Янгиликлар » Энциклопедия » МИЯДАН КЕТМАЙДИГАН ФИКРЛАР

МИЯДАН КЕТМАЙДИГАН ФИКРЛАР


Неврознинг бу тури қадимдан маълум бўлиб, унинг иккинчи номи – психастениядир. Психастения атамасини француз олими Пъер Жане таклиф қилган ва миядан кетмайдиган фикрлар бу касалликнинг асосий белгиси эканлигини таъкидлаган.

Агар тарихга бир назар ташлайдиган бўлсак, нев­растения, истерия ва психастениянинг клиник белгилари тўғрисида Шарқ олимлари (айниқса, Ибн Сино) рисолаларида кўп бор эслатиб ўтилган. Бир не­ча асрлардан сўнг деярли барча касалликлар сингари невроз ва психастениялар ҳам Европа олимлари томонидан системалаштирилди, уларга ном берилди ва таснифлари яратилди. Шунинг учун бўлса керак, биз Европа олим­лари томонидан яратилган дарсликларда Шарқ (Марказий Осиё, Хитой, Эрон, Ироқ ва ҳ.к.) олимларининг номларини жуда кам учратамиз.

Миядан кетмайдиган фикрлар неврознинг бир тури бўлиб, унинг учун психастеник белгилар жу­да хос, яъни доимий шубҳалар, қўрқув, мияга азоб берувчи ғоялар, турли ҳаракатлар ва интилишлар. Бемор бу фикрларнинг барчасидан қутулишга ҳаракат қилади, интилади, даво чораларини излайди, лекин бу уринишлар кўпинча зое кетади, уни мияга ўрнашиб қолган фикрлар қийнайверади. Миядан кетмайдиган фикрларнинг доимийлиги, такрорланувчанлиги ва улардан қутулишнинг ўта қийинлиги беморни қийин аҳволга солиб қўяди. Бу ҳолатларга бемор танқидий нуқтаи назар билан қарайди, уларнинг асосли эмаслигини, ғалати эканлигини тушунади, уларга бардош беришга интилади, лекин азоб берувчи фикрлар унинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда пайдо бўлаверади. Бемор уларни мустақил равишда енга олмайди.

  

Миядан кетмайдиган фикрларнинг яққол клиник кўринишлари – булар қўрқув (фобиялар) ва мияга ўрнашган турли ғоялар (обсессиялар). Фобия – бу хаёлдан кетмайдиган қўрқув. Унинг қуйидаги турлари фарқ қилинади: канцерофобия – ракка чалиниб қолишдан қўрқиш, кардиофобия   тузатиб бўлмайдиган юрак касаллигига чалинишдан қўрқиш, лисофобия руҳий хасталикка чалинишдан қўрқиш, клаустрофобия – ёпиқ жойдан қўрқиш (масалан, лифт кабинаси, кичик хона), агарофобия – аксинча, очиқ жойлардан қўрқиш ва ҳоказо. Баландлик, метрода юриш, бирор касаллик юқиб қолиши, ифлос бўлиш ва одамлар олдида сўзга чиқишдан қўрқиш ка-би симптомлар ҳам фобиялар учун хос.

Дастлабки қўрқув муайян вазиятларда пайдо бўлади ва у мияга ўрнашиб қолади. Масалан, бемор ҳамма ёқни кўриш учун томга чиқади ва пастга қараган заҳоти қўрқиб кетади, боши айланади, гўё пастга қараб, қулаб тушаётгандек хавфсирайди. Бунинг оқибатида баландликдан қўрқиш миясига ўрнашиб қолади ва кейинчалик у бошқа вазиятларда ҳам пайдо бўлаверади. Дастлаб қўрқув баландликка кўтарилиш эҳтимоли пайдо бўлганда, сўнгра ана шу баландликка кўтарилаётганда пайдо бўлади. Беморда баландликдан қўрқадиган вазиятлар борган сари кўпаяди. Эндиликда у лифтда юриш ва деразадан қарашдан қўрқади, ҳатто баландлик унча катта бўлмаганда ҳам чўчиб тушади.

Фобиялар пайдо бўлганда вегетатив симптомлар ҳам вужудга келади, яъни беморнинг юзи қизаради ёки ранги ўчади, оғзи қурийди, юраги тез-тез уради, артериал босим ўйнайверади, тер босади, кўз қорачиқлари кенгаяди ва ҳоказо.

Ички аъзоларнинг оғир касаллиги пайдо бўлишидан қўрқиш, одатда, психосоматик симптомлар билан бирга кечади, яъни бемор ўз саломатлигига ҳаддан зиёд эътибор қаратади. Масалан, бемор кардиофобияда юрак уришини эшитиб туради, томир уришини санайди ёки қон босимини ўлчайверади, ҳар сафар юраги нотўғри ишлаётганидан гумонсираб, терапевтдан ЭКГ қилиш ва пухта текширув ўтказишини илтимос қилади.

Касаллик хуружи қўзғаб қолишидан қўрқиб бемор йўлда одамлар бор жойдан юради, тиббиёт муассасаларига яқин бўлган йўлни танлайди, йўл-йўлакай дорихонага кириб туради, у ерда юрак дорилари ва тиббий ходимлар борлигини кўриб тинчланади.

Обсессиялар – мияга кетма-кет ёғилиб келаверадиган хаёллар. Улар беморнинг иродаси ва хоҳишига боғлиқ бўлмаган ҳолда қуйилиб келади, мияга ўрнашиб қолади. Бу хаёллар беморга оғир ботади, аслида ёқмайди ва улардан врач ёрдамисиз қутула олмайди. Масалан, бемор уйидан ташқарига чиққандан сўнг, унинг миясига эшикни қулфладимми, оловни ўчирдим­ми, сувни беркитдимми каби хаёллар ёғилиб келаверади. У уйига қайтиб киради, ҳаммаёқни қайта текширади, ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилгач, тинчгина кўчага чиқиб кетади. Уйдан бироз узоқлашган ҳалиги фикрлар яна пайдо бўлади ва у яна уйига қайтади. Бемор сиқилиб кетганидан йиғлаб юборади, ҳеч қаёққа чиқмай қўяди. Ўзида кечаётган бу аломатларга, албатта, бемор танқидий кўз билан қарайди ва улардан қутулишни хоҳлайди, лекин бунинг иложини топа олмайди.

Баъзан беморда мантиқ жиҳатдан бир-бирига зид бўлган хаёллар пайдо бўлади. Масалан, яқинлашиб келаётган машина тагига ўзини ташлаш истаги пайдо бўлади-ю, машина яқинлашганда бирдан қўрқиб кетиб, орқага тисарилади. Гоҳида беморнинг миясига ўзига ёки бошқа бировга пичоқ санчишдек фикрлар келади ва шу ишни қилиб қўймай деб, пичоққа яқин бормайди ёки уни беркитиб қўяди.

Невроз билан ўз вақтида даволанган бемор самарали натижа билан тузалиб кетади. Даволашда психотерапия, физиотерапия, рефлексотерапия, тинчлантирувчи дори воситалари ва гиёҳлардан кенг фойдаланилади. Баъ­зи ҳолларда яхши натижага эришиш бир неча ой ва ҳатто бир қанча йилларгача чўзилиб кетади. Айниқса, ипохондрия билан намоён бўлувчи невроз ва психастенияни бартараф этиш анча мушкул. Ремиссия билан кузатиладиган ҳолатлар ҳам бўлади, яъни бемор бир неча ой яхши бўлиб юради ва сўнг миядан кетмайдиган фикрлар яна пайдо бўлади.

Неврастения ва истерик невроздан фарқли ўлароқ, миядан кетмайдиган фикрлар сурункали кечишга мойил. Аксарият беморлар тузалиб кетганидан сўнг ҳам хурсанд бўлиш ўрнига, яна ўша касаллик белгилари қачон пайдо бўлишини кутиб яшашади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив