Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ДОРИ!

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ДОРИ!


ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ДОРИ!

Савол: Зарифбой Ражобович! Дори рекламасининг мияга қандай таъсири бор?
Жавоб: Дориларни ҳадеб реклама қилиш, албатта уларни қабул қилувчилар сонини кўпайтирмоқда. Инсон мияси янги ахборотга жуда ўч. Агарда қайсидир маълумот ҳадеб такрорланаверса, мия ушбу маълумотни тўғри деб қарор қабул қилади. Қарор қабул қилингандан сўнг мия уни бажаришга мажбур. Миянинг ушбу хусусиятини яхши тушунган реклама компаниялари ундан ўз мақсадларида унумли фойдаланишмоқда. Шу боис, энг кўп реклама қилинган воситалар ҳар бир одамда катта қизиқиш уйғотади.
Савол: Қайси дори қачон реклама қилинади?
Жавоб: Қишда тана ҳароратини туширувчи ва оғриқ қолдирувчи дорилар, баҳорда аллергияга қарши дорилар, ёзда эса ич кетишни тўхтатувчи дорилар кўп реклама қилинади. Бунинг сабабини тушунаётгандирсиз. Овқатни ҳазм қилдирувчи дорилар эса ҳар доим реклама қилинаяпти. Бу ўта хавфли! Дориларнинг ҳар қандай кўринишда рекламасини тўхтатиш зарур деб ҳисоблайман. 
Савол: Дори рекламаси оқибати ёмон тугаган ҳолатни ўзингиз кузатганмисиз?
Жавоб: Кўп бора! Мана, бир мисол. Мени шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига 12 ёшли боланинг кўригига чақириб қолишди. Унда менингит ривожланган экан. Менингитда тез ёрдам кўрсатмаса, бемор ўлади ёки умрбод ногирон бўлиб қолади. Воқеа бундай содир бўлган. Бола сочини ювиб, кўчага чиқиб кетади. Кечаси тана ҳарорати кўтарилади. Ўша пайтда телевизорда тана ҳароратини дарров туширувчи дорининг рекламаси кўрсатилаётган бўлади. Она болага ўша доридан беради. Бола дорини ичиб, ухлаб қолади. Эрталаб боланинг ёнига киришса, у алаҳсираб ётган ва бутун танасига тошмалар тошиб кетган эди. Боланинг ота-онаси қўрқиб кетиб, “Тез ёрдам” чақиришади. Докторлар уни дарров юқумли касалликлар шифохонасига олиб келишади. Унда менингит ривожланган эди. Боланинг ҳаёти зўрға сақлаб қолинади. 
Савол. Дори касаллигидан қандай қутулиш мумкин?
Жавоб: Шундай одамлар борки, дорини доктор рухсатисиз асло қабул қилмайди. Бундайлар дунёқараши кенг, китоб ва газеталарни кўп мутолаа қиладиган одамлардир. Улар ҳар доим соғлом турмуш тарзига риоя қилишади. Бир куни қабулимга эр-хотин кўрингани келишди. Уларнинг ёнида 5 яшар боласи ҳам бор эди. Мен боланинг ота-онасини текшириб, зарур дори-дармонларни ёзиб бердим. Ота-она раҳмат айтиб хонамдан чиқиб кетишаётганида ҳалиги 5 яшар бола: “Доктор амаки, бу дорилар адам ва ойимга зарар қилмайдими?” – деб сўраб қолди. Жажжи боланинг бу саволидан ҳамма кулиб юборди. У эса жиддий турарди. “Болам, сен дорининг зарарли таъсирини қаердан эшитгансан”, – деб сўрадим. Бола жиддий оҳангда “Ахир дори касал одамга берилади-ку, демак, у ёмон бўлса керак”, – деб жавоб қайтарди. Кейин билсам, ушбу бола бувиси билан кўп бўларкан. Бувиси унга нима ёмон-у, нима яхши эканлиги ҳақида кўп сўзлаб бераркан. Бу воқеадан ҳамма ўзига керакли хулосани чиқариб олади деган умиддаман. Биз оила даврасида шу каби суҳбатларни ўтказиб турсак, турли ёмон одатлардан, шу жумладан, дори касаллигидан ўзимизни асраган бўламиз.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha