Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ЦЕРЕБРОВАСКУЛЯР КАСАЛЛИКЛАР ЭТИОЛОГИЯСИ

ЦЕРЕБРОВАСКУЛЯР КАСАЛЛИКЛАР ЭТИОЛОГИЯСИ


Маълумки, касаллик ривожланишига бевосита алоқадор бўлган патологик ҳолатларга этиологик омиллар деб айтилади. Ишемик инсультнинг асосий этиологик омиллари – булар ҳафақон касаллиги (артериал гипертония), экстра- ва интракраниал томирлар атеросклерози, кардиоген омиллар (миокард инфаркти, юрак клапанлари етишмовчилиги, ҳилпилловчи аритмиялар), қандли диабет ва васкулитлар. Инсульт ривожланишида кам аҳамиятли бўлган этиологик омилларга лейкоз, полиситемия, анемия, тромбоцитоз, антифосфолипид синдром, мигрен, инфекцион артериитлар ва коллагенозлар киради.
   Артериал гипертензия (АГ). АГ артериялар ички босимининг ошиши бўлиб, у ишемик инсульт ривожланишида етакчи этиологик омиллардан бири саналади. АҚБ даражаси билан инсульт ривожланиш хавфи орасида бевосита боғлиқлик бор. Ёш ўтган сайин АГ билан касалланганлар сони оша боради. Фремингем тадқиқот маркази маълумотларига кўра, ривожланган давлатларда артериал гипертензия 50 ёшгача  – 45%, 60 ёшгача – 60%, 70 ёшгача – 70% ҳолатларда аниқланади. АҚБ 139/89 мм сим. уст. дан ошиб турувчилар хавфли гуруҳга киради ва улар доимий тарзда врач назоратида туради.
   Атеросклероз (АС). АС артерияларнинг ички деворига липидлар тўпланиши, фиброз тўқима ва пиликчалар пайдо бўлиши билан кечувчи патологик жараён бўлиб, артериялар стенози ва деформациясини юзага келтиради. АС аорта, уйқу артериялари, айниқса, бифуркация соҳаси, интрацеребрал артериялар ва юрак артерияларида кўп кузатилади. АС худди АГ каби ишемик инсультнинг асосий этиологик омили ҳисобланади. АС билан касалланганлар сони ёш ошган сайин кўпая боради. Гиперлипидемия, гиподинамия, чекиш, артериал гипертония ва қандли диабет АС ривожланишига олиб келувчи хатарли омиллардир. АС жинсга боғлиқ касаллик бўлиб, эркакларда кўп учрайди. Ўзбекистонда инсульт этиопатогенези, диагностикаси, замонавий даволаш усули ва профилактикасига оид ишларга академик А.Раҳимжонов салмоқли ҳисса қўшган.
   Атеросклеротик пиликчалар, кўпинча, артерия тармоғи бошланган жойда кўп кузатилади. Умумий уйқу артерияси бифуркациясини бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Артериянинг бу қисмида атеросклеротик пиликчалар яққол кўзга ташланади. Атеросклеротик пиликчаларга тромбоцитлар ёпишган сайин тромблар пайдо бўлиш хавфи оша боради. Артериянинг пиликчалар пайдо бўлган қисмига калций тузлари тўпланади ва ярачалар ҳам пайдо бўлади. Бунинг оқибатида тромблар бўйига ҳам, энига ҳам катталаша боради ва стеноз ривожланади. Кейинчалик артерия бутунлай тиқилиб қолади, яъни окклюзия шаклланади. Бу жараён атерогенез жараёни деб аталади. Пайдо бўлган пиликчалар эса атеротромботик пиликчалар дейилади. Артерия тешиги торайган сайин унинг периферик қисмида перфузион босим пасайиб, қон айланиши бузила бошлайди.    Артерия тешиги 70-75% га торайса, бу ҳолат гемодинамик аҳамиятли стеноз деб юритилади. Бундай вазиятларда ишемик инсульт ривожланиш хавфи жуда юқори бўлади. Атеротромботик жараён аста-секин ривожлана бошласа, мияда коллатерал қон айланиш системаси ҳам аста-секин фаоллашиб боради ва касаллик симптомсиз кечади. Тез суръатларда шаклланган тромбозда инсульт ўткир тарзда рўй беради. Атеротромботик инсульт шу тарзда ривожланади.
   Артериялардаги тромблар эмболия манбаи ҳамдир, яъни тромбларнинг бир бўлаги ажралиб чиқиб, ушбу артериянинг тармоқлари бўйлаб мияга етиб боради ва мия ичидаги артерияларни тиқиб қўяди. Бу жараён артерио-артериал эмболия деб аталади. Ишемик инсультнинг бу тури аввал тромбоэмболик инсульт деб юритилган. Ҳозирда тромбоэмболик инсульт алоҳида ажратилмайди. Бу тарзда кечувчи ишемик инсультлар умумий ном билан атеротромботик ишемик инсульт деб айтилади.
   Кардиоген омиллар. Юрак касалликлари, яъни клапанлар етишмовчилиги, ҳилпилловчи аритмия, эндокардит ва яқинда ривожланган миокард инфаркти кардиоэмболик инсультлар сабабчисидир. Барча ишемик инсультларнинг 15-30% кардиоэмболик инсульт ҳисобланади. Бу инсультларнинг кўп кузатилиши юрак касалликларининг кўп учраши билан боғлиқ. Шунингдек, юракнинг сунъий клапанлари ҳам этиологик омиллар сирасига киради. Бу касалликлар ва патологик ҳолатлар юрак клапанларида майда тромбларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ушбу майда тромблар ўрнидан ажралиб чиқиб, қон оқими бўйлаб мия томирларига етиб боради ва уларни тиқиб қўяди. Айниқса, ҳилпилловчи аритмиялар клапанлардан тромбларнинг ажралиб чиқишини тезлаштиради. Бу жараёнга, шунингдек, ревматик эндокардит, артериал гипертония, атеросклероз ва турли вирусли инфексиялар ҳам туртки бўлади.
  Қандли диабет (ҚД). ҚД ишемик инсульт ривожланиш хавфини 2-4 баробарга оширади. АС ривожланишида ҳам ушбу касаллик етакчи ўринларни эгаллайди. ҚД да ривожланадиган церебрал микроангиопатия бош мияда қон айланишининг сурункали етишмовчилигини юзага келтиради ва ўткир ЦВК ривожланишига мезон яратади. ҚД да кузатиладиган экстра- ва интрацеребрал артериялар атеросклерози ва церебрал микроангиопатия мияда коллатерал қон айланишини ҳам издан чиқаради. Шунингдек, ҚД учун хос бўлган дисметаболик жараёнлар ҳам мия тўқималарида ўз аксини топади. Тез-тез кузатилиб турадиган гипо- ва гипергликемик ҳолатлар мияда ўткир ва сурункали ишемияларни юзага келтиради. Шу боис, ҚД билан касалланганларда ишемик инсульт ривожланиш хавфи ҳам, инсульт ривожлангандан сўнг ногиронлик ва ўлим хавфи ҳам жуда юқоридир.
   Артерия қатланиши. Маълумки, артерия девори 3 қаватдан иборат. Артериянинг ички қавати (интима) унинг ўрта қаватидан ажралиб қолишига артерия қатланиши, яъни артерия диссекцияси деб айтилади. Бунинг натижасида ички ва ўрта қаватнинг орасида узун бўшлиқ пайдо бўлади. Бу бўшлиқ интимал қаватда пайдо бўлган ёриқлар орқали артериянинг ичига очилади. Натижада, артериянинг ҳақиқий тешигидан янги пайдо бўлган бўшлиқ ичига қон ўтади ва артериянинг шу қисми кенгая бошлайди. Бу эса қопсимон аневризма пайдо бўлишига олиб келади. Шу ерда тромб ҳам шакллана бошлайди. Артериянинг қатланиши унинг торайишига ҳам сабаб бўлади. Бунинг натижасида стеноз ва окклюзия ривожланади, артериянинг дистал қисмида перфузион босим пасаяди. Бу вазият ўта хавфли бўлиб, атеротромботик, артериоэмболик ва гемодинамик инсультларни юзага келтиради. Артерия қатланиши ёшлар ва ўрта ёшдагиларда кўп кузатилади. Артерия қатланиши 80% ҳолларда уйқу артериялари, 20% ҳолларда умуртқа артерияларида учрайди. Артерия қатланишининг асосий сабаблари – ўсмирлик давридан буён давом этаётган АГ, краниоцеребрал жароҳатлар, фибромускуляр дисплазия, Марфан синдроми, васкулопатия ва ўтказилган вирусли инфекциялардир.
  Бошқа сабаблар. Ишемик инсульт ривожланишида кам аҳамиятли бўлган омиллар бир қанчадир. Булар – краниоцеребрал жароҳатлар, артериялар диссекцияси, фибромускуляр дисплазия, васкулитлар, моя-моя синдроми, мигрен, инфексиялар, гиёҳвандлик, метаболик синдром, хирургик операциялар, интоксикасиялар, ўсмалар, генетик омиллар. Инсульт этиологияси 5-10% ҳолатларда аниқланмай қолади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi    © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha