Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi КОКСАКИ ВА ECHO ЭНТЕРОВИРУСЛАРИ ЧАҚИРГАН СЕРОЗ МЕНИНГИТ ВА МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТ

КОКСАКИ ВА ECHO ЭНТЕРОВИРУСЛАРИ ЧАҚИРГАН СЕРОЗ МЕНИНГИТ ВА МЕНИНГОЭНЦЕФАЛИТ


Тарихи. 1948-йили олимлар илк бор Нью-Йорк штатининг Коксаки шаҳарчасида янги вирусларни аниқлашади ва уларга «Коксаки вируслари» деб ном беришади. Орадан 3 йил ўтгач, яъни 1951-йили Коксаки вирусларига ўхшаш яна бир қатор энтеровируслар топилади. Бироқ олимлар бу вирусларнинг қандай касалликлар чақиришини аниқлай олишмайди ва уларга «етим вируслар» деб ном беришади. Кейинроқ бу вирусларни «ECHO» (Enteric Citopathogenetic Human Orphan – одам ичагидаги патоген етим вируслар) атамаси билан номлашади. Ўхшаш хусусиятга эга бир қатор энтеровирусларга «Коксаки ва ECHO вируслари» деб умумий ном беришади.
Этиологияси ва эпидемиологияси. Бугунги кунда 70 дан ортиқ энтеровируслар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси ҳам нейротроп хусусиятга эга эмас. Коксаки ва ECHO вируслари худди полиомиелит вируслари каби кучли нейротроп вируслар сирасига киради. Бу вирусларга «энтеровируслар» деб ном берилиши уларнинг ошқозон-ичак системасида кўпайиши ва ичак ажралмаларида (ахлатда) аниқланиши билан боғлиқ.
Коксаки ва ECHO энтеровируслари деярли барча мамлакатларда кенг тарқалган. Энтеровирус сақловчилар – беморлар ва соғлом вирус ташувчи одамлардир. Ушбу вирусларнинг ичакда сақланиш даври ўртача 5 ойга тенг. Касаллик ҳар қандай ёшда учрайди, лекин болалар ва ўсмирлар бу дардга кўп чалинадилар. Касаллик одамга фекал-орал ва ҳаво-томчи йўллари орқали юқади. Касалликнинг яширин даври бир ҳафтагача давом этади. Бошқа энтеровируслар каби Коксаки ва ECHO вируслари билан касалланиш кўпроқ ёз ва куз ойларига тўғри келади.
Патогенези. Касаллик патогенези инфекциянинг организмга қайси йўл билан тушганига боғлиқ. Агар вирус организмга фекал-орал йўл орқали тушса – ичакда, ҳаво-томчи йўли орқали тушса – бурун-ҳалқум соҳасида кўпая бошлайди. Кейин вируслар қонга ўтади ва бутун организмга тарқайди, яъни вирусемия даври бошланади. Вирусларнинг бир қисми гематоген йўл билан нерв системаси тўқималарига ўтади. Уларнинг патоген фаолияти кучли интоксикацияни юзага келтиради. Мия пардалари, хориоидал чигаллар таъсирланиши ва зарарланиши сабабли ликвор секрецияси кучаяди ва ИКГ ривожланади. Бу жараёнлар мия пардаларининг шиши ва мия тўқимасининг бўкиши билан кечади. Капиллярлар ўтказувчанлиги ошиб, пердиапедез геморрагиялар ва периваскуляр шишлар пайдо бўлади, веналарда стаз ривожланади. Яллиғланиш кузатилаётган тўқималарда лимфоцитар инфилтрация ва нерв тўқималарида дистрофик ўзгаришлар вужудга келади. Демак, бир-бирига узвий боғлиқ бўлган учта патологик жараён, яъни кучли интоксикация, ИКГ ва тўқималардаги дистрофик ўзгаришлар касаллик патогенезини белгилаб беради.
Вируслар қайси соҳани кўпроқ зарарласа, ўша жойда сероз ялиғланиш жараёни бошланади. Мия пардалари зарарланса – сероз менингит, мия пардалари ва мия паренхимаси зарарланса – сероз менингоэнцефалит, фақат мия паренхимаси зарарланса – энцефалит, бош мия ва орқа мия зарарланса – энцефаломиелит ривожланади. Баъзида орқа мия алоҳида зарарланиб, полиомиелитга ўхшаш неврологик симптомлар вужудга келади. Вируслар юрак мушакларига ўтиб миокардит, тана мускулларини зарарлаб, миалгияларни юзага келтириши мумкин. Бу ҳолат, айниқса, иммунитети суст ёш болаларда кўп кузатилади.
Клиникаси. Сероз менингит ўткир бошланади. Тана ҳарорати 39°С га кўтарилади. Кучли бош оғриғи ва кетма-кет қусиш пайдо бўлади. Кўп ҳолларда қоринда оғриқ ҳам юзага келади. Психомотор қўзғалишлар, одатда, делирия, галлюцинация ва иллюзиялар билан кечади. Баъзида касаллик тутқаноқ хуружлари билан бошланади. Бемор ҳушини йўқота бошлагани сайин психомотор қўзғалишлар камая боради. Аммо бемор ҳушини бутунлай йўқотмайди. Чуқур сопор ва кома сероз менингитлар учун хос эмас. Ушбу симптомлар баробарида кучли бош айланиши, миалгия ва умумий титроқ ҳам кузатилади.
Касалликнинг биринчи куниёқ юз ва кўзда гиперемия пайдо бўлади, бурунлаб бурчаги оқаради, тил оқ қобиқ билан қопланади, ҳалқумнинг орқа томони ва юмшоқ танглай қизаради, юз ва танага папулёз тошмалар тошиб кетади. Улар худди экзантем инфекциядаги (қизамиқ, қизилча) тошмаларни эслатади ва диагностик қийинчиликлар сабабчисидир.
Менингеал симптомлар орадан 2–3 кун ўтгач сезилади ва суст ифодаланган бўлади. Умуман олганда, яққол ифодаланган менингеал симптомлар сероз менингитлар учун эмас, балки йирингли менингитлар учун хос.
Лаборатор текширувлар. Ликвор рангсиз ва тиниқ, босим эса кўтарилган бўлади. Ликвор текширилганда лимфоцитар плеоцитоз аниқланади, оқсил миқдори эса бироз ошади. Баъзида оқсил миқдори 1 г/л га етади. Касалликнинг дастлабки кунлари ликворда нейтрофиллар сони кўпаяди, лимфоцитлар эса бироз кейинроқ оша бошлайди. Хлоридлар ва қанд миқдори ўзгармайди. Қонда енгил лейкоцитоз, нейтрофилёз ва эозинофилия кузатилади. ЭЧТ бироз ошади.
Баъзи беморларда марказий фалажликлар, сезги бузилишлари, вестибуло-координатор симптомлар, псевдобулбар ёки булбар фалажликлар пайдо бўлади.
Гипертензион-гидроцефал синдром ривожланади ёки кучаяди. Беморнинг умумий аҳволи оғирлашиб, комага тушади. Бир ёшгача бўлган болаларнинг лиқилдоғи бўртиб туради. Бу симптомларнинг пайдо бўлиши беморда менингоэнцефалит ривожланганлигини билдиради. Менингоэнцефалит менингитга қараганда оғир кечади.
Кечиши. Агар соматик асоратлар қўшилмаса, касаллик, одатда, оғир кечмайди. Кучли бош оғриғи ва қусишлар 2–3 кундан кейин пасая бошлайди. Тана ҳарорати ҳам 3–4 кун (баъзида 6 кун) кўтарилиб туради, кейин тушади. Менингеал симптомлар 5–10 кун сақланади. Ликвор 10–14 кундан сўнг тозалана бошлайди ва ликвор босими меъёрга келади. Баъзида касаллик қайта такрорланиши мумкин. Агарда ижобий ўзгаришлар кузатилаётган даврда тана ҳарорати қайтадан кўтарилиб менингеал симптомлар яна зўрая бошласа, демак, касаллик ресидив берган.
Даволаш. Даволаш антивирус дорилар билан бошланади. Параллел тарзда симптоматик даволаш усуллари, яъни дезинтоксикация, дегидратация муолажалари ўтказилади, аналгетиклар, антипиретиклар қилинади. Агар бактериал инфекция қўшилса, антибиотиклар тавсия этилади.
Прогноз. Даволаш муолажалари кечиктирилмай бошланса, деярли ҳар доим ижобий натижа кузатилади. Агар гидроцефалия ёки зотилжам ривожланса, турли асоратлар қолади.

Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz





Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha