Янгиликлар » Энциклопедия » Пешонада кучли оғриқлар

Пешонада кучли оғриқлар


Шу ерда пешона ва кўз атрофларида кузатиладиган ўта кучли бош оғриғи хуружлари ҳақида тўхталиб ўтсак. Тиббий тилда “кластер цефалгия” деб аталмиш ушбу бош оғриқлар, асосан, бошнинг бир томонида, яъни кўз соққаси ва пешона-чакка соҳасида кузатилади. Бу оғриқларнинг бир жойда тўпланиб кузатилгани учун ҳам у тутамли бош оғриқ деб аталади. Кластер цефалгия Хортон синдроми номини ҳам олган. Бу касаллик эркакларда кўп учрайди.

Оғриқ хуружлари бошнинг маълум бир қисмида, яъни бир жойга тўпланиб кузатилганлиги учун “тутамли” атамаси қўлланилади. Демак, кластер цефалгияда оғриқлар бир жойга тўпланган ва чегараланган бўлади. Оғриқ хуружлари тўсатдан бошланади ва 10-15 дақиқа ичида кучайиб кетади. Оғриқлар ўртача 45-60 дақиқа давом этади, кам ҳолларда 2 соатгача чўзилади. Оғриқлар ҳар доим бир томонда вужудга келади. Оғриқ шу даражада кучли бўладики, оғриётган жойга ўткир тишли ва куйдирувчи темирни тиқиб бурагандек туюлади. Бемор бу азобга чидай олмай, оғриган жойини кафти билан ёпиб, ўтириб қолади. Оғриқ хуружлари бир кунда 3-4 марта такрорланади ва асосан куннинг иккинчи ярмида кечга яқин қўзғайди. Баъзида бемор тунги уйқу пайтида оғриқ хуружидан уйғониб кетади, баъзида эса эрталаб уйғонгандан кейин оғриқ пайдо бўлади. Оғриқ хуружи пайтида беморнинг бир кўзи қизариб кетади, ёш оқаверади, бурни битади ва суюқлик оқади. Бу белгилар хуруж тутган томонда пайдо бўлади. Оғриқ хуружлари спиртли ичимликлар ичганда, стресс пайтида тез қўзғайди.

Қандай даволаш керак? Даволаш невропатолог томонидан олиб борилади. Бундай беморларга кавинтон каби қон томирини кенгайтирувчи дорилар бериш мумкин эмас. Оғриқ хуружлари пайтида таркибида эргоматин сақловчи ва оғриқни тез тўхтатувчи дорилар берилади. Бемор иссиқда юрмаслиги, спиртли ичимликлар ичмаслиги, тунда ишламаслиги, сигарет чекмаслиги керак. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, спортнинг енгил турлари билан шуғулланиш оғриқ хуружларининг енгилроқ кечишига замин яратади. 

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив