Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi БИРЛАМЧИ, ИККИЛАМЧИ ВА УЧЛАМЧИ МАЙДОНЛАР

БИРЛАМЧИ, ИККИЛАМЧИ ВА УЧЛАМЧИ МАЙДОНЛАР


Бирламчи майдонлар проекцион типдаги хужайралардан иборат бўлиб, пўстлоқ марказларини периферия билан боғлайди. Масалан, олдинги ва орқа марказий пушта нейронлари, энса соҳасида жойлашган кўрув маркази, чакка соҳасида жойлашган эшитув маркази бирламчи майдонларга киради (1-жадвал). 

1-жадвал
Пўстлоқ майдонлари
Пўстлоқ майдонлари
Бродманн майдонлари
Бирламчи майдонлар 
(проекцион соҳалар)
3 – орқа марказий пушта
4 – олдинги марказий пушта
17 – бирламчи кўрув соҳаси
41 – бирламчи эшитув соҳаси 
 
Иккиламчи майдонлар  
(проекцион-ассоциатив соҳалар)
1, 2 ва 5-майдонлар – тери-кинестетик анализатори; 
18 ва 19 – кўрув гностик марказлари
22 ва 42 – эшитув анализатори;
6 ва 8-майдонлар (премотор соҳа) – ҳаракат анализатори 
 
Учламчи майдонлар 
(ассоциатив марказлар)
Пешона соҳасида – 9, 10, 11, 45, 46, 47;
Чакка соҳасида – 21 ва 31 майдонлар;
Пастки париетал пушта – 39 ва 40 майдонлар 
 

Барча бирламчи майдонларни топик принцип асосида тавсифлаш мумкин. Чунки ушбу марказлар аниқ бир функцияни бажаришга ихтисослашган ва периферия билан боғланган. Масалан, кўрув аппаратидан келувчи сигналлар 17-майдонга, эшитув аппаратидан 41-майдонга, умумий сезгидан келувчи сигналлар  3-майдонга келади. Ҳаракат билан боғлиқ йўллар эса 4-майдондан бошланади. Умуман олганда, бирламчи майдонлар зарарланиши нейропсихологик симптомлар эмас, балки неврологик симптомлар билан намоён бўлади. Бундай бузилишлар неврологик текширувлар ёрдамида дарров аниқланади. Бунга мисол қилиб гемипарез, гемианестезия, кортикал кўрликларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
       
Иккиламчи майдонлар бирламчи майдонлар ёнида жойлашган бўлиб, проекцион-ассоциатив ҳужайралардан иборат. Бирламчи майдонларга келиб тушган сигналлар иккиламчи майдонларга узатилади ва бу ерда улар мураккаб анализ ва синтез қилинади. Масалан, 17-майдон предметни кўради, бироқ унинг нималигини танимайди, 18 ва 19-майдонлар эса предметни танийди. Шунинг учун ҳам 17-майдон зарарланса, кортикал кўрлик пайдо бўлади. 18 ва 19-майдонлар зарарланса, кўрув агнозияси ривожланади. Демак, 17-майдон объектни кўриш учун жавобгар бўлса, 18-майдон объектни таниш (билиш) учун жавобгар. 
       
Учламчи майдонлар фақат ассоциатив нейронлардан иборат бўлиб, пўстлоқда бир неча анализаторлар билан чегарадош соҳаларда жойлашган. Учламчи майдонлар пўстлоқнинг деярли ярмини эгаллаган бўлиб, турли функционал системаларни бир-бири билан боғлаб туради. Учламчи майдонлар жойлашган соҳаларни пўстлоқнинг ассоциатив соҳалари деб аташади. Улар калта ўсимтали юлдузсимон хужайралардан иборат. Ассоциатив соҳалар пўстлоқнинг темпорал, париетал ва оксипитал бўлаклари чегарасида (ТРО – temporo-parieto-occipitalis) соҳаси ҳамда префронтал соҳада жойлашган. Фақат инсон учун хос бўлган ўта мураккаб интеллектуал операциялар айнан учламчи майдонлар фаолияти билан боғлиқ. Бунга нутқ ва у билан боғлиқ бўлган онгли фаолиятни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бирламчи ва иккиламчи майдонлар ҳайвонларда ҳам бўлади. Бироқ учламчи майдон уларда йўқ.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha