Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ГИЁҲВАНДЛИКДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ

ГИЁҲВАНДЛИКДА БЕМОРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ


Гиёҳвандликнинг келиб чиқиш сабаблари. ХVIII–ХIХ асрларда гиёҳванд моддалар (наркотиклар)нинг инсон организмига ўта салбий таъсири эътиборга олинмасди ва ҳатто уларнинг ижобий таъсири бор, деган фикрлар мавжуд бўлган. Доривор ўсимликларни қайта ишлаш ва фаолроқ моддаларни олиш технологияси ривожлангани сари, гиёҳванд моддаларнинг организмга зарарли таъсири мукаммал ўрганила бошланди. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар ва шу сабабли ривожланган оғир касалликлар сони тобора ортиб бораётгани турли давлатларда катта ижтимоий муаммога айланди.

Гиёҳванд моддаларнинг аҳоли орасида кенг тарқалишининг сабаблари бир қатор бўлиб, улар орасида психологик омил алоҳида ўрин тутади. Гиёҳвандликка ружу қўйиш сабаблари кўп. Улар ичида руҳий-ҳиссий зўриқишлар асосий омиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, руҳий-ҳиссий зўриқишлардан сўнг “психологик вакуум”нинг пайдо бўлиши, оиладаги носоғлом муҳит, салбий ҳиссиётларга берилиш, кайфиятни дори орқали кўтаришга интилиш шулар жумласидан.

Маълумки, гиёҳвандликка ружу қўйиш, асосан, ўсмирлик давридан бошланади ва бунда оиладаги нотўғри тарбия энг катта сабаблардан  биридир. Ота-она томонидан болаларга кўрсатилган ҳаддан ташқари ғамхўрлик ёки болага етарли даражада меҳр бермаслик, ҳаддан ортиқ  қаттиққўллик боланинг соғлом шахс бўлиб ривожланишига тўсқинлик қилади. Ўсмир уйдан безиб, кўчадан меҳр излай бошлайди ва гиёҳванд моддалар тарқатувчилар гуруҳига беихтиёр қўшилиб қолади. Унинг ўзи ҳам кейинчалик гиёҳванд моддаларни қабул қила бошлайди. Бора-бора унда ушбу моддаларга жисмоний ва руҳий қарамлик пайдо бўлади.

Гиёҳвандликда хулқ-атвор бузилиши ва бемор психологияси. Гиёҳвандликда авваламбор беморнинг иродаси сўниб боради, унда гиёҳванд моддага нисбатан кучли майл шаклланади. Аста-секин бу майл кучайиб, бемор унга қарши курашишга ожиз бўлиб қолади, унда руҳий қарамлик синдроми ривожланади. Беморнинг фикр-хаёли фақат гиёҳванд моддани топиш ва уни истеъмол қилишга қаратилади. Руҳий қарамлик синдромида гиёҳванд модданинг йўқлиги беморда доимо нохуш кайфият пайдо қилади, у бўлар-бўлмасга жанжал кўтарадиган бўлиб қолади. Гиёҳванд моддани истеъмол қилган куни эса кайфияти яна кўтарилади, яъни хулқ-атворида ижобий хислатлар пайдо бўлади.
Руҳий қарамлик синдромида беморни миядан кетмайдиган зиддиятли фикрлар эгаллаб олади, унинг хулқ-атвори ўзгариб кетади. Албатта, миядаги бу жараёнлар гиёҳванд моддаларни қанча миқдорда, неча йилдан буён истеъмол қилаётгани ва уларнинг турига боғлиқ. Одатда, гиёҳванд моддани эндигина қабул қилишни бошлаган бемор ўзида пайдо бўлган руҳий қарамликни дарров англай олмайди. У бориб-бориб юзага келган вазиятга боғланиб қолади. Гиёҳвандликдан чиқиб кетиш қийинлигининг асосий сабабларидан бири бемор руҳий қарамликдан ташқари, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ олди-сотдиларга аралашиб, жиноят йўлига кириб қолади.

Гиёҳванд моддаларни қабул қилиб юрган бемор кундалик ҳаётдан қониқмайди, сабабсиз уруш-жанжал қилади, унинг вужудини жиззакилик ва доимий норозилик аломатлари эгаллаб олади. Агарда гиёҳванд моддаларни топиш имконияти пайдо бўлганлиги ҳақида сўз борса, у ўзини ўта бахтиёр сезади ва оила аъзолари билан хушчақчақ кайфиятда сўзлашиб бошлайди, сахий бўлиб қолади. 

Руҳий қарамлик синдромида беморнинг ички дунёсида кескин ўзгаришлар рўй беради. Унинг умр йўлдоши, фарзандлари ва ота-онасига муносабати ўзгара бошлайди, улар орасида меҳр-оқибат йўқолиб боради. Беморнинг хулқ-атворида ўзига хос қайсарлик ва ўжарлик шаклланади, у яқинларининг танқидларига қарамасдан, ўз фикрини тасдиқлашга ёки қилаётган ножўя ишларини оқлашга интилади. Тўғри, баъзан бемор оғир бир дардга дучор бўлганлигини англаб, бу йўлдан қайтишга уринади, бироқ  аввалгидек тўлақонли соғлом ҳаёт тарзига қайтиш ўта қийин бўлади. Бундай вазиятларда беморнинг ўзи, унинг яқинлари, психолог ва наркологларнинг ҳамнафас бўлиб ишлаши ижобий натижа бериши мумкин. Баъзан бемор “Ўзим бошлаганман, ўзим тўхтатаман”, деб тиббий-психологик ёрдамдан воз кечади. Одатда, бундай беморлар гиёҳванд моддаларни қабул қилишнинг янада оғирроқ, кучли таъсирга эга турларига ўтиб кетишади, холос.

Руҳий қарамлик нафақат муайян бир гиёҳванд модда билан, баъзан унинг бошқа турлари таъсирида ҳам қониқтирилиши мумкин. Гиёҳвандликда руҳий қарамлик синдроми анча эрта бошланади ва узоқ давом этади. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни тўхтатгандан сўнг ҳам бемор руҳий қарамликдан анча вақтгача чиқиб кетолмайди. Шунинг учун ҳам уларга доимо психотерапевт ёрдами зарур бўлади. Руҳий қарамлик синдромини дастлабки даврларидаёқ аниқлаш тиббий психологдан юксак даражадаги зийраклик ва маҳоратни талаб этади. Чунки бемор турли хил йўллар билан гиёҳванд моддаларни қабул қилиб юрганини атрофдагилардан яширади ва ўзи ҳам руҳий қарамлик пайдо бўлганини билмай қолади. 

Касаллик авж олган сари руҳий қарамлик синдромидан оғирроқ бўлган абстиненция ва жисмоний қарамлик (компульсив) синдромлари шаклланади. Бемор энди гиёҳванд моддаларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қила бошлайди ва бунинг оқибатида ҳаётий муҳим майллар – жинсий, оч қолиш, ҳимоя инстинктлари у учун иккинчи даражали бўлиб қолади.

Компульсив синдром – гиёҳвандликда учрайдиган жисмоний қарамлик синдроми. Абстинент синдромга қараганда оғир кечади. Компульсив синдром беморнинг хулқ-атворида тўла акс этади, яъни бемор гиёҳванд моддаларни излаб топишга муккасидан берилади ва ҳар доим қабул қилиб юрган гиёҳванд моддани бошқасига ўзгартирганида қониқиш ҳосил қилмайди. Демак, гиёҳванд модданинг аниқ бир турига ружу қўйиш компульсив синдром учун жуда хос бўлиб, организм айнан шу гиёҳванд моддага кўникиб қолганлигидан далолат беради. Агар ушбу гиёҳванд модда қабул қилинмаса ёки бутунлай тўхтатильса, абстинент синдром ривожланади. 

Гиёҳвандликнинг барча тури учун организмда қабул қилаётган моддага нисбатан толерантлик пайдо бўлиши жуда хос.  Шу боис бемор доимо гиёҳванд модданинг миқдорини ошириб боришга мажбур. Акс ҳолда, эйфория рўй бермайди ёки абстинент синдром ривожланади.
Гиёҳванд моддаларни сурункали тарзда қабул қилиш интоксикация ҳолатини юзага келтиради. Бунда беморнинг шахсияти патологик тарзда ўзгаради ва ўткир психозлар тез-тез кузатилиб туради. Чунки гиёҳванд моддалар руҳиятга тез таъсир қилиши билан бошқа фармакологик дори воситаларидан ажралиб туради. Гиёҳванд моддалар барча аъзо ва тўқималарда кучли морфофункционал бузилишларни юзага келтиради. Айниқса, бу моддалар бош мия ва жигарга фалокатли таъсир кўрсатади. 

Гиёҳвандликнинг клиник кечиши 3 босқичда давом этади: 
1-босқич – адаптация (мослашув);
2-босқич  –  абстиненция;
3-босқич –  толиқиш.
  1. Адаптация босқичида гиёҳванд моддалар тушган организм фаолияти ўзгара бошлайди, яъни ички аъзолар ушбу моддалар билан фаолият кўрсатишга мослашиб олади. Бу жараёнлар билан параллел тарзда руҳий қарамлик ривожланиб боради. Аввалига ҳимоя механизмлари ишга тушади. Бу эса кўнгил айниши, қайт қилиш, терида қичималар пайдо бўлиши, бош айланиши билан намоён бўлади. Бироқ ушбу белгилар секин-аста йўқолади, чунки организм гиёҳванд моддаларга мослашиб олади.
  2. Абстиненция босқичида руҳий қарамликка жисмоний қарамлик қўшилади. Агар қабул қилиб юрган гиёҳванд модда миқдорини камайтирса, бемор безовталанаверади ва  ўша дозанинг ўрнини тўлдиришга интилади (компульсив интилиш). Агар доза етарли миқдорга кўтарилмаса, организмнинг компенсатор имкониятлари зўриқиб, абстинент  синдром янада кучаяди. Баъзи вазиятларда бу синдром анча вақт гиёҳванд моддаларни қабул қилмай юрган беморларда ҳам ривожланади. Узоқ муддатли ремиссиядан сўнг гиёҳванд моддани организмга юбориш яна жисмоний қарамликни келтириб чиқаради, ҳатто кучайтиради ҳам. Бунда нафақат юқори дозадаги гиёҳванд моддага кўникиш, балки  уни доимий тарзда қабул қилиш яна бошланиб кетади. Кейинчалик катта дозадаги гиёҳванд модда ҳам кайфиятни кўтара олмай қолади ва бемор гиёҳванд модданинг ўткир турларини излашга тушади ёки аввалгисининг дозасини оширади. Абстинент синдром танада кучли оғриқлар билан кечганлиги ва уларни бошқа дорилар  билан тўхтатиш қийинлиги сабабли, бемор гиёҳванд моддани яна қабул қилишига тўғри келади.
  3. Толиқиш босқичида организмнинг барча ҳимоя функциялари кескин пасаяди, деярли барча аъзоларда нафақат функционал, балки органик бузилишлар юзага келади, терида турли хил яралар пайдо бўлади. Бундай беморлар турли касалликларга тез чалинади. Бу босқичда гиёҳванд моддаларнинг тетиклаштирувчи ва кайфиятни кўтарувчи таъсири ҳам пасаяди. Организмни руҳан ва жисмонан қониқарли ҳолатда ушлаш учун бемор гиёҳванд моддаларни кам миқдорда қабул қилиб юришга мажбур бўлади. Чунки уларсиз организмнинг фаолият кўрсатиши ўта мушкул бўлиб қолади. Бундай беморлар доимий тиббий-психологик реабилитацияга муҳтож бўлишади.
Даволаш. Гиёҳвандликка ружу қўйганларни даволаш усуллари махсус адабиёт ва дарсликларда мукаммал ёритилган. Аммо тиббий психолог ва психотерапевт беморларни даволаш билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммоларни билиши зарур. 
Даставвал бемор стационарга ётқизилиши шарт. Чунки даволаниш шароитида кузатиладиган нохуш ҳолатлар ва абстинент синдромнинг қайта пайдо бўлиши, гиёҳванд моддани яна истеъмол қилишга мажбур қилади. Улар “ ўз дўстларидан” изоляция қилиниши керак.  Уларни уйда қолдириб ҳам  бўлмайди. Даволаш муолажалари нарколог назорати остида гиёҳванд моддаларни қабул қилишни тўхтатишдан бошланади. Соғлом ва ёш беморларда гиёҳванд моддаларни қабул қилишни бирданига ва бутунлай тўхтатиш мумкин, бироқ кекса ва ўта ожиз беморларда бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади. 

Дезинтоксикация мақсадида реомакродекс, натрий хлориднинг изотоник эритмаси ва бошқа электролитлар  кунига 2000 мл гача юборилади. Заруратга қараб қон препаратлари – албумин, плазма, тоза қон ҳам буюрилади. Оғир вазиятларда гемосорбция ва гемодиализ муолажалари ўтказилади. Шунингдек, 10 мл 10 % ли кальций хлор, 10 мл 30 % ли тиосульфат натрий, 5-10 мл – 25 % ли магний сульфат томир ичига, 5-10 мл 5 фоизли унитиол мушак орасига юборилади. Витаминлар – В1, В6, С кунига 10 мл гача 40 % ли глюкозада вена ичига қилинади. 
Абстинент синдромда психотроп дорилардан 2,5 % ли аминазин 1-3 мл 5-7 кун мобайнида т/и, м/о га ёки 2,5 % ли тизерцин 2-4 мл т/и, м/о га, 1 % ли димедрол 1-2 мл, 0,5 % ли сибазон 2-4 мл т/и, м/о га юборилади. Шунингдек, камфора, кофеин, мепробамат, галоперидол каби дориларни ҳам буюриш мумкин. Юрак ва нафас фаолиятини нормал ҳолатда ушлаб туриш учун, албатта, кордиамин тавсия қилинади.  
Нейролептиклардан неулептил кунига 10-20 мг, сонапакс 100-200 мг, антидепрессантлардан флуоксетин 20 мг, золофт 50 мг ичишга буюрилади.

Гиёҳвандликнинг тиббий-психологик коррекцияси ва реабилитацияси бир неча босқичда олиб борилади. Дезинтоксикация муолажалари, психопатологик ва соматоневрологик бузилишлар коррекцияси, метаболизмни яхшилаш, руҳий қарамликни йўқотишга оид махсус психотерапевтик дастур ва режали давомли психореабилитация чора-тадбирлари олиб борилади. Тиббий психолог беморнинг оила аъзолари билан ҳам мунтазам учрашиб туриши, беморга нисбатан салбий муносабатларини ижобий томонга ўзгартириш билан ҳам шуғулланиши зарур. Акс ҳолда ижобий натижага эришиш қийин кечади.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.    
             © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha