Янгиликлар » Мақолалар » ГИЙЕН-БАРРЕ СИНДРОМИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

ГИЙЕН-БАРРЕ СИНДРОМИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?


ГИЙЕН-БАРРЕ СИНДРОМИ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

“Гийен-Барре синдроми ҳақида маълумот берсангиз. У қандай касаллик?”

Севара ИЛҲОМОВА, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани

Гийен-Барре синдроми – нерв толасини ўраб турган миелин қобиғининг емирилиши билан кечувчи ўткир инфекцион касаллик бўлиб, асосан оёқ-қўлларнинг фалажлиги билан намоён бўлади. Ушбу касаллик 1916 йили француз невропатологлари Г.Гийен ва Ж.Барре томонидан аниқланган. Касаллик ҳар қандай ёшда аниқланади. Бироқ энг кўп касалланиш 20–40 ёшлар орасига тўғри келади. Касаллик иккала жинс эгаларида ҳам деярли бир хил учрайди.

Келиб чиқиш сабаблари

Гийен-Барре синдроми турли вирусли инфекциялар ва касалликлар сабабли ривожланади. Булар – грипп, қизамиқ, тепки касаллиги, герпетик инфекциялар, эмлашлар, нерв тизимига токсик таъсир кўрсатувчи кимёвий воситалар, нурланишлар, иммун тизим касалликлари ва ҳ.к.

         Белгилари қандай?

Касаллик оёқларда тезда зўрайиб борувчи фалажликлар билан бошланади. Баъзида фалажликлар бошлашидан бир неча соат олдин бел ва иккала оёқда кучли уюшишлар ва оғриқлар пайдо бўлади. Одатда фалажликлар бошланишидан олдин тана ҳарорати кўтарилади.

Касалликнинг ўзига хос белгилари

Гийен-Барре синдроми учун хос бўлган белги – бу пайдо бўлган аломатларнинг бирдан авж олиб кетишидир. Кўп ҳолларда бугун оёқларда пайдо бўлган фалажлик эртага қўлларга ўтади ва кейинги куни эса сўзлаш ва ютиш билан боғлиқ бўлган нервларни зарарлайди. Бу ҳолатни тиббиётда Ландри фалажлиги деб аташади. Баъзан эса ўткир бошланган касаллик белгиларининг тўла шаклланиши 2–4 ҳафтагача чўзилади, ундан кейин эса касаллик зўрайишдан тўхтаб, тикланиш даври бошланади.

Баъзан фалажликлар ва сезги бузилишлари бира тўла оёқларда ҳам, қўлларда ҳам пайдо бўлади. Фалажликлар қўлларга ўтганда, нафас олишни таъминловчи нервларни зарарлаши ҳисобига нафас олиш қийинлашиб, зотилжам ривожланиш ҳавфи юзага келади. Касалликнинг дастлабки кунлариёқ пай рефлекслари сўнади ва бемор оёқ-қўлларини қимирлата олмай ётади.

Давоси борми?

Гийен-Барре синдромига гумон қилинган ҳар қандай бемор шифохонага зудлик билан олиб келиниши лозим. Деярли 90-95 % ҳолатларда касаллик ривожланган куниёқ кўрсатилган малакали тиббий ёрдам беморни ҳеч қандай асоратларсиз тузалиб кетишига мезон яратади. Гийен-Барре ташхиси аниқланган беморларга асосан плазмаферез муолажаси (қонни вируслардан тозалаш) ва махсус иммуноглобулинлар билан даволаш ўтказилади. Шу жумладан, беморда аниқланган неврологик бузилишларга қарши индивидуал тарзда даволаш муолажалари белгиланади. Одатда 2-3 ой ичида беморлар тузалиб кетишади, бироқ баъзида тўла тикланиш жараёни 6–12 ой давом этади.

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ

тиббиёт фанлари доктори, профессор




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Мақолалар" бўлим бўйича