Янгиликлар » Энциклопедия » Мияча қандай вазифани бажаради?

Мияча қандай вазифани бажаради?


Мияча калла суягининг орқа энса чуқурчасида жойлашган бўлиб, унинг асосий вазифаси тана мувозанатини бошқаришдир. Мияча ҳам худди бош мия ярим шарлари каби иккита ярим шардан иборат. Уни катта миянинг кичик укаси ҳам дейишади. Миячанинг иккала ярим шари бир-бири билан бирлашган. Уларнинг бирлашган бу қисми чувалчанг деб аталади. Чунки у чувалчанг шаклига эга. Мияча ҳам худди бош мия катта ярим шарлари каби ташқи томондан пўстлоқ билан қопланган ва кулранг тусга эга. Миячанинг пўстлоқ нейронларидан чиқувчи нерв толалари унинг оқ моддасини ҳосил қилишда иштирок этади. Миячанинг оқ моддаси ичида жойлашган кулранг тусдаги тузилмалар мияча ядролари деб айтилади. Улар 4 жуфт бўлиб, тана мувозанати ва ҳаракатлар координациясини бошқаришда бевосита иштирок этишади.

Тана мувозанати деганда, мияча фақат тўғри юриш учун жавоб бераркан деб ўйламанг. Мияча зарарланганда оёқ-қўлларда фалажликлар бўлмаса-да, одамнинг бир маромдаги ҳаракат фаолияти издан чиқади. Чунки қоғозга оддий нуқтани қўйишдан тортиб, то инсон бажарадиган энг мураккаб йирик ишлар ҳам (масалан, самолётни бошқариш) мияча иштирокисиз амалга ошмайди. Бизнинг ҳуснихатимиз чиройлилиги, равон гапиришимиз, овқатланаётганда қошиқни бемалол оғзимизга олиб келишимиз, қулфга калитни тиқиб бемалол очишимиз, чойнак-пиёлаларни чиройли қилиб тахлаб қўйишимиз, геометрик фигуралар чизишимиз, борингки, мушаклар иштирокида бажариладиган ҳар бир ҳаракат мияча иштирокида бажарилади.

Мияча зарарланса нима бўлади? Маст одамнинг гандираклаб юришини албатта кўргансиз. Мияча зарарланса, одам худди маст одамдек гандираклаб юради, ғўлдираб гапиради ва ҳатто исмини ҳам ёза олмайди. Унинг қўлидан нарсалар тушиб кетаверади, эшик қулфига калитни тўғри тиқа олмайди, пиёладаги чойни оғзига олиб кела олмай тўкиб юборади, тугмасини тақа олмайди ва ҳ.к. Шунинг учун ҳам мияча ҳаракат фаолиятини координация қилади деб айтамиз. Бироқ мияча зарарланса, одам маст кишига ўхшаб ақлини йўқотмайди. Чунки миячада ақл марказлари жойлашмаган.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив