ШАХС


Шахс индивидуаллиги билан таърифланади. Киши ўз жисмоний хусусиятларига кўра бошқаларга ўхшамайди, психологик нуқтаи назардан қараганда ҳам бир хил одам бўлмайди. Врач беморни ўрганаётиб, унинг шахсиятига ҳам эътибор беради, шу билан бирга бемор ҳам врач шахсини диққат билан кузатади. Шахснинг аниқ бир таърифини бериш мушкул.
       
Психологияда шахс ўзининг йўналганлиги ва қобилияти билан характерланади. Йўналганлиги дейилганда, одам эҳтиёжлари, қизиқишлари, истаклари, мойиллиги, эътиқоди, орзулари ва дунёқараши тушунилади. Замонавий, маданиятли кишиларнинг қизиқишлари турли-туман бўлади. Қизиқишлар ёшга қараб ўзгариб боради. Уч ёшдан беш ёшгача бўлган соғлом болаларда ҳамма нарсани билишга қизиқиш яққол ифодаланган бўлади. Бу ёшдаги болаларнинг саволлари одатда «Бу нима?», «Нега?», «Нима учун?» дан иборат. Мактаб ёшигача бўлган болаларда ўйинчоқлар, уларни ўйнаш ва бошқа турли ўйинларга қизиқиш уйғонади. Худди шу даврда жонли табиат ва ҳайвонларга ҳам қизиқиш пайдо бўлади. Кейин эртаклар, фантастика, кулги, ҳазил-мутойибаларга ҳам қизиқиш уйғонади. Математика, мусиқа тинглаш, расм чизиш, шеър тўқишларга бўлган иштиёқ ҳам эрта ривожланади. Бу қизиқишлар вақтинчалик ва доимий бўлиши мумкин. Техника ва спортга, бадиий адабиётларни ўқишга интилиш бирмунча эрта бошланади
       
Бу қизиқишнинг ўзига хос қонуниятлари бор: аввал эртакларга, сўнгра саргузашт, фантастик, детектив адабиётларга, кейинчалик эса жинслар орасидаги муносабатларга қизиқиш пайдо бўлади. Лекин баъзи қизиқишлар параллел ҳолда ривожланиши ҳам мумкин.
       
Ўзга жинсга қизиқиш (майл) 12-15 ёшдан бошлаб ривожланади. Қизиқишлар туридан ташқари, уларнинг ижтимоий мавқеи ва кенглиги ҳам аҳамиятлидир. Қизиқиши чегараланган одамлар фақат ўз ҳунари билан чекланиб қолади. Қолган ҳеч нарса уларни деярли қизиқтирмайди. Қизиқиш доираси кенг бўлган одам кўпроқ билишга интилади. Бундай одамлар ўз соҳасидан ташқари, илм-фан ва тараққиётнинг бошқа соҳалари, масалан, ижтимоий-сиёсий масалалар, санъат ва спорт турларига берилиб кетади. Лекин санаб ўтилган барча қизиқишлар одамда бир хил қимматга эга бўлмайди. Улардан бири асосий, қолганлари иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлади. Чунончи, ҳар бир врач учун анатомия, терапия, фармакология ва психология энг диққатга сазовор саналса-да, булар унга сиёсат, мусиқа, спорт, шеърият, ов қилиш билан қизиқишга халақит бермайди.
       
Қизиқишлар барқарор бўлиши ҳам аҳамиятлидир. Баъзиларда қизиқишлар доимий бўлса, бошқа бировларда, масалан, холерикларда қизиқишлар тез пайдо бўлиб ўтиб кетади. Психопатияда кўпинча қизиқишлар беқарор бўлади. Натижада, киши шунчаки қизиқувчан бўлиб қолади, амалда эса ҳеч бир фаол иш қилмайди ёки чала бажаради. Масалан, тил ўрганишни бошлайди-ю, баҳона топиб ташлаб қўяди ёки бирор жойга гўёки қизиқиб ишга киради-ю, яна бўшаб кетади. Қизиқишлар кучли ва суст бўлиши мумкин. Кучли қизиққан одам ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўта олади ва бошлаган ишини охирига етказмасдан қўймайди. 
       
Шахсга батафсил таъриф бериш учун унинг қизиқишларини чуқур ўрганиш зарур. Энди буюк шахслар ҳақида тўхталсак.
      
Буюк шахслар ўз ақл-заковати ва илм доираси билан кўпинча авлиё даражасигача етишади. Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбандий, Нажмиддин Кубро, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Имом Бухорий каби алломаларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ҳар бир одамнинг дунёқараши кўпроқ унинг бирор мақсадга интилгани, тарбияси, орттирган билими ва ҳаёт тажрибасига боғлиқ. Ижтимоий-тарихий шарт-шароитлар кишининг дунёқараши шаклланишида муҳим ўрин касб этади. Агар кишининг дунёқараши жамиятда кечаётган салбий жараёнларга мос келмаса ва шундай бўлса-да, бу жараёнлар ижобий деб тан олинса, бу ҳолат шахснинг жамиятга ва атрофдагиларга бўлган муносабатини бутунлай ўзгартириб юборади. Шунинг учун ҳам буюк шахслар (Чўлпон, Фитрат ва бошқалар) ўз замонасининг қурбони бўлишган ёки қатағон қилинган.
       
Кўпчилик олимларнинг ютуқларида уларнинг шахси муҳим аҳамиятга молик эканлиги, шахснинг илм-фан ривожланишига катта таъсир кўрсатиши айтиб ўтилади. Ҳар қандай одам, у қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, шахс бўлиб камол топиши керак.
       
Шахс камол топишида қобилият ва истеъдоднинг ҳам аҳамияти катта. Қобилият муайян фаолиятни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган индивидуал хусусиятдир. Одам қобилиятли бўлиб туғилмайди, балки етишади. Илк болалик давридан бошлаб, одамда нимагадир қобилият нишоналари бўлса, нимагадир эса бўлмайди. Буни ота-она дарров илғаб олса, кейинчалик бола етук шахс бўлиб вояга етишига туртки бўлади. Алишер Навоийдаги шеъриятга бўлган қизиқиш илк болалик ёшидан илғаб олинган ва унга ҳар томонлама кўмак берилган. Натижада ёш Алишер келажакда буюк шахс бўлиб етишди. Демак, қобилиятни тараққий эттириш зарур. Борди-ю қобилиятнинг нишонаси бўлмаса, уни ривожлантириб бўлмайди. Масалан, скрипкачи бўлиш учун бир эмас, бир неча  қобилиятга  эга  бўлиш лозим.  Скрипкачи маромни сезиши, мусиқий ва кинестетик хотираси бўлиши, қўл бармоқлари майин ва аниқ ҳаракат қилмоғи лозим. Бунга яна мусиқий дид, ҳиссийлик ва кўпгина бошқа қобилиятлар қўшилади. Ана шу хусусиятлар бўлганда, санаб ўтилган барча қобилиятларни ўқиш ва машқ қилиш жараёнида ривожлантириш мумкин.
      
Чунончи, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Ал-Фарғоний, Бобур, Камолиддин Беҳзод, Форобий, Рудакий, Пушкин, Моцарт, Шекспир, Паскал, Леонардо да Винчи, Микеланджело каби алломаларда қобилият ва истеъдод жуда эрта, яъни эрта болалик давридан ҳайратланарли даражада ривожланган. Бироқ кўпгина олимлар, ихтирочилар ва давлат арбобларининг истеъдоди етук ёшда намоён бўлган ҳолатлар ҳақида ҳам кўп маълумотлар бор.
       
Ўқувчиларда дарсларни ўзлаштириш даражаси тамомила педагогик жараён сифатига боғлиқ ва уларнинг барчаси яхши ўқишлари керак, деган фикр хатодир. Бу фикр таълим жараёни сохталашуви ва ўзлаштириш сифатининг тушиб кетишига сабаб бўлади. 
       
Шахсга таъриф бера туриб, биз буюк алломаларда талант куртаклари эрта ёшдан бошлаб ниш уриши ҳақида айтиб ўтдик. Шу ўринда шахс билан боғлиқ яна бир қизиқ муаммо ҳақида сўз юритишни лозим деб топдик, яъни, буюк шахслар (доҳийлар)нинг руҳий нуқсонлари тўғрисида. Психопатия аломатлари бўлган буюк шахслар ҳақида илмий адабиётларда турли маълумотларни учратамиз. Психопатия – ўзини улуғлаш, эгоизм ва ғайри-ижтимоий аломатлардан иборат патологик ҳолат. Психопатия – касаллик эмас, балки шахснинг патологик бир кўринишидир. Психопатия негизида туғма омиллар ётади, деб ҳисобланади, бироқ унинг қай тарзда намоён бўлишига ижтимоий омиллар катта таъсир кўрсатади. Психопатияга оид батафсил маълумот психиатрия дарсликларида ёритилган.
Психиатрлар иқтидор ва руҳий нуқсонлар орасида узвий боғлиқликни аниқлашга доим ҳаракат қилишган. Бу боғлиқликни ўрганиш деярли 100 йил олдин бошланган. Олимлар тарихий шахсларнинг ҳаёти билан қизиқиб, уларнинг психологик анамнези, оила аъзолари, қариндош-уруғлари, ота-онаси ва фарзандлари ҳақида маълумот тўплашган. Бунинг натижасида антиқа бир хулосага дуч келишган: агар генеологик шажаранинг бир шохчаси бўйлаб уларнинг аждодларида (ота-онаси, буваси, бувиси) иқтидорли шахслар аниқланган бўлса, бошқа бир шохчаси бўйлаб руҳий нуқсонлар, ҳатто руҳий касалликлар аниқланган. Бошқа хориж олимлари қатори иқтидор билан руҳий нуқсонлар орасидаги боғланишни ўрганишга 1925 йили Г.В. Сегалин ҳам ҳаракат қилган. У энг буюк шахсларнинг ҳаётини ва улардаги руҳий нуқсонларни ўрганган ва қуйидаги жадвалларни тузган. 

1-жадвал
Отасида руҳий нуқсон аниқланган,
онаси эса иқтидорли бўлган буюк шахслар

Буюк шахслар
Отаси
Онаси 
Иқтидор
Нуқсон
Иқтидор
Нуқсон
Успенский 
 -
 +
 +
 -
Стендаль 
 -
 +
 +
 -
Лев Толстой 
 -
 +
 +
 -
Достоевский
 -
 +
 +
 -
Ж.Ж. Руссо
 -
 +
 +
 -
Шарл Жерар
 -
 +
 +
 -

2-жадвал
Отаси ва онасида руҳий нуқсон аниқланган
буюк шахслар
Буюк шахслар
Отаси
Онаси 
Иқтидор
Нуқсон
Иқтидор
Нуқсон
Кеплер 
 +
 +
 -
 +
Гёте 
 +
 +
 -
 +
Блок
 +
 +
 +
 +
Мопассан
 -
 +
 +
 +
Байрон
 +
 +
 +
 +
Шопенгауер
 -
 +
 +
 +
Бальзак 
 +
 +
 -
 +
      
Бу жадваллардан кўриниб турибдики, буюклик (аниқроғи, иқтидор) ва руҳий нуқсонлар наслдан наслга ўтади. Улар орасида узвий боғлиқлик бор ва руҳий бузилишлар дунё миқёсида номи чиққан буюк шахслар (Стендал, Ницше, Эйнштейн, Руссо, Гёте, Бальзак, Ландау ва ҳ.к)да аниқланган. Ушбу муаллиф фикрича, руҳий соғлом кишиларда иқтидор соғлом мия томонидан “босиб” турилади ва талантнинг «отилиб» чиқишига йўл қўймайди. Руҳий носоғлом шахсларда эса бундай тўсиқ йўқ ва талант бемалол ўзини тўла намоён қила олади. Тадқиқотчи ўз фикрини давом эттира туриб, қуйидаги хулосада тўхталади: буюк кишиларнинг генида иккита компонент мавжуд бўлиб, улардан бири унинг аждодларидан ўтган иқтидор бўлса, иккинчиси руҳий нуқсондир. Бундай ирсий бузилишлар буюк шахсларнинг ўзида кузатилмаса-да, уларнинг яқинларида (акаси, укаси ёки синглисида) кузатилган. Масалан, Гегел, Дидро ва Шуманнинг сингилларида, Л.Толстой, Гюго, Фейербах ва Успенскийларнинг укаларида руҳий касалликлар бўлган. Г.В.Сегалин фикрича, буюк шахсларнинг фарзандлари аксарият ҳолларда ақли паст ва руҳий нуқсонларга бой бўлишади. Масалан, Бах, Шуман, Тасит, Менделсон, Гётенинг ўғиллари ва Марк Твеннинг қизи руҳий касаллик билан оғришган. 
        
Шарқнинг буюк алломалари ҳақида бундай маълумотлар йўқ. Биз худди шунга ўхшаш вазиятни ҳозирда яшаётган ёки яшаб ўтган таниқли инсонлар оиласида таҳлил қилиб кўрдик (ҳозирча чоп қилмадик, чунки кузатувни давом эттиряпмиз). Ҳақиқатан ҳам ота-онаси буюк бўлиб, фарзандлари ҳатто имбетсил даражада бўлган ёки ўта иқтидорли инсонларнинг ака-укасида Алсхаймер касаллиги, шизофрения каби ҳолатларни кузатганмиз. Оила аъзоларида руҳий нуқсон ва иқтидорнинг ёнма-ён учраши, айниқса, математик, рассом ва композиторлар орасида кўп кузатилди.     
       
Тадқиқотчилар яна бир қизиқ, умуман олганда, ҳаммага маълум бўлган бир тахминни ўртага ташлашади. Баъзида буюк шахслар соғлом бўлган тақдирда ҳам, улар ўз талантларини рўёбга чиқариши учун ароқхўрликка ружу қўйишган, масалан, шоирлар. Ҳақиқатан ҳам энг жозибали шеърлар маст ҳолда яратилганлигини кўпчилик билади. Гўёки ароқ талантни босиб турган тўсиқни олиб ташлайди ва буюк шоирга илҳом ёғилиб келади. Бу фикрга қисман қўшилиш мумкин, албатта. Лекин ҳеч қачон ароқ ёки бошқа спиртли ичимликни талантнинг йўлбошчиси сифатида эътироф этмаслик керак. Фикримизча, буюк шахсларда учрайдиган ароқхўрлик (баъзан хотинбозлик) психологик вакуумни тўлдирувчи бир омилдир, холос. Бугунги кунда психоаналитиклар, нейробиологлар, психофизиологлар талантни рўёбга чиқарувчи омиллар устида иш олиб боришмоқда. Лекин мактабни зўрға тамомлаган ва доимо қолоқ бўлган Алберт Эйнштейн талантини рўёбга чиқариш билан ҳеч ким алоҳида шуғулланмаган. Шундай бўлса-да, у буюк шахс бўлиб етишди ва оламшумул кашфиётлари билан Нобел мукофоти совриндори бўлди.
      
Юқорида келтирилган маълумотларга қисман бўлса-да танқидий кўз билан қараш керак. Ваҳоланки, фақат руҳий нуқсонга эга бўлган одамгина буюк шахс бўлиб етишади, деб хулоса чиқариш ҳақиқатга зид бўлур эди. Чунки Моцарт, Шекспир, Дюма, Шопен ва Рахманинов (бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин) каби буюк шахсларда руҳий нуқсонлар бўлмаган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, юқорида номи тилга олинган шахслар руҳий шифохоналарда даволанишмаган ва аксарият ҳолларда уларнинг хулқ-атворидаги ғалати ўзгаришларга қараб баҳо берилган, холос. Бундай пайтларда руҳий касаллик ҳақида эмас, балки шахс акцентуацияси ҳақида фикр юритиш керак.
      
Кўриб турганимиздек, иқтидор ҳам, руҳий нуқсон ҳам гўёки туғма аломатлардир. Буюк шахслардаги талантни ривожлантириб, руҳий нуқсонларни ҳеч бўлмаса камайтириш мумкинми? Психогенетиклар бу муаммо устида бош қотирмоқдалар, тарбия ва таълимнинг буюк шахсларни вояга етказишдаги таъсирини ўрганмоқдалар. Айниқса, педагогик фаолиятда бу муаммога катта эътибор қаратиш керак. Масалан, “Сен тўполончисан, сендан ҳеч ким чиқмайди”, деб мактабда ўқитувчисидан дакки еган бола келажакда буюк шахс бўлиб етиши мумкин. Иқтидорли бола ҳар доим ҳам ўта тартибли бўлавермайди. 

ЛЕОНГАРД БЎЙИЧА ШАХСНИНГ 10 ТОИФАСИ
  
Биринчи тоифа. “Намойишкор шахс”
       
Бу тоифага мансуб шахснинг хулқ-атворида намойишкорлик доимо сезилиб туради, у барча хатти-ҳаракатларни намойишкорона бажаришни хуш кўради. Атрофдагилар билан тез ва осонликча мулоқотга киришади, ишчан ва ҳаракатчан бўлади. Хийла ва найрангга уста, ёлғон гапиришга мойил, олифта ва хаёлпараст, ўз шахсини бўрттириб кўрсатувчи бўлади. Мақтовталаб ва манман бу шахс ҳар қандай ишга таваккал қўл уриб кўради, раҳбарликка, атрофдагиларнинг эътиборида бўлишга интилиб яшайди. Одамлар билан тез тил топишиб кетади, ҳар қандай вазиятга тез мослашиб олади, агар унинг хатти-ҳаракатлари атрофдагилар томонидан тан олинмаса ёки унга эътибор қилинмаса, унинг кайфияти тез бузилади ва суҳбатни бошқа йўналишга ўзгартириб юборади. 
       
Мана шундай пайтларда ўз фойдасига жанжалли вазиятларни юзага келтиришга уриниб кўради ва бунга эришади ҳам. Бундай шахс доимо диққат-эътиборда бўлишни хоҳлайди, мақтовга чанқоқ бўлади, агар атрофдагилар уни мақтамаса, у ўзини мақтай бошлайди, ёнидаги суҳбатдошини ҳайратда қолдирадиган уйдирмалар ўйлаб топади, ўзининг сўзамоллигидан фахрланиб юради. Унинг олдида бировни мақташнинг фойдаси йўқ. Чунки бу унинг кайфиятини тушириб юборади, бундай пайтларда у суҳбатни яна ўз фойдасига буришга интилиб кўради ёки диалогни тўхтатиб қўя қолади.
       
Мабодо, у билан аввал оғирроқ вазиятлар рўй берган бўлса, суҳбат чоғида бу воқеани бўрттириб сўзлаб беради, атрофдагиларда унга нисбатан ҳамдардлик ва ачиниш ҳиссини пайдо қилишга уриниб кўради. Агар унинг сўзларига эътибор қилинмаса, тез жаҳли чиқади, бироқ буни сездирмасликка ҳаракат қилади. У доимо атрофида одамларни тўплаб ваъзхонлик қилишни, жамоага етакчилик қилишни ёқтиради ва ўзи алоҳида кўзга ташланиб туришни истайди. У ёлғизликни хуш кўрмайди ва доимо мансабга интилади. Унинг ички туйғуларини рўёбга чиқарувчи, ўзини кўз-кўз қилишга катта имкониятлар яратиб берувчи ягона вазият – бу мансаб. Шу боис қандай бўлмасин, у бирор-бир мансабни эгаллашни орзу қилиб яшайди. Аслида унинг хатти-ҳаракатлари доимо ҳам ҳақиқатга мос келавермайди. Агар кичикроқ бир фавқулодда вазият юзага келса, жамоани йиғиб, жуда катта шов-шув кўтаради, йиғин пайтида атайлаб зиддиятли вазият яратади, жамоа аъзолари ичидан айбдорни излай бошлайди, топа олмаса, бировни бировга тўқнаштириб, айбдорни топиб олади ва унинг обрўсини ҳамманинг олдида ерга уради, ўзини эса четга олади. Жанжални ҳам ўз фойдасига ҳал қилиб, вазиятдан “қаҳрамон” бўлиб чиқишга уринади ва аксарият ҳолларда бунга эришади ҳам.
       
Унда сиқиб чиқариш хусусияти (психоанализда Фрейд томонидан таклиф қилинган “сиқиб чиқариш” атамаси бор) кучли бўлади, яъни у ўзига ёқмаган воқеа ва ҳодисалар тафсилотини хотирасидан ўчириб ташлаш қобилиятига эга. Ёлғон гапириш бундай шахс учун одатий ҳолдир: унинг ҳаёт тарзида ёлғон ва ҳақиқатлар шу даражада чалкашиб кетадики, кейинчалик гапирган гапларининг қайси бири ёлғон-у қайси бири ҳақиқатлигини ўзи ҳам англай олмай қолади. Шу боис кейинчалик унга бўлиб ўтган воқеалар айтиб берилса, эслай олмайди, бироқ ҳақиқатан ҳам эслай олмаяптими ёки эслашни хоҳламаяптими, билиб олиш ўта мушкул. Бундай одамларни псевдолог, яъни ёлғончи деб ҳам аташади. Шу аснода уларнинг фикрлаш доираси кенглигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Улар баъзан инсон ҳайратда қоладиган ишларга таваккал қилиб қўл уришади ва ишчанлик қобилияти юқорилиги учун анча ютуқларга эришишади ҳам.

Иккинчи тоифа. “Қотма шахс”

Мулоқотга ҳадеб киришиб кетмайдиган, камгап, такаббур одам. Кам гапирса-да, насиҳат қилишни хуш кўради. Унга нисбатан аслида мавжуд бўлмаган адолатсизликдан азият чекиб юради. Шу сабабли унинг хатти-ҳаракатида одамларга нисбатан ишончсизлик ва эҳтиёткорлик устун туради. Гина ва хафагарчиликка берилувчан, тез ранжийдиган, воқеа ва ҳодисаларга шубҳа билан қарайдиган шахс. У билан юз берган воқеалардан узоқ вақт сиқилиб юради, хафагарчиликдан осон чиқа олмайди, қасоскор бўлади. Бундай одам жанжал ва келишмовчиликларни юзага келтиришда ташаббускор бўлиб қолиши мумкин. Иззатталаб, ўзига қаттиқ ишонадиган ва ўз билганидан қолмайдиган собитқадам бу шахс бирор-бир ишни қатъиятлилик билан бошлаб, охирига етказади ҳам. Бу шахс ўта ишчан бўлиб, ҳар қандай шароитда ҳам юқори қўрсаткичларга эришишга интилади, бошлаган ишини биров билан баҳам қўрмай, ёлғиз ўзи бажаришни хуш кўради. Қайсар, ўжар ва тез-тез ҳиссий қўзғалишлар рўй бериб турадиган бу шахснинг хулқ-атворида ҳақиқатгўйлик, ранжиш, тез хафа бўлиш, гумонсираш, рашк каби турли хислатлар биргаликда намоён бўлади. Унда чуқур ҳиссий кечинмалар рўй берса ҳам буни дарров юзага чиқаравермайди, ичида сақлашга ҳаракат қилади ва бу борада унинг фикрини тез билиб олиш анча мушкул.

Учинчи тоифа. “Расмиятчи шахс”

Синчков, майдакаш ва ўта расмиятчи шахс. Жанжал ва келишмовчиликларга кам аралашади, агар жанжалли вазиятларда пайдо бўлиб қолса, ўзини четга олади ёки пассив иштирокчига айланади. Шундай бўлса-да, шаклланиб қолган тартиб-қоидаларнинг бузилишига тезда диққатини қаратади. Иш жойида ҳақиқий бюрократ бўлиб, ҳар бир ишда расмиятчиликка боради, қўл остида ишлайдиганларга жуда кўп талаблар қўяди. Ўз ишига жуда пухта, ўзига ва бошқаларга ўта талабчан, тартибни хуш қўрадиган, ғоятда синчков бўлиб, ҳар бир ишни режа асосида бажаришни ёқтиради. Бирор-бир ишни бошлашдан олдин уни синчковлик билан ўрганади, режа тузади, ўзи ҳам ўша режага қаттиқ амал қилишга ҳаракат қилади, ўз олдига қўйган ишларни шошмасдан, бироқ юқори даражада сифатли бажаришга интилади. Хатога йўл қўйилмадими деб, ўзини ва бошқаларни тез-тез текшириб туради. Расмиятчилик унинг ҳаёт тарзига айланган бўлиб, вазият шуни тақозо этса, мансабдан осонлик билан воз кечади. Руҳий жароҳатларни узоқ вақт эсида сақлаб юрадиган, оғир табиатли ва ўч олишга мойил шахс. 

Тўртинчи тоифа. “Таъсирчан (қўзғалувчан) шахс”

Жиззаки, ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олмайдиган, қўпол, жанжалкаш ва тез ғазабланадиган киши. Унинг хулқ-атворида инстинктив интилишлар устун туради. У бадқовоқ ва заҳарханда киши бўлиб, биров билан осонликча муросага бормайди, доимо жанжалнинг ўртасида бўлади, одамлар орасида келишмовчиликларнинг юзага келишида фаол иштирокчидир. Аксарият ҳолларда эса жанжалнинг муаллифи унинг ўзи бўлиб чиқади. Жамоада узоқ вақт ишлай олмайди, тез-тез юзага келадиган келишмовчиликлар сабабли бир ишдан бошқа ишга ўтиб юради. У одамлар билан бемалол тил топишиб кета олмайди. Бундай шахс бирор-бир ишга иштиёқ билан киришмайди, ишга ҳам зарурат учун боради, қайсидир соҳа ёки илмни ўзлаштиришга ҳам иштиёқ бўлмайди. Келажакка бефарқ ва бугунги кун билан яшайдиган бу шахс кўнгилхушлик ва ўйин-кулгили тадбирларга ўч бўлади. Бироқ бундай жойларда ҳам одамлар билан уришиб қолади. Ҳамма билан тил топишавермагач, ўзидан кучсизроқ одамлар билан мулоқот қилишга ва уларни ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилади. Юқори даражадаги қўзғалувчан бу шахсни бошқариш қийин бўлиб, унинг хатти-ҳаракатлари атрофдагилар ва жамоа обрўси учун хавфли вазиятларни юзага келтириши мумкин.

Бешинчи тоифа. “Гипертим шахс”

Гипертимия – юқори кайфиятга эга ва ҳиссиётга бой дегани. Бу тоифага кирувчи шахс юқори даражада ҳаракатчанлиги, сўзамоллиги, мимикаларга бой хатти-ҳаракатлари, дилкашлиги билан ажралиб туради. У ҳар қандай одам билан тезда мулоқотга киришиб кета олади, улфатчиликни хуш кўради, шум ва шўх бўлади. Суҳбат чоғида дастлабки мавзудан тезда четга чиқиб кетади, гоҳида буни ўзи ҳам сезмай қолади. Ўз тенгдошлари орасида эътиборда бўлишни, иложи бўлса уларга йўлбошчи бўлишни ва шовқин-суронли ҳаётни хуш кўради. Деярли доимо аъло кайфиятда бўлади, ўзини яхши кўради, юқори ҳаётий қувват ва иштаҳага эга бу одамнинг юз-кўзи кулиб туради, ҳаётдан қувониб яшайди. У ўзига юқори баҳо беради, чаққон ва енгилтак бўлади, қувноқ ҳаётни ёқтиради, ишбилармонлиги билан ажралиб туради, юзаки ишларни зудлик билан бажариб ташлайди. Бундай шахс жуда ажойиб суҳбатдош бўлиб, атрофдагилар қўнглини чоғ қилишни хуш қўради, кўнгилёзар ишларга йўлбошчилик қилади, керак бўлса турли хурсандчиликларни ўзи ўйлаб топади ва бошқаларни бунга жалб қилади. Бу ишларга керагидан ортиқча берилиш жанжалли вазиятларнинг келиб чиқишига туртки бўлади. Агар у қилаётган ишига очиқ тўсқинликни сезса ёки бу ишларни амалга ошираётганда муваффақиятсизликка учраса, асабийлашиб кетади, қаттиқ ғазабланади. Баъзан ўз мажбуриятларига юзаки қарайди, жиддий тартиб-интизомга унинг тоқати йўқ. Ҳаёт тарзида бир хиллик ва ёлғизликни ёқтирмайди, баъзан ахлоқсиз ишларга қўл уради.

Олтинчи тоифа. “Дистимик шахс”

Бу тоифага кирувчи шахс ўзининг жиддийлиги билан ажралиб туради, ўта босиқ бўлиб, кайфияти паст одамни эслатади. Унинг ҳаракатлари суст бўлиб, келажакка тушкун руҳда қарайди, ўз имкониятларини ҳам паст баҳолайди, бировлар билан кам мулоқотга киришади, давраларда суҳбатга аралашмай жим ўтиришни хуш кўради. У, одатда, кўча-кўйларга чиқмай уйда ўтиришни афзал кўради, ғала-ғовур ва шовқинли жойлардан четроқ юради, ёлғизликни ёқтиради. Бундай одамни ўтроқ ҳаёт кечирувчи деб аташ мумкин. Бироқ у билан яқинлашишга интилганларни ҳурмат қилади, унга бўйсунишга ҳам тайёр туради, ҳаққоний дўстликнинг қадрига етади. Тўғрилик ва ҳақиқатгўйликка интилса-да, ўз фикрини баён қилишда анча суст бўлади.

Еттинчи тоифа. “Хавотирли шахс”

Бу тоифага кирувчи шахс бировлар билан дарров мулоқотга киришиб кета олмайди, доимо хавотирда юради, қўрқоқ ва уқувсиз бўлади, ўзига ишонмайди. Қоронғиликдан, уйда ёлғиз қолишдан ва ҳайвонлардан қўрқади. Ўз тенгдошларига қўшилиб кета олмайди, улардан ўзини четга олади, шовқинли, ўйин-кулгили жойларни ёқтирмайди, мабодо бундай жойларда пайдо бўлиб қолса, уялиб, четда томошабин бўлиб туради. Агар унинг меҳнат ёки ўқув фаолиятини кимдир текширмоқчи бўлса ёки бирор бир фандан имтиҳон топширишга тўғри келса, бундай ҳолатларни жуда оғир қабул қилади, ўзига ишончсизлиги янада кучаяди, безовталана бошлайди. Агар қайсидир масала бўйича нутқ сўзлаш керак бўлса ёки аудиторияда маълумот бериш зарурати туғилса, уялиб, қаттиқ терга ботади. Шу боис у ўз хоҳиши билан ҳеч қачон минбарга чиқмайди. Катталар ҳимоясига ўзини жон деб отади, бироқ уларнинг узундан-узоқ панд-насиҳатлари унинг жонига тегади. Бундай пайтларда ўзининг уқувсизлигини сезиб туради ва уятчанлигидан азият чекади. Шундай бўлса-да, ўзини-ўзи юпатиб юради, шундайлигидан баъзан сиқилади ва йиғлаб ҳам олади. Унда бурчга садоқат, масъулият ҳисси, юқори даражадаги ахлоқ ва одоб тамойиллари анча эрта шаклланади. Ўзида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш учун қудрати етадиган ишлар билан шуғулланишга интилади ва ўша ерда ўз имкониятларини тўла очишга ҳаракат қилади.

Болалик пайтидан мавжуд бўлган уятчанлиги ва тортинчоқлиги сабабли катта бўлганда ҳам ўзи хоҳлаган одамлар билан тезда мулоқотга киришиб кета олмайди. Кўп гап кўтара олмайди, агар уни ноҳақ айблашса, ўзини ҳимоя қила олмайди, ўша ерда кучлироқ одамнинг ҳимоясини хоҳлаб қолади ва унинг ҳар қандай топшириғини бажаришга шай туради. Бундай шахс билан дўстона муносабатларни бошлаш ҳам осон. Атрофдагилар билан жанжалли воқеаларга кам аралашади, агар келишмовчиликлар орасига тушиб қолса, пассив иштирокчига айланади, холос. Ҳар ҳолда у ўз имкониятларини танқидий баҳолай олади, хулқ-атворидаги камчиликларни ўзи ҳам билади. Уни меҳр изловчи шахс деб аташ мумкин. Улар ўзларини ўзлари ҳимоя қила олмаганликлари сабабли ҳамкасблари томонидан кулгили воқеаларнинг қаҳрамонларига айланиб қолишади. Шу боис, қандайдир ножўя воқеа юз берса, осонликча унинг бўйнига ағдаришади.

Саккизинчи тоифа. “Хушчақчақ шахс”

Бу тоифага кирувчи шахснинг хулқ-атворида яққол кўзга ташланиб турадиган хислатлар – ўта бахтиёрлик, завқланиш, хушчақчақлик, шодланиш, ҳузурланиш ҳиссидир. Бошқаларга шодланиш, завқланиш ҳиссини юзага келтира олмайдиган вазиятлар унда шундай ҳис-туйғуларни юзага келтира олади. Озгина бўлса-да, қувончли воқеалар дарров унинг эътиборини тортади ва кайфиятини кўтаради, худди шундай ғамгин воқеалар эса кайфиятини тушуради. У мулоқотга тез киришиб кетиши, сўзамоллиги ва ёқимлилиги билан бошқалардан ажралиб туради, агар кулса яйраб кулади. Шу боис уни кўпчилик ёқтиради. Баҳслашишни хуш кўрса-да, баҳсни жанжалгача етказмайди. Турли хил келишмовчиликлар орасига тушиб қолса, вазиятга қараб ё фаол, ё пассив иштирокчига айланади. У дўстлари ва яқинларига жуда боғланиб яшайди, унда ачиниш ва раҳмдиллик ҳисси яхши ривожланган бўлади, ўз ҳис-туйғуларини яширмай яққол намоён қила олади. Агар суҳбат чоғида уни яқинроқ билишга ҳаракат қилсангиз, бемалол бунинг уддасидан чиқасиз, яъни у ўз дардини достон қилишга доим тайёр. Аксарият ҳолларда ваҳимачи бўлади, арзимаган вақт ичида кайфияти тез ўзгариб, бирдан “портлаб кетиши” мумкин. Шунинг учун ҳам уларни беқарор шахс дейишади.

Тўққизинчи тоифа. “Эмоционал шахс”

Бу тоифага кирувчиларнинг хулқ-атворидаги хислатлар бир қараганда хушчақчақ тоифага кирувчиларга ўхшаб кетади. Бироқ эмоционал шахслар ўзларининг ҳис-туйғуларини яққол намоён қилишавермайди, яъни бир оз ниқобланган тусда бўлади. Эмоционал шахс учун ҳиссиётга берилувчанлик, таъсирчанлик, ваҳима, қўрқоқлик, хавотир ва кўп сўзлаш хос. Унинг хулқ-атворида яққол намоён бўлувчи хислатлар – инсонпарварлик, одамлар ва ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқат ва меҳрибонликдир. Ташқи таъсирларга тез берилади, ҳаётда рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар унга тез таъсир қилади, йиғлаб ҳам олади. 
       
Кинофилмлардаги зўравонликлар уни қаттиқ ларзага солади. Бу филмлардан сўнг кайфияти узоқ вақт бузилиб юради, ёмон тушлар кўриб чиқади. Жанжалли воқеаларга кам қўшилади, хафа бўлса, ичига ютади. Унда бурчга садоқат кучли шаклланган бўлиб, топшириқларни бажаришда доимо илғор бўлади. У табиатни севади, ўсимликлар парвариш қилишни ва ҳайвонларни ёқтиради, бу ишидан завқланиб юради.

Ўнинчи тоифа. “Циклотимик шахс”

Циклотимия грекчадан кайфият, ҳис-туйғу дегани. Гипертимик (юқори кайфият) ва дистимик (бузуқ кайфият) ҳолатларнинг бир-бири билан алмашиб туриши билан намоён бўлади. Бундай шахснинг кайфияти ташқи таъсирларга жуда боғлиқ бўлиб, тез-тез ўзгариб туради. Баъзан ҳеч қандай сабабсиз унинг кайфияти бузилиши мумкин. Кайфиятни кўтарувчи воқеалар рўй берса, унинг фаоллиги ошиб, жуда ишчан бўлиб қолади, ташлаб қўйган ишларини завқланиб, қайта бошлаб юборади, ўзидаги бу фаолликни кўриб, кўтаринки кайфиятда юради, сўзамол бўлиб қолади, миясига зўр ғоялар кела бошлайди. 

Бундай ҳолат гипертимия деб аталади. Агар тўсатдан ғамгин воқеалар юз бера бошласа, барча қилаётган ишларини тўхтатиб қўяди, кайфияти бузилади, фикри карахт ва камгап бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолиб, жанжал кўтаради ва ғазабланиб юради. Бу ҳолат дистимия деб аталади. Шу боис унга жиддий ишларни топшириб бўлмайди. Дистимияни депрессиядан ажратиш баъзан қийин. Шунинг учун уларни узоқ вақт кузатувга олиш зарур.

Айзенк бўйича шахс типлари. Айзенк шахсни ўрганиш бўйича ўз кузатувларига асосланиб одамларни 2 тоифага ажратиб ўрганган, яъни экстравертлар ва интровертларни ажратган.
  1. Экстравертлар. Улар жуда дилкаш, ҳис-туйғулари ташқарига йўналган, сир-саноатларини бошқаларга ёйиб юрадиган ва одамлар билан мулоқотда бўлишни хуш кўрадиган инсонлардир. Улар учун бировлар билан мулоқотда бўлиш жуда ёқимлидир, улар хушчақчақ, қувноқ, тез қўзғалувчан, сержаҳл ва жиззаки шахслардир. Улар келажакка оптимизм билан қарашади, ўта ишчан ва фаол бўлишади, лекин сир сақлай олишмайда. Ўз ҳис-туйғуларини назорат қила олишмайди. Жаҳли чиқса, тажовузкор бўлиб қолишлари мумкин. Жиддий ишларга, айниқса, узоқ вақт давом этувчи ишларга уларни шерик қилишда эҳтиёткорлик керак.
  2. Интровертлар. Ўта камгап, мулойим, уятчан, ҳис-туйғулари ичкарига йўналтирилган шахс.Уларнинг сирларини билиб олиш жуда қийин, дарров мулоқотга боравермайди, қайси бир жамоада суҳбатга аралашиб қолса, кам сўзлайди ёки индамай ўтиришни хуш кўради. Ўз хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб юради. Ҳаммага ҳам қўшилавермайди, дўстлари кам бўлади. Қилиниши керак бўлган ишларни яхшилаб ўйлаб олади, кейин режа тузади, унинг бирор қарорга келиши қийин. Ўз ҳис-туйғуларини назорат қила олади, унинг жаҳлини чиқариш ҳам қийин. Ахлоқий меъёрларга амал қилувчи бу шахсларда оптимизмга қараганда пессимистик руҳ устунлик қилади.
Психологлар, шунингдек, психологик ва биологик ёш типларини алоҳида ажратиб ўрганиш зарурлигини таъкидлашади. Чунки оиладаги муносабат, атроф-муҳит, таълим-тарбия ва ижтимоий омиллар болалар ва ўсмирлар ривожланишига турлича таъсир кўрсатиб, кимдир ривожланишдан орқада қолади, кимдир эса илгарилаб кетади. Шу боис психологик ёш ва биологик ёш деган иборалар фанга кириб қолган. Агар боланинг илм доираси, хулқ-атворидаги яхши хислатлари унинг биологик ёшидан анча устун келиб, яхши хислатларга эга катта одамларнинг хулқ-атворини эслатса, демак, унинг психологик ёши биологик ёшдан устун деб қабул қилинади. Масалан, 5 яшар боланинг фаҳм-фаросати, ўзини тутиши 10 яшар болани ёки 20 яшар талаба 30-35 яшар кишининг хулқ-атворини эслатса, демак, психологик ёш биологик ёшдан анча илгарилаб кетган бўлади. Бундайларни, одатда, ақлли бола ёки ақлли инсон деб таърифлашади, уларни ҳамма ҳурмат қилади. Бундайлар ўта масъулиятли бўлишади, мустақил ҳаётга эрта қадам қўйишади, ота-онасининг энг яқин ёрдамчисига айланишади, катталар билан бемалол мулоқотга кириша олишади. Уларга доимо масъулиятли вазифаларни ишониб топширишади, ёш бўлса-да катта лавозимларга таклиф этишади.                                               

Агар одамнинг хулқ-атворидаги хислатлари унинг биологик ёшидан анча орқада қолиб кетган бўлса, ўзини тутиши болалар ёки ўсмирлар қилиқларини эслатса, бундай шахсларнинг психологик ёши биологик ёшидан орқада қолган ҳисобланади. Айниқса, болани жуда эркалатиб тарбиялаш ёки 14-15 ёшга кириб қолган ўсмирга 4-5 яшар боладек муносабатда бўлиш, уни мустақил ҳаётга ўргатмаслик психологик ёшнинг орқада қолиб кетишига сабаб бўлади. Бундай шахслар улғайганда масъулиятсиз бўлиб, ўзлари мустақил ишга қўл уришдан ҳайиқишади, бировга қарам бўлиб ўсишади, ҳаётда кўп туртилишади. Уларни мақтаса, ёш боладек хурсанд бўлиб кулишади, ёшига мос бўлмаган қилиқлар қилишади. Бундай ҳолатларда пуерилизм ҳақида сўз боради. Психологик ёш орқада қолган 10 яшар боланинг гап-сўзлари, ўзини тутиши 5 яшар болани ёки 25 яшар талабанинг ўзини тутиши мактаб ўқувчиси қилиқларини эслатади. Улар ўзидан кичик ёшдагилар билан ўйнашни хуш қўришади, хатти-ҳаракатлари истерик шахсларни эслатади, енгилтак бўлишади, жиддий ишларга юзаки қарашади ёки қўл уришмайди, тенгдошлари уларга (айниқса, қиз бола бўлса) тегажоқлик қилиб юришни хуш қўришади.

Оиланинг уч тоифаси. Психологлар эр-хотин орасидаги муносабатларга қараб оиланинг 3 хил тоифасини ажратишган: “Она-ўғил”, “Ота-қиз” ва “Ака-сингил” тоифасидаги оилалар.
  1. “Она-ўғил” тоифасидаги оила. Бундай оилада аёл киши оилани бошқаришни деярли бутунлай қўлга олади, унинг ҳуқуқлари беқиёс бўлади, у хаттоки эркак киши бажариши лозим бўлган оила юмушларини ҳам ўзи қилади. Яъни у хотин эмас, балки она ролини ижро этади. Эрнинг ҳақ-ҳуқуқлари эса бу ерда жуда кам ифодаланган бўлади, оилани бошқариш ишларига у деярли аралашмайди, яъни у оилада эр эмас, балки ўғил вазифасини ижро этади. Оилани бошқаришнинг бундай усули иккала томонни ҳам қониқтиради, яъни эр-хотин орасидаги муносабатлар шундай вазиятни юзага келтиради. Хотин эрини ўз ҳимоясига олади, уни бошқа эркаклардан асрайди, унга доимо маслаҳат бериб юради. Шунинг учун ҳам бундай оилаларни “она-ўғил” тоифасидаги оила деб қарашади. Бундай оилаларда сўнгги қарор хотин томонидан қабул қилинади, эри эса унинг айтганларини сўзсиз амалга оширади. 
  2. “Ота-қиз” тоифасидаги оила. Оиладаги барча юмушларни эркак киши бажаради, эрнинг ҳуқуқлари беқиёс бўлади, у ҳаттоки аёл киши бажариши лозим бўлган ишларга ҳам аралашаверади, хотинига қиз болага қарагандек муносабатда бўлади, яъни у эр эмас, балки ота вазифасини бажаради. Хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари эса бу ерда жуда кам ифодаланган бўлади, оилани бошқариш жараёнига деярли у аралашмайди, аёл киши бажариши лозим бўлган ишларга ҳам эридан берухсат қўл урмайди, яъни у оилада она эмас, балки қиз вазифасини ижро этади. Оилани бошқаришнинг бундай усули иккала томонни ҳам қониқтиради, яъни эр-хотин орасидаги муносабатлар шундай вазиятни юзага келтиради. Шунинг учун ҳам бундай оилаларни “ота-қиз” тоифасидаги оила деб аташади.
  3. “Ака-сингил” тоифасидаги оила. Бундай оила психологик нуқтаи назардан олганда энг мақбул оиладир, чунки бу ерда  эр ва хотиннинг вазифалари  улар орасида тақсимланган бўлади: эр ўзи бажариши лозим бўлган вазифалар билан шуғулланади. Масалан, у оилани бошқаришнинг 60 % ни ўз қўлига олса, 40% юмушни хотинига қолдиради. Оила бўйича муҳим қарорларни қабул қилиш эркак кишининг  қўлида бўлади, у оиланинг йўлбошчиси ва ҳимоячиси бўлса, аёл киши эса унинг энг яқин маслакдоши бўлади. Демак, оилада эр ўзини худди ака сифатида, хотин эса сингил сифатида тутади. Бундай оилада аёл кишининг ҳам, эркак кишининг ҳам ҳуқуқлари сақланган бўлади, ота-она орасидаги бундай муносабатлар таъсири остида вояга етган ўғил аёл кишини, қиз эса эркак кишини хурмат қиладиган бўлиб ўсади. Бундай оила мустаҳкам бўлиб, унинг аъзоларини ҳамма хурмат қилади, уларнинг фарзандлари ҳам кейинчалик оила қуришса, ўзаро муносабатларини “ака-сингил” тоифасидаги оилага ўхшаб амалга оширишга  ҳаракат қилишади. 
Психологик нуқтаи назардан олганда “она-ўғил”  ва  “ота-қиз” тоифасидаги оилада вояга етган фарзандларнинг ҳаёти кейинчалик хавф остида қолиши мумкин. Уларнинг кейинги тақдирини 2 хил вариантда ўрганиб чиқамиз:
      А) “Она-ўғил” тоифасидаги оилада вояга етган қиз “ота-қиз” тоифасидаги оилада вояга етган ўғилга турмушга чиқса, бу оила мустаҳкам бўлмаслиги бўлиши мумкин. Чунки қиз она ҳукмронлик қилган оилада катта бўлади. Қиз оилани онаси бошқаргандек бошқаришга, эрини ўзига бўйсундиришга интилса, йигит эса оилани худди отасидек бошқаришни истайди ва хотинини ўзига сўзсиз бўйсунишини талаб қилади. Табиийки, бунинг уддасидан чиқиш ўта мушкул бўлиб, тез-тез бўладиган уруш-жанжаллар сабабли оила барбод бўлиши мумкин.
       Б) “Она-ўғил” тоифасидаги оилада вояга етган ўғил “ота-қиз” тоифасидаги оилада улғ


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha