Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ИНСУЛЬТДА ПСИХОРЕАБИЛИТАЦИЯ

ИНСУЛЬТДА ПСИХОРЕАБИЛИТАЦИЯ


Инсультда психореабилитация. Инсульт ривожланган захоти бемор зудлик билан шифохонага ётқизилиши ва тиббий-психологик ёрдам касалликнинг дастлабки соатлариданоқ бошланиши керак. Бу ерда иккиланишга ҳеч қандай ўрин йўқ! «Беморни қўзғатмаслик керак, бирон соат уйда бўлсин, ҳозир мумкин эмас» қабилидаги гаплар ноўрин. Аксинча, инсульт ривожлангандан сўнг 3-6 соат ичида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам беморнинг тўла тузалиб кетишига, энди бошланаётган фалажликларнинг олдини олишга, қолаверса, беморнинг ҳаётини сақлаб қолишга жуда катта имконият яратиб беради. 

Одатда, 21 кунгача инсультнинг ўткир даври ҳисобланиб, бу вақтда бемор шифохонада даволанади. Касалликнинг ўткир даврида аксарият беморларнинг ҳуши турли даражада бузилган бўлиб, фалажликлар, нутқ ва хулқ-атвор бузилишлари билан намоён бўлади. Бу даврда унга руҳий тинчлик ўта зарурдир! Шунинг учун беморни кўришга келаётганлар сонини кескин камайтириш лозим, унинг ёнида турмуш ўртоғи ёки фарзандларидан бири парвариш қилиш учун қолиши мумкин. Чунки ҳар қандай ташриф кечагина оёқ устида юрган, бугун эса тўшакка михланиб қолган беморга руҳий жароҳат етказиши мумкин. Бундай ҳолатлар, айниқса, бирга ишлайдиганлар ва қўни-қўшнилар ташриф буюрганда рўй бериши эҳтимолдан холи эмас. Агар бемор “Танишларим мени кўргани келишяптими?” деб сўраса, унга “Албатта келишяпти, бироқ докторлар уларга рухсат беришмаяпти, бироз тузалганингиздан сўнг уларни ёнингизга қўйишади. Барча келиб кетаётганлар сизни тезроқ соғайиб кетсин дейишмоқда” қабилидаги сўзлар билан беморни тинчлантириш лозим. Акс ҳолда беморнинг “Нега улар мени кўргани келишмаяпти?” деб ортиқча ҳаяжонланиши беморнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. 
Айниқса, нутқи бузилган беморлар ёнига келувчиларни нутқ тиклангунга қадар тўхтатиб туриш лозим. Нутқ эса аксарият ҳолларда 2-3 ҳафта ичида тиклана бошлайди. Даволаш муолажалари тўғри ва ўз вақтида олиб борилса, аввал беморнинг оёқларида ҳаракат пайдо бўлади, қўлнинг тикланиши эса бироз суст боради. 

Бемор шифохонадан ҳар доим ҳам тузалиб чиқиб кетавермайди. Инсультда бузилган функциялар, одатда, бир йил мобайнида тикланади, вақт ўтган сайин бу жараён сустлашиб боради. Шунинг учун ҳам ушбу даврда нейропсихореабилитация усуллари ўта моҳирлик билан олиб борилиши керак. Афсуски, инсульт ўтказган беморда турли даражада ифодаланган ногиронлик кўрсаткичлари жуда юқори бўлиб, 80 фоизгача етади. Ҳеч қандай ўткир ривожланувчи касалликда ногиронлик бу даражада юқори эмас. Демак, бундай беморни нормал ҳаёт тизимига қайтариш лозим ва бу йўналишда бир қанча мутахассислар, яъни реабилитолог, невропатолог, нейропсихолог, психотерапевт, логопед ва терапевт иштирок этишади. Умумий амалиёт шифокори эса ушбу мутахассисларнинг кўригини таъминлайди ва уларнинг тавсияларига асосланиб, беморни кузатиб боради. 

Йирик шаҳарларда реабилитация марказлари мавжуд бўлиб, инсультнинг тикланиш даврида даволашни ушбу марказларда давом эттириш мақсадга мувофиқ. Инсультнинг оғир турини ўтказган беморни ўз-ўзини эплай олиш, яъни овқатланиш, ювиниш, чўмилиш, соқол олиш, кийиниб-ечиниш, ҳожатхонага бориб келиш каби кундалик юмушларни  мустақил равишда бажара оладиган ҳолатга келтириш нейропсихореабилитациянинг асосий вазифаларидан биридир.  Инсульт енгил кечган ҳолатларда эса меҳнат қобилиятининг тикланиш даражасига қараб, беморни аввал ўзи фаолият кўрсатган касбга яна жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Инсульт ўтказган беморда меҳнатга лаёқатлилик даражасини аниқлаш зарур бўлади. Аксарият беморларга ногиронликнинг биринчи ёки иккинчи даражаси, енгил ҳолатларда эса учинчи даражали ногиронлик белгиланади.

Инсульт ўтказганларда кузатиладиган мушак-бўғим контрактуралари, айниқса, қўл панжалари ва тирсак бўғимида кучли ифодаланади. Бу табиийки, беморга ўзини эплаш билан боғлиқ бўлган юмушларни бажариш имкониятини чегаралайди. Бу муаммоларни бартараф этиш ёки олдини олиш учун турли жисмоний машқлар мавжуд. Мутахассислар тавсиясига кўра, бемор ушбу машқларни бажариши, фалажланган оёқ-қўлларга нуқтали уқалашлар олиши, физиотерапевтик муолажаларни ва спастик тонусни пасайтирувчи дориларни истеъмол қилиши зарур. 

Нутқ бузилишларини коррекция қилишда логопедик муолажалар ўтказиш албатта ўта муҳим. Одатда касаллик сабабли пайдо бўлган нутқ ва хулқ-атвор бузилишларини нейропсихолог даволайди. Ушбу мутахассислар йўқ жойда нейропсихологик муолажаларни яхши тушунадиган невропатолог ўтказиши мумкин.

Инсульт ўтказган беморларни жамиятдан ва оилада бўладиган тадбирлардан чеккалаб ташлаш асло мумкин эмас. Акс ҳолда улар психологик изоляцияда қолишади. Беморни оилада ва маҳаллада режалаштирилаётган ишларга уларнинг имкон даражасига қараб жалб қилиш лозим. Акс ҳолда улар ўзларини оилага ҳам, жамиятга ҳам кераксиз деб ҳис қилиб, чуқур депрессияга тушиши мумкин. Баъзи ҳолларда касаллик сабабли иш жойини ва яқинларининг эътиборини йўқотган беморда ўз жонига қасд қилишлар ҳам рўй бериб туради.  Уларнинг ҳаёт тажрибасидан маҳалла фаоллари, беморнинг яқин қариндошлари ва фарзандлари унумли фойдаланишлари лозим. 
Шундай қилиб, инсульт ўтказган беморларни даволаш ва уларни одатий турмуш тарзига  қайтариш узоқ давом этувчи мураккаб тиббий-психологик жараён бўлиб, унинг муваффақиятли тугаши ўтказилаётган муолажаларининг тўғри ва ўз вақтида олиб борилишига боғлиқ.

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha