Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi БЎЙИН ЧИГАЛИ НЕРВЛАРИ ПАТОЛОГИЯСИ

БЎЙИН ЧИГАЛИ НЕРВЛАРИ ПАТОЛОГИЯСИ


Бўйин чигали (plexus cervicalis)ни C1–C4 спинал нервларнинг олдинги тармоқлари ҳосил қилади. Бўйин чигалидан сезги, ҳаракат ва аралаш нервлар чиқади.
       А) Бўйин чигалининг тери нервлари
       Энсанинг кичик нерви (n. occipitalis minor, C1–C3). Энса соҳасининг латерал қисми терисини иннервация қилади. Нерв зарарланганда ушбу соҳада невралгия кузатилади.
       Қулоқнинг катта нерви (n. auricularis magnus, C3). Қулоқ супрасининг катта қисми, қулоқнинг ташқи тешиги ва қулоқ орқаси терисини иннервация қилади. Нерв зарарланганда ушбу соҳаларда невралгик оғриқлар кузатилади.
       Бўйиннинг кўндаланг нерви (n. transversus colli, C2–C3). Бўйин терисини иннервация қилади. Зарарланса, ушбу соҳада парестезия ва оғриқлар кузатилади.
       Ўмров усти нервлари (nn. supraclaviculares, C3–C4). Ўмров усти соҳаси, елканинг юқори ташқи юзаси, кўкрак қафасининг олдинги юзаси (1-қовурғагача), орқа томондан куракнинг юқори соҳаси терисини иннервация қилади. Бу нервлар зарарланганда кўрсатилган соҳаларда оғриқлар, парестезиялар, гипо- ва гиперестезиялар кузатилади.
       Б) Бўйин чигалининг мускулларга борувчи нервлари
       Бўйин чигалининг ҳаракат толалари mm. recti capitis anterior et lateralis, mm. longi capitis et colli, mm. scaleni, m. levator scapulae, mm. intertransversali anteriores, m. sternocleidomastoideus, m. trapeziuslarni иннервация қилади. Бу мускуллар бўйин ва елканинг барча ҳаракатларини таъминлаб берувчи мускуллардир.
       В) Аралаш нервлар
       Диафрагма нерви (n. phrenicus, C1–C3) ҳаракат ва сезги толаларидан иборат. Бу нерв m. scalenius anterior бўйлаб пастга йўналиб, ўмровости артерияси ва венаси орасидан ўтиб, кўкрак қафаси бўшлиғига тушади. Ўнг томондаги n. phrenicus ўнг ўпканинг олд томонида вертикал тарзда жойлашиб олади ва перикарднинг латерал юзаси бўйлаб диафрагмага етиб келади. Чап томондаги n. phrenicus аорта равоғининг олд юзаси бўйлаб чап ўпканинг олд томонига ўтиб олади ва перикарднинг чап латерал юзаси бўйлаб диафрагмага етиб келади. Иккала нерв ҳам олдинги кўкс оралиғи (медиастинум антериус) ичидан перикард билан плевра орасида жойлашиб ўтади. N. phrenicus симпатик тугунлар толалари билан анастомозга ҳам эга.
       N. phrenicus ҳаракат толалари диафрагмани иннервация қилади ва нафас олиш ҳаракатларини таъминлайди, сезги толалари плевра ва перикардни иннервация қилади.
       Патологияси. Диафрагма нерви турли патологик ҳолатларда зарарланади. Вирусли ва бактериал инфекциялар, интоксикациялар, травматик жароҳатлар, метастатик ўсмалар ва цервикал диск чурраларида бу нерв кўп зарарланади. Унинг тўла зарарланиши диафрагма ҳаракатини тўхтатиб қўяди ва бу ҳаёт учун хавфлидир. Нервнинг таъсирланиши кучли ҳиқичоқ, бўғилиш ва кўкрак қафасида санчувчи оғриқлар билан намоён бўлади. Бу оғриқлар елка соҳасига ҳам иррадиация қилиши мумкин.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha