчи умуртқалари орасидан чиқади ва орқа тармоқларга бўлинади. С2 нервнинг олдинги тармоғи бўйин чигалини ташкил қилишда иштирок этади. Орқа тармоғи атлантнинг орқа қисмидан чиқади ва 3 та, яъни кўтарилувчи (ramus ascendens), тушувчи (ramus descendens) ва энсанинг катта нерви (n. occipitalis major) шохчаларга бўлинади.

Энсанинг катта нерви. С2 нервнинг йирик тармоғи ҳисобланади ва унинг патологияси кўп учрайди. Асосий этиологик омиллар – булар инфек­ция, остеохондроз, спондилоартрит ва травматик жароҳатлар. N. occipitalis major юқорига йўналиб энсанинг ташқи дўнглиги ёнида трапециясимон мус­кул пайини тешиб ўтади ва майда шохчаларга бўлинади. Унинг шохчалари энса ва тепа соҳалари терисини иннервация қилади. Бу нерв зарарланиши энсанинг катта нерви невралгияси деб аталади. Касаллик клиникаси, асо­сан, бошнинг энса ва тепа соҳаларида хуружсимон санчувчи оғриқлар би­лан намоён бўлади. Оғриқлар шамол текканда, бошни ён томонларга бурганда ва олдинга энгаштирса кучайиб кетади. Шунинг учун беморлар бошини қимирлатмасдан, уни бироз орқага ва зарарланган ён томонга оғдириб ту­ради. Оғриган нуқтани аниқлаш учун сўрғичсимон ўсимта ва ташқи энса дўнглиги орасидан ўтувчм чизиқнинг ўртасини (нерв чиқадиган жой) босиб текшириш керак.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив