Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ЭРИТРОМЕЛАЛГИЯ

ЭРИТРОМЕЛАЛГИЯ


Эритромелалгия – тананинг бир қисмида кўпинча оёқ панжасида хуружсимон оғриқ, қизариш ва шишлар билан намоён бўлувчи касаллик. Юнончадан erythros – қизил, melos – тана қисми, algos – оғриқ дегани. Биринчи бор 1872-йили америкалик невролог С.В. Митчелл томонидан ёзилган. Шунинг учун унинг иккинчи номи – Митчелл касаллиги. Касаллик, асосан, 30 ёшдан ошганларда кузатилади, болаларда жуда кам учрайди. Эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ касалланишади.
Этиологияси ва патогенези. Касаллик этиологияси ҳанузгача номаълум. Этиологик омил капилляр, артериола ва венулалар иннервациясининг ўткир бузилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда иссиқлик, кам ҳолларда дистал мускуллар зўриқиши ва психоэмоционал стресслар қўзғовчи омиллар ҳисобланади. Касаллик хуружлари ёзда кўп кузатилади, қишда эса камаяди.
Клиникаси. Оёқ панжасида куйдирувчи ва лўқилловчи ўткир оғриқ, қизариш ва шиш ҳамда маҳаллий ҳарорат кўтарилиши – эритромелалгиянинг асосий симптомлари. Улар хуружсимон кўринишда намоён бўлади. Хуруж пайтида оёқ панжаси терлаб кетади. Ушбу хуружлар фақат бир томонда рўй беради. Оёқ панжасини иситганда ва юрганда оғриқ ва шишлар кучайиб кетади, совуқда ва ётганда камаяди. Хуруж бир неча дақиқадан бир неча соатгача давом этади. Худди шундай ҳолатлар қўл панжаси ва бурунда ҳам кузатилиши мумкин.
Кечиши. Сурункали кечади ва қайталовчи хусусиятга эга. Кейинчалик трофик ўзгаришлар ривожланади.
Ташхис ва қиёсий ташхис. Ташхис эритромелалгия учун жуда хос бўлган симптомларга асосланиб қўйилади. Эритромелалгияга ўхшаш ҳолатлар васкулитлар, чуқур веналар тромбофлебити, склеродермияларда ҳам кузатилади. Бундай ҳолатлар симптоматик эритромелалгия деб аталади.
Даволаш. Самарали даволаш усуллари ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Асосан, қон томирни торайтирувчи дорилар (мезатон, изадрин), кальций препаратлари, эрготамин, карбамазепин, тебантин, аскорбин кислотаси, аскорутин, оғриқ қолдирувчи (аналгин, диклофенак) ва седатив дорилар қўлланилади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha