Юз нерви


Юз нерви (n. facialis VII жуфт) – аралаш нерв. Мимик мускулларни иннервация қилади. Ушбу толалар табиийки ҳаракат ядросидан бошланади. Шу боис баъзи адабиётларда VII нерв мотор нерв деб ҳам юритилади. Юз нервининг аралаш нерв деб айтилишига сабаб, унинг ядроси жойлашган жойдан бошлаб то for. stylomastoideum га қадар секретор, таъм ва соматик толалар йўлдош бўлади. Бу толалар мия устунида жойлашган алоҳида ядролардан бошланади, алоҳида толаларга эга ва мимик мускулларга мутлақо алоқаси йўқ бошқа тўқималарни иннервация қилади. Шунинг учун ҳам VII ва VIII нервлар орасидан ўтадиган ушбу нерв оралиқ нерв (n.intermedii Wrisbergi) номини олган. 
Юз нерви топографияси ва йўли. VII нерв ядроси Варолий кўприги тубида, унинг узунчоқ мия билан чегара қисмида ётади. Ушбу мотор ядродан бошланувчи толалар тепага кўтарилиб VI нерв ядросини айланиб ўтади. Ҳосил бўлган ярим айланага юз нервининг ички тиззаси дейилади (6.33-расм)
 
6.33-расм. Юз нерви

VII нервга Фаллопий канали ичига киргач, унга ёндош бўлган оралиқ нервдан 3 шохча ажралиб чиқади: 1) катта тошсимон нерв (n.petrosus superficialis major); 2) узангисимон нерв (n. stapedius); 3) ноғора тори (chordae tympani). VII нерв Фаллопий канали ичидан foramen stylomastoideum орқали чиқади ва бир қатор шохчаларга бўлинади. Бу шохчалар ғоз панжасини эслатади. 
Юқори мимик мускулларни ядронинг устки қисми иннервация қилади. Ядронинг бу қисми икки томонлама кортико-нуклеар иннервацияга эга. Пастки мимик мускулларни ядронинг пастки қисми иннервация қилади. Ядронинг пастки қисми қарама-қарши томондан бир томонлама кортико-нуклеар иннервация олади (расмга қаранг). Шу боис кортико-нуклеар йўлларнинг бир томонлама зарарланишида юқори мимик мускуллар фалажланмай қолади, пастки мимик мускуллар эса қарама-қарши томонда фалажланади.
XIII нeрв ядролари ва йўллари. N. intermedius ядролари, асосан узунчоқ мияда жойлашган бўлиб, n.glossopharyngeus ядролари билан умумий функцияга эга. Булар – якка йўл ядроси (nucl. tractus solitarii) ва юқори сўлак ажратувчи ядро (nucl. salivatorius superior).

Fallopiy kanalida oraliq nervdan ajralib chiqqan shoxchalar
  1. N.petrosus superficialis major. Ушбу нерв юқори сўлак ажратувчи ядродан бошланувчи парасимпатик секретор толалардан иборат. Уларнинг бир қисми, яъни n.lacrimalis кўз ёши бези (glandula lacrimalis), қолган қисми бурун ва оғиз бўшлиқлари безларига боради. Катта тошсимон нерв ва унинг толалари зарарланса, кўз ёши оқиши сустлашиб ксерофтальмия ривожланади. 
  2. N. stapedius. Бу нерв m.tensoris tympani антагонисти ҳисобланмиш узангисимон мускулга (m.stapedius) боради. Бу нерв зарарланса узангисимон мускул бўшашиб, товушларга  ортиқча қимирлайди ва гиперакузия юзага келади.
  3. Chordae tympani.  Таъм сезиш ва секретор қисмлардан иборат. Таъм сезиш қисми тилнинг олдинги 2/3 қисмини иннервация қилади. Секретор қисми жағости ва тилости безларига боради. Демак, сўлак ажралашини стимуляция қилувчи толалар нафақат n.petrosus superficialis major, балки chordae tympani таркибида ҳам мавжуд. 

Юз нервини текшириш усуллари
  1. Умумий кўрик. Дастлаб юзнинг симметрик тузилишига эътибор қаратилади. Нормада юз ва кўз ёриқлари, лаб бурчаклари симметрик бўлади. Бироқ тинч ҳолатда юзнинг симметриклиги ҳақида дарров хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Чунки юз мускулларининг енгил фалажлиги мимик синамаларни бажарган пайтда маълум бўлади. Шунингдек, турли хил гиперкинезлар (масалан, тиклар) бор-йўқлиги га ҳам эътибор қаратиш лозим.
  2. Мимик синамалар. Мимик синамалар юз нерви фалажлигини аниқлаб берувчи асосий синамалардир. Юқори ва пастки мимик синамалар фарқланади (6.28-расм).



6.28-расм. Юз нерви функциясини текшириш учун мимик синамалар

Юқори мимик синамалар – пешонани тириштириш, қошларни чимириш ва кўзларни чирт юмиш. Пастки мимик синамалар – лунжни ҳавога тўлдириш, лабларни чўччайтириш ва тишларни кўрсатиш. Нормада мимик синамалар симметрик бажарилади.
  1. Мимик мускуллар кучини текшириш. Бунинг учун бемордан галма-гал бир нечта мимик ҳаракатларни бажариш сўралади. Масалан, беморнинг чирт юмилган кўзларини врач бармоқлари билан очишга ҳаракат қилади, лунжини ҳавога тўлдириб шиширганда унинг иккала  томонидан бармоқлар билан босиб ҳавони чиқаришга уринади ва ҳ.к.  Мускуллар кучи иккала томонда бир хил бўлса, яъни пастки мимик  мускулларда фалажлик бўлмаса, бемор рўпарада турган шамни тўғри  пуфлаб ўчира олади.
  2. Таъм билишни текшириш. Таъкидлаб ўтилганидек, тилнинг олдинги 2/3 қисмида таъм билишни V ва VII нервларнинг парасимпатик ядролари таъминлайди. Таъм билишни текшириш усули юқорида ёритилган.
  3. Рефлексларни текшириш. Айтиб ўтганимиздек, корнеал рефлекс билан қош усти рефлексининг эфферент (ҳаракат) қисмини VII нерв таъминлайди. Шу боис бу рефлекслар V нерв зарарланганда ҳам, VII нерв зарарланганда ҳам йўқолади. Эслатиб ўтамиз: мандибуляр рефлекснинг VII нервга алоқаси йўқ. 

Зарарланиш симптомлари ва топик диагностикаси 
  1. Юз нерви ядроси ва унинг илдизчаси зарарланса, ўша томонда мимик мускулларнинг периферик фалажи ривожланади. Бунда юқори ва пастки мимик мускуллар фалажланади. Бу ҳолатга прозоплегия дейилади. Зарарланган томонда бирорта мимик синама бажарилмайди ва юз асимметрияси яққол кўзга ташланади. M. orbicularis oculi фалажланиши ҳисобига кўз яхши юмилмайди. Бундай ҳолатга лагофтальм (lagophtalmus) дейилади. Кўз яхши юмилмагани боис кўз ёши оқиши кучаяди. Кўзни юмаётганда кўз олмаси тепага кетиб қолишига Белл симптоми дейилади. Шунингдек, зарарланган томонда бурун-лаб бурчаги силлиқлашади, оғиз бурчаги қимирламайди, соғ томон эса тортиб кетади. M.orbicularis oris фалажи сабабли артикуляция бузилади ва хуштак чалиб бўлмайди. 
  2. Юз нерви мияча-кўприк бурчаги соҳасида зарарланса, шу ердан ўтувчи V, VI ва VIII нервлар зарарланади. Бу синдромнинг асосий белгилари – тригеминал оғриқлар, қўшилувчи ғилайлик, мимик мускуллар фалажи, эшитиш пасайиши, вестибуляр ва мияча атаксияси. 
  3. Фаллопий канали ичида юз нервининг n.petrosus superficialis major ажралиб чиқишидан тепа қисми зарарланса, мимик мускуллар фалажи, ксерофтальмия (n.petrosus superficialis major), гиперакузия (n. stapedius) ва тилнинг олдинги 2/3 қисмида таъм сезиш йўқолиши, яъни агевзия (chordae tympani) кузатилади. 
  4. Зарарланиш ўчоғи n.petrosus superficialis major ва n. stapedius  орасида жойлашса, мимик мускуллар фалажи, гиперакузия ва агевзия кузатилади, кўздан ёш оқиши кучаяди.  
  5. Зарарланиш ўчоғи n. stapedius ва chordae tympani орасида жойлашса, мимик мускуллар фалажи ва агевзия кузатилади, кўздан ёш оқиши кучаяди. 
6.35-расм. Юз нeрви қисмлари ва унга ёндош толалар: а – интракраниал қисми; b – интраканал қисми; v – экстраканал қисми; 1 – meatus acusticus internus; 2, 3– VIII нерв (pars cochlearis et vestibularis; 4 – XIII nerv (n. intermedius); 5 ва 6 – сўлак бeзларига борувчи парасимпатик толалар; 7 – n. petrosus superficialis major; 8 – n.stapedius; 9 – chordae tympani; 10 – foramen stylomastoideum. 11 – ғоз панжаси.
  1. Зарарланиш ўчоғи chordae tympani дан пастда жойлашса ёки юз нервининг for. stylomastoideum дан чиққан қисми зарарланса, фақат мимик мускуллар фалажи ва кўздан ёш оқиши кузатилади. Кўздан ёш оқиши кучайишининг асосий сабаблари – яхши юмилмаган кўзнинг шамол билан таъсирланиши ва пастки қовоқ осилиб қолиши ҳисобига canalis nazolacrimalis га ёшнинг етиб бормаслигидир.
  2. Патологик ўчоқ кўприкда жойлашган VII нерви ядроси ва шу ердан ўтадиган пирамидал йўлларни қамраб олса, альтернирлашган Мийяр-Гублер синдроми ривожланади. Бунда ўчоқ томонда мимик мускулларнинг периферик фалажи, қарама-қарши томонда марказий гемипарез кузатилади. 
  3. Агар VI ва VII нервлар ядролари бира тўла зарарланса, Фовилл синдроми ривожланади. Бунда ўчоқ томонда қўшилувчи ғилайлик, мимик мускулларнинг периферик фалажи, қарама-қарши томонда марказий гемипарез кузатилади. 
Эслатиб ўтамиз, юз нервининг периферик зарарланишида қош усти, корнеал ва конъюктивал рефлекслар сўнади. Бу рефлексларнинг афферент қисмини V нерв таъминласа, эфферент қисми VII нерв билан боғлиқ.  
Юқорида тилган олинган ҳолатлар юз нервининг периферик фалажи учун хос. Шунингдек, юз нервининг марказий фалажи ҳам фарқланади. Бундай ҳолат олдинги марказий пушта ва кортиконуклеар йўлнинг юз нерви ядросигача бўлган қисми (ички капсула, мия оёқлари, кўприкнинг устки қисми) зарарланганда кузатилади. Марказий фалажликда фақат қарама-қарши томонда пастки мимик мускуллар фалажланади.  


Манба: © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси    © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha