Янгиликлар » Энциклопедия » МИОПАТИЯЛАРДА ДАВОЛАШ ТАМОЙИЛЛАРИ

МИОПАТИЯЛАРДА ДАВОЛАШ ТАМОЙИЛЛАРИ


Миопатиялар билан беморларни самарали даволаш усуллари ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Генетик нуқсонларни бартараф этгандагина самара­ли даволаш ҳақида сўз юритиш мумкин. Бугунги кунда бундай имконият йўқ. Биз фақат ривожланиб бораётган миодистрофияни пасайтиришимиз мумкин, холос. Асосан фармакологик воситалар, физиотерапевтик муолажалар ва жисмоний машқлар, ортопедик мосламалар, хирургик операциялар ва психотерапевтик даволаш муолажала­ри қўлланилади. Оқсил ва витаминларга бой бўлган махсус парҳез белгиланади.

Фармакологик воситалар

  • Витаминлар ва поливитаминлар.
  • L-карнитин, коэнзим Q10, цитохром С .
  • Анаболик гормонлар (ретаболил ва б.қ.).
  • Калий препаратлари (калий оротат, панангин).
  • Антихолинэстераз дорилар (прозерин, нивалин, нейромидин).
  • Периферик қон айланишни яхшилаш учун трентал, нико­тин кислотаси, ксантинол никотинат.

Физиотерапевтик муолажалар ва жисмоний машқлар

  • Дорилар (прозерин, нивалин, кальций хлорид) электрофорези – синаптик ўтказувчанликни кучайтиради, мускуллар тонусини оширади, вегетатив бузилишларни пасайтиради.
  • Электромагнитостимуляция атрофияга учраётган мускулларга қилинади. Енгил электростимуляция мускуллар трофикасига ижобий таъсир кўрсатади.
  • Электровибромассаж енгил вибрациялар билан қилинади.
  • Натижада мускуллар фаоллиги ошади.
  • Дарсонвал атрофиялар кузатилаётган барча соҳаларга қилинади. Бу усул мускулларда микроциркуляцияни яхшилайди ва уларнинг фаоллигини оширади.
  • Олтингугурт, натрий хлорид ва радонли ванналар буюрилади. Улар бутун организмга ижобий таъсир кўрсатиб, иммунитетни оширади, периферик микроциркуляцияни яхшилайди.
  • Балчиқ билан даволаш (асосан, бўйин ва бел соҳаларига қўйилади).
  • Умуртқа поғонаси бўйлаб сувости уқалашлари, Шарко души.

Умумий уқалаш ва жисмоний машқлар – умуртқа поғонаси деформацияси ва мускул-бўғим контрактураларининг олдини олади ёки ривожланишини тўхтатади. Бу муолажалар мускуллар атрофияси ва контрактуралар билан кечадиган касалликларда уқалаш ва жисмоний машқлар ўтказиш тажрибасига эга бўлган мутахассис томонидан амалга оширилиши керак. Кучли уқалаш ва беморни чарчатувчи фаол машқлар мумкин эмас.

Ортопедик мосламалар ва хирургик операциялар

  • Оёқ панжаси деформациясини бартараф этиш ва беморнинг юришини енгиллаштириш учун махсус ортопедик пойафзаллар тайёрлаб кийдирилади.
  • Умуртқа поғонаси деформациясини коррекция қилиш учун мах­сус шина ва корсетлар тайёрланади. Бемор ҳар доим текис жойда ётиши керак.
  • Хирургик муолажалардан ахиллотомия ва миотомиялар қилинади.

Ушбу даволаш муолажалари беморнинг умумий аҳволи ва атрофия даражасига қараб ўзгартириб борилади. Атрофиялар зўрайиб бемор ҳаракатсиз бўлиб қолганда актив физиотерапевтик, ортопедик ва хирургик даволаш муолажаларини ўтказиш мумкин эмас. Бундай пайтда, асосан, умумий парвариш, парҳез ва қувватлантирувчи дорилардан фойдаланиш давом эттирилади.

Миопатиялар профилактикаси. Миопатиялар наслий касаллик бўлганлиги учун қариндош-уруғлар ўзаро оила қуриши асло мумкин эмас. Бу борада аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш УАШ нинг асосий вазифасидир. Яқин қариндошлар орасида ҳам, узоқ қариндошлар орасида ҳам оила қуриш тақиқланади. Агар шу ҳолатлар мавжуд бўлиб, уларнинг фарзандида миопатия ривожланса, бу оилани врач-генетик назоратга олиши керак. Она ҳомиладор пайтида боланинг жинсини аниқлаш ва ДНК тести ўтказиш генетик прогноз тузиш учун ўта муҳим.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив