Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi КРАНИОЦЕРЕБРАЛ ЖАРОҲАТЛАРДА ДАВОЛАШ ТАМОЙИЛЛАРИ

КРАНИОЦЕРЕБРАЛ ЖАРОҲАТЛАРДА ДАВОЛАШ ТАМОЙИЛЛАРИ


Нафас йўллари ўтказувчанлигини таъминлаш. Бу муолажа ўткир гипоксиянинг олдини олиш учун ўтказилади. Бунинг учун оғиз бўшлиғи ва юқори нафас йўллари зудлик билан сўлакдан, шиллиқдан тозаланади ва ҳаво ўтказгич қўйилади. Ҳушнинг йенгил бузилишларида кислородли ниқоб ёки назал катетер орқали кислород юборилади. Ҳушнинг оғир бузилишларида эса трахея интубация қилинади ва сунъий нафас олдириш системаси уланади. Бу муолажалардан олдин бўйин умуртқалари ҳолати текшириб кўрилади. Овқат қолдиқлари аспирациясининг олдини олиш учун ошқозон назогастрал зонд орқали тозаланади.
Гемодинамикани таъминлаш. Қон йўқотиш, қусиш, АҚБ тушиб кетиши сабабли гемодинамика кескин бузилади ва мияда тотал ўткир ишемия ривожланади. Бунинг олдини олиш учун зудлик билан натрий хлориднинг физиологик эритмаси кунига 1,5–2 л миқдорда венадан томчилатиб қилинади. Перфузион босимни таъминлаш учун бошқа коллоид эритмалар ҳам венадан юборилади. Бироқ глюкозанинг физиологик эритмаси ҳам, гипертоник эритмаси ҳам қилинмайди. Чунки глюкоза метаболизми сабабли ортиқча сув пайдо бўлиб, (гипергидратация) мия бўкиши ва шиши кучайиши мумкин.
АҚБ кескин тушиб кетса, вазопрессорлар қилинади. Бунинг учун 200 мг допамин натрий хлориднинг 400 мл физиологик эритмасига қўшиб венадан жуда секин томчилатиб қилинади. Шунингдек, дексаметазон кунига 8–16 мг ёки преднизолон 120–180 мг венадан томчилатиб юборилади. Агар АҚБ жуда кўтарилиб кетса β-блокаторлар, ААФ ингибиторлари, диуретиклар қилинади. Бироқ АҚБ ни кескин тушириб юборишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки оғир КСЖ да цереброваскуляр ауторегуляция бузилган бўлади ва АҚБ тушиб кетса, бош мияда қон айланишининг ўткир ишемик бузилиши рўй беради. Бу ҳолат, айниқса, гипертония ва атеросклероз касалликлари билан оғриган ёши катталарда хавфлидир.
Интракраниал гипертензия, мия шиши ва бўкишини олдини олиш ва бартараф этиш тадбирлари. Кароватнинг бош қисми 15–30° га кўтарилади. Бу интракраниал бўшлиқдан веноз қоннинг оқиб чиқишини осонлаштиради. Бир кунда қуйиладиган суюқликлар миқдори 1,5–2 л дан ошмаслигига эътибор қаратилади. Қондаги электролитлар миқдорининг нормал кўрсаткичлари ва кислота-ишқор мувозанати таъминланади. Тана ҳарорати ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Қўшимча инфекциялар олди олинади ёки тугатилади. Қон томирларни кенгайтирувчи дорилар қилинмайди. АҚБ назоратга олинади. Мия гипоксиясига сабаб бўлувчи омиллар бартараф этилади. Катта миқдорда седатив ва ухлатувчи дорилар қилинмайди. 
Осмодиуретиклар. Улар тўқималар орасидаги суюқликни катта миқдорда қонга ўтишини таъминлайди ва бунинг натижасида мия шиши ҳамда ИКГ тезда камая бошлайди. Осмодиуретиклардан, асосан, маннитол қўлланилади. Маннитолнинг 10–15–20% ли тайёр эритмалари 200, 400 ва 500 мл флаконларда ишлаб чиқарилади. Унинг таъсири 4–6 соат давом этади. Бу вақт ўтгач дори ушбу дозада қайта қилиниши мумкин. Маннитол кунига 1 кг тана вазнига 1 г дан венага томчилатиб қилинади. Мия шиши ва ИКГ белгилари камайгач, унинг дозаси ҳам камайтириб борилади. Катта миқдорда берилаётган маннитолни бирдан тўхтатиш мумкин эмас. Чунки қон томирларга ўтган суюқлик яна қайтадан мия паренхимасига сизиб ўтиб, мия бўкишига сабабчи бўлиши мумкин. Қоннинг осмолярлик даражаси ҳам текшириб турилади. Агар маннитолни камайтира бошлашга қарор қилинса, уни 1-жадвалда кўрсатилган тартиб бўйича амалга ошириш тавсия этилади.
                                                                                                                         1-жадвал
                  Маннитол дозасини камайтириб бориш тартиби
Кунлар
Дозаси, 1 кг тана вазнига
Кунига неча маҳал қилиниши
1-кун
0,25 г
4
2-кун
0,25 г
3
3-кун
0,25 г
2
4-кун
0,25 г
1
                            Кейин бутунлай тўхтатилади



Маннитолга қараганда кучсизроқ осмодиуретик – бу глицерол. Бу дори секин таъсир қилади ва унинг таъсири 12 соатгача давом этади. Глицеролнинг 10% ли эритмаси 250 мл дан ҳар 2 соатда венага томчилатиб юборилади. Бироқ у кўпинча ичиш учун берилади. Бунинг учун глицерол 1 кг тана вазнига 0,5–1 г дан мева шарбатига қўшиб, кунига 2–3 маҳал ичишга берилади ёки назогастрал зонд орқали юборилади.
Бошқа диуретиклар. Асосан, лазикс (фуросемид) қўлланилади. Лазикс кунига 20–40 мг дан м/и ёки в/и га қилинади. Заруратга қараб унинг дозаси оширилиши мумкин. Кейинчалик йенгилроқ диуретикларга ўтилади, яъни диакарб 250 мг дан кунига 2–4 маҳал берилади.
Кортикостероидлар. Асосан, дексаметазон қўлланилади. Унинг кундалик дозаси мия шиши ва ИКГ даражасига боғлиқ. Бироз йенгил ҳолатларда дексаметазон 8–12 мг дан кунига 2 маҳал ёки 6 мг дан 4 маҳал венага томчилатиб юборилади. Дексаметазон, айниқса, вазоген шишларни яхши бартараф этади.
Психомотор қўзғалишлар ва эпилептик хуружларни бартараф этиш. Кучли психомотор қўзғалишларни бартараф этиш учун 20% ли 10 мл оксибутират натрий ёки 0,5% ли 1–2 мл галоперидол қилинади. Психомотор қўзғалишлар тўхтагач бу дориларни юборишни, албатта, тўхтатиш лозим. Чунки ортиқча миқдорда берилган седатив дорилар беморнинг ҳушини тўғри баҳолаш, шаклланаётган гематомаларни ўз вақтида аниқлаш ва тўғри тиббий ёрдам кўрсатишни қийинлаштиради. Шунингдек, кучли седатив дорилар таъсирида мия устунидаги ҳаётий муҳим марказлар фаолияти сусаяди ва натижада АҚБ тушиб кетади, брадикардия ва брадипноэ ривожланади. Бу эса бемор ҳаёти учун хавфлидир.
Эпилептик хуружларни бартараф этишБу мақсадда 0,5% ли 2 мл реланиум (диазепам, валиум, сибазон) венадан қилинади. Бемор ҳушида бўлса карбамазепин 200 мг дан 3 маҳал ичирилади ёки кукун ҳолида назогастрал йўл орқали овқатга қўшиб берилади.
Оғриқларни бартараф этиш муолажалари. Бу мақсадда аналгетиклар (аналгин, баралгин, морфин) қилинади.
Антибиотиклар. Антибиотиклар очиқ жароҳатлар ва ликворреяларда профилактик мақсадда берилади. Ёпиқ жароҳатларда антибиотиклар тавсия этилмайди.
Беморни овқатлантириш. Бемор 2-кундан бошлаб овқатлантира бошланади. Агар у ҳушсиз бўлса, овқат назогастрал зонд орқали берилади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha