Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ЭПИДЕМИК ЦЕРЕБРОСПИНАЛ МЕНИНГИТ

ЭПИДЕМИК ЦЕРЕБРОСПИНАЛ МЕНИНГИТ


         Менингитнинг ушбу турини Neisseria meningitidis (менингококк) чақиради. Касаллик спорадик ҳолатда ҳам, эпидемия бўлиб ҳам учрайди. Менингококк инфекцияси одам организмига тушгач, енгил бактериемия билан чегараланиб қолиши ёки яшин тезлигида ривожланувчи сепсис каби оғир патологик ҳолатни юзага келтириши мумкин. Баъзида сепсис бир неча соат ичида ривожланиб, беморнинг ўлимига сабабчи бўлади. Менингококк ўта хавфлилиги билан бошқа инфекциялардан ажралиб туради.
        Эпидемиологияси. Менингит бемор кишидан ёки менингококк ташувчисидан юқади. Менингит билан касалланиш, асосан, куз ва баҳор ойларида кўп учрайди. Европа давлатларида касалланиш даражаси йилига 100 000 аҳолига 0,5–3 кишини ташкил этса, Африка давлатларида бу кўрсаткич 100 000 аҳолига 20–25 кишига тенг. Агар бирор-бир ҳудудда эпидемик кўзғалишлар кузатилса, касалланганлар сони 100 000 аҳолига 600–800 кишини ташкил этади. Санитария шароити касалланиш даражасига бевосита таъсир кўрсатади.
        Менингококк менингит билан, асосан, 6 ойликдан 3 ёшгача бўлган болалар касалланишади. Менингококк инфекцияси турли ёшда, айниқса, 14–20 ёшларда ҳам қўзғалиб туради.
         Менингококкнинг дастлабки тушадиган ва кўпаядиган жойи бу – бурун-ҳалқум бўшлигидир. Инфекция ҳаво-томчи йўли орқали (аксирганда, йўталганда) ёки контакт йўл билан, масалан, ўпишганда юқади. Менингококк инфекция ўта юқувчан бўлиб, намлик юқори бўлган ёпиқ ва одам гавжум жойларда (боғча ва мактабларда) тез юқади. Бундай жойларда бир неча соат ичида менингит юққанлар сони 80% га етиши мумкин. Албатта, уларнинг ҳаммасида ҳам менингит ривожланавермайди, яъни уларнинг аксарияти бир неча ойгача менингококк ташувчига айланади ва инфекцияни одамларга юқтириб юришади.
        Патогенези. Менингококк бурун-ҳалқум соҳасига тушиб, у ерда кўпаяди ва назофарингит белгиларини юзага келтиради. Баъзида эса ҳеч қандай касаллик аломатлари сезилмайди. Менингококк шиллиқ қаватдан қон томирларга ўтиб олади, яъни бактериемия босқичи бошланади. Қонга тушган менингококклар пайдо бўлган антитаначалар таъсири остида нобуд бўла бошлайди (аутолиз) ва бунинг натижасида қонга эндотоксинлар ажралиб чиқади. Қонда менингококклар жуда катта тезлик билан кўпаяди ва улар­нинг аутолизи туфайли кучли эндотоксемия ривожланади.
         Эндотоксинлар қоннинг патологик ивишини кучайтиради ва фибринолиз, тромбоцитлар агрегацияси, вазодилатация, капиллярлар ўтказувчанлигининг ошиши каби бир неча патологик жараёнларни бошлаб юборади. Буларнинг барчаси септик шок ривожланишига сабаб бўлади. Сепсиснинг қандай тезликда ривожланиши бактериемия даражаси ва қон плазмасидаги эндотоксинлар миқдорига боғлиқ. Менингококк инсон организмининг деярли барча тўқималарига бемалол ўта олади: мия пардалари, мия қоринчалари, субарахноидал бўшлиқлар, синовиал пардалар, бўғимлар, тери, буйракусти безлари ва ҳ.к. Менингококклар нафақат қонда, балки ликворда ҳам тез кўпаяди. Менингококк менингит ривожланган беморнинг ликворида эндотоксин миқдори унинг қондаги миқдоридан 100 баробар, баъзида эса 1000 баробар кўп бўлади.
        Менингококк менингит худди бошқа этиологияли менингитлар цингари иммунитети паст одамларда ривожланади. Юқори иммунитетга эга одамлар инфекция ташувчи бўлиши ва уни бошқаларга юқтириши, ўзлари эса касалланмай қолишлари мумкин ёки касаллик назофарингит билан чегараланиб қолади. Иммунитетни пасайтирувчи омиллар кўп бўлиб, уларнинг ичида ўткир вирусли респиратор инфекцияларнинг ўрни жуда катта.
        Клиникаси. Касалликнинг яширин даври, одатда, 1–10 кунни ташкил этади. Бу давр ўтгач, касаллик белгилари қуйидаги тартибда ўткир ривожланади: назофарингит→сепсис→менингит. Демак, менингококк инфекцияси ривожланишида 3 босқич фарқланади.
  • Назофарингит босқичи. Бурун-ҳалқум соҳаси менингококк инфекциянинг кириш жойи ҳисобланади. Инфекция бу соҳага тушгач, оддий «шамоллаш» белгилари билан намоён бўлади: бурун битади ва оқади, томоқ қичийди ва ачишади, йўтал тутади, бош оғрийди, тана ҳарорати 38°С га кўтарилади. Одатда, касалликнинг бу босқичи 3–4 кун давом этади. Баъзан касаллик шу босқичда тўхтаб қолади ва бемор тузалиб кетади. Агар инфекция янада авж олиб, қонга ўтса, сепсис ривожланади. Бу касалликнинг 2-босқичидир.
  • Сепсис босқичи. Сепсис деярли 40% беморда ривожланади ва, одатда, ўткир бошланади. Тана ҳарорати 40–41°Сга кўтарилади, бемор титрай бошлайди, кўнгли айниб қусади, бутун танаси қақшаб оғрийди, яъни кучли невралгия ва миалгиялар пайдо бўлади. Тез орада беморнинг терисига сувли ва геморрагик тошмалар тоша бошлайди, улар, айниқса, ёш болаларда яққол кўзга ташланади. Сепсис яшин тезликда ривожланса, тана ҳарорати кўтарилмаслиги мумкин, баъзида эса у гипотермия билан намоён бўлади.
  • Менингит босқичи. Бактериемия босқичидан сўнг йирингли менингит ривожланади. Бу эса менингококкларнинг гематоген йўл билан мия пардаларига ўтганлигини билдиради. Менингит ривожланишидан олдин ҳар доим ҳам сепсис кузатилавермайди, яъни инфекция қон орқали мия пардаларига дарров ўтиб биратўла йирингли менингит ривожланиши мумкин. Бундай пайтда йирингли менингит алоҳида касаллик сифатида намоён бўлади.
        Уотерхаус-Фридериксен синдроми ёки яшин тезликда ривожланувчи менингококк сепсис
        Менингококк менингитда буйракусти бези жуда кучли зарарланади, унинг паренхимасида майда нуқтасимон қон қуйилишлар пайдо бўлади, катехоламин ишлаб чиқарилиши издан чиқади. Бунинг натижасида буйракусти безининг ўткир етишмовчилиги ривожланади. Яшин тезликда ривожланувчи Уотерхаус-Фридериксен синдромини септик шок деб ҳам аташади.
          Септик шокнинг 4 даражаси фарқланади.
  • Биринчи даражаси. Бемор титрай бошлайди, юзи пушти ранг, танасидаги тери қатлами эса оқ тусга киради, оёқ-қўлларининг учи совийди, кучли тер босади. Баъзан тери қуруқ ва иссиқ бўлади. Тана ҳарорати 39–40°С га кўтарилади. Юрак уриши ва нафас олиш тезлашади. АҚБ нормада қолади ёки оша бошлайди. Марказий веноз босим ва диурез нормада ёки пасаяди. Беморнинг ҳуши жойида бўлиб, уни хавотир ва қўрқув босади. Пай рефлекслари ошади. Респиратор алкалоз юзага келади, биринчи даражали тарқалган томир ичи ивиши (ТТИИ) синдроми (гиперкоагуляция) ривожланади. Метаболик ацидоз ҳам шакллана бошлайди.
  • Иккинчи даражаси. Беморнинг аҳволи оғирлаша боради, ҳушини йўқота бошлайди. Юзи ва бошқа тери қатламлари оқариб, кулранг тусга киради. Акрационоз вужудга келади, териси нам ва совуқ бўлади. Тана ҳарорати нормада ёки бироз пасаяди. Метаболик ацидоз шаклланади. Тахикардия кучаяди, нафас олиши тезлашади (тахипное), томир уриши сустлашади, юрак тонлари бўғиқлашади, АҚБ тушиб кетади. Марказий веноз босим ҳам пасаяди. Олигурия пайдо бўлади. Иккинчи даражали ТТИИ синдроми ривожланади.
  • Учинчи даражаси. Беморнинг аҳволи оғирлаша бориб, комага тушади. Тери ранги кўкимтир-кулранг тусга киради, яъни периферик вазоконстрикция ҳисобига тотал цианоз вужудга келади, оёқ-қўллари нам ва совуқ бўлади. Терида, айниқса, оёқ-қўлларининг дистал қисмида геморрагик ва некротик ўчоқлар кўзга ташланади. Бундай ўчоқларни мурда доглари деб ҳам аташади. Бу доғлар гангрена ривожланаётганлигидан далолат берувчи аломатдир. Қорачиқлар тораяди ва уларнинг ёруғликка сезгирлиги кескин пасаяди ёки  йўқолади. АҚБ тушиб кетади, баъзида аниқланмайди ҳам. Томир билинар-билинмас уради ва буни ипсимон пульс деб аташади. Ўпка шишади ва нафас олиш бузилади. Миокардит ёки эндокардит ривожланади, доимий тахикардия пайдо бўлади, юрак индекси пасаяди. Пай рефлекслари диффуз тарзда ошади, икки томонлама патологик пирамидал симптомлар аниқланади. Тутқаноқ хуружлари кузатилиши мумкин. Лейкопения ва анурия ривожланади ва, ниҳоят учинчи даражали ТТИИ синдроми шаклланади.
  • Тўртинчи даражаси. Бу септик шокнинг терминал босқичи бўлиб, бемор чуқур комада, яъни агонал ҳолатда ётади. Юқори қовоқни пассив кўтарса, иккала қорачиқ ҳам кенгайган бўлади (мидриаз), уларнинг ёруғликка сезгирлиги бутунлай йўқолади. Мушакларда тоник титрашлар пайдо бўлади. Рефлекслар умуман чақирилмайди, яъни икки томонлама тотал арефлекция кузатилади. Юракнинг қисқариш фаолияти кескин бузилади, мия ва ўпка шиши белгилари кучаяди. Қон сира ивимайди ва барча ички аъзоларга қон қуйила бошлайди, баъзан беморнинг бурнидан қон кетади. Бу шокнинг оғир даражаси бўлиб, кўпинча ўлим билан тугайди.
        Ташхис. Касалликнинг дастлабки, яъни назофарингит босқичида клиник текширувлар орқали менингит ривожланаётганини билиш мушкул. Чунки касаллик клиникаси ЎРВИ га ўхшаб бошланади. Бундай пайтда оғиз-бурун бўшлиғи ажратмаларидан касаллик қўзғатувчини аниқлаб, яъни бактериологик усуллар билан ташхис қўйиш мумкин. Албатта, бунинг ҳар доим ҳам иложи бўлавермайди. “Менингит” ташхиси, одатда, менингеал симптомлар ривожлангандан сўнг қўйилади.
       Деярли барча йирингли менингитларда танага майда геморрагик тошмалар тошади ва уларнинг пайдо бўлиши бактериемия бошланганидан далолат беради. Аммо геморрагик тошмалар яна бир қатор касалликлар, яъни вирусли инфекциялар, микоплазмалар ва геморрагик васкулитларда ҳам кузатилади. Бундай пайтларда инфекцияни тери биоптатида бактериологик усул билан аниқлаш мумкин.
        Йирингли менингитлар этиологияси турлича бўлишига қарамасдан, уларни аниқлашнинг ягона алгоритми ишлаб чиқилган. Менингит ташхицини қўйиш учун зарур бўлган текшириш усуллари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
       Люмбал пункция (ЛП) – менингит чақирувчисини тўғри аниқлашнинг энг мақбул усули. Менингит касаллигига шубҳа пайдо бўлган ҳар қандай ҳолатда ЛП қилиниши шарт. Чунки ликворда касаллик чақирувчисини ҳали менингит белгилари ривожланмасдан туриб аниқлаб олиш мумкин. Барча йирингли менингитларда касалликнинг дастлабки куниёқ ЛП пайтида ликвор босими ошганлиги аниқланади. Ликвор ранги лойқа сув рангига ўхшайди. Нейтрофиллар сони жуда ошиб кетади: 1 мкл ликворда уларнинг сони 3 000–10 000 тага етади, нейтрофиллар ликвордаги барча ҳужайраларнинг 90% ни ташкил қилади. Оқсил миқдори 1–3 г/л га ошади. Глюкоза ва хлоридлар миқдори кескин пасаяди. Лактат миқдори 10–20 ммол/л га ошади. рН 7,0 гача тушади, яъни ацидоз кузатилади.
       Бактериологик усул турли биологик суюқликлар ёки ажратмалардан касаллик чақирувчисини аниқлаш учун ўтказилади. Ушбу текширувни антибактериал терапияни бошлашдан олдин ўтказиш мақсадга мувофиқ. Менингококкларни аниқлаш учун эса қон ва ликворни экиш кифоя, баъзида менингококклар тери биоптати, плеврал ва синовиал суюқликларда ҳам аниқланади. Бу иш билан врач-лаборант шуғулланишади. Антибактериал терапия бошлангандан сўнг, бактериологик усулнинг аҳамияти пасаяди. Бундай пайтда иммунологик усуллардан фойдаланилади.
Иммунологик, яъни серологик усул антитана ва антигенларни қон зардоби ва ликворда аниқлаш мақсадида ўтказилади. Бунинг учун серологик реакциялардан фойдаланилади. Масалан, қон зардоби ёки ликворда менингококк антигенига антитана аниқланса, серологик реакция ижобий, аниқланмаса, манфий ҳисобланади. Булар ичида ПЗР усулининг диагностик аҳамияти жуда юқори. Иммунофермент анализ (ИФА) ҳам энг сезгир диагностик усуллардан биридир. ИФА ҳар қандай бактериал ва вирусли инфекцияларда касаллик қўзғатувчицини аниқлаш учун кенг қўлланилади.
        Бошқа текширув усуллари касаллик сабабини аниқлашда кам ёрдам беради. Масалан, менингитда КТ ва МРТ текширувлари орқали мияда кечаётган патологик ўзгаришларни аниқлаш мумкин, аммо касаллик сабабини билиб бўлмайди. КТ ва МРТ менингит ташхисини қўйишда кам информатив усуллардир. Ўткир менингитларнинг қиёсий ташхиси 2.2-жадвалда келтирилган.

       Қонда кузатиладиган ўзгаришлар. Касалликнинг бактериемия босқичида қонда кучли патологик ўзгаришлар рўй беради. Нейтрофил лейкоцитоз жуда юқори бўлади: баъзида лейкоцитлар сони 1 мкл қонда 40 000 тага етади, лейкоцитар формула чапга силжийди, қонда миелоцитлар аниқланиб бошлайди. Касаллик жуда оғир кечаётган пайтларда лейкоцитоз эмас, балки, лейкопения, нейтропения ва тромбоцитопения кузатилади. Лейкопения ва тромбоцитопения – булар ёмон прогностик белгилар.
       Демак, қондаги кўрсаткичлар касалликнинг оғирлик даражаси ва унинг кечишига боғлиқ. Унча оғир бўлмаган ҳолатларда фибриноген миқдори ошуви ва фибринолиз сусайиши ҳисобига гиперкоагуляция кузатилиши мумкин. Ўта оғир ҳолатларда эса коагулопатия ривожланади, фибриноген ва тромбоцитлар миқдори кескин камаяди, тромбоцитар фаоллик сустлашади. Тўқималар ишемияси ҳисобига метаболик ацидоз ривожланади, тахипное ҳисобига РСО2 миқдори пасаяди. Буларнинг ҳаммаси ТТИИ синдроми ривожланганлигини кўрсатувчи аломатлардир.
        Сийдикдаги ўзгаришлар. Касалликнинг енгил турида сийдикда сезиларли ўзгаришлар аниқланмайди. Оғир ҳолатларда гематурия ва протеинурия ривожланади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha