Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ГАСТРОИНТЕСТИНАЛ БУЗИЛИШЛАР

ГАСТРОИНТЕСТИНАЛ БУЗИЛИШЛАР


Психоэмоционал стресс ошқозон-ичак фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиб, турли хил гастроинтестинал бузилишларни юзага келтиради. Булар ичида кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, қабзият, қорин соҳасида оғриқлар кўп учрайди. Танада кечадиган ҳар қандай жараён мия иштирокисиз бўлмаслиги Гиппократ, Гален ва Декарт асарларида  қайд қилинган. Гален ва Ибн Сино «қора ўтнинг» ўт пуфагида кўпайиб кетиши ипохондрияга олиб келишини айтиб ўтишган. Ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида ошқозон-ичак соҳасида асаб бузилишлари сабабли учрайдиган турли белгилар ва уларни даволаш усуллари ҳақида ёзиб қолдирган. 

Ҳозирги даврда ўткир ва сурункали стресслардан сўнг ривожланадиган ошқозон-ичак соҳасидаги бузилишларга таъриф бериш учун турли хил атамалар таклиф қилинган: «абдоминал ипохондрия», «таъсирланган ичак синдроми» «абдоминал депрессия», «психоген гастроинтестинал синдром», «соматоген депрессия» ва ҳоказо. Лекин шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, агар юрак ва нафас олиш системаларининг психоген бузилишларида беморлар нисбатан невропатологга кўпроқ мурожаат қилишса, ошқозон-ичак касалликлари тўғрисида бундай хулоса қилиш қийин. Негаки, аксарият беморлар (ҳатто докторлар ҳам) ошқозон-ичак системасининг фаолияти бузилганда фақат терапевтга ёки гастроэнтерологга кўринишади. Буни тушуниш мумкин, албатта. Чунки одамлар наздида «ошқозон миядан узоқда жойлашган ва уларнинг бир-бирига алоқаси йўқ». 

ХХ аср бошларида машҳур невролог Штрюмпел (1902) диспепсия 70 % ҳиссий зўриқишлар сабабли намоён бўлади, деган эди. Ўша давр неврологлари овқат ҳазм қилишнинг функционал бузилишлари, абдоминалгия, умумий ҳолсизлик, иштаҳа пасайиши каби симптомлар худди бош оғриғи ва бош айланиши каби неврастениянинг асосий белгилари деб ҳисоблашган.

Тошкент шаҳрида З. исмли 39 ёшли аёл 10 йил мобайнида диспепсиядан азият чекиб, деярли барча йирик илмий марказларнинг клиникаларида турли ташхислар билан даволанган. Уни бир неча бор операцияга кўндирмоқчи бўлишган. Сўнгги 3 йилда ҳатто ҳўл мева ейишни ман қилишган. У деярли 5 йилдан ошиқ ичак фаолиятини яхшилайдиган махсус пектин ичиб юрган. Бемор даволаниш учун Исроил давлатига хат билан мурожаат қилади. Докторлардан бири беморга тиббий психологга мурожаат қилишни тавсия этади. Хулоса шу эдики, беморда бор-йўғи психоген диспепсия эди холос. У 10 кун ичида бутунлай тузалиб кетди. Беморнинг биринчи берган саволи: “Нок ва олмани энди есам бўладими?” Албатта бўлади... 

Ўткир ёки доимий руҳий жароҳатлар, жинсий муаммолар, қаттиқ қўрқув каби омиллар ошқозон-ичак фаолиятининг функционал бузилишларига олиб келиши мумкин. Бундай пайтларда мутахассислар «гастроинтестинал беқарорлик» ҳақида сўз юритишади. Бу тоифа одамларда руҳий сиқилишлар пайтида, албатта, ошқозон-ичак фаолияти бузилади. Бироқ бош оғриғи, бош айланиши, нафас етишмовчилиги каби симптомлар кузатилмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам ипохондрияда ўт йўллари дискинезияси, доимий анорексия (улар овқатни қорин очганда эмас, соатга қараб ейишади), қабзият ёки диарея кўп учрайди. Бу симптомлар беморнинг кайфиятига қараб, гоҳ кучаяди, гоҳ пасайиб туради. Айнан ана шу беморлар терапевтик муолажалар узоқ вақт ёрдам бермаганлигидан табибларга мурожаат қилишади. Беморларнинг табиблар ва антиқа даволаш усулларига бўлган қизиқиши сабабларини биз «Деонтология» бўлимида ёритганмиз.

Психоген анорексия. Психоген анорексия атамаси 1868 йили В. Гулл томонидан таклиф қилинган. Иштаҳанинг кайфиятга боғлиқлиги шубҳасиз. «Кеча овқатни иштаҳа билан тановул қилувдим», «Бугун кайфиятим бузилди, ҳеч нарса егим келмаяпти» каби ибораларни эшитиб турамиз. Статистик маълумотларга кўра, меланхолия ва циклотимияда анорексия 40 % беморда кузатиларкан. Иштаҳаси пасайган беморларда таъм ва ҳид билиш ҳам бузилади (“бу овқатнинг таъмини умуман сезмаяпман, ҳиди ҳам ёмон”). Агар бемор ўзига ёқмаган овқатни эса (у сифатли бўлишидан қатъи назар), кўнгли айниб қусади ва ҳаттоки ичи кетади. Мабодо ич кетиши тўхтамаса ва беморга «овқатдан заҳарланиш» ёки «дизентерия» ташхиси қўйилса, унда юқорида қайд қилинган белгилар узоқ вақт давом этади.

Баъзан иштаҳа кучайиб кетади, яъни булимия кузатилади. Соматик депрессияга учраган беморлар баъзан шу даражада овқатни кўп тановул қилишадики, улар шунда ҳам тўйишмайди. Бир ўтиришда бир буханка нон, бир лаган ош ва уч чойнак чой ичиб ҳам тўймаган беморнинг гувоҳи бўлганмиз. У «Ошқозоним чўзилиб кетган бўлса керак» деб, терапевт ва жарроҳларга маслаҳатга боради, параклиник ва лаборатор текширишлардан ўтади. Беморда органик касаллик аниқланмайди ва у тиббий психологга маслаҳатга юборилади. Бемордаги бу ҳолат рафиқаси унга хиёнат қилгандан сўнг келиб чиққан. Беморнинг рафиқасини чойхонадаги ўз улфати «йўлдан» урган. Демак, баъзан психоген симптомлар ривожланиши ва ташқи салбий таъсир орасида мантиқий боғланишни кузатиш мумкин. 

Булимия ва полифагия механизмини тўйиш ҳиссининг йўқолиши билан тушунтириш мумкин. Бу марказлар гипоталамусда жойлашган бўлиб, у ердаги махсус нейронлар «ошқозон овқатга тўлганлиги» тўғрисидаги маълумотни олмагунча бемор ўзини тўйгандек ҳис қилмайди. Ипохондрия ва депрессив синдромларда айнан мана шу мураккаб механизм издан чиқади. Қандай қилиб биз оч бўлганлигимизни сезамиз? Организмдаги овқат ресурслари камайганда, дастлаб қонда қанд миқдори камаяди ва дарров бу ҳақдаги сигнал гипоталамусда жойлашган махсус рецепторларга  бориб тушади. Бош мия бунинг асосида «овқатланиш керак» деган қарорни қабул қилади.  Бу топшириқ бажарилмаса, нима  бўлади? Гипоталамус ядролари оч қолганлигимиз тўғрисидаги сигналларни маълум вақтгача қабул қилади (масалан ярим соат, бир соат). Ундан сўнг мия «организмни асраш тўғрисида қарор қабул қилади», яъни биринчи бўлиб жигар ва мушакларда тўпланиб ётган гликоген парчаланиб глюкоза, сув ва энергияга айланади. Глюкоза эса қонга тушиб, очлик ҳиссини камайтиради ёки йўқотади. Шунинг учун ҳам бироз кутсак, очлик ҳисси ўтиб кетади.

Неврозга чалинган беморларнинг аксарияти ширинликка (айниқса, шоколадга) ўч бўлишади. Чунки унинг таркибида асабни тетиклаштирувчи моддалар кўп. Улар музқаймоқ ва ширин таъмли ичимликларга (кола, фанта ва спрайт) ўч бўлишади. Таркибида углеводи бор озиқ-овқатлар очликни тез қондиради, шунинг учун ҳам биз овқатлангандан сўнг ширинлик истеъмол қилишни хуш кўрамиз. Овқатланиш тартиб-қоидаларига амал қилиш нафақат ошқозон-ичак касалликлари, балки асаб бузилишларининг ҳам олдини олади.

Гастроинтестинал бузилишларда тез-тез учрайдиган белгилар – кўнгил айниши ва қусишдир. Ҳиссий қўзғалувчан беморларда бу симптомларни келтириб чиқариш жуда осон. Кўп ҳолларда кўнгил айниш, қусиш ва жиғилдон қайнаши биргаликда учрайди. Атрофдаги ҳамма нарсалар, яъни озиқ-овқатлар, кир-чир кийим кийган одамлар, чанг ва ифлос кўчалар бундай беморларда кўнгил айниш ва қусишни юзага келтириши мумкин. Уларни «инжиқ» одам деб ҳам аташади. Ҳозирги гиподинамия ва стресс асрида беморларда бу шикоятларнинг кўпайганлиги «ялқов ошқозон синдроми» атамасини таклиф қилишгача олиб келди ва телевидениеда бунга қарши дорилар ҳам реклама қилинмоқда. Психоген кўнгил айниш овқат билан боғлиқ бўлмаслиги, қусгандан сўнг қолмаслиги, оғизда доимо аччиқ таъм бўлиши ва еган овқатнинг ошқозонга тушмай томоғида тиқилиб туриши билан тавсифланади. Парҳез, одатда, ёрдам бермайди.

Гастроинтестинал бузилишларнинг яна бир тури – бу қабзият. Гастроэнтерологлар фикрича, қабзиятдан шикоят қилувчи беморларнинг деярли ярмида ичак касалликлари аниқланмайди. Бундай беморлар тиббий психолог томонидан текширилганда, уларда ипохондрия, депрессия ва истерия белгилари топилади. Неврозга чалинган беморларнинг аксариятини ҳафтасига зўрға бир марта ичи келади. Асаб бузилишларида қабзият сабабларини турлича тушунтириш мумкин: биринчидан, бу беморларнинг аксарияти пассив ва кам ҳаракатчан бўлишади, спорт билан деярли шуғулланишмайди; иккинчидан, овқатланиш тартибига деярли амал қилишмайди ва кўпроқ углеводларни хуш кўришади; учинчидан, транквилизаторларни кўп истеъмол қилишади, улар эса ичаклар перисталтикасини сусайтиради.

Шунингдек, доимий руҳий-ҳиссий зўриқишларда баъзан йўғон ичакда суюқликнинг сўрилиши кучайиши аниқланган. Бу эса қабзиятга олиб келади. Ичакларда суюқлик сўрилиши сусайиши эса ич кетишга сабабчи бўлади. Ич бузилиши симпатик ва парасимпатик тонус ҳолатига ҳам боғлиқ. Симпатик тонус ошганда перисталтика секинлашиб, атоник қабзият, парасимпатик тонус ошганда перисталтика кучайиб, спастик қабзият ривожланади. Перисталтиканинг кучайиши нафақат қабзият, балки диареяга ҳам сабаб бўлади.

Психоген қабзиятда бемор доимо ичагида гулдираган товушларни эшитади, қорнининг пастки қисми сиқиб оғрийди, ичакларга газ тўпланади. Ҳожатхонага кирса, асосан, ичакдан ел чиқади ва ахлати қўйнинг ахлатига ўхшаб думалоқ-думалоқ шаклда бўлади, соатлаб ўтирса-да, дефекациядан қониқмайди. Беморнинг қорни палпация қилиб текширилганда (айниқса, спастик тарздаги қабзиятда), йўғон ичакнинг қаттиқ ва цилиндрсимон эканлиги аниқланади. Бемор ич келишини хоҳлаб турли хил усул ва дориларни қўллаб кўради. Бундай беморлар, одатда, ҳар қандай янгиликка ишонувчан бўлишади.

Ҳар қандай қабзиятда ошқозон-ичак системасида суюқликнинг сўрилиши ва ажралиши бузилади. Кейинги пайтларда «ичакларни турли хил шлаклардан тозалайдиган» доривор воситалар, яъни «овқатга қўшимча воситалар» кўп реклама қилинмоқда. Уларнинг кўпчилиги фойдали бўлиб, таркиби ичак фаолиятини яхшиловчи, организм тонусини оширувчи модда ва витаминларга бой. Улар чиройли идишларда ишлаб чиқарилади ва шунга лойиқ ёрлиқлар ёпиштирилади. Бундай идишдаги дорилар албатта инсон психологиясига ижобий таъсир кўрсатади ва кайфиятни кўтаради. Лекин бундай воситаларни истеъмол қилишдан олдин врач билан, албатта, маслаҳатлашиш зарур.

Беморларни даволашда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Уларга «Сиздаги қабзият жаҳлингиз тез чиқишидан, кўп руҳий сиқилишдан, мана бу тинчлантирадиган дорини ичсангиз, тузалиб кетасиз» деган билан иш битмайди. Бу ерда плацеботерапия усулини қўллашга тўғри келади. 
Бизга Н. исмли 24 яшар бемор мурожаат қилди. «Мени доимо қабзият безовта қилади, аввал терапевтларда даволандим, ичакларингни «шамоллатибсан», дейишди. «Шамоллашга» қарши даволандим, озгина фойда берди, сўнг яна қабзият давом этаверди. Жаҳлим тез-тез чиқадиган бўлиб қолди. Невропатологга юборишди, у ҳаммаси асабдан деб тинчлантирувчи дорилар буюрди ва тузалиб кетишимга ишонтирди. Бироқ қабзият давом этяпти, энди қорнимнинг пасти ҳам оғрийдиган ва тинчлантирувчи дори ичмасам, ухлай олмайдиган бўлиб қолдим», деб шикоят қилди.

Биз беморнинг тиббий-психологик статусини ўрганиб чиқиб, ҳақиқатан ҳам унинг дарди оғир эмас эканлигини, фақат докторлар ва дорилардан шифо излайвермасдан, унинг ўзи ҳам даволаш жараёнида фаол иштирок этиши зарурлигини уқтирдик. Даволаш жараёни бир ойга чўзилиши мумкинлигини ҳам айтдик. Бир ҳафта ичида унга учта антиқа дори тайёрлаб беришимизни, унинг бирини ичиши, иккинчисини қорнининг пастки қисмига суриши ва учинчисини ҳар кун кечаси иссиқ ваннага ташлаб, бир соат мобайнида бўйнигача сувга кўмилиб ётиши зарурлигини тайинладик. Бу муолажалар бир кунда бир маҳал, фақат кечаси қилиниши зарурлигини айтиб, аниқ бир соат белгиланди. Тайёрлаб берилган дориларимизнинг учаласи ҳам суюқ бўлиб, таркибида тинчлантирувчи, ични сурувчи воситалар бор эди. Бемор спиртли ичимликлар ҳам истеъмол қиларди, бу одатидан воз кечмаса, унга ҳеч қайси доктор ва ҳеч қайси дори ёрдам бермаслиги уқтирилди. Беморга психотерапия, плацеботерапия муолажалари ҳам ўтказилгач, самараси жуда юқори бўлди.

Абдоминал оғриқлар. Бу синдром билан беморлар, одатда, тез-тез турли докторларга мурожаат қилиб туришади (терапевтдан тортиб, то онкологгача). Мутахассислар маълумотига кўра, “Тез ёрдам” бўлимига олиб келинган беморларнинг 5-10 %  қорин соҳасидаги оғриқлардан шикоят қилади. Шуниси эътиборлики, бу беморларнинг деярли 40 фоизига «қорин соҳасида сабаби аниқланмаган оғриқ» деб якуний ташхис қўйиларкан. Етук клиникаларнинг бирида ўтказилган илмий таҳлил шуни кўрсатдики, «кўричак» ташхиси билан операция қилинганларнинг ҳар уч нафаридан бирида олиб ташланган ўсимта гистологик текширувдан ўтказилганда, соғлом бўлган. Шу билан бирга, қорин соҳасидаги оғриқлар аффектив бузилишлар натижасида келиб чиққанлиги аниқланиб, қўйилган «ганглионеврит», «солярит» каби ташхислар бекор қилинган.

Абдоминалгия билан биргаликда глоссалгиялар ҳам кузатилади. Глоссалгия (глоссодиния) – тилда бўладиган кучли оғриқлар. Бундай беморларнинг жиғилдони ва қизилўнгачи жуда сезгир бўлади: тез-тез кекириш натижасида ошқозондаги кислотали моддаларнинг юқорига кўтарилиб туриши беморнинг жиғига тегиб, овқат ейишдан бош тортишгача олиб келади. Бунда бемор иссиқроқ чой ёки овқатни ҳам ича олмайди, чунки дарров унинг жиғилдони қайнайди ва кўкрак соҳасида қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Шунинг учун бундай беморлар доимо суюқликларни илиқ ҳолатда қабул қилишади. 

Ҳар қандай ташқи ва ички таъсирларга ортиқча эътибор қилаверадиган беморлар ўта инжиқ бўлиб қолишади: «Э Худойим-ей, бу қанақаси, нега мен бошқаларга ўхшаб иштаҳа билан овқат тановул қила олмайман, қорним доимо тўқ юради, очиқмайман, бир тишлам нонни оғзимга солсам ҳам қорним шишиб кетади, оғрий бошлайди», деб шикоят қилишади. Шунинг учун бу беморларда овқатланиш вақти келди дегунча қўрқув бошланади. Уларга биров овқат енг дейиши шарт эмас, соатга қараб ҳам «Тушлик пайти бўлди, менинг эса иштаҳам йўқ, ана яна жиғилдоним қайнай бошлади, овқат емасам ўлиб қоламан-ку», деб азият чекишади. Жиғилдон қайнаши, айниқса, тунда кучаяди. У ярим кечаси ўрнидан туриб, сувга сода қўшиб ичиб юради (бироқ бундай қилиш мумкин эмас). 

Оч юриш натижасида ҳар икки-уч соатда ошқозон-ичак системасининг перисталтикаси кучайиб, қорин соҳасида оғриқлар пайдо қилади ва бора-бора бу ҳолат тез-тез такрорланадиган бўлиб қолади. Мана шундан сўнг беморда қаттиқ азоблар бошланади, у «Овқат емаганимдан яра касалига дучор бўлдим», деб жарроҳларга мурожаат қила бошлайди, зондлар ютиб, ошқозонини бир неча марта текширтиради ҳам. Беморни биринчи бор текширганда: «Сизда яра йўқ, бор-йўғи ошқозон шиллиқ қаватида озгина ўзгаришлар бор, бунақа ўзгариш ҳозир кимда йўқ дейсиз», деб докторнинг тинчлантиришига қарамасдан, у «Мен режим билан овқатланмаяпман, бунақада ошқозоним яра бўлиб қолиши ҳеч гап эмас, мени яна текшириб кўринг!» деб илтимос қилади. Зонд ютиш улар учун ўлим билан баробар бўлса-да, баъзи беморлар айтганидан қолмайди. Битта бемор қорнини уч марта операция қилдирган ва ҳеч нарса топишмагач, бошқа бир жарроҳнинг маслаҳатига биноан овқат яхши ўтиши учун махсус баллон ёрдамида қизилўнгачи «кенгайтирилган».

Абдоминал оғриқлар, айниқса, ҳиссий зўриқишлардан сўнг, кайфият бузуқ пайтларда ва асосан куннинг иккинчи ярмида пайдо бўлади. Баъзан оғриқларнинг аниқ бир соатларда бошланиши эътиборга лойиқ. Масалан, эрталаб бемор ўзини яхши ҳис қилиб туради, кечга бориб қоринда оғриқлар пайдо бўлади ёки бунинг акси кузатилади. Парҳез сақлаш уларнинг аҳволини баттар оғирлаштиради, яъни улар фақат парҳезни бузиб қўймаслик, овқат вақтига амал қилиш, парҳез учун зарур бўлган масаллиқларни қандай топиш ҳақида ўйлаб юришади. Асабнинг бундай зўриқиб ишлашини албатта бу беморлар кўтара олмайди ва парҳезни ҳам бузиб юборишади ва ҳатто бироз енгил ҳам тортишади. Натижада улар тиббиётдан безиб, антиқа усуллар билан даволайдиган доктор ёки табибларни излай бошлашади. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha