Yangiliklar Ibodullayev ensiklopediyasi Хореик гиперкинезларда хулқ-атвор бузилишлари

Хореик гиперкинезларда хулқ-атвор бузилишлари


Пўстлоғости энцефалити кўпинча гиперкинезлар билан ҳам намоён бўлади. Гиперкинезлар – тананинг турли жойларида кузатиладиган ихтиёрсиз ҳаракатлар. Булар ичида хорея алоҳида ўрин тутади. Хорея юз мушакларида кўп кузатилади. Бироқ хореик гиперкинезлар тез орада бўйин мушаклари ва қўл бармоқларига ҳам ўтиши мумкин. Хореик гиперкинезлар болаларда кўп учрайди ва бунинг сабаби ЛОР аъзолари инфекциялари, айниқса тонзиллитдир. Тонзиллит сабабли пайдо бўлган хореик гиперкинезлар, одатда, касаллик сабаби йўқотилгандан кейин ўтиб кетади. Пўстлоғости энцефалитида эса ижобий натижага эришиш анча қийин.
        
Хореик гиперкинезлар бошланишидан бир неча ой илгари боланинг хулқ-атвори ўзгара бошлайди. Ота-она, ҳатто врачлар ҳам болада жиддий  касаллик бошланаётганлигини дарров пайқашмайди ва унга “Гипердинамик синдром” деб ташхис қўйишади. Боланинг хулқ-атвори шу даражада ўзгарадики, уни мактабда ҳам, уйда ҳам тартибга чақиришаверади. Аммо танбеҳлар ёрдам бермайди. Бирон ойлардан кейин боланинг кўз атрофи мушакларида гиперкинезлар пайдо бўлади, бола кўзини юмиб очаверади, қошини қоқаверади. Кўзни юмиб-очувчи мушакларда бўладиган бундай гиперкинезлар блефароспазм деб аталади. Бундай болалар жойида ҳам тинч ўтира олмайди, овқатланаётган пайтда чойни ёки қошиқдаги овқатни тўкиб юборади, шошиб овқатланади. Шу сабабли улар ота-онасидан тез-тез дакки еб туришади. Юздаги гиперкинезлар ҳаяжонланганда кучаяди, тинчланганда камаяди, уйқу пайтида эса тўхтайди.
       
Гиперкинез кузатиладиган болалар нафақат уйда, балки кўчада ҳам доимо дакки эшитишлари мумкин. Тошкент метросида шундай қизиқ бир воқеа рўй берган. Юзида хореик гиперкинезлар бор Н. исмли 15 яшар йигит эрталаб метрога тушади. Вагонда унинг рўпарасига худди шу ёшлардаги хушрўй қиз онаси билан ўтириб қолади. Қиз ўта чиройли бўлганлиги боис Н. унга тикилиб қарайверади. Қиз ҳам унга кулиб қарайди. Ҳаяжонланганидан Н. нинг кўз атрофи мушакларида гиперкинезлар бошланади, яъни у қошини қоқиб, кўзини пирпиратаверади. Иккала ёш орасидаги бундай ғалати муносабатан жаҳли чиққан ва атрофдагилардан уялган она “Ёшгина бўлиб уялмайсанми?!” деб йигитнинг юзига бир шапалоқ туширади. Бола қаттиқ уялганидан кейинги бекатда вагондан тушиб кетади ва уйига келиб “Мени докторга олиб боринг”, деб жанжал кўтаради. Шу куни ушбу йигит онаси билан бизнинг қабулимизга келди. Кулгили бу вазиятнинг юзага келишига сабаб гиперкинезларнинг битта, яъни фақат ўнг кўзда бўлаётгани эди.
       
Шундай қилиб, бош мия ва унинг пардалари яллиғланиши касалликларида кузатиладиган психоэмоционал бузилишлар даволаш жараёнида нейропсихолог, яъни тиббий психологнинг доимий иштироки зарурлигини кўрсатади. 

Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
              ©Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. Darslik., 2-nashr., T.; 2021., 960b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz


Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
MUHOKAMALAR
Izohlarning minimal uzunligi 50 ta belgidan iborat. sharhlar boshqariladi
Hech qanday izoh yo‘q. Siz birinchi bo‘lishingiz mumkin!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Qiziq maqolalar
"Ibodullayev ensiklopediyasi" bo‘limi bo‘yicha