Янгиликлар » Энциклопедия » БОШ МИЯ ЭХИНОКОККОЗИ

БОШ МИЯ ЭХИНОКОККОЗИ


Эхинококкнинг (echinococcus granulosus) асосий хўжайини йиртқич сут эмизувчилар, яъни ит, бўри ва чиябўридир. Вояга етган чувалчанглар асосий хўжайиннинг ингичка ичагида ҳаёт кечиришади ва шу ерда кўпайишади. Эхинококкнинг охирги етилган бўғимлари умумий танадан узилиб, асосий хўжайин организмидан ташқарига чиқади ва унинг жунида ўрмалаб юриб жуда кўп тухум қўяди. Оралиқ хўжайини ўтхўр сутэмизувчилар, яъни қўй, эчки, қорамол, туя, от ва одамдир. Одам, кўпинча эхинококкни итдан юқтиради.

Этиологияси. Эхинокок тухумлари инсон организмига ифлосланган сабзавотлар, кўкатлар, яхши пиширилмаган гўшт, ариқ суви ва пиширилмаган сут ичганда юқади. Одам итни силаганда ҳам унинг жунига ёпишиб қолган тухумлар бехосдан одам организмига тушиши мумкин. Организмга тушган тухум қобиғи ошқозон кислотаси таъсирида эрийди. Тухумдан чиққан эмбрионлар ичак деворини тешиб қон ва лимфа орқали барча аъзоларга тарқалади. Улар, кўпинча, жигар ва ўпкада ушланиб қолишади. Жуда кам ҳолларда бош мияга ўтишади. Бу аъзоларда эмбриондан эхинококк пуфакчалари ҳосил бўлади. Қаттиқ хитин парда билан қопланган пуфакчалар ичида янтар кислотадан иборат сарғиш суюқлик бўлади. Эхинококк пуфакчалари бир ёки кўп камералидир. Бу пуфакчалар, кўпинча бош миянинг пешона қисми ва пўстлоғости тугунлари соҳасида жойлашади. Бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи ва мия пардалари кам зарарланади. Кам ҳолларда эхинококк пуфакчалари мия қоринчаларига ўтади. Эхинококк пуфакчалари товуқ тухумидан ҳам катта ҳажмга етиши мумкин. Пуфакчалар атрофида реактив яллиғланиш реакцияси ривожланади.

Клиникаси. Эхинококкоз, кўпинча, болалик даврида юқади ва унинг клиник белгилари пайдо бўлгунча 10–20 йил ўтади. Демак, паразит шунча йил одам организмида яширин ҳаёт кечиради. Бу давр касалликнинг латент даври ҳисобланади. Эхинококкоз клиникаси бош мия ҳажмли жараёнини эслатади. Касаллик клиникаси зўрайиб борувчи гипертензион синдром, эпилептик хуружлар ва ўчоқли неврологик симптомлар билан намоён бўлади. Психоэмоционал ва психовегетатив бузилишлар, яъни жиззакилик, уйқу бузилиши, бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниш, апатия ва тез чарчаб қолиш каби белгилар пайдо бўлади. Когнитив бузилишлардан паришонхотирлик, хотира бузилишлари ва баъзида деменция ривожланади. Эпилептик статус, окклюзион гидроцефалия ва Брунс синдромининг бехосдан пайдо бўлиши, беморнинг тўсатдан вафот этишига сабаб бўлади.

Ташхис. Эрта ташхис қўйиш анча мушкул. Бошқа паразитар касалликлар (токсоплазмоз, цистицеркоз) каби эхинококкознинг ҳам специфик невроло­гик симптомлари бўлмайди ва инфекция узоқ йиллар латент ҳолатда бўлади. Тўғри ташхисни аниқлашда эпидемиологик анамнез ҳам муҳим аҳамиятга эга. Лаборатор текширувлардан қонда эозинофилия, баъзида анемия, ликворда эса плеоцитоз, эозинофилия ва янтар кислотаси аниқланади, оқсил реакциялари синамаси мусбат бўлади. ИКГ ривожланган пайтларда ликвор катта босим билан чиқиши мумкин. Лаборатор текширувлардан серологик тестлар, яъни ИФА кўп қўлланилади.

Бош мия эхинококкози ташхисини қўйишда краниография, КТ ёки МРТ текширувлари ҳам ўтказилади. Бу касалликда ўпка ва жигар УТТ ва МРТ ёрдамида текширилиши лозим. Чунки эхинококкоз, кўпинча жигар ва ўпкада қўним топади.

Даволаш. Худди ички аъзолар эхиноккокози каби бош мия эхинококкози ҳам хирургик усуллар билан даволанади. Бунда эхинококк пуфакчала­ри олиб ташланади. Агар хирургик операция ўтказиш имкони бўлмаса, медикаментоз даволаш муолажалари қўлланилади. Беморга альбендазол 400 мг (ёки 7,5 мг/кг) дан кунига 2 маҳал ичиш учун берилади. Дори 28 кун давомида ичилади, 14 кун танаффус қилиб яна шундай даволаш курси 2–3 марта қайтарилади. Шунингдек, мебендазол (вермокс) ҳам кунига 50 мг/кг дозада тавсия этилиши мумкин.

Прогноз. Касаллик прогнози эхинококк пуфакчасининг катталиги, неврологик асоратлари ва даволаш усулларига боғлиқ. Жигар ва ўпканинг зарарланиши прогнозга салбий таъсир кўрсатади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив