Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ДИФТЕРИК ПОЛИНЕВРОПАТИЯ

ДИФТЕРИК ПОЛИНЕВРОПАТИЯ


Диабетик полиневропатия ривожланишида асосий омил метаболик бузилишлар бўлса, дифтерик полиневропатияда – эндотоксемиядир. Демак, дифтерик полиневропатия – бу токсик полиневропатия. Касаллик патогенезини сегментар демиелинизация ташкил қилади, аксонлар эса зарарланмай қолади. Бироқ 2–4 ҳафта ўтгач, ремиелинизация жараёни бошланади ва деярли тўла тикланиш билан тугалланади.
Клиникаси. Дифтерик полиневропатия дарров ривожланмайди. Дифтерияда дастлаб краниал нервлар, айниқса, бульбар ва кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар зарарланади. Булбар фалажлик (дисфагия, дизартрия, дисфония) ўткир ривожланади ва жуда эрта, яъни касалликнинг 3–5-кунлари пайдо бўлади. Кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар зарарланиши птоз, ғилайлик, диплопия, мидриаз, қорачиқлар фотореакцияси пасайиши билан намоён бўлади. 
Краниал невропатиялардан сўнг 2 ҳафталар ўтиб периферик полиневропатия ривожланади. Унинг белгилари дастлаб оёқларда, сўнгра қўлларда юзага келади. Демак, касаллик Гийен-Барре синдромига ўхшаб ривожланади. Баъзан бунинг акси рўй беради, яъни краниал невропатиялардан сўнг периферик фалажликлар қўлларда пайдо бўлиб, сўнгра оёқларга ўтади. Диабетик полиневропатиядан фарқли ўлароқ дифтерик полиневропатияда оёқ-қўлларнинг проксимал қисми ҳам кўп зарарланади. Аксарият ҳолларда полиневритик ва радикуляр типдаги сезги бузилишлари параллел тарзда пайдо бўлади. Баъзан кучли сенситив атаксия ривожланади. Бу ҳолат дифтерик псевдотабес номини олган.
       Кечиши ва прогноз. Дифтерияда периферик невропатиялар қай тарзда пайдо бўлган бўлса, шу тарзда орқага чекина бошлайди: дастлаб краниал нервлар функцияси тикланади, кейин эса оёқ-қўллардаги фалажликлар орқага қайтади. Тикланиш жараёни бир неча ҳафтадан бир неча ойгача давом этади. Бузилган функциялар деярли ҳар доим тўла тикланади. Оғир асоратлар жуда кам учрайди. Дифтерия учун ҳам ликворда оқсил-ҳужайра диссосиацияси хос бўлиб, у 2 ойгача сақланади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha