Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Эфферент мотор афазия

Эфферент мотор афазия


       Бунда нутқнинг кинетик таркиби (яъни ҳаракат қисми) бузилади. Бемор бир сўздан иккинчи сўзга ўта олмай, дастлабки сўзда тўхтаб қолади. Соғлом одам гапираётганда, дастлабки сўзлар нутқ учун жавоб берувчи мия структуралари томонидан тормозланиб, сўнгги сўзларга йўл очиб беради ва равон сўзлашга имкон яратилади. Демак, ЭМА да биринчи артикулятор ҳаракатдан иккинчисига ўтиш бузилади ва натижада нутқ персеверациялари пайдо бўлади.
       Ушбу афазияда экспрессив нутқнинг барча тури ва шакли бузилади: монолог, диалог, автоматлашган ва ҳоказо. Кўпроқ онгли равишда сўзлаш, яъни бошқа бировнинг кўрсатмаси бўйича сўзлаш ўзгарса, беихтиёрий сўзлаш эса кам бузилади. Бемор 1 дан 10 гача бемалол санаши мумкин, лекин 10 дан 1 гача санай олмайди. Фаол нутқда ҳам, такрорий нутқда ҳам бир бўғиндан иккинчи бўғинга ёки сўздан сўзга бемалол ўтиш қийинлиги, яъни нутқ персеверациялари ЭМА нинг асосий клиник белгиларидан биридир.
       Афазиянинг бу турида бемор баъзи товуш ва бўғинли сўзларни тўғри талаффуз қилади, лекин уларни қўшиб сўз ясай олмайди. Енгил ҳолатларда эса бир нечта сўзлардан жумлалар тузиш қийинлашади. Ҳаттоки, ўта енгил кечувчи ЭМА да ҳам бемор қийин артикулятор тузилишга эга бўлган сўз ва жумлаларни талаффуз қила олмайди (масалан, тез айтишларни). Шунинг учун ҳам ЭМА да аграмматизм кўп кузатилади.
        Маълумки, Брок маркази миянинг чакка соҳаси тузилмалари билан ассоциатив йўллар орқали боғланган. Шу боис ЭМА да нутқ жараёни карахтлиги сабабли нутқ фаолиятининг бошқа турлари, яъни, ёзиш ва ўқиш ҳам бузилади.
       Шундай қилиб, ЭМА бошқа афазиялар каби, нутқ фаолиятининг систем бузилиши билан кечади ва бунда кузатиладиган асосий камчилик нутқ кинетикаси етишмовчилигидир.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. T.; 2021., 312b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
                  ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha