Янгиликлар » Энциклопедия » БЎЙИННИНГ СПАСТИК ҚИЙШАЙИШИ

БЎЙИННИНГ СПАСТИК ҚИЙШАЙИШИ


Бўйиннинг спастик қийшайиши (цервикал дистония, тортиколлис) – бошнинг ихтиёрсиз равишда ва стереотип тарзда ён томонга секин буралиши билан кечувчи касаллик. Бу пайтда бош бироз олдинга оғади ёки орқага қайрилади. Касаллик ҳар қандай ёшда бошланиши мумкин, бироқ у 30–40 ёшларда кўп учрайди. Аёлларда бироз кўп кузатилади.

Этиологияси. Церкивал дистония полиэтиологик касаллик бўлиб, унинг ривожланишида наслий омиллар, болалик даврида ўтказилган пўстлоғости инфекциялари, айниқса, стрептококкли инфекциялар етакчи ўринни эгаллайди. Бу касаллик баъзида зимдан ривожланиб келаётган наслий экстра­пирамидал дегенерациялар, торсион дистониялар, гепатолентикуляр деге­нерация ва пароксизмал дискинезияларнинг дастлабки клиник белгиси бўлиб ҳам чиқади. Шунингдек, краниоспинал ўсмалар ёки аневризмалар XI нервни таъсирлантирса ҳам тортиколлис ривожланади. Касаллик патогенези тўлиқ ўрганилмаган.

Патоморфологияси. Экстрапирамидал ядроларда ҳар доим ҳам органик ўзгаришлар аниқланавермайди. Базал ганлияларда, айниқса, тарғил танадаги (corpus striatum) ўзгаришларни ҳам ушбу касаллик учун специфик деб бўлмайди. Шу боис, мутахассислар цервикал дистония ривожланишида дофаминергик системанинг транзитор дисфункциясига алоҳида урғу беришади. Чунки кўп ҳолларда касаллик сабаби аниқланмай қолади. Бундай ҳолатлар идиопатик цервикал дистония деб аталади.

Клиникаси. Бўйиннинг спастик қийшайиши, яъни тортиколлис мускуллар дистониясининг кўп учрайдиган тури ҳисобланади. Касалликнинг асосий белгиси – бу бошнинг ихтиёрсиз тарзда ён томонга секин буралиб қайрилишидир. Бу ҳолат, асосан, m. sternocleidomastoideus ва m. trapezius қисқариши сабабли рўй беради. Баъзида бошнинг буралиши титроқлар, яъни клоник ҳаракатлар билан, гоҳида ҳеч қандай титроқсиз вужудга келади. Тортиколлис хореик гиперкинезларга ўхшаб тартибсиз ҳаракатлар билан эмас, балки бир хил, яъни стереотип буралишлар билан намоён бўлади. Айтиш жоизки, бўйиннинг спастик қийшайиши фақат бир томонда кузатилади. Тортиколлис тинчланганда камаяди ёки ўтиб кетади, ухлаганда йўқолади.

Баъзи беморларда бўйиннинг ён томонларга буралиши бироздан сўнг ўтиб кетса, бошқа бирларида узоқ вақт сақланиб қолади. Бизнинг назоратимизда турган 34 яшар Ш. исмли бемор бўйнининг ён томонга буралишини шундай таърифлаб берган: "Худди кўринмас бир куч бошимни бир томонга зўрлаб буради, яъни қайиради. Мен икки қўлим билан қаршилик кўрсатиб бошимнинг буралишига йўл қўймайман ва уни яна аввалги ҳолатига қайтараман. Бироқ кўринмас куч бошимни яна буриб қўяди ва бунга менинг кучим етмай қолади. Бошимни ён томонга бураган ва қайирган куч уни ушлаб тураверади. Менда бошим қачон ўз ҳолига қайтишини кутишдан бошқа илож қолмайди".

Касаллик зўрайган ҳолатларда бўйин мускулларининг бир томонлама спастик қисқаришлари бир кунда бир неча бор кузатилади ва ҳафталаб давом этади. Бемор бошини иккала қўли билан ҳар доим ушлаб юради, уялганидан бўйнини рўмол ёки шарф билан боғлаб олади. Баъзи беморлар ёз пайтлари ҳам бўйнини нима биландир ўраб юришади. Чунки иссиқлик бироз бўлса-да, мускуллар спазмини камайтиради. Бемор қўллари билан бошини тўғриламоқчи бўлса, у баттар қийшая бошлайди ёки қотишган мускулларда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Шу ерда қизиқ бир ҳолатни айтиб ўтиш керак. Агар бемор спастик тарзда бир томонга буралиб қолган бошини иккала қўли билан ушлаб яна жойига қайтармоқчи бўлса, бу уриниш наф бермайди. Бу ҳолатни врач амалга оширишга уринса ҳам самараси кам бўлади. Аммо бемор иккала бармоғи билан иягини оҳиста тутиб, боши билан гўёки маъқулловчи ҳаракатларни амалга оширса, бурилган бош яна жойига қайтади. Демак, "қайсар бўйинни" зўрлаб эмас, балки алдаштириб бошқариш мумкин. Узоқ вақтдан буён касалланиб юрганларда m. sternocleidomastoideus ва m. trapezius гипертрофияга учрайди.

Тортиколлис намоён бўлиши ва кечишига қараб, унинг 4 даражаси фарқланади (8.8-жадвал).

 

8.8-жадвал. Тортиколлис даражаси (Кандел бўйича, 1981).

Даражаси

Клиник белгилари

Енгил

Тортиколлис фақат юрганда, жисмоний меҳнатда ва ҳиссий зўриқишларда вужудга келади. Бемор бўйнини турли томонларга бемалол ҳаракатлантира олади. Меҳнат фаолияти сақланган бўлади.

Уртача

Тортиколлис нафақат юрганда, балки тинч ҳолатда ҳам пайдо бўлади. Бемор қўлларининг ёрдамисиз бурилган бошини яна жойига қайтариши мумкин, бироқ уни шу ҳолатда узоқ ушлаб тура олмайди. Меҳнат фаоли­яти ҳам чекланади.

Оғир

Бемор бошини бир ёки иккала қўли билан доимо ушлаб юради. Бурилган бошини фақат қўллари ёрдамида жойига қайтариши мумкин. Ўзини эплаш кескин камаяди, меҳнат фаолияти деярли йўқолади.

Ута оғир

Бемор бурилган бошини қўллари билан ҳам жойига қайтара олмайди. Қотишган ва гипертрофияга учраган бўйин мускулларида оғриқлар ку­затилади. Бўйин мускулларининг спастик ҳолати тинч ҳолатда ҳам пасаймайди. Ўзини эплашда жуда қийналади, меҳнат фаолияти бутунлай йўқолади.

 

Ўрта даражадаги спастик қийшайишларда бир неча кундан сўнг беморнинг аҳволи яна яхшиланади, яъни спастик қийшайишлар тўхтайди. Лекин бир неча кун ёки ҳафтадан сўнг ташқи таъсирлар остида, яъни стресс, та­на ҳарорати кўтарилиши ёки ортиқча жисмоний ҳаракатлардан сўнг бўйин қийшайиши яна такрорланади. Баъзида ҳеч қандай сабабсиз бўйин яна спастик тарзда қийшая бошлайди. Масалан, эрталаб уйғонган бемор яна бўйнининг қийшайиб қолганини кўради. Бу, албатта, беморнинг кайфиятини тушириб юборади ва психологик тарангликни юзага келтиради. Стресс – ҳар до­им касалликнинг қўзғалишига туртки бўлувчи хатарли омил. Шунинг учун ҳам бундай беморларга рационал психотерапия ўтказиш ўта муҳим. Акс ҳолда бош қийшайган ҳолатда узоқ вақт, баъзан йиллаб қолиб кетиши мумкин. Бўйиннинг спастик қийшайишида баъзан блефароспазм, оромандибуляр дистония ва юз гемиспазми кузатилади.

Ташхис. Ташхис, асосан, тортиколлисга хос бўлган клиник симптомлар ва уларнинг кечишига қараб қўйилади. Касалликка хос лаборатор ва МРТ белгилар йўқ. Бу текширувлар фақат қиёсий ташхис учун ўтказилади.

Қиёсий ташхис. Қиёсий ташхис психоген гиперкинезлар, тиклар, идиопатик торсион дистониянинг бошланғич даври, нейролептик синдром ва гепатолентикуляр дегенерация билан ўтказилади. Шунингдек, XI нерв илдизчасини қўзғовчи краниоспинал ўсмалар, атланто-аксиал соҳа аномалиялари, вертеброген дископатиялар ва бўйин миозити ҳам тортиколлисни юзага келтириши мумкин.

Кечиши ва прогноз. Тортиколлис, асосан, тўлқинсимон кечувчи касаллик, яъни у бир тўхтаб, бир қайталаб туради. Кам ҳолларда, яъни ҳар бешинчи беморда касаллик бутунлай ўтиб кетади. Тортиколлис баъзан торсион дистонияга ўтади. Бундай пайтларда бемор даволовчи врачни асоссиз равишда айблаши мумкин. Чунки тортиколлис узоқ давом этувчи торсион дистониянинг бошланғич белгиси бўлиши ҳам мумкин.

Даволаш. Беморни даволашда, асосан, клоназепам, баклофен, карбамазепин, рисперидон, сулпирид (эглонил), тизанидин, азалептин, этаперазин, пимозид ва таркибида L-ДОФА сақловчи дорилар (наком, мадопар) тавсия этилади.

Клоназепам (антелепсин) кунига 0,5–1 мг дан берилади. Кейинчалик унинг дозаси кунига 6–8 мг га етказилади. Клоназепам дастлабки кунлари кучли уйқучанлик ва координация бузилишларини юзага келтиради. Лекин 3–5 кундан сўнг дорининг ушбу ножўя таъсирлари камаяди ва ўтиб кетади. Бу ҳақда бемор огоҳлантирилиши керак. Акс ҳолда у дорини ичишдан воз кечиши ёки тўхтатиб қўйиши мумкин. Аксарият ҳолларда кунига 2–4 мг клоназепамнинг ўзи етарлидир. Клоназепам билан биргаликда баклофен ҳам кунига 40–60 мг дан ичишга берилади. Бу иккала дори биргаликда тавсия қилинса, самараси юқори бўлади.

Азалептинни кунига 25–50 мг, тиапирид 300–500 мг, пимозид 2–4 мг, этаперазинни 10–60 мг дозада ичиш тавсия этилади. Тремор билан на­моён бўладиган тортиколлисда анаприлин кунига 100–200 мг дан ичишга берилади. Шунингдек, диазепам, феназепам каби седатив дориларни ичиш ҳам буюрилади.

Кучли ва узоқ давом этувчи тортиколлисларда ботулотоксиннинг локал инъекцияси (ботокс) қилинади. Бу усул деярли ҳар доим ижобий натижа беради. Ботокс 10–40 нг дозада спастик қотган мускулга қилинади ва ҳар ҳафтанинг бошида такроран қилиниши мумкин. Бу муолажани ботокс инъекциясини қилиш техникасини яхши биладиган врач амалга ошириши керак. Баъзида битта инъекциянинг ўзи етарли. Кейин яна бошқа дорилар билан даволашга ўтилади. Консерватив даволаш муолажалари ёрдам бермаса, нейрохирургик усуллар қўлланилади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив