Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Юзаки сезги йўллари

Юзаки сезги йўллари


Уч нейронли ушбу йўллар орқали оғриқ, ҳарорат ва қисман тактил сезги импульслари ўтказилади. Спинал тугунда 1-нейрон танаси ётади. Ушбу биполяр нейроннинг дендритлари спинал нерв таркибига қўшилиб периферияга қараб йўналади, аксонлари эса орқа илдизча таркибида орқа шохга кириб тугайди (2.2-расм).
 
2.2-rasm. Юзаки сeзги йўллари: 1 – ganglion spinale; 2 – дeндрит; 3 – аксон; 4 – олдинги кулранг битишма; 5 – орқа кулранг битишма; 6 – орқа шох; 7 – ён устун;  8 – tr. spinothalamics lateralis; 9 – thalamus; 10 – tr. thalamocorticalis.

Орқа шохда 2-нейрон танаси ётади. Унинг аксонлари олдинги кулранг битишма орқали қийшиқ кесишиб 2-3 сегмент тепадан қарама-қарши томонга ўтади. Ён устунга тушган ушбу йўллар тепага кўтарилади ва таламусга бориб тугайди. Бу йўлга ён спиноталамик йўл (tr. spinothalamicus lateralis) дейилади. Чунки орқа мияда бошланиб, таламусда тугайди. 

Ён устунда спиноталамик йўллар қуйидаги тартибда жойлашади: тананинг пастки қисми ва оёқдан келаётган импульсларни ўтказувчи йўллар латерал жойлашиб ўтса, тананинг устки қисми ва қўллардан келувчи йўллар медиал жойлашиб ўтади. Бунга узун йўлларнинг эксцентрик жойлашуви, яъни Ауэрбах-Флатау қонуни дейилади. Айниқса, бўйин сегментларида бундай жойлашув яққол намоён бўлади.   
    
Ауэрбах-Флатау қонунини билиш топик диагностикада катта аҳамиятга эга. Масалан, орқа миянинг бўйин қисмида ён устунни ташқи томондан босаётган ўсма (экстрамедулляр) биринчи бўлиб эксцентрик жойлашган спиноталамик йўлларни босади. Бунинг оқибатида қарама-қарши томонда юзаки сезги бузилишлари дастлаб оёқда ва тананинг пастки қисмида аниқланади. Ён устунни ички томондан босаётган ўсма (интрамедулляр) эса биринчи бўлиб медиал жойлашган спиноталамик йўлларни босади ва, табиийки, юзаки сезги бузилиши қарама-қарши томондаги қўлда намоён бўлади.
    
Таламусда 3-нейрон танаси ётади. Унинг аксонлари (tr. thalamocorticalis) ички капсула орқа сонининг орқа 1/3 қисмидан ўтади ва орқа марказий пуштага бориб тугайди. Бу жой сезги анализаторининг марказий қисми ҳисобланади. 
     
Орқа марказий пуштанинг энг юқори қисмида оёқдан, ўрта қисмида тана ва қўлдан, пастки қисмида юз ва бош соҳасидан келган сезги импульслари қабул қилинади. Бу ҳолат Пенфильд жадвалида яхши тасвирлаб берилган

Манба:   © З. Ибодуллаев. Умумий нeврология. Дарслик. Тошкeнт, 2021.,312б
               © Ибодуллаев энциклопeдияси    © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha