Янгиликлар » Энциклопедия » МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?


Менингоэнцефалит – бош мия пардалари ва мия тўқимасининг яллиғланиш касаллиги. Касаллик белгиларининг қай тарзда намоён бўлиши бош миянинг қай даражада яллиғланганига боғлиқ.

Сабаблари. Менингоэнцефалит вирусли инфекциялардан сўнг ривожланади. Бу касаллик турли ёшда учрайди, бироқ энг кўп касалланиш болалик даври учун хос.

Белгилари ва кечиши. Касаллик аксар ҳолларда ўткир бошланади. Бирор-бир вирусли инфекциядан сўнг беморнинг тана ҳарорати кўтарилиб, ҳуши йўқола бошлайди. Оёқ-қўллардаги фалажликлар, нутқ ва эшитишнинг бузилиши, тутқаноқ хуружлари, кўз ҳаракатлари чегараланиши ушбу касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади.

Давоси. Менингоэнцефалитга чалинган беморлар реанимация ва неврология бўлимларида даволанишади. Даволаш интенсив тарзда олиб борилади.

Асорати. Менингоэнцефалит ўтказган болаларда ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиш, турли хил фалажликлар, тутқаноқ хуружлари ва эшитиш бузилишлари каби асоратлар қолади. Бундай болалар невропатолог назоратида бўлишлари лозим.

Прогноз. Тез ва малакали кўрсатилган тиббий ёрдам асоратсиз тузалиш гаровидир. Ҳар бир ота-она тана ҳарорати кўтарилган болага зудлик билан шифокор чақириши лозим. Баъзи ота-оналар иссиғи ошган болага шифокор чақирмасдан эртанги кунни кутишади, болага фақат суюқлик ичириб ўтиришади ёки тана ҳароратини туширувчи укол билан чегараланиб қолишади. Бундай бефарқлик бир неча соат ичида менингит ва менингоэнцефалит ривожланиши билан тугалланади. Бир кунлик бефарқлик сабабли болангиз бир умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Нима қилиш керак? Ҳар кимнинг уйида термометр бўлиши лозим. Ҳолсиз ётган, кўп ухлаётган ва иштаҳаси йўқолган болада тана ҳарорати ошган бўлиши мумкин. Бундай пайтда термометр қўйишга эринманг. Бир ёшгача бўлган болаларда баъзан буни аниқлаш қийин бўлади. Тана ҳарорати ошдими, дарров уйга врач чақиринг!

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив