Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi КЛИМАКТЕРИК СИНДРОМ

КЛИМАКТЕРИК СИНДРОМ


Соғлом аёл организмида репродуктив система 60-65 ёшга етганда ўз фаолиятини тўхтатади. Климактерик давр (син: климакс) – репродуктив системада инволюцион давр бошланганидан далолат берувчи патофизиологик жараёнлардан иборат давр. Бу давр 10 йилгача, баъзан ундан ҳам ортиқ давом этади. Бу даврда аввал ҳомиладор бўлиш, сўнгра ҳайз кўриш тўхтайди. 
Климактерик давр кетма-кет келувчи 3 босқичга бўлиб ўрганилади.
  1. Пременопауза – 45-47 ёшларда бошланади ва ҳайзлар тугагунча давом (2-10 йил) этади.
  2. Менопауза – сўнгги ҳайз. Аксарият аёлларда ҳайз келиши 50 ёшда бутунлай тўхтайди, яъни менопауза бошланади. Баъзи аёлларда ҳайз 40 ёшда тўхтаса, баъзида бу жараён 60 ёшгача давом этади.
  3. Постменопауза – менопаузадан сўнгги давр.
Пременопаузал даврнинг физиологик кечишида тухумдон функциясининг секин-аста пасайиши кузатилади. Бу жараённинг клиник манзараси менопаузанинг бошланганлигидан далолат бериб туради. Репродуктив системанинг постменопаузал даврида кузатиладиган ўзгаришлар эстрогенлар миқдорининг кескин камайиши билан боғлиқ. 
Менопауза физиологик жараён бўлиб, одатда, ички аъзо ва системалар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмасдан намоён бўлади. Менопаузадан сўнг ички аъзо ва тўқималарда ўзига хос қариш жараёни бошланади, айниқса, эндокрин безлар ва жинсий аъзолар ҳажми кичрайиб боради. Эстрогенлар миқдорининг етишмаслиги сабабли остеопороз ривожланса, прогестерон миқдори етишмаслиги ички аъзо ва тўқималарда гиперпластик жараёнларни жадаллаштиради. Шу боис бу аъзоларда ўсмалар ривожланиши ҳам мумкин. Организмда эстрогенлар ва прогестеронлар миқдорининг етарли даражада эканлиги кайфиятнинг юқори даражада бўлишига ҳам ёрдам беради. Шунинг учун ҳам бу гормонларнинг етишмовчилиги руҳият ва ҳиссиётнинг турли даражада ифодаланган бузилишлари, айниқса, хавотирли депрессияларга сабаб бўлади.
Климактерик даврнинг физиологик кечишига бир қанча омиллар ўз таъсирини кўрсатади, яъни ҳомиладорлик ва туғиш даврларининг соғлом тарзда кечиши, рационал тарзда овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатлар (ичиш, чекиш) нинг йўқлиги, меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш ва ҳ.к. 
Аёлларда климактерик синдром
Климактерик синдром климактерик даврда бир қанча психопатологик, вегетатив, эндокрин, соматик ва моддалар алмашинувининг бузилиши билан кечадиган ҳолатдир. Турли маълумотларга кўра, климактерик даврда климактерик синдром деярли 50 % аёлда учрайди. Ушбу синдром пременопауза даврида  30 %, менопауза бошланганда 70 % аёлда кузатилади.
Клиникаси. Касаллик клиникаси турли-туман симптомларга бой бўлиб, уларни алоҳида-алоҳида келтириб ўтамиз.
  • Психоэмоционал бузилишлар: жаҳлдорлик, бош оғриғи, бош айланиши, уйқучанлик, ҳиссий безовталаниш, депрессия, иштаҳа бузилиши, либидо пасайиши, паришонхотирлик.
  • Вазомотор бузилишлар: кетма-кет келувчи бирдан қизиб кетишлар, терга ботиш, музлаб кетиш, қон босим ўйнаши, оёқ-қўллар увишиши, акрацианоз, периферик оғриқ ва шишлар.
  • Урогенитал симптомлар: қин намлиги йўқолиб қуриб қолиши, жинсий яқинлик пайтида оғриқлар, қинда қичишиш ва ачишиш, полиурия, никтурия, қин девори тушиши.
  • Эндокрин бузилишлар: семириш, остеопороз, гипергликемия, гипотиреоз, гипертиреоз, мастопатия, артралгия ва миалгиялар.
  • Терида кузатиладиган ўзгаришлар: тери қуриши, тирноқлар синиши, соч тўкилиши, ажинлар пайдо бўлиши.
Климактерик синдром учун ўта хос бўлган белги (90-95 % ҳолатларда) бирдан қизиб кетишдир. Бир кунда бир неча маротаба кузатиладиган бу симптом 1-2 дақиқа давом этади. Тананинг юқори қисми, айниқса, юз, бош ва бўйин қизиб кетиши тўсатдан ёғилиб келади ва дарров ўтиб кетади. Бу пайтда беморни кучли тер босади, қизиб кетади, юрак уриши тезлигини баъзан санаб бўлмай қолади, яъни у бир дақиқада 150 дан ошиқ уради. Кучли тахикардия билан биргаликда АҚБ ҳам кескин кўтарилади. Гипертония касаллиги бор беморларда АҚБ 200/100 мм сим.уст. ва ундан юқоригача ошади.  Баъзан озгина руҳий сиқилиш ҳам бу хуружни қўзғаб юборади. Климактерик синдромда бирдан қизиб кетиш симптоми гипоталамуснинг терморегулятор фаолияти бузилиши билан изоҳланади. Баъзан климактерик хуружни стенокардия хуружи билан фарқлашга тўғри келади, чунки юрак соҳасида ҳам оғриқлар кузатилади. Климактерик синдромда кардиалгиянинг кузатилиши кардиомиотситларда моддалар алмашинувининг бузилиши ва симпатик ирритациянинг кучайиши билан боғлиқ, деб ҳисобланади. 
Менопаузадан сўнг организмнинг иммунологик қаршилиги пасайиши сабабли, мавжуд сурункали касалликлар қўзғаши мумкин. Масалан, ЮИК, бронхиал астма ва б.қ. Беморнинг юқори нафас йўлларида ўткир респиратор инфекцияларга ўхшаш ҳолатлар тез-тез кузатилади. Улар сал совуққа ҳам ўта сезгир бўлишади. Шунингдек, сурункали бронхит, вазомотор ринит, конъюнктивит, стоматит, ларингит, астма ва шу каби бошқа аллергик касалликлар ҳам қўзғалади. Климактерик синдромда эстрогенлар миқдорининг пасайиши ички аъзо ва системаларнинг турли патологик ҳолатларга чидамлилигини пасайтиради, улар ташқи ва ички таъсирларга сезгир бўлиб қолади. Натижада, ички аъзолар соҳасида, айниқса, Захарин-Хед соҳаларида ачиштирувчи оғриқлар пайдо бўлади.
Менопаузадан сўнг жинсий ва пешоб ажратиш аъзолари тўқималарида атрофик жараёнлар давом этади. Сут безлари ва бачадонда патологик ўзгаришлар пайдо бўлиши, буйрак ва қовуқ соҳасида оғриқлар, пешоб ачишиб чиқиши, тез-тез сийиш, (айниқса, тунда) ва либидо сўниши климактерик синдромнинг барча турларида кузатилади. Эстрогенлар етишмовчилиги нафақат жинсий аъзолар фаолияти, балки бошқа тўқималарга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам тери қурий бошлайди ва юпқалашади, ажинлар пайдо бўлади, тирноқлар мўртлашади ва соч тўкилади. 
Климактерик синдромда руҳий-ҳиссий бузилишлар турли-туман бўлиб, улар беморнинг темпераменти, оила ва жамиятда тутган ўрни, йиллар мобайнида шаклланиб қолган хулқ-атворига боғлиқ. Климактерик синдром хуружларидан сўнг баъзи беморларда депрессия, хавотир ва апатия аломатлари кузатилса, бошқа бирларида агрессив ҳолат юзага чиқади. Бу ҳолатлар, албатта, йиғлоқилик, қўрқув ва уйқу бузилишлари билан намоён бўлади. Улар ҳар хил ҳидлар, ёруғлик ва товушларга сезгир бўлиб қолишади, бу нарсалар уларни асабийлаштиради. Бемор климактерик хуружлардан сўнг ортиқча шовқин-сурондан қочиб, тинч ва қоронғи хонада дам олишга интилади. 
Кечиши. Климактерик синдромнинг кечиши, асосан, унинг қачон ва қандай бошланганлиги, касаллик даражаси ва, албатта, йўлдош касалликларнинг мавжудлигига боғлиқ. Айниқса, асаб системаси касалликлари, юрак-қон томир касалликлари, сурункали инфекциялар климактерик синдромнинг кечишига салбий таъсир кўрсатади, унинг узоқ вақт давом этиши ва асоратлар билан кечишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, климактерик синдром ҳам соматик касалликлар кечишини оғирлаштиради. Маълумотларга кўра, климактерик синдромнинг деярли ярми турли хил асоратлар билан кечади. Бу асоратлар атеросклероз ва юрак ишемик касаллигининг зўрайиши, гипертоник хуружларнинг қўзиши, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилишлари билан намоён бўлади. 
Климактерик синдромнинг енгил, ўрта ва оғир даражада кечиши фарқланади. Уларни фарқлаш, асосан, климактерик хуружларнинг сонига қараб белгиланади. Агар бирдан қизиб кетиш хуружлари кунига 10 маротаба кузатилса – енгил, 10-20 маротаба кузатилса – ўртача, ундан кўп кузатилса – оғир кечиши деб юритилади.
Климактерик синдромнинг енгил кечишида беморнинг умумий аҳволи қониқарли бўлиб, соматик бузилишлар кам кузатилади. Аммо беморнинг ақлий ва жисмоний меҳнат фаолияти бироз сусаяди. Ўрта даражада кечишида нейровегетатив, соматик ва эндокрин бузилишлар кучлироқ ифодаланган бўлади. Беморда бош оғриғи, бош айланиши, юрак уриши, уйқу ва хотира бузилиши, тананинг турли жойида оғриқлар, ошқозон-ичак фаолияти бузилиши каби симптомлар вужудга келади. Санаб ўтилган барча симптомлар кучли даражада ифодаланган хавотирли-депрессив бузилишлар билан кечади. Булар беморнинг меҳнат ва яшаш фаолиятини кескин пасайтиради.
Климактерик синдромнинг оғир кечишида хуружлар сонидан ташқари, кучли ифодаланган ва асоратлар билан кечувчи соматик бузилишларнинг ҳам ўрни катта. Касалликнинг оғир турида беморга уй шароитида бир кунда бир неча бор тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва аксарият беморлар шифохонага ётқизилади. Улар кўпинча  пароксизмал тахикардия, артериал  гипертония  ва  юрак ишемик касаллиги хуружлари ташхислари билан кардиология бўлимида даволанадилар. Одатда, климактерик синдром қанча эрта бошланса, шунча оғир кечади ва узоқ давом этади, масалан, 40-45 ёшгача кузатилган менопаузада касаллик шундай кечади. Албатта, бу меҳнат фаолияти даври бўлганлиги сабабли ҳам касалликнинг оғир кечиши беморни ишга лаёқатсиз қилиб қўяди. Хуружлар сонининг кўплигидан эса беморнинг яқинларидан бири уни парвариш қилишга мажбур бўлади.
Ташхис. Климактерик синдром билан беморлар бошқа  мутахассислар кўриги ва бир қанча текширувлардан ўтишлари зарур. Айниқса, гинеколог, эндокринолог, невропатолог, кардиолог ва албатта психолог кўриклари зарур бўлади. 
Ташхисни тўғри аниқлаш учун терапевт, гинеколог, невропатолог, эндокринолог, маммолог, уролог кўриклари зарур бўлади. Шунингдек ЭКГ, ЭЭГ, краниограмма, КТ, АҚБ мониторинги, ички ва тос аъзолари УТД, маммография қилинади. Электролитлар, қанд миқдори, гормонлар (эстроген, прогестерон, қалқонсимон без гормонлари) текширилади. Атипик хужайраларни аниқлаш учун тситологик текширувлар ҳам зарур бўлиши мумкин.
Даволаш. Ташхис тўғри аниқлангандан сўнг унинг кечишига мос равишда даволаш дастури ишлаб чиқилади. У бир нечта босқичдан иборат бўлиб, комплекс тарзда олиб борилса, ижобий натижага эришиш кафолатланади. Булар: 1) меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш; 2) рационал овқатланиш; 3) рационал психотерапия; 4) психофармакотерапия (антидепрессантлар, транквилизаторлар, седатив дорилар, баъзан нейролептиклар); 5) физиотерапевтик муолажалар ва жисмоний тарбия; 6) β-адреноблокаторлар; 7) гормонотерапия, витаминотерапия; 8) остеопорозни бартараф этиш; 9) дам олиш сиҳатгоҳларида даволаниш.
Жисмоний машқлар. Беморни даволашда оддий бадантарбиядан тортиб, то махсус жисмоний машқларгача буюрилади. Жисмоний машқларнинг ижобий таъсири жуда катта. Бемор ҳар куни эрталаб 15-20 дақиқа бадантарбия қилиши, ҳафтасига 2-3 маротаба соғломлаштириш марказларига қатнаши ва турли жисмоний машқларда иштирок этиши зарур, айниқса, сузишнинг аҳамияти катта. Эрталабки секин қадамлар билан югуриш, тушликдан сўнг сайрга чиқиш ҳам жуда фойдали. Жисмоний машқлар тўқималарни кислород билан таъминланишини кучайтиради, юрак фаолиятини мустаҳкамлайди, организмнинг турли инфекцияларга қаршилигини оширади. Шунинг учун ҳам барча тўқималарда моддалар алмашинувининг бузилиши билан кечувчи климактерик синдромда режали тарзда олиб бориладиган спортнинг енгил турлари мутахассислар томонидан кўп тавсия қилинади. Шунингдек, бўйин-елка соҳаларини уқалаш буюрилади. Жисмоний машқлар беморнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиб хуружлар сонини камайтиришга ёки енгил ўтишига ёрдам беради.
Рационал овқатланиш. Климактерик синдромда анорексия ва булимия ҳолатларининг кўп кузатилиши овқатланиш тартибини бузиб юборади. Шунинг учун ҳам рационал овқатланиш қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш ва ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда қўллаш ўта муҳим. Овқат сифатли, витаминларга бой, енгил ҳазм бўладиган ва ош тузини кам ишлатиб тайёрланган бўлиши керак. Овқат, асосан, ўсимлик ёғига тайёрланиши, мева ва сабзавотлар кўп, углеводлар эса кам истеъмол қилиниши лозим. 
Сиҳатгоҳларда даволаниш. Организмни табиий чиниқтириш учун сиҳатгоҳларда дам олиш, айниқса, шанба, якшанба кунлари дам олиш масканларига чиқиш, уй шароитида эса турли гиёҳлардан иборат ванна қабул қилиш, совуқроқ сувда душ қабул қилиш ҳам буюрилади. Кислородли, радонли ва ёд-бромли ванналар ҳамда игна билан даволаш ҳам жуда самарали. Шунингдек, сувости уқалашлари, балчиқ билан даволаш ва дориларни электрофорез орқали юбориш ҳам тавсия этилади.. Сиҳатгоҳларда бундай муолажалар билан даволаниш, асосан, климактерик синдромнинг енгил турлари, баъзан ўрта даражада кечувчи турларида буюрилади. 
Климактерик синдромнинг оғир турида эса физиотерапевтик муолажалар мумкин эмас. Шунингдек, фаол таъсир кўрсатувчи физиотерапевтик муолажалар артериал гипертония, бачадон миомаси ва мастопатияда буюрилмайди.
Гормонотерапия. Гормонлар климактерик синдромнинг енгил турида тавсия этилмайди. Гормонотерапиянинг мақсади климактерик синдромда кузатиладиган гормон етишмовчилигининг ўрнини қоплашдир. Бу мақсадда эстроген, гестаген ва андрогенлар қўлланилиши мумкин. Гормон билан даволашни ва қандай гормон тавсия этишни гинеколог ёки шу соҳада фаолият кўрсатувчи эндокринолог ҳал қилади. Гормон билан даволашга монелик қилувчи ҳолатлар: бачадон, тухумдон ва сут бези ўсмалари, бачадон ва бошқа ички аъзолардан қон кетиши, ўткир тромбофлебит, буйрак ва жигар етишмовчиликлари, хафақон касаллигининг оғир турлари, қандли диабет.
Климактерик синдромда даволаш муолажаларини эрта бошлаш ўта муҳим. Касаллик бошланганига 1-2 йил ўтса-да, режали даволанишни чўзиб юрган беморда кейинчалик даволаш муолажалари самараси паст бўлади. Одатда, даволаш муолажалари вақтида ва тўғри бошланса, 6 ой ичида климактерик синдром аломатлари бартараф этилади.
Профилактика. Аёл кишини зарур тиббий-психологик текширувлардан ўтказиб, уни  климактерик даврга психологик тайёрлаш бу синдромнинг анча енгил ўтишига ёрдам беради. Климактерик давр барча аёлларда эртами-кечми, албатта кузатилади. Унинг қандай кечиши, даволаш усуллари ва профилактикаси ҳақида аёллар батафсил маълумотга эга бўлиши зарур. Аёл кишини климактерик даврга тайёрлаш тиббий психологга ҳам катта масъулият юклайди. Чунки турли касалликлар сабабли аксарият аёллар унга мурожаат қилишади. 35-40 ёшдан ошган барча аёллар йилига 2 марта тиббий-психологик текширувлардан ўтиб туришлари лозим. 
Эркакларда климактерик синдром
Эркаклар климакси аёллар климакси каби нормал физиологик жараёндир. У организмда қариш даври бошланганлигидан далолат беради. Эркаклар климакси ҳеч қандай субъектив ва объектив симптомларсиз кечиши мумкин. Климакс 45 ёшгача кузатилса – эрта, 60 ёшдан сўнг кузатилса – кеч климакс дейилади. Эркакларда климакс кардиологик, урологик ва бошқа соматик бузилишлар билан намоён бўлса, патологик климакс ҳақида сўз боради. Эркакларда 40-70 ёшлар орасида жинсий безларда атрофик жараёнлар бошланади ва андрогенлар синтези сустлашади. Уруғдонларнинг тестостеронга сезгирлиги пасаяди, моякда дегенератив ўзгаришлар пайдо бўла бошлайди. Жинсий аъзолардаги яллиғланиш касалликлари, айниқса, гиперпластик  жараёнлар, сурункали алкоголизм, кастрация, юрак-қон томир системаси касалликлари климакснинг патологик тарзда кечишига туртки бўлади. 
Эркаклар климаксида ҳам бирдан қизиб кетиш, юз, қўллар ва бўйин соҳасининг қизиб кетиши, тахикардия, кўз олди қоронғилашуви, нафас етишмовчилиги, бош айланиши кузатилади. Албатта, бу жараёнлар кайфият тушиб кетиши, жаҳлнинг тез кўтарилиши, АҚБ ошиши, бош оғриқ ва кардиалгия билан кечади. Бу даврда простата бези аденомаси касаллиги кўп кузатилганлиги сабабли сийдик ажратиш системаси ва жинсий аъзолар фаолиятининг бузилиши каби бир қатор симптомлар юзага келади. Пешоб йўлларидаги оғриқлар, сийишнинг қийинлиги, жинсий фаолиятнинг сусайиши шулар жумласидан.
Эркаклар климакси аёлларникига қараганда енгил кечади. Бироқ эркаклар климакси клиникасида ҳам руҳият ва ҳиссиётнинг бузилишлари асосий ўрин тутади. Булар арзимаган сабабдан жаҳл чиқиши, қўрқув, безовталик, уйқу ва хотира бузилишларидир. Терида ажинлар пайдо бўлади, мушаклар бўшашади, жисмонан ва руҳан тез чарчаш пайдо бўлади. Одатда, эркаклар климакси 2–5 йил давом этиб, сўнг симптомлар секин-аста қайта бошлайди.
Давоси. Эркаклар климаксида даволаш муолажалари ҳам комплекс тарзда олиб борилади. Психотерапия, антидепрессантлар, транквилизаторлар, седатив дорилар, физиотерапия, жисмоний тарбия, сиҳатгоҳларда даволаниш буюрилади. Климакс оғир кечган ҳолатларда андрогенлар (метилтестостерон, тестостерон, сустанон), шунингдек, қўшимча тарзда жинсий фаолиятни кучайтирувчи дорилар тавсия қилинади.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
              © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha