Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ГЕМОФИЛ ТАЁҚЧАЛАР ЧАҚИРГАН МЕНИНГИТ

ГЕМОФИЛ ТАЁҚЧАЛАР ЧАҚИРГАН МЕНИНГИТ


Гемофил таёқчалар чақирган менингит бактериал менингитлар ичида учраши бўйича 3-ўринда туради. Менингитнинг бу тури ҳам ўткир йирингли менингитлар сирасига киради.

Этиологияси. Менингит чақирувчиси – гемофил таёқчалар (Haemophilus influenzae,  Пфейффер таёқчалари). Пфейффер таёқчалари чақирган менингит 85–90% ҳолатларда 5 ёшгача бўлган болаларда кузатилади, шу жумладан, 1 ёшгача болалар 30% ни ташкил қилади. Булар бирламчи менингитлар сирасига киради. Бу менингит 5 ёшдан ошган болаларда ҳам учрайди ва, кўпинча, йирингли отит, синусит, калла суяги синиши сабабли юзага келади. Бу эса иккиламчи йирингли менингит бўлиб, 10–15% ни ташкил қилади. Касаллик патогенези бошқа ўткир йирингли менингитлар патогенези каби намоён бўлади.

Клиникаси. Касаллик, одатда, унча ўткир бошланмайди. Тана ҳарорати 38–39°С га ошади ва ЎРИ белгилари пайдо бўлади. Орадан 3–4 кун ўтгач, тана ҳарорати 41°С гача кўтарилади, бош оғриғи кучаяди ва бола кетма-кет қусади. Менингеал симптомлар ва тутқаноқ хуружлари вужудга келади. Бемор ҳушини йўқота бошлайди ва кома ривожланади. Ўчоқли неврологик симптомлардан амавроз, ғилайлик, карлик, атаксия ва фалажликлар кўп кузатилади.

Агар менингококк ва пневмококклар чақирган менингитларда яққол ифодаланган менингеал симптомлар касалликнинг биринчи куниёқ пайдо бўлса, гемофил таёқчалар чақирган менингитда улар бироз кеч, яъни 1–2 кундан сўнг намоён бўлади. Бу эса тўғри ташхис қўйишни бироз кечиктиради.

Ташхис. Аниқ ташхис қон ва ликворда Haemophilus influenzae аниқланиши орқали қўйилади. Шунингдек, ПЗР усулидан ҳам фойдаланилади.
Прогноз. Ташхис кеч қўйилган пайтларда ўлим даражаси жуда юқори, яъни 80% га йетади. Зудлик билан эрта бошланган даволаш муолажаларида ўлим деярли кузатилмайди. Баъзида, яъни 10–20% ҳолатларда ўчоқли неврологик ва нейропсихологик асоратлар қолади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha