Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi БЕЗОВТА ОЁҚЛАР СИНДРОМИ

БЕЗОВТА ОЁҚЛАР СИНДРОМИ


Безовта оёқлар синдроми (БОС) – иккала оёқнинг тиззадан пастки қисмида асосан тунда кузатиладиган кучли увишиш, сиқилиш, тортишиш каби ёқимсиз сезгилар билан намоён бўладиган сенсомотор бузилишлар. Бемор бу ҳолатга чидолмай туни билан безовта бўлиб ухламай чиқади. Тонг ёришгач бу азоблар ўтиб кетади. БОС учун оғриқлар хос эмас. Агар бемордан “Оёқларингиз кечаси билан оғриб чиқадими?” деб сўралса, у “Йўқ! Буни оғриқ деб бўлмайди. Тиззамдан пасти, айниқса, болдир мускуллари ва оёқларим панжалари қаттиқ сиқилади, мускуллар тортишади ва кучли увишиш пайдо бўлади. Бунга чидаб бўлмайди! Туни билан ухлолмай чиқаман! Бу азобдан қутулиш учун оёқларимни уқалайман, муштим билан болдир ва оёқларим панжаларига уриб чиқаман. Бу азобдан фақат тонг ёришгандан кейин қутуламан. Кундуз куни эса бу ҳолат кузатилмайди” деб шикоят қилади. Шунинг учун ҳам бу патологик ҳолат “Безовта оёқлар” синдроми номини олган. Француз олими Экбом томонидан ёзилган.
       
Этиологияси. БОС 40-60 ёшларда кўп учрайди (айниқса, аёлларда). Баъзи маълумотларга кўра, сурункали инсомния (уйқусизлик) билан азият чекадиганлар БОС билан кўп касалланишади (Эрлей К. Ж., 2003). 
       Симптоматик ва идиопатик БОС фарқланади. Симптоматик БОС сабаблари жуда кўп. Ҳомиладорлик, уремия ва анемия ҳолатларида БОС деярли 40 % ҳолатларда кузатилади. Кўп аёлларда БОС туғруқдан сўнг ўтиб кетади. Буйрак етишмовчилиги сабабли диализ муолажаларини олиб юрган беморларда бу синдром кўп учрайди. Шунингдек, қандли диабет, амилоидоз, алкоголизм, ревматоид артрит, Шегрен синдроми, қалқонсимон без дисфункцияси, порфирия, оёқ артериялари ва веналари касалликлари, криоглобулинемия, В12 витамини, фолат кислотаси, тиамин ва магний етишмовчилиги БОС ривожланишида асосий этиологик омилдир. Турли этиологияли миелопатия, миелит касаллиги келиб чиқишига, тарқоқ склероз ҳам БОС сабаб бўлади. Санаб ўтилган касалликлар ва патологик ҳолатларда БОС аксонал полиневропатиянинг симптоми сифатида намоён бўлади.  Симптоматик БОС кўпинча 45 ёшдан сўнг ривожланади ва зўрайиб бориш хусусиятига эга. Паркинсон касаллиги, эссенциал тремор, Туретт синдроми, Хантингтон касаллиги, ён амиотрофик склероз, турли гормонал дорилар ва нейролептикларни узоқ вақт қабул қилиб юриш ҳам БОС ривожланишига олиб келади. 
       БОС аксарият ҳолларда ҳеч қандай сабабсиз юзага келади. Бундай ҳолатлар идиопатик ёки бирламчи БОС деб юритилади. Бирламчи БОС, одатда, 30 ёшгача бўлган даврда бошланади ва наслий хусусиятга эга. Унинг оилавий бўлиб учраши кўп бора қайд қилинган. Асосан, аутосом-доминант типда наслдан-наслга узатилади. Демак, идиопатик ёки симптоматик БОС ни фарқлаш учун қўшимча равишда генетик текширувлар  зарур.
       
Клиникаси. Тунда иккала оёқнинг тиззадан пастки қисмида ёқимсиз субъектив сезгилар пайдо бўлади. Улар сиқувчи, санчувчи, босувчи, тортувчи хусусиятга эга бўлган турли хил дизестезия ва парестезиялардир. Бироқ ушбу субъектив белгилар оғриқ эмас ва бемор оёқларим оғрияпти, деб шикоят қилмайди. Бу эса БОСни бошқа касалликлар, масалан, ревматоид артритда кузатиладиган оғриқлардан фарқловчи муҳим белгидир. “Тунги дизестезия ва парестезия” деб ном олган бу патологик субъектив белгилар дастлаб болдирнинг ички қисмида пайдо бўлади, кейинчалик эса оёқ панжаларига тарқайди. Шундай ҳолат узоқ вақт оёқнинг дистал қисмида сақланиб қолади. Кейинчалик дизестезия ва парестезия оёқнинг сон қисмига ва аногенитал соҳага тарқайди. Касаллик белгилари, одатда, иккала оёқда ҳам симметрик тарзда намоён бўлади, баъзан битта оёқда кузатилади. 
       БОС уйқу бузилиши билан биргаликда намоён бўлади. Аксарият ҳолларда тунги уйқу бузилишининг сабаби БОС бўлса, баъзан БОС узоқ давом этган инсомниядан сўнг ривожланади. Демак, иккала патологик ҳолат бир-бирига боғлиқ. Одатда, бемор тонгга яқин ухлаб қолади. БОС билан оғриганлар яхши ухлай олмаганликлари сабабли кундузи ланж бўлиб юришади, апатия ҳолатига тушиб қолишади, боши оғрийди, жаҳлдор ва паришонхотир бўлишади. Баъзида БОС депрессия билан биргаликда намоён бўлади. 
       БОС белгилари бемор ётган ҳолатда ёки ўтирганда пайдо бўлади, туриб юрганда эса камаяди. Бемор ушбу азобларни камайтириш учун оёқларини букади, ёзади, уларнинг устига ўтириб олади ёки оёғига оғир нарса қўяди, турли ҳолатда ётиб кўради. Бироқ бу уринишлар деярли  ёрдам бермайди. Бемор ўрнидан туриб, хонада юра бошласа, оёқлардаги ёқимсиз сезгилар камаяди, ўрнига бориб ётиб олса, дизестезиялар яна пайдо бўлади. Оқибатда у кечаси билан ухлай олмай хонада юриб чиқади ёки кучли ухлатадиган дори ичишга ётади.  
       БОС симптомларининг пайдо бўлиши кундалик ритмга жуда боғлиқ: дизестезия ва парестезиялар фақат кечаси ёки тунда пайдо бўлади. Тонг эрта ёришадиган мавсумда, яъни ёзда бу патологик сезгилар тунги 4 гача, қиш кунлари эса эрталабки 6 гача давом этади. Бироқ бу – аниқ чегараланган вақт эмас. Бемор кечқурун қайси соатда ухласа, яъни кечқурун 21.00 ёки 22.00 дами, касаллик белгилари ярим соат ўтар-ўтмай беморни безовта қила бошлайди. Оғир ҳолатларда касалликнинг кундалик ритми бузилиб, БОС белгилари кундуз куни ҳам пайдо бўлиши мумкин. Айниқса, бемор узоқ вақт самолётда учганда, автобусда, театр ёки кинода узоқ вақт ўтирса ҳам безовталик бошланади.
       Бемор тунда ухлаб қолганда унинг оёқ панжаларида стереотип ҳаракатларни кузатиш мумкин. Бу ҳаракатлар кўпинча бош бармоқнинг юқорига қайрилиши, қолган бармоқларнинг эса пастга бироз букилиб ёзилиши билан намоён бўлади. Ушбу ҳолат худди Бабинский симптомини эслатади. Шунингдек, оёқда турли хил миоклоник титрашлар, бўғимларда букилиб-ёзилишлар кузатилади. Ухлаб ётган беморда бу ҳаракатлар 1-5 сония давом этади ва ҳар 20-40 сонияда такрорланиб туради. Бу ҳаракатлар туни билан кузатилиб чиқади. БОС ташхисини қўйишда бу ҳаракатларни аниқлаб олиш ўта муҳим ва уни аниқлашда беморнинг яқинлари ёрдам беради. Шифохона шароитида эса полисомнография текшируви ўтказилиб, бу ҳаракатлар давомийлиги, қай даражада кузатилиши ва қандай намоён бўлиши аниқлаб олинади.
       
Кечиши. Бирламчи БОС, одатда, беморнинг бутун умри мобайнида давом этади ва стресс ҳолатларида, қаҳва ва спиртли ичимликларни суистеъмол қилганда, ҳомиладорлик даврида, кучли жисмоний меҳнатдан сўнг зўраяди. Кўп ҳолларда касаллик белгилари аста-секин кучайиб боради. Баъзида эса, яъни бемор дам олишга чиқса, касаллик белгилари камаяди ёки йўқолади. Узоқ давом этувчи ремиссиялар кам кузатилади. Касалликнинг қай даражада кечиши уни юзага келтирган этиологик омилга ҳам боғлиқ. Масалан, фолат кислотаси ва витаминлар етишмовчилиги ёки темир танқислиги сабабли юзага келган БОС ушбу етишмовчиликни бартараф этгандан сўнг ўтиб кетади ёки енгил кечади.
       
Ташхис ва қиёсий ташхис. БОС кўп учрайдиган синдром бўлса-да, врачлар ҳар доим ҳам тўғри ташхис қўйишга қийналишади. Бунинг асосий сабаби – БОС дан барча врачлар ҳам хабардор эмас. Бундай беморларга кўпинча невроз, остеохондроз, артрит, полиневропатия, ангиопатия каби ташхислар қўйилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқотчилар гуруҳи томонидан БОС га ташхис қўйиш алгоритми ишлаб чиқилган.
       Бирламчи БОС да беморнинг неврологик ва соматик статуси текширилганда, одатда, бошқа касалликлар аниқланмайди. Иккиламчи (симптоматик) БОС да эса юқорида келтириб ўтилган касалликлардан бири ёки бир нечтаси аниқланади. БОС ташхисини қўйишда уни бир неча касаллик билан қиёслаш керак. Авваламбор полиневропатия (айниқса, крампи билан намоён бўладиган), фибромиалгия, парестетик мералгия ва артралгиялар билан қиёсий ташхис ўтказилади. Шунингдек, бирламчи ва иккиламчи БОС орасида қиёсий ташхис ўтказиш зарур. Бунинг учун генетик текширувларга эътибор қаратиш, шунингдек, неврологик ва соматик касалликларни аниқлаш ҳам ўта муҳим. Айниқса, қандли диабет, темир танқислиги анемияси, уремия, эклампсия, бод касалликлари, витаминлар, фолат кислотаси, темир, магний ва витаминлар етишмовчилигини аниқлаш яхши самара беради. 
       
Давоси. Симптоматик БОС ни бартараф этиш учун авваламбор уни юзага келтирган бирламчи касаллик даволанади. Организм зарур минерал моддалар ва витаминлар билан таъминланиши керак. Бунинг учун бемор етарли миқдорда витаминлар, фолат кислотаси, таркибида темир моддасини сақловчи дорилар ва магний препаратлари ичиши зарур.
       Таркибида темир моддасини сақловчи дориларни буюришдан олдин қон зардобида ферритин миқдорини аниқлаш керак. Агарда ферритин миқдори 1 мл қон зардобида 45 мкг дан тушиб кеца, таркибида темир моддасини сақловчи дорилар буюрилади. Одатда, темир сулфати (325 мг) К витамини (250-500 мг) билан биргаликда кунига 3 маҳал берилади. Шунингдек, физиотерапия, рефлексотерапия, жисмоний тарбия ва махсус парҳез тавсия этилади. Идиопатик БОС ни даволашда генетик бузилишларни коррекция қилиш имконияти бугунги кунда ишлаб чиқилмаган. Бирламчи БОС ни даволаш симптоматик тарзда олиб борилса-да, унинг натижаси ҳам самаралидир.
       
Дорисиз даволаш усуллари. Бу касалликда дорисиз даволаш усули кўп қўлланилади. Чунки аксарият ҳолларда бу усуллар яхши самара беради. Даволашни бошлашдан олдин бемор қандай касалликларга чалинганлиги ва  қайси дориларни истеъмол қилаётганлигини аниқлаш зарур. Агар бемор БОС ривожланишига кўпроқ сабаб бўлувчи дориларни, масалан, нейролептиклар (галоперидол, рисполепт ва б.қ), антидепрессантлар (амитриптилин, флуоксетин ва б.қ), таркибида литий сақловчи дорилар (литий карбонат, литий оксибутират), антигистамин  воситалар, Н2-рецепторлар антагонистлари (гидрокарбонат натрий, калций карбонат, магний оксиди, алюминий гидроксиди), калций антагонистлари (нифедипин, дилтиазем, верапамил ва ҳ.к.) қабул қилаётган бўлса, иложи борича уларнинг дозаси камайтирилади, аналоги билан ўзгартирилади ёки тўхтатилади. 
       БОС да олиб бориладиган даволашнинг асосий мезонларидан бири – бу соғлом турмуш тарзига риоя қилиш. Режали тарзда спорт билан шуғулланиш (сузиш, жисмоний тарбия), кечқурунги сайр, ётишдан олдин душ қабул қилиш, шўр, аччиқ ва ёғли овқатлардан чекланиш, қаҳва ва спиртли ичимликлардан воз кечиш, папирос чекмаслик, таркибида кофеин сақловчи озиқ-овқатлардан (шоколадлар, кока-кола ва ҳ.к) тийилиш, аччиқ чойни суистеъмол қилмаслик, хамир овқатлардан воз кечиш, кўпроқ мева-сабзавотлар ва қуруқ мевалар тановул этиш тавсия этилади. Ақлий ва жисмоний меҳнат орасидаги мутаносибликни сақлаш, тунги ишлардан воз кечиш ва стрессли вазиятлардан сақланиш ҳам ўта муҳим.
       Ушбу касалликни мукаммал ўрганган Экбом (1945) “Иккала оёғи совқотиб юрадиган одамларда БОС кўп учрайди, ётишдан олдин оёқни иссиқ қилиб ётиш ҳам ўта муҳим” деб ёзади. Ҳақиқатан ҳам кечқурун ётишдан олдин иккала оёққа иссиқ ванна қабул қилиш ва ундан сўнг оёқларни сочиққа ўраб ётиш тунги оғриқларни камайтиради. Оёқларга қилинадиган ҳар қандай физиотерапевтик ва рефлектор муолажалар жуда фойдали. Айниқса, дорсанвал, енгил электростимуляция, уқалаш муолажалари, вибромассаж, дорилар электрофорези, игна билан даволаш, магнитотерапия яхши самара беради.
       
Дори билан даволаш. Дорисиз даволаш усуллари самараси кам бўлса, фармакологик воситалардан фойдаланилади. Бунинг учун қуйидаги дорилар қўлланилади: 1) бензодиазепинлар; 2) дофаминергик дори воситалари; 3) антиконвулсантлар; 3) опиоидлар. 
      Бензодиазепинлардан клоназепам, диазепам, оксазепам, феназепам, нозепам, хлозепидлардан бири тавсия этилади. Улар ухлатувчи, тинчлантирувчи, мушакларни бўшаштирувчи, сенсомотор қўзғалишларни пасайтирувчи хусусиятга эга.  Бу дорилардан бири кечаси ётишдан олдин қабул қилинади. Бунда тунги дизестезия ва парестезиялар, мускуллардаги спазм ва мотор қўзғалишлар сустлашади, бемор тезда ухлаб қолади. Масалан, клоназепам 0,5-2 мг ёки алпразолам 0,25-0,5 мг ётишдан олдин ичишга буюрилади. 
       Бензодиазепинларни узоқ вақт қабул қилиш уларнинг таъсир кучини пасайтиради ва натижада бемор дорини катта дозада ича бошлайди. Бу эса дорига наркотик боғланиб қолиш хавфини туғдиради. Бензодиазепинларнинг ножўя таъсирларидан бири – бу кундуз куни беморнинг уйқусираб, ланж бўлиб юришидир. Дори катта дозада қабул қилинса, уйқуда апное ҳолати юзага келиши мумкин. Ёши катталарда эса когнитив бузилишларни юзага келтириш эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам бензодиазепинлар БОС белгилари кучайганда 15-30 кун мобайнида буюрилади. Одатда, бу вақт ичида беморнинг аҳволи яхшиланади ва дори дозаси камайтирилиб тўхтатилади.  
       Леводопа препаратларидан кечқурун ётишдан 1-2 соат олдин Мадопар-125 нинг 1/2 қисми ичишга буюрилади. Бемор дорини шу миқдорда бир ҳафта мобайнида қабул қилади. Дори кўзланган натижани бермаса, унинг дозаси 100 мг гача оширилади. Антиконвулсантлардан габапентин кунига 300 мг дан тавсия этилади. Дори ётишдан олдин ичилади. 
       
Бошқа дори воситалари. БОС да бошқа дорилар ҳам кўп қўлланилади. Фолат кислотаси (2 мг дан 3 маҳал), магний В6 (100 мг магний+10 мг пиридоксин), В1, В12, Е витаминлари буюрилади. Шунингдек, амантадин (100 мг дан 3 маҳал), баклофен (25 мг дан 3 маҳал), золпидем (5 мг ётишдан олдин), пропранолол (20 мг дан 3 маҳал) тавсия этилиши мумкин. Аксарият ҳолларда ушбу дориларнинг ўзи ҳам БОС белгиларини бартараф эта олади. Фармакологик дорилар билан даволаш физиотерапевтик муолажалар билан биргаликда олиб борилса, самараси янада юқори бўлади.  
       
Ҳомиладор аёлларни даволаш. Уларда витаминлар, темир моддаси, магний тузи ва фолат кислотаси етишмовчилигини бартараф этиш лозим. Шунингдек, ҳомиладор аёллар учун белгиланган махсус парҳезга амал қилиш, ўз вақтида дам олиш ва тоза ҳавода сайр қилиш ўта фойдали.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha