Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi КОМАДА ТАШХИС ҚЎЙИШ ВА ДАВОЛАШ ТАРТИБ-ҚОИДАЛАРИ

КОМАДА ТАШХИС ҚЎЙИШ ВА ДАВОЛАШ ТАРТИБ-ҚОИДАЛАРИ


Ликвор текшируви. Кома этиологияси ва интракраниал гипертензия даражасини аниқлашда ликвор текширувларини ўтказиш катта аҳамиятга эга. Лекин бунинг учун ЛП ўтказишга монелик қилувчи ҳолатлар аниқлаб олинади.
Люмбал пункцияни ўтказишга монелик қилувчи ҳолатлар:
  1. Орқа краниал чуқурчада жойлашган касалликлар (субтенториал ўсма, мияча гематомаси). Бундай пайтда яққол ифодаланган нистагм ва Брунс синдроми пайдо бўлади.
  2. Бош миянинг кучли шиши, бўкиши ва дислокацион синдром белгилари. Бундай пайтда бемор чуқур комада бўлади, кўз олмалари сузиб туради, Гертвиг-Мажанди ва Парино синдромлари пайдо бўлади.
  3. Давомли эпилептик хуружлар. Аввал хуружларни бартараф этиб, кейин ЛП қилиш мумкин.
  4. Юрак ва нафас олиш фаолиятининг кескин бузилишлари (АҚБ тушиб кетиши, брадиаритмия, брадинпноэ).
     Юқорида кўрсатилган ҳолатлар эътиборга олинмасдан ЛП қилинса, мия устуни пастга силжиб катта энса тешигига ўтириши ва бемор тўсатдан ўлиб қолиши мумкин. Мия шиши яққол ифодаланган пайтда гиперосмоляр дорилар ва диуретиклар қилиб, кейин ЛП муолажаси ўтказилади.
Аксарият комаларда ликвор босими ошиб кетади. Айниқса, бош мия ўсмаси, менингит, абсцесс, геморрагик инсулт ва бош миянинг оғир жароҳатларида кучли ликвор гипертензияси аниқланади. Ликвор гипертензияси, шунингдек, уремия, эклампсия ва шунга ўхшаш бир қатор токсик-метаболик комаларда ҳам аниқланади. Ликворея билан намоён бўладиган краниоцеребрал жароҳатларда эса ликвор босими пасаяди. Диабетик комада ҳам ликвор босими пасайиши мумкин.
Инфекцион этиологияли комаларда ликвор ранги лойқаланади, геморрагик инсултда ликвор қизғиш тусга киради. Бош мия жароҳати, қонаб турувчи ўсма, уремик ва эклампсик комалар, пахименингит ва субдурал гематомаларда ликвор ранги ксантохром тусда бўлади. Қон элементларининг ликвор йўлларига сизиб ўтиши билан намоён бўлувчи ҳар қандай комада ликвор ранги ксантохром тусга киради.
Инфекцион этиологияли комада ликворда ҳужайра-оқсил диссоциацияси кузатилса, мия ўсмаси оқсил-ҳужайра диссоциацияси кузатилади. Сил менингитида ликвор босими бироз ошади, лимфоцитар плеоцитоз кузатилади, қанд ва хлоридлар миқдори пасаяди. Пробиркада бир неча соат турган ликвор юзасида юпқа фибрин ҳалқаси пайдо бўлади.
Комада топик диагностика. Маълумки, аксарият комалар геморрагик инсулт сабабли ривожланади. Ҳар доим ҳам патологик ўчоқни аниқлаш учун КТ ёки МРТ текширувларини ўтказиш имкони бўлавермайди. Шу боис ҳар бир невропатолог комада ётган беморда бош миянинг қайси соҳаси зарарланганлигини неврологик текширувлар ёрдамида аниқлай олиши керак.
Геморрагик инсулт сабабли ривожланган комада топик ташхис қўйиш қоидалари.
  • Субарахноидал қон қуйилишда кома эпилептик хуружлар ва психомотор қўзғалишлар билан бошланади. Менингеал симптомлар кучли ифодаланган бўлади, пай рефлекслари сўнади. Фалажликлар кузатилмайди ёки рефлектор гемипарез аниқланади.
  • Вентрикуляр геморрагияда (ён, III ва IV қоринчалар) команинг дастлабки соатларидаёқ горметоник синдром ривожланади, мускуллар контрактураси шаклланади, автоматлашган ҳаракатлар, патологик рефлекслар ва ҳимоя рефлекслари вужудга келади. IV қоринча тубига қон қуйилишлар деярли ҳар доим ўлим билан тугайди.
  • Мия устунига қон қуйилса, Гертвиг-Мажанди, Парино ва алтернирлашган синдромлар пайдо бўлади, юрак ва нафас олиш фаолияти кескин бузилади. Корнеал рефлекслар асимметрик тарзда пасаяди, бир ёки икки томонлама миоз пайдо бўлади.
  • Миячага қон қуйилишлар мияча, мия устуни ва IV қоринча зарарланишига хос симптомлар билан намоён бўлади. Унинг асосий белгилари – энса соҳасида кучли бош оғриқ, ўткир бош айланиши, қусиш ва Брунс синдроми, нистагм ва бошқа координатор бузилишлар, барча мускуллар гипотонияси. Агар қон миячанинг юқори оёқчаси соҳасига қуйилса, Гертвиг-Мажанди синдроми пайдо бўлади. Менингеал симптомлардан энса мушаклари ригидлиги кучли, Керниг симптоми эса кучсиз ифодаланган бўлади.
  • Экстрапирамидал соҳаларга қон қуйилишида қарама-қарши томонда турли хил гиперкинезлар (хореоатетоз, гемибаллизм, гемитремор) пайдо бўлади, мускуллар тонуси пластик тарзда ошади. Экстрапирамидал ядроларга қуйилган қон ён қоринчаларга ёриб ўтиши мумкин. Бундай ҳолатда вентрикуляр геморрагияга хос белгилар пайдо бўлади ва беморнинг аҳволи янада оғирлашади.
  • Таламусга қон қуйилса, қарама-қарши томонда гиперпатик типда сезги бузилиши, мускуллар контрактураси билан намоён бўлувчи фалажлик, автоматлашган ҳаракатлар ва ҳимоя рефлекслари пайдо бўлади. Таламус III қоринчанинг деворини ташкил қилгани учун қон кўпинча ушбу қоринчага ёриб ўтади ва беморнинг аҳволи янада оғирлашади.
  • Ички капсулага қон қуйилса, медиал гематома шаклланади, қарама-қарши томонда атоник гемиплегия ривожланади, патологик рефлекслар, ҳимоя рефлекслари ва автоматлашган ҳаракатлар пайдо бўлади. Гематоманинг ён қоринчаларга ёриб ўтиш хавфи жуда юқори.
  • Пешона соҳасига қон қуйилса, психомотор қўзғалишлар, нигоҳ фалажи, ушлаб олиш феномени, горметоник синдром, псевдобулбар синдром, псевдокерниг симптоми, оперкуляр тутқаноқ хуружлари, кескин ифодаланган спастик фалажликлар, патологик рефлексларнинг эрта вужудга келиши, клонуслар ва патологик синкинезиялар пайдо бўлади.
  • Париетал соҳага қон қуйилишлар қарама-қарши томонда гемианестезия, афферент типдаги атоник фалажликлар, пай рефлекслари йўқолиши ва ҳимоя рефлексларининг пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Беморнинг ҳуши тикланса, оптик-фазовий бузилишлар ҳам аниқланади.
  • Энса бўлагига қон қуйилишлар (кўпинча посттравматик гематомалар). Неврологик симптомлар кам кузатилганлиги сабабли комада ётган беморда оксипитал геморрагияни аниқлаш ўта мушкул.
Комани аниқлаш ва ташхис қўйишда юқорида келтирилган клиник симптомлардан фойдаланилади. Кома даражасини баҳолашда эса Глазго шкаласи кўп қўлланилади (18.1-жадвал).

                                                                                                                       18.1-жадвал
             Кома даражасини баҳолаш бўйича Глазго шкаласи
Белгилари
Реакцияси
Балл
Кўзни очиш    
                 Тўсатдан
                Товушга (овозга)
                  Оғриққа
               Кўзини очмайди
4
3
2
1



Ҳаракат реакциялари    
Кўрсатмаларни тўғри бажаради
Нина санчган жойни қўли билан ҳимоя қилади
Нина санчганда оёқ-қўлларини тортиб олади
Нина санчганда оёқ-қўллари тоник ёзилиб қотиб қолади (децеребрасион ригидлик)
Нина санчганда оёқ-қўллари тоник букилиб қотиб қолади (декортикасион ригидлик)
Йўқ
6
5
4

3

2
1
Вербал реакциялар    
Нутқ бузилмаган
Нутқи чалкашган
Сўзларда боғлиқлик йўқ
Узуқ-юлуқ нутқ товушлари
Йўқ
5
4
3
2
1

    


                                                                                                 
                                                                                                               18.2-жадвал 
Глазго шкаласи кўрсаткичлари ва ҳуш бузилишининг анъанавий аталиши
Глазго шкаласи бўйича
йиғилган баллар
Ҳуш бузилишининг
анъанавий аталиши
15
              Ҳуши бузилмаган
13 – 14
               Карахтлик
9 – 12
Сопор
4 – 8
                          Кома
3
                      Мия ўлими



Даволаш. Ҳушсиз ҳолатлар билан беморларга ёрдам кўрсатиш ва даволаш тамойиллари инсулт, менингит, краниоцеребрал жароҳатлар, эпилепсия ва миастениялар ёритилган бобларда келтирилган.


Manba:  ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b.
              ©Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma., Toshkent, 2017., 404 b.
              ©Z. Ibodullayev. Insult va koma, Toshkent, 2013., 193 b.
              © Ibodullayev ensiklopediyasi ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha