Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ВЕГЕТАТИВ КРИЗЛАР

ВЕГЕТАТИВ КРИЗЛАР


Вегетатив кризлар – тўсатдан рўй берувчи ва кучли ифодаланган вегетатив бузилишлар билан кечувчи пароксизмлар бўлиб, улар ўртача 30–60 дақиқа давом этади. Вегетатив кризнинг вагоинсуляр ва симпатоадренал типлари фарқланади: 
  1. Вагоинсуляр криз – АҚБ пасайиб кетиши, рангнинг оқариб кетиши, кўнгил айниши, қусиш, гипотермия, кардиалгия, абдоминалгия, нафас сиқиши, тер босиш, умумий титроқ ва баъзида хушдан кетиш каби белгилар билан намоён бўладиган ҳолат. 
  2. Симпатоадренал криз – АҚБ кўтарилиши, кучли қўрқув ва хавотир, ўлиб қолишдан қўрқиш, бош оғриқ, умумий титроқ, тахикардия, кардиалгия, оғиз қуриши, тана ҳарорати ошиши ва полиурия билан намоён бўладиган ҳолат. Кучли хавотир ва қўрқув билан кечувчи вегетатив криз психовегетатив криз деб ҳам аталади. КХТ-10 да вегетатив кризлар алоҳида ажратилмаган. Шундай бўлса-да, бу атамадан клиник тиббиётда фойдаланишади.
      Клиникаси. Вегетатив криз, одатда, 20-40 ёшдагиларда ва аёлларда кўп кузатилади. Вегетатив криз тўсатдан рўй беради. Кучли қўрқув, хавотир ва титрашлар беморнинг бутун вужудини қамраб олади, юрак худди ўз қинидан чиқиб кетаётгандек тез-тез ура бошлайди, ҳаво етишмай қолиб нафаси бўғилади, бўғзига худди бирор нарса тиқилгандек туюлади, бемор бўйнининг тагини, кўкрак қафасини қўллари билан силайверади, гўёки шу йўл билан нафас йўлларини очмоқчи (шунинг учун ҳам бу ҳолатни “паник атака” дейишади). Бу белгилар билан биргаликда кардиалгия, юрак соҳасида увишиш ва жимирлашлар, қизиб-совиб кетиш, дисфория ҳам кузатилади. Беморнинг боши айланиб хуши туманлашади, яъни предсинкопал ҳолатга тушади. Шунингдек, кўнгил айниш, эпигастрал соҳада нохуш сезги ва оғриқ, тез-тез сийишга қатнаш рўй беради. 
    Криз пайтида обьектив текширувлар ўтказганда қуйидаги белгилар аниқланади: беморнинг ранги оқариб кетган, кўзлари катта-катта очилган ва қорачиқлари кенгайган бўлади (қаттиқ қўрққан одамнинг юз-кўзини кўз олдингизга келтиринг). АҚБ ошади (бироқ жуда баланд эмас), тахикардия кузатилади, танаси ва бармоқлар учи совуқ бўлиб, товуқ териси шаклини олади. Беморнинг темпераментига боғлиқ бўлган ҳолда турли истерик реакциялар рўй беради. Холерик ва сангвиникларда гиперактив ҳолат рўй берса, флегматикларда бу реакциялар бироз суст ифодаланади. 
       Меланхоликлар эса чуқур апатия ва депрессия ҳолатига тушиб қолади. Уларни ўлиб қолиш қўрқуви безовта қилаверади ва ҳар гал яқинлари билан видолашаверади. Криз 20-30 дақиқа давом этса-да, тез-тез такрорланиб туриш хусусиятига эга. Баъзиларда бир кунда бир неча бор кузатилса, бошқа бировларда бир ойда бир неча маротаба рўй беради. Бу беморларда бора-бора турли хил фобия (агарофобия, клаустрофобия, кардиофобия, лисофобия) ва инсомния (ёки уйқучанлик) ривожланади.
    Ташхис ва қиёсий ташхис. Вегетатив криз ташхиси юқорида кўрсатиб ўтилган клиник симптомлар ва уларнинг кечиши асосида қўйилади. Шунингдек барча зарур лаборатор ва инструментал текширувлар ўтказилади. Вегетатив кризни бир қатор неврологик, эндокрин, руҳий ва соматик касалликлар билан қиёслашга тўғри келади. Вегетатив кризни айниқса, мезотемпорал эпилепсия (амигдало-гиппокампал синдром), пароксизмал тахикардия синдроми, синкопал ҳолатлар, мигрен хуружлари, бронхиал астма хуружи, вестибулопатия, шизофрения, маниакал-депрессив психоз, истерия, депрессия, ипохондрик невроз, инсулинома, феохромотситома билан қиёслаш бирмунча қийинчиликлар туғдиради. Баъзи мутахассислар фикрича, психовегетатив пароксизм руҳий касалликлар (эндоген депрессия, шизофрения)нинг бошланғич даври бўлиши ҳам мумкин. Шу боис бундай беморларни психиатр назоратидан ўтказиб туриш лозим.
      Даволаш. Криз пайтида авваламбор бемор тинчлантирилади ва унинг атрофида нормал психологик муҳит яратилади. 
    Қуйидаги дорилар тавсия этилади:
  1. Валокардин ёки корвалол 20 томчи илиқ сувга солиб ичилади (енгил ҳолатларда). 
  2. Диазепам (5 мг) ёки анаприлин (20 мг) тил тагига ташлаб сўрилади. 
  3. Амитриптилин 25-75 мг/кун, мелипрамин 25-75 мг/кун, сертралин 50-100 мг/кун, алпразолам 1-2 мг/кун, флувоксамин 20-40 мг/кун.
  4. Афобазол 10-30 мг/кун, атаракс 25-75 мг/кун, санопакс 25-50 мг/кун, сулпирид 50-200 мг/кун, клоназепам 1-2 мг/кун, тразодон 25-50 мг/кун.
  5. Пропранолол 20–40 мг/куннадолол (коргард) 40 мг/кунтразикор 20-40 мг/кун, пирроксан 15-30 мг/кун.
    Шунингдек, игна билан даволаш, турли тинчлантирувчи ва калтсий сақловчи дорилар электрофорези, енгил массаж ва бошқа рефлектор даволаш муолажалари ва албатта рационал психотерапия жуда яхши самара беради. Тиббий психолог томонидан тиббий-психологик муолажаларнинг режали тарзда ўтказилиши жуда катта аҳамиятга эга.
   Баъзида бемор чуқур-чуқур, равон нафас олса ҳам криз белгилари анча пасаяди. Бунинг учун беморнинг қўлига салафан халта тутқазилади. Бемор салафан халта ичига бир неча маротаба нафас олиб, чиқаради. Натижада салафан ичида СО2 гази тўпланади. Бу газ чиқиб кетмаслиги учун салафан бўғзини герметик тарзда ушлаш керак.  Бемор СО2 га бой ҳаво билан кетма-кет нафас олса, қўзғалган вегетатив марказлар сустлашади ва вегетатив симптомлар жадаллиги пасаяди. Баъзан вегетатив кризни ушбу йўл билан бартараф этиш мумкин. Беморни турли хил уколларга ўргатиб қўймаслик керак. Акс ҳолда унда турли “нажот берувчи уколларга” психологик боғланиш шаклланади. Аксарият ҳолларда психовегетатив кризни тил тагига ташланадиган тинчлантирувчи дорилар билан барҳам топтириш мумкин.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y;
              ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha