Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ЎТКИР ЛИМФОЦИТАР ХОРИОМЕНИНГИТ (Армстронг касаллиги)

ЎТКИР ЛИМФОЦИТАР ХОРИОМЕНИНГИТ (Армстронг касаллиги)


Этиологияси ва эпидемиологияси. Ўткир лимфоцитар хориоменингит (син: сероз менингит, асептик менингит, енгил кечувчи менингит, Армстронг касаллиги) – аденовируслар чақирувчи инфекцион касаллик бўлиб, бош мия пардаларида ўткир сероз яллиғланиш билан кечади. Касалликни қўзғатувчи вирус 1934-йили Д. Армстронг ва Р. Лилле томонидан беморнинг ликворидан ажратиб олинган. Вирус тарқатувчилар, асосан, сичқонлар ва каламушлар каби кемирувчи ҳайвонлардир. Аммо касаллик бошқа ҳайвонлар (ит, чўчқа, қуён, паррандалар) орқали ҳам юқиши мумкин. Одамдан одамга эса юқмайди.
      
Вирус ҳайвонларнинг сўлаги, ахлати ва сийдиги орқали ташқарига тушади. Вирус одам организмига ҳаво-томчи, контакт ва алиментар йўллар орқали ўтади. Одам, кўпинча, сичқонлар кемириб кетган озиқ-овқатларни истеъмол қилиб қўйиши оқибатида касалланади. Вирус одамга трансмиссив йўл, яъни чивин чақиши орқали ҳам ўтиши мумкин. Вирус барча аъзоларга гематоген йўл орқали тарқалади ва нафақат нерв системаси, балки ички аъзоларни (айниқса, ўпкани) ҳам зарарлайди.
Касаллик жинсга боғлиқ бўлмаган ҳолда турли ёшда, яъни болаларда ҳам, катталарда ҳам учрайди. Айниқса, 20–30 ёшдагилар бу дардга кўп чалинишади. Касалланиш аниқ бир мавсумга эга бўлмаса-да, қиш ва баҳор ойларида бироз кўп кузатилади.
       
Патоморфологияси. Худди бошқа вирусли менингитлардаги каби миянинг юмшоқ пардасида гиперемия, шиш ва лимфоцитлар инфилтрацияси аниқланади. Субарахноидал бўшлиққа, айниқса, цистерналарга сероз экссудатив суюқлик тўпланади. Юмшоқ парда ва бош миянинг пўстлоқ қисмида нуқтали пердиапедик геморрагиялар пайдо бўлади. Яллиғланиш жараёни бош миянинг устки қисмини ҳам қамраб олади. Асептик яллиғланиш реакциялари мия қоринчаларининг эпендимал қаватида ҳам рўй беради.
      
Клиникаси. Касаллик клиникаси худди грипп сингари бошланади. Тана ҳарорати кўтарилади, тумовга хос барча белгилар пайдо бўлади. Шу ҳолат 5–10 кун сақланиб туради. Бу пайтда менингеал симптомлар аниқланмайди. Табиийки, бундай беморга ЎРИ ёки грипп ташхиси қўйилади. Бу давр ўтгач, ўткир сероз менингитга хос белгилар тўсатдан пайдо бўлади. Бош оғриғи кучайиб кетади, бемор қуса бошлайди, тана ҳарорати 40–41°С гача ошади. Кучли бош оғриғи ва кетма-кет қусишлар пайдо бўлиб, улар 2 ҳафта ва ундан ҳам кўп сақланиб туради. Бош оғриғи ва қусишлар ЛП дан кейин пасаяди. Пайдо бўлган менингеал симптомлар бироз суст ифодаланади.
     
Краниал нервлар, айниқса, кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар кўп зарарланади. Церебрал симптомлардан пай рефлекслари гиперрефлексияси ва анизорефлексияси, патологик пирамидал симптомлар ва вестибуло-координатор бузилишлар пайдо бўлади. Бироқ улар яққол кўзга ташланмайди ва кейинчалик бутунлай ўтиб кетади. Кўп ҳолларда кўз туби димланиши ва баъзида кўрув нерви атрофияси аниқланади. Ушбу менингитда ҳушнинг оғир бузилиши кузатилмайди. Бир ёшга тўлмаган болаларда сопор ҳолати кузатилиши ва касаллик эпилептик хуружлар билан бошланиши мумкин.
      
Ликвор босими 300–400 мм сим. уст. га ошади, рангсиз ва тиниқ бўлади. Жуда кам ҳолларда ликвор ранги сал ўчиқ бўлиши мумкин. Ҳужайралар сони жуда ошади, яъни лифоцитар плеоцитоз кузатилади: 1 мкл ликворда уларнинг сони 1000–2000 га етади. Оқсил миқдори кўтарилади, баъзан нормада сақланиб қолади. Қанд ва хлоридлар миқдори ҳам ўзгармайди.
      
Кечиши. Касаллик белгилари ўткир бошланиб, аста-секин орқага чекина бошлайди. Юқори тана ҳарорати ва кучли бош оғриқ сира пасаймай, 2 ҳафта сақланиши мумкин. Менингеал симптомлар ҳам, одатда, 2 ҳафта ичида йўқолади. Баъзида улар бир ойдан ошиқ сақланади. Клиник симптомлар бутунлай йўқолгандан сўнг ҳам ликворда лимфоцитар плеоцитоз сақланиб қолади. Касалликнинг қайта қўзғалиши кузатилмайди. Армстронг вируси ички аъзоларни ҳам зарарлагани учун баъзи беморларда зотилжам, миокардит ва орхит кузатилади.
       
Ташхис. Тўғри ташхис клиник симптомлар, этиологик омил ва серологик текширувлар асосида, яъни қон ва ликвордан вирусни ажратиб олиш орқали қўйилади.
     
Даволаш. Специфик даволаш усуллари йўқ. Беморни даволаш худди бошқа вирусли сероз менингитларни даволаш каби ўтказилади.
       
Прогнози. Касаллик беморнинг тўла тузалиши билан тугалланади. Шу боис, Армстронг менингитини енгил кечувчи сероз менингит деб аташади.
       
Профилактикаси. Санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, озиқ-овқатларни махсус жойларда сақлаш ва сичқонларга қарши курашиш бу касалликнинг олдини олади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha