Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi ХАВОТИРЛИ-ФОБИК БУЗИЛИШЛАР

ХАВОТИРЛИ-ФОБИК БУЗИЛИШЛАР


Хавотирли-фобик бузилишлар – бемор учун хавфли бўлмаган вазият ва ҳолатлар сабабли пайдо бўладиган хавотир ва фобиялар.  
   Асосий белгилари:
  • турли вазият ёки объектлар сабабли юзага келган турғун хавотир ва қўрқув, доимо асабий ҳолатда юриш;
  • қўрқув ва хавотир сабаби аслида хавфсиз, бироқ ўша сабаблар туфайли ушбу белгилар илгари юзага келган (одатда, болалик ва ўсмирлик даврида);
  • қўрқувни юзага келтирувчи вазият ва объектдан узоқ юришга интилиш, уларни эслаганда қўрқув, хавотир ва ҳадиксираш пайдо бўлиши;
  • ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилишга интилиш (бироқ бунинг уддасидан чиқа олмайди); 
  • психовегетатив бузилишлар – бош айланиши, юрак уриб кетиши, нафас етишмовчилиги, тер босиши, кўнгил айниши, умумий титроқ ва холсизлик, танадаги оғриқлар ва ёқимсиз сезгилар, вазиятга қараб кайфиятнинг ўзгариб туриши, тез чарчаб қолиш, уйқу бузилиши, жинни бўлиб қолишдан қўрқиш;
       Шуни эсда тутиш лозимки, хавотирли-фобик бузилишлар оилавий бўлиб учраши ҳам мумкин. Фақат фобия ҳар бир оила аъзосида турлича намоён бўлади. Демак, ушбу синдром келиб чиқишида наслий мойилликнинг ўрни катта. Ваҳоланки, болалик ёки ўсмирлик даврида қаттиқ қўрққан барча инсонларда ҳам бу синдром ривожланавермайди. 
      Агар фобия конкрет бир вазият ёки объектга нисбатан кузатилса, у ҳолда спецефик (изоляцияланган) фобия (Ф40.2) ҳақида сўз боради. Масалан, чумолидан қўрқиш (арахнофобия), ёпиқ жойдан қўрқиш (клаустрофобия), самолётда учишдан қўрқиш, қондан қўрқиш ва ҳ.к.
     Унинг қуйидаги турлари мавжуд:
F40.0 Агорафобия
F40.1 Социал фобия
F40.2 Спецефик (изоляцияланган) фобия

Агорафобия – очиқ жойлардан қўрқиш дегани. Мутахассислар бу терминни кенгроқ маънода талқин этишни тавсия қилишган. Хусусан, нафақат очиқ жойлар, балки жамоа транспортида (автобус, поезд, самолёт), бозор ва дўконларда ёлғиз юришга қўрқиш ҳам агорафобия таркибига киритилган. Бир сўз билан айтганда, уйдан кўчага ёлғиз чиқишга қўрқиш – бу агорафобиядир. Улар кўчага чиқиш учун доимо ҳамроҳ излашади. Агар ёнида кимдир бўлса, бемалол кўчага чиқади. Ҳамроҳи ёнидан узоқлашса, уни хавотир ва фобия босади. Бундайлар уйда ёлғиз қолишга мажбур инсонлардир. 
Улар бошқа шаҳар ёки давлатга боришга (ёнида ҳамроҳи бўлса-да) чўчишади. Кўчада ҳамроҳини йўқотиб қўйишни кўз олдига келтиришнинг ўзи аксар ҳолларда уларни ваҳимага солади ва хавотирга тушишади. Албатта, агорафобияда ҳам бошқа фобиялардаги каби психовегетатив бузилишлар кўп кузатилади. Бу белгиларнинг қай тарзда намоён бўлиши индивиднинг қайси вегетатив тип, яъни симпатикотоник ёки ваготониклигига ҳам боғлиқ. Агорафобияда социал фобия белгилари кузатилса-да, улар яққол намоён бўлмайди. Шунингдек, обсессив ва депрессив белгилар ҳам аниқланади.  Агорафобия тўлқинсимон тарзда кечади, белгилар гоҳ зўрайиб, гоҳ пасайиб туради. Масалан, бемор кўчага кам чиқса, касаллик енгил кечади, унда хавотир ва фобия кузатилмайди. Умуман олганда, агорафобияда хавотирга қараганда фобия кучлироқ намоён бўлади. Агар бу синдром узоқ давом этса, беморда ипохондрик хулқ-атвор шаклланади. Машҳур кино актрисаси Мерилин Монро очиқ майдонлар ва одамлар тўпланадиган жойлардан қўрққан.
         Агорафобиянинг паник бузилишлар (Ф41.0) билан намоён бўлиши ёки бўлмаслигига қараб, унинг қуйидаги турлари фарқланади: Ф40.00 Паник бузилишларсиз агорафобия; Ф40.01 Паник бузилишлар билан кузатиладиган агорафобия.
Социал фобия (социофобия) – ижтимоий муҳитда одамлар орасида нутқ сўзлаш  ёки бирор бир ҳаракатни амалга оширишдан қўрқиш. Айниқса, расмий учрашувлар ёки турли мажлисларда одамлар диққати унга қаратилса, фобия пайдо бўлади ёки кучаяди. Мажлис иштирокчилари унга қанчалик жим ўтириб қулоқ солишса, фобия шунчалик яққол намон бўлади. Бундайлар кўпчилик олдида минбарга чиқиб нутқ сўзлаш ёки ўрнидан туриб савол бериш, бирор бир ишланмаларни кўрсатиб беришдан иложи борича қочишади. Жиддийроқ ҳолларда шу вазиятларни ўйлашнинг ўзи хавотир ва фобияни кучайтириб юборади. Хавотир ва фобия даражасига қараб уларда турли даражада ифодаланган психовегетатив реакциялар, яъни ранг-рўйининг оқариб ёки қизариб кетиши, қўл-оёқларнинг титрай бошлаши, тахикардия, тер босиш, нафас етишмовчилиги, тилдан қолиш пайдо бўлади. Улар танқиддан қўрқишади, агар қайсидир йиғинда танқидга учраса, ҳеч қандай мажлисга бормай қўяди, борган тақдирда ҳам орқа қаторда кўринмай ўтиради, уни турғизиб фикрини сўрашларидан қўрқади. 
         Спецефик (изоляцияланган) фобиялар – аниқ бир вазият билан чегараланган фобиялар. Албатта, хавотир ҳам фобиянинг доимий ҳамроҳидир. Масалан, ўргимчак, ҳайвонлар, баландлик, мамоқалдироқ, қоронғилик, ёпиқ жойлар, укол, қон каби ҳолат ва вазиятлардан қўрқишлар. Спецефик фобиялар ҳам бошқа фобиялар каби болалик ва ўсмирлик даврларида бошланади. Агорафобия ва социал фобияларга қараганда спецефик фобиялар бирмунча турғун бўлиб, уларни бартараф этиш анча мураккаб масаладир. Масалан, чумоли ёки қондан қўрқиш умрбод сақланиши мумкин.  Спецефик фобия учун уни юзага келтирадиган вазият ва объектлардан йироқ юриш, уларга яқинлашмаслик жуда хос. Психопатологик ва психовегетатив бузилишлар жуда кам учрайди ёки кузатилмайди. Социал фобиядан фарқли ўлароқ, спецефик фобияда индивид бемалол одамлар орасида юраверади, катта доираларда ўз фикрини айтишдан қўрқмайди, омма билан мулоқотда бўлиб, уларни бошқара олади, бироқ бошқалар учун арзимаган кўринган вазиятлар ва нарсалардан қўрқади. 
        Спецефик фобиядан азият чекса-да, инсоният тарихида буюк ишлари билан из қолдирган машҳурлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Микки Маус мултфилмини дунёга тақдим этган Уолт Дисней сичқондан жуда қўрққан.  Қўрқинчли филмлар қироли деб ном чиқарган машҳур ёзувчи Стивен Кинг  қоронғиликдан жуда қўрққан ва ҳар доим чироқни ёқиб ухлаган. Энг қизиғи, бир нечта юртни забт этган Наполеон Бонапарт, Гитлер ва Юлий Цезар мушукдан қўрқишган. Эйфел минорасини яратган Густав Эйфелнинг ўзи баландликдан қаттиқ хавотирга тушиб қоларди. Никола Тесла микробдан, Иосиф Сталин эса самолётда учишдан қўрққан.
        Паник бузилишлар (эпизодик пароксизмал хавотир) – тўсатдан рўй бериб ўтиб кетувчи, такрорланиб турувчи ўта кучли қўрқув, хавотир ва ваҳималар ҳамда яққол ифодаланган вегетатив бузилишлар билан кечувчи ҳолат. Шунинг учун ҳам клиник тиббиётда “паник бузилишлар” ўрнига “паник атакалар” ибораси кўп қўлланилади. Бошқа хавотирли-фобик бузилишларга қараганда паник атакалар “сабабсиз” бошланади,  шиддат билан кечади, қўрқув ва хавотир юқори даражада намоён бўлади ва, албатта, вегетатив пароксизмлар билан кечади.
       Паник атака рўй бериши учун бирор бир вазият бўлиши шарт эмас. У тўсатдан юзага келади ва кучли вегетатив бузилишлар билан намоён бўлиб, бир неча дақиқа ичида ўтиб кетади. Паник атакалар шу тарзда кечганлиги учун ҳам, унинг иккинчи номи – эпизодик пароксизмал хавотир. 
         Вегетатив бузилишлар қуйидагича намоён бўлади: юрак уриши кескин даражада кучайиб кетади, кўкрак соҳасида оғриқ ва бўғилиш ҳисси пайдо бўлади, бош айланиб, кучли тер босади. Шу пайтда беморни ўлим қўрқуви босади, ўзини қўярга жой топа олмай безовталанаверади, қўрқиб ётиб олади, бошқа хонага ўтмоқчи бўлади, ўрнидан туриб юрмоқчи бўлса, боши айланиб гандираклаб кетади. Баъзи беморларда ўзини ва атроф-муҳитни англаш хуруж пайтида йўқолади. Паник атакалар такрорланиб турувчи хусусиятга эга бўлганлиги боис, беморда доимий қўрқув ва ипохондрия шаклланади. Чунки ушбу пароксизмлар уни “огоҳлантирмасдан” рўй беради.
        Паник бузилишлар ташхисини қўйиш учун вегетатив пароксизмлар бир ой ичида бир неча бор такрорланиши, “сабабсиз” рўй бериши, хуружлараро даврда хавотирли симптомлар кузатилмаслиги керак.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha