ДЕОНТОЛОГИЯ


«Барча санъатлар ичида энг буюги тиббиётдир» деган эди Гиппократ. Врачлик касбини эгаллаш учун фақат шу соҳанинг билимдони бўлиш етарли эмас, албатта. Врач авваламбор ҳақиқий инсон бўлмоғи керак. Врачни жанг майдонидаги аскарга ўхшатиш мумкин. Аскар душман билан олишаётиб, фақат Ватан ҳақида ўйлайди. Врач ҳам беморни дарддан халос этиб соғайтириб юбориш ва унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қайғуради, тинимсиз курашади.
    Бунда у ўз манфаатини эмас, фақат беморнинг тезроқ соғайиб кетишини ўйлайди. Шунинг учун ҳам, қадимда врачни ёниб турган шамга ўхшатишган, у ўзи эриб тугагунча атрофга нур сочиб, ёруғлик таратиб туради. 
   Тиббиёт деонтологияси врач бурчи, қиёфаси, обрўси, номуси ва виждони ҳақидаги фан. Деонтология – юнончадан бурч дегани бўлса, этика –  грекчадан ахлоқ деган маънони англатади. Гиппократ қасамёдида  тиббиёт деонтологияси ва  этикасига  оид кўп иборалар келтирилган. У «Ахлоқсиз врачнинг беморни даволашга ҳаққи йўқ», деб хитоб қилган. Гиппократ қасамёди тиббиёт этикаси ривожланишига катта таъсир кўрсатди.
   Ҳозирги кунда шифокор (врач ва ҳамшира) билан бемор орасидаги муносабатлар чуқур фалсафий мушоҳада юритишни талаб қилади. Агар врач бемор билан тил топишмаса, кучли ва фойдали дорилар буюрилишидан қатъи назар, беморнинг тузалиб кетиши мушкуллашади, деб айтган эди атоқли ўзбек олими Эркин Қосимов (1933 – 2007).«Давонинг боши ишончдан бошланади, яъни бемор шифокорга ва унинг бераётган дори-дармонларига ихлос қўйиши керак. Бу ишончни пайдо қиладиган инсон, албатта, шифокорнинг ўзидир, унинг гўзал нутқидир. Шифокор ўзининг хатти-ҳаракатлари, ширин сўзи ва ташқи кўриниши билан беморларнинг ҳурматини қозониши зарур» (Эркин Қосимовнинг бўлажак шифокорларга айтган нутқидан).
    Тиббиётда пуллик хизмат пайдо бўлгач, деонтологиянинг баъзи йўналишларига турлича қарашлар шаклланди. «Ахир пул тўлагандан сўнг барибир яхши қарайди-да», деган фикр шулар жумласидандир. Ваҳоланки, беморнинг тузалиб кетиши врачга тўлаган пулининг миқдори билан белгиланмайди, унинг билими, тажрибаси ва муомаласи билан белгиланади. Қолаверса, деонтология дегани, фақат беморга ширин сўз гапириб, унга кулиб қараб туриш дегани эмас, деонтологиянинг устувор йўналишларидан бири, таъкидлаб ўтганимиздек, ишончдир. Баъзан ҳадеб ваҳима қилаверадиган беморни қаттиқроқ «койиб» қўйишга ҳам тўғри келади. Ана шундагина у врачга ишонади. «Агар касалим ҳақиқатан ҳам давосиз бўлганида, доктор мени уришиб бермасди», деб ўйлайди.
    Баъзан беморга берилаётган даво усули уни қониқтирмайди. Кўп дори-дармон ёзилса, «шунча дори шартмикан ёки касалим оғирми, ё врач тажрибасизми?» деган ишончсизлик пайдо бўлади. «Фалончи доктор фалончи беморни иккита дори бериб тузатиб юборибди» деган сўзларни баъзан эшитишга тўғри келади. Хўш, бундай пайтларда қандай йўл тутиш керак? Айниқса, баъзи касалликларни бирмунча узоқ даволашга тўғри келади. Берилаётган даво чоралари дарров натижа беравермайди. Бундай пайтларда касалликнинг моҳиятини бемор тушунадиган тилда баён қилиш керак. Керак бўлса, беморни тинчлантириш учун ташхисни янада аниқлаштириш мақсадида, врач ўзидан тажрибалироқ ҳамкасбларидан маслаҳат сўраши зарур. У бемор олдида асло ўзини йўқотиб қўймаслиги керак. Шуни эсда тутиш лозимки, врач беморни текширади, бемор эса врачни кузатади.
     Кўп ҳолларда врач беморнинг сўзини охиригача тингламайди. Бунга сабаб қилиб, ташқарида кутиб турган беморларни ва вақти зиқлигини рўкач қилади. Лекин шуни унутмаслик керакки, ҳозир ёнингизга кирган бемор ташқарида кутиб ўтирган беморлар ёки вақтингиз озлигининг қурбони бўлмаслиги керак. Бу бемор сизни деб келганлигини унутманг. Қолаверса, оқ халатга доғ туширадиган ишни қилманг. Беморнинг дардини охиригача эшитинг. Тўғри, баъзан бемор бир оз гапирганидан сўнг унинг дарди докторга аён бўлиб қолиши мумкин. Бироқ, бемор ҳали сўзини тугатгани йўқ. У ўзини безовта қилаётган барча шикоятларини докторга айтмоқчи. Гап шундаки, бемор дардини қанча кўп тўкиб солса, шунча енгиллашади. Беморнинг узундан-узоқ сўзлари докторга ташхис қўйиш учунгина эмас, балки унинг дардини енгиллаштириш учун ҳам керак. Демак, врач беморни эшитаётиб нафақат унинг касалини аниқлайди, балки даволайди ҳам! Тўғри, бемор касалига тааллуқли бўлмаган маълумотларни кўп сўзлаши, докторнинг вақтини беҳуда ўғирлаши мумкин. Бундай пайтларда беморга касаллигига доир қўшимча саволлар бериб, уни тўғри йўлга солиш зарур.
    Айниқса, неврозга чалинган бемор кўп сўзлашни, шикоятларини ранг-баранг қилиб айтишни хуш кўради. Яна у замонавий аппаратларда бир қанча текширувлардан ўтишни хоҳлайди, булар беморга шарт бўлмаса-да. Имкониятга қараб унинг илтимосларини бажариш керак ёки бемор бир-иккита текширувлардан ўтгандан сўнг «Буларнинг хулосаси яхши чиқди, қолган текширувлар энди шарт эмас», деб уни тинчлантириш лозим. 
    Врач хатоси тўғрисида нима дейиш мумкин? Агар врач хатога йўл қўйса, у албатта жазога тортилиши керакми? Хатонинг сабаблари нимадан иборат? «Бемор доимо ҳақ» деган нақл тўғрими? Бу саволлар ўта қийин бўлиб, уларга батафсил жавоб топиш амримаҳол. Врачнинг ҳар бир хатоси орқасида беморнинг ҳаёти ётади. Бу хато сабабли кимдир отасидан, кимдир онасидан, кимдир суюкли ёридан ёки фарзандидан жудо бўлади. 
   Врач хатосининг сабабларини шартли равишда 2 гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси, врач саводсизлиги сабабли рўй берса, иккинчиси, чарчаганида рўй беради. Хўш, врач хатосини қандай аниқлаш мумкин? У саводсизлигидан хато қилдими ёки чарчаганлигидан? Иккала ҳолатда ҳам жазо бир хил бўлиши керакми?
   Тўғри, илмсизлик оқибатида врачлар орасида хатолар учраб туради. Лекин баъзида тажрибали врач ҳам хатога йўл қўяди. Номи чиққан тажрибали врачга кўринишни орзу қиладиганлар жуда кўп. Шундай ҳолатлар бўладики, бир кунда қабул қилинган беморлар сони 20  нафардан ошиб кетади. Тажрибали врачга уйда ҳам, ишда ҳам, меҳмондорчиликда ҳам, ҳаттоки дам олиш сафарида ҳам тинчлик бўлмайди. Албатта, бундай пайтларда тажрибали врачнинг хато қилмаслигига кафолат бериш қийин. Беморга «Йўқ, мен чарчадим» дея олмайди. «Ҳозир мен сизни қабул қила олмайман» деса, врач этикасига тўғри келмайди, «Кўриб қўяман» деса, врач ҳам руҳан, ҳам жисмонан чарчаган. Шуни унутмаслик керакки, руҳий чарчаш кўп хатоликларга сабаб бўлади. Бунинг устига, тўғри келган жойда беморни кўриш нотўғри. Икки оғиз сўз билан ташхис қўйиб бўлмайди. «Илтимос, доктор менга 5  дақиқа вақт ажратинг, мени кўриб қўйинг» деб врачни ҳол-жонига қўймайдиган кишилар ўз ҳаётини хавф остига қўйишади. Бунинг устига, беморни кўриш учун врач руҳан тайёр бўлиши керак. Врач чарчаган пайтлари беморни кўриб қўйишни бошқа кунга тайинлаши (агар аҳволи оғир бўлмаса) мақсадга мувофиқ.
    Ҳақиқий врачнинг ҳаёти ҳеч қачон осон ва енгил кечган эмас. У кундалик ҳаётига режа ҳам туза олмайди. Дам олиш куни ҳам ўзи хоҳлагандек кечмаслиги мумкин: ҳар дақиқа беморни кўрсатиш учун чақириб қолишлари мумкин. С.П. Боткин (1832–1889) шундай деган эди: «Врач ҳар қандай шароитда ҳам ўзини йўқотмаслиги, муваффақиятдан боши гангимаслиги, муваффақиятсизликдан эса тушкунликка тушмаслиги керак». 
   Врачлик касби ҳақида нима дейиш мумкин? Бу ҳақда бизнинг фикримиз қуйидагича: Ўқимай бир жойда тўхтаб қолган врач худди кўлмак сувни эслатади. Унинг ёнига ҳеч қайси жонзот яқинлашмайди, чунки бу сувдан истеъмол қилса ўлади. Хақиқий врач доимо илм олишга интилади, тинмай изланади, малакасини ошириш учун тиним билмайди.
   Тиб илмининг султони Ибн Сино ҳаётининг сўнгги дақиқаларида шундай деган экан: «Ҳаётдан кўз юмаётиб шунга амин бўлдимки, илм соҳасида ҳали ҳеч нарсани эгалламаган эканман». Ҳозир «Мен у касалликни даволайман, бу касалликдан халос қиламан», дегувчи врачлар кўп. Билимдон врач ҳеч қачон беморни изламайди. Уни беморнинг ўзи излаб топади. Врач ҳеч қачон бемор олдида ўзини мақтамаслиги керак, бу фақат унинг обрўсини туширади. Врачнинг қўлидан тузалиб, соғайиб кетган беморлар сони кўпайган сайин унинг обрўси ошиб бораверади.    Айниқса, кўп врачларга бориб, шифохоналарда ётиб, дардига шифо топа олмаган беморни даволаган врачнинг обрўсига обрў қўшилади.
    Тарихчиларнинг ёзишича, Ибн Синонинг халқ олдида обрўси шу даражада юқори бўлганки, унинг бемор олдида пайдо бўлишининг ўзиёқ уларга жон бағишлаган. Бунга у албатта бетиним меҳнат, уйқусиз мутолаа қилиш ва илм олишга ўчлиги сабабли эришган. Ибн Синонинг таржимаи ҳолида шундай сўзлар бор: «Мен 15 ёшимдан бошлаб Юнонистон, Рим, Миср ва Ҳиндистонлик мутафаккирлар асарларини ўрганишни бошладим». У ўз устози Абу Абдуллоҳ ал-Қотилий ҳақида шундай ёзади: «Устозим қайси муаммони илгари сурмасин, мен унинг моҳияти ва сирини очишга, нозик томонларини ўрганишга интилдим, наинки устознинг ўзи бу муаммоларнинг мағзини охиригача англай олмас эди». Ҳақиқатан ҳам, ёш олим устозидан ҳам ўзиб кетди, тез орада унинг номи тилларда достон бўлди. У яна ўзи ҳақида шундай ёзади: «Мен 19 ёшгача илм олдим, сўнгра эса уни ишлатдим». «Болалик даврида олинган илм тошга ўйиб ёзилган ҳарфга ўхшайди, кеч олинган илм музга ўйилган ҳарфга ўхшайди. Вақт ўтиб муз эриб, унга битилган ҳарфлар ўчиб кетади, тошдаги сўзлар эса умрбод қолади».
    Ибн Сино китобдан олган билимларини беморларни даволаб, бойитиб боришнинг катта фойдаси ҳақида шундай ёзади: «Мен тиб илмини ўрганиш билан бирга бирйўла беморларни ҳам доимо кузатиб бордим. Бунинг натижасида ҳали китобларда битилмаган даволаш усулларини ўйлаб топдим ва амалиётда ишлатдим». Ибн Сино 16 ёшга етмасдан назарий ва амалий тиббиётни жуда пухта эгаллаган бўлиб, нафақат Бухоро, балки бутун Шарқда машҳур бўлди. Тарихчиларнинг ёзишича, Ибн Синонинг кучли қобилият соҳиби бўлишининг асл сабаби ўз устида тинмай ишлашидир. «Мен, – деб ёзади Ибн Сино, – тунлари мижжа қоқмай фақат илм олиш билан шуғулландим. Диалектика, математика ва физикани инсон ақл заковати етадиган даражада ўрганмагунча тинчимадим. Кейин мен Аристотелнинг «Метафизика» асарига мурожаат қилдим. Лекин уни кўп маротаба ўқиб чиққан бўлсам-да, мағзини чақа олмадим. Бухоро кўчаларини кезиб юрганимда, қўлимга ушбу китобга Форобий томонидан ёзилган изоҳ тушиб қолди. Мен уни бир марта ўқиб чиққанимдан сўнг, аввал ёд бўлиб кетган бўлса-да, менга тушунарсиз бўлган «Метафизика» асари мазмуни аён бўлди-қолди. Ушбу бобда улуғ мутафаккир ҳаётидан лавҳалар келтиришимизнинг боиси, ўта кучли илм соҳиби бўлган бу олимнинг деонтология  тамойилларига чуқур амал қилганлигини яна бир бор таъкидлаш эди.
     Хулоса қилиб айтганда, психогигиена, психопрофилактика ва деонтология тамойилларига риоя қилиш психотерапевтик муолажаларни ўтказишни осонлаштиради. 


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha